Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

АБДУРАҲМОНБEК ЎРАЗАЕВ 

 

Таниқли давлат ва жамоат арбоби. 1888 йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрида амалдор оиласида туғилган. Абдураҳмонбек ота томондан худди Мустафо Чўқай аждодлари сингари қозоқларнинг қипчоқ уруғига бориб тақалади. Отаси – Муҳаммад Ўразаев (1898 йил 10 майда вафот этган) Ўрта жуздаги аслзодалардан бири бўлиб, 2-Оренбург кадет корпусини тугатган ҳамда Марғилон уезди бошқармасида таржимон ва котиб бўлиб ишлаган. Онаси – Ниёзжон Бибихоним Фарғона вилояти Янги Марғилон уезди Аввал қишлоғида туғилган ўзбек аёли бўлиб, у эрининг вафотидан сўнг ўқитувчилик қилган. Ёш Абдураҳмонбек тарбиясида онасининг хизмати катта эди.

А.Ўразаев Скобелев гимназияси (1910) ва Москва университетининг юридик факультетини (1915) тугатган. Адвокат ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Фарғона сайлов округидан Бутунроссия Таъсис Мажлиси аъзоси (1917) қилиб сайланди. Туркистон Мухторияти ҳукумати 1917 йил ноябрда ташкил қилингач, у ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳамда Миллий Мажлис аъзоси бўлди. Сўнгра ички ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатди. Эсерлар партиясига хайрихоҳ бўлган.

Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач, 1918 йил февраль ойи охирида А. Ўразаев большевиклар қўлига тушиб қолган. У 1918 йил май ойида дастлаб амнистия қилинди ҳамда совет ҳокимияти идораларида турли лавозимларда ишлади.

А.Ўразаев кейинчалик Сибирга сургун қилинди. У ерда сил касали билан қаттиқ оғриб қолгач, Тошкентдаги қариндошлари (синглиси) оиласига қайтишга рухсат берилди. У бўлғуси академик бўлган куёви Қори Ниёзий хонадонида яшади. Тошкентда бир муддат истиқомат қилгач, тахминан 1937 йилда оғир касаллик натижасида вафот этди.

Абдураҳмонбек Ўразаевнинг икки нафардан акаси ва синглиси бўлган. Унинг шахсий ҳаёти ҳақида етарлича маълумотлар сақланиб қолмаган.

А.Ўразаевнинг синглиси: Ойшахоним Ўразаева (1897 йил 2 сентябрь – 1988 йил 31 январь) онаси сингари совет мактабларида ишлаган. Туркистонда дастлабки аёл ўқитувчилардан бири бўлган. У Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги аёллар гимназиясини тугатиб, Намангандаги рус-тузем мактабида рус тилидан дарс берган. Сўнгра Скобелевдаги совет мактабида фаолият кўрсатди. У кейинчалик машҳур математик олим бўлиб етишган Ўзбекистон фан арбоби (1939), Ўзбекистон Фанлар академияси академиги ва биринчи президенти (1943-1947), физика-математика фанлари доктори (1939), профессор, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1967) бўлган Тошмуҳаммад Ниёзович Қори-Ниёзий (1897, Хўжанд – 1970, Тошкент)га турмушга чиққан. Т.Н.Қори-Ниёзий Ўрта Осиё давлат университетини тугатгач (1929), шу университет ректори (1931-1933), Ўзбекистон ССР Маориф халқ комиссари ва айни пайтда Ўзбекистон ХКС ҳузуридаги Фан қўмитаси Президиуми раиси (1937-1938), Ўзбекистон ССР ХКС раиси ўринбосари (1939-1943), СССР ФА  Ўзбекистон филиали Президиуми раиси (1940-1943) ҳамда бошқа масъул лавозимларда фаолият кўрсатди.

Шу нарса характерли ҳолки, совет даврида ўз таржимаи ҳолини анча ўзгартирган эр-хотин Тошмуҳаммад ва Ойшахоним иккаласи гўёки ҳам бир кунда, ҳам бир йилда – 1897 йил 2 сентябрда бири Хўжандда, иккинчиси Скобелев шаҳрида туғилганлиги тўғрисида расмий ҳужжатларда ёзишган. Қори-Ниёзий совет режими даврида, бир томондан, Ўзбекистонда совет маданияти ва илм-фанини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган бўлса, иккинчи томондан, ўзбек халқи маънавияти ва миллий маданиятга қақшатқич ва аёвсиз зарба берган.