Соломон Абрамович Герцфелд – Туркистондаги йирик сармоядорлардан бири, адвокат ва журналист. Ционистлар комитетининг Ўрта Осиё райони раиси.
1881 йил 27 ноябрда Одессада туғилган. Миллати – бухоро яҳудийларидан. Берн университети (Швейцария) юридик факультетининг эркин тингловчиси (1902 йилдан). Россияга қайтгач, Одесса юнкерлик билим юртига имтиҳон топшириб, Самарқанддаги 6-Туркистон баталонида ҳарбий хизматни бошлаган. 1904 – 1906 йилларда рус тилида «Самарканд» газетасини чиқарган. Одессадаги Новороссийск университети юридик факультети 2-курс талабалигига қабул қилинган (1907). Одесса ционистлар комитетига 1908 йил сентябрда сайланган, «Одесское слово» газетасини чиқарган. 1913 йил майда университетни тугатиб, Самарқандга қайтган. Самарқанд шаҳар Думасида яҳудийлар комитети раиси. Самарқанд шаҳар Думаси аъзоси (1917).
Туркистон Мухторияти ҳукуматининг биринчи таркибида туб халқлардан бўлмаган ягона номзод сифатида кириб, молия вазири бўлган. Миллий Мажлис аъзоси (1917 йил ноябрь – 1918 йил февраль). Кейинчалик молия вазири лавозимини Ислом Шоахмедовга топширган. Мухторият ҳукумати ағдарилганда қизил гвардиячилар томонидан Қўқонда 1918 йил 20 февралда қўлга олинган ва отиб ташланган. У Ўрта Осиё темир йўлининг Мелниково станцияси (ҳозирги Конибодом)да дафн этилган. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, «Ҳарсфелд Самарқандда большевиклар қўлига тушиб қолган эди»[1].
Бухоро яҳудийлари талаби билан С.Герцфелднинг жасади 1918 йил 16 апрелда эксгумасия қилиниб, яҳудийлар жамоаси томонидан унинг жасади Самарқанддаги яҳудийлар қабристонида қайта дафн этилган[2]. Ҳалок бўлган пайтда С.А. Герцфелд ҳали 37 ёшга ҳам тўлмаган эди.
[1] Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. –Б. 49.
[2] Герцфельд, Соломон Абрамович //Материал из Википедии – свободной энциклопедии...