Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

АГЗАМКҲОДЖАЕВ САИДАКБАР САИДОВИЧ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

«Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА» кафедраси профессори

 

Агзамходжаев Саидакбар Саидович 1953 йил 2 майда Андижон шаҳрида туғилган. 1970-1977 йиларда Тошкент давлат университети Шарқ факультетининг араб филологияси бўлимини шарқшунос-арабшунос мутахассислиги бўйича ўқиган.

1977–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институтида илмий ва катта илмий ходим лавозимларида ишлади.

 1988 йилда Ўзбекистоннинг хорижий шарқ давлатлари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорлик масалаларини ўрганиб, «Ўзбекистаннинг  Осиё ва Африка ривожланаётган мамлакатлари билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлиги (1961−1985 йй.)» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади ва тарих фанлари номзоди илмий даражасини олди.

1996 йилда "Туркистон Мухторияти: борба за свободу и независимост             (1917–1918 гг.)" мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва  тарих фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлди. 2002 йилда унга профессор илмий унвони берилди.

1997–1999 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг "Тарих, фалсафа ва маданиятшунослик" кафедраси доценти ва "Жаҳон ижтимоий–сиёсий тарихи" кафедраси мудири бўлиб ишлади.

1999–2018 йилларда  Тошкент ислом университетининг  "Ислом тарихи ва фалсафаси" факультети декани, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор, "Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти", «Диншунослик» ҳамда «Тарих»  кафедралари мудири вазифасини бажариб келди.

2018 йилдан Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА» кафедраси профессори вазифасини бажариб келмоқда. С.С.Агзамходжаев ўзбек ва рус тилларида «Ўзбекистон тарихи», «Марказий Осиё халқлари дини, маданияти ва урф-одатлари», «Музейшунослик ва архившунослик», «Ислом маданияти ва санъати» ва бошқа ўқув фанларидан маъруза ва семинарларни олиб бормоқда.

Профессор С.С.Агзамходжаев халқаро илмий  конференция ва семинарларда илмий маърузалар билан қатнашиб келмоқда. Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Италия, Германия, Франция, АҚШ, Япония, Миср университетлари  тарихчи олимлари билан илмий алоқалар боғлаган. 

С.С.Агзамходжаевнинг илмий тадқиқотлари ХХ аср бошида Марказий Осиёдаги ижтимоий-сиёсий, маданий жараёнлар ва жадидчилик ҳаракати тарихи билан боғлиқдир.  Хусусан, илмий ишлари 1917-1918 йилларда фаолият кўрсатган Туркистон Мухторияти тарихига бағишланган. Олим тарих, шарқшунослик ва исломшунослик  бўйича олиб борган илмий изланишлари юзасидан 8 та монография, 10 та ўқув-услубий дастур ва қўлланма, 150 дан ортиқ илмий ва илмий–оммабоп мақолалар нашрдан чиқарди.