Ўзбекистон мустақилликка эришгач, республика ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Ўзбек халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаши миллий тикланиш билан боғлиқ жараёнларни чуқур идрок этишда миллий давлат қурилиши тажрибасини илмий ўрганилиши, Ўзбекистонни янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги тажрибаларни умумлаштиришни тақозо этади.
Бугунги кунда юртимизда миллий-демократик давлатчиликни барпо этишда илк тажриба бўлган Туркистон Мухторияти учун кураш тарихи алоҳида аҳамият касб этади. Илмий жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этган бу тарих ҳозирда нафақат илмий, балки амалий ва ҳатто сиёсий қизиқиш уйғотди. Чунки уни ёритишда ўша йиллар воқеаларига қайта баҳо берилмоқда, Туркистоннинг сиёсат, жамоат арбоблари ва мутафаккирларининг озодлик ва истиқлол учун курашдаги фаолияти аниқланмоқда.
ХХ аср бошида мухториятчилик ҳаракатининг мафкурачилари бўлган жадидлар Туркистонда маданий-маърифий, кейинчалик эса сиёсий ҳаракат сифатида тарқалиб, ўз мақсадларини дунёвий демократик давлат қуришдан иборат деб эълон қилган эдилар. Жадидлар бунинг учун давлатнинг иқтисодий ва сиёсий тизимини ислоҳ этиш ҳамда маориф ва фанни тараққий эттиришга бел боғлаган эдилар. Аммо бу йўлни танлаш билан улар миллий ва маънавий бойликлардан воз кечиш эмас, балки улар негизида босқичма-босқич ўзгаришларга эришиб шу вақтгача халқ фикрида ўрнашиб қолган эскича қарашлардан халос бўлмоқчи эдилар. Чунки булар давлат тараққиёти ва халқ онгининг ўсишига тўсқинлик қиларди.
1917 йил Февраль ойида Россияда чор ҳукуматига қарши кураш шу даражада авжига миндики, натижада мутлақ монархия тизими қулади. Уч аср давомида Россия империясини тўхтовсиз бошқариб келган Романовлар сулоласи ҳукмронлиги ағдарилди. 1917 йил 27 февралда Петроградда ишчи ва солдатлар депутатлари Совети ташкил қилинди. Шундан кейин Россиянинг йирик шаҳарларида совет ҳокимияти ўрнатила бошлади.
Бўлиб ўтган Давлат тўнтаришидан кейинги давр Туркистон халқларининг сиёсий уйғониши, сиёсий кучларининг ташкиллашувида муҳим босқич бўлдики, бу кучлар собиқ Россия империясида ривожланиб келаётган демократик кучларга таяниб, демократик Россия таркибида миллий-ҳудудий автономия негизида мустамлака зулмидан озод бўлиш ва кенг суверенитет асосида ўз давлатчилигини барпо этиш йўлида дастурий фаолиятлари билан очиқдан-очиқ курашга киришдилар. Бунинг учун автономия тарафдорлари томонидан ўзбек, қозоқ, тожик, татар, туркман ва қирғизларни биргаликда иш олиб боришлари кераклиги ғояси халққа тушунтирилди.
1917 йилда «ўз тақдирини ўзи белгилаш» ғояси билан боғлиқ «автономия» сўзини англатган «Мухторият» тушунчаси энг оммавий иборага айланган эди. Ўша тарихий даврда жадидлар Россиядан ажралиб мустақил ривожланиш нечоқлик оғирлигини ва Туркистон қийин шароитга тушиб қолишини олдиндан кўзлашган эди. Чунки Туркистон Россия империяси билан ҳар томонлама иқтисодий жиҳатдан боғланган эди. Шунинг учун жадидлар ташкил этилаётган Россия Федератив Демократик Республикаси (РФДР) билан ягона иқтисодий доирада мустақил ривожланишни кун тартибига қўйишган. Улар Туркистонга кенг ваколатли миллий-ҳудудий автономия, яъни мухторият берилишининг тарафдори эдилар.
Тараққийпарварлар ҳуррият ва мухторият учун ҳаёт-мамот кураши вақти етиб келганини англаб мустамлакачиликни қаттиқ ва аёвсиз танқид қила бошладилар, олдинги конституциявий якка ҳокимлик (монархия) тузуми ғояларидан воз кечиб, Туркистонга Россия Демократик Федератив Республикаси таркибида миллий-ҳудудий автоном республика, яъни мухторият берилишини талаб қила бошладилар.
Мухториятчиларнинг дастур ҳужжатларида асосий эътибор миллий-ҳудудий мухторият тамойилларини амалга ошириш йўлларини ишлаб чиқишга қаратилган эди. Хусусан, ҳокимиятнинг юқори органларини ташкил қилиш, ўлкани идора этиш ва ўлка судларини барпо этиш, давлат тизимларини вужудга келтириш каби зарур бўлган вазифа ва масалалар кун тартибига чиқарилган эди.
Туркистонда давлат бошқарув идора усули сифатида республика идора усули мақбул деб топилди. Энг маъқул ва мақбул жамият деб демократик жамият барпо қилиш кўзда тутилгандики, бундай жамиятда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар конституциявий йўл билан ҳимоя этилиши зарур эди.
Жадидларнинг ўша йиллардаги беқиёс хизматларидан яна бири бу – барча Туркистон халқлари ва миллатларининг қонун олдида тенглиги ҳақидаги ғоянинг илгари сурилиши бўлиб, бунга кўра Туркистон фуқаролари жамият ҳаётининг барча иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маданий жабҳаларида тенг ҳуқуққа эга бўлишлари лозим эди.
Давлат мустақиллиги тўғрисидаги ўзларининг ғояларини Туркистон жадидлари ҳаётга татбиқ қилар эканлар, буларнинг ҳал этилишини мамлакатнинг турли ижтимоий кучлари билан келишилган ҳолда Россияда демократик асосда чақирилажак Таъсис Мажлиси билан узвий боғлиқликда кўрдилар. Жадидлар Таъсис Мажлисидан ўрин олиш учун жуда кўп уриндилар, ғайрат қилдилар, ҳатто бу жараёнда ўз сафларида тараққийпарварлардан тузилган «Шўрои Исломия», «Уламо жамияти» ва «Турк адами марказияти фирқаси» номли ижтимоий-сиёсий ташкилотларнинг вужудга келишига олиб келди.
1917 йил 25 октябрда (янги сана билан 7 ноябрда) қурол кучига таянган большевиклар Петроградда Муваққат хукуматни агдариб ташлаб, хоқимиятни зуравонлик юли билан эгаллашди. Россиянинг марказида юз берган воқеаларнинг акс-садоси орадан кўп ўтмай Туркистонга хам етиб келди.
28 октябрда Тошкентнинг янги шаҳар қисмида европалик ишчи ва солдатлар большевикларнинг даъвати билан қуролли тўқнашувларни бошлаб юборишди.1917 йил 1 ноябрда Мувақкат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзолари қамоққа олинди. Тошкентда зўравонлик юли билан совет ҳокимияти ўрнатилди.
1917 йил 15 ноябрда ИИИ Туркистон Ўлкаси ишчи, солдат ва крестян депутатлари съезди очилиши арафасида шу нарса аниқ бўлдики, у ўлкада ҳокимиятни тузиш ҳақидаги масалани ҳал этишни тўла-тўкис ўзига қабул қилди. Большевиклар, эсерлар, социалист-инқилобчилар ва социал-демократик меньшевиклар ҳокимиятни ташкил қилиш тамойиллари ҳақидаги масалалар бўйича қизғин баҳсларни тугатгач, сўз Шерали Лапинга берилди. У ўз нутқида съезд иштирокчиларини Туркистон мусулмонларининг ИИИ съезди қабул этган Ўлка ҳокимиятини ташкил этиш ҳақидаги қарор билан таништирди. У «мусулмонлар бутун ҳокимиятни ҳам талаб қилиши мумкин эди, бироқ келгинди элементларга ён бериб, уларнинг вакилларини ҳокимиятга киришига йўл қўйди» деди ва мусулмонлар ўлкада фақатгина битта инқилобий демократия ҳукм суришига мутлақо қарши туришини огоҳлантирди.
Шунга қарамай, ИИИ Ўлка ишчи, солдат ва крестян депутатлари съезди тасдиқлаган Баённома шуни эълон қилдики, ўлкада ҳокимиятнинг олий органи «Ўлка ишчи, солдат ва крестян депутатлари Совети бўлиб, эндиликда у Туркистон ўлкасининг Халқ Комиссарлари Совети деб номланади» ва уни шакллантиришда Октябрь тўнтаришини амалга оширган сўл социалистик партиялар вакилларигина иштирок этади. Съезд маҳаллий аҳолининг ўлка ҳокимият органида иштирокига доир аниқ бир гапни айтади: «Ҳозирги вақтда мусулмонларни ўлка инқилобий ҳокимиятининг олий ташкилотига киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки маҳаллий аҳолининг солдат, ишчи ва крестян советлари ҳокимиятига муносабати ноаниқ, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида пролетар синфий ташкилотлар йўқ».
Шундай қилиб, съезд сайлаган ҳукумат – Халқ Комиссарлари Советига ўлка маҳаллий аҳолиси вакилларидан бирор киши кирмади. Халқ Комиссарлари Совети (ХКС) раиси лавозимини Фёдор Колесов эгаллади.
Большевиклар ИИИ Ўлка Советлари съездини чақириш ва қарорлар қабул қилиш орқали ўлкада ҳокимиятни ташкил этиш ва ҳокимият органларини шакллантириш тамойиллари ҳақидаги масалани якка ҳал қилиб, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини бузди. Большевиклар моҳиятан дастлабки кунларданоқ чоризмнинг маҳаллий аҳолига нисбатан улуғ давлатчилик, шовинистик, мустамлакачилик сиёсатини давом эттирувчилари эканликларини намоён этишди.
Туркистонда ҳокимият большевиклар қўлига ўтиши билан ўлкада Муваққат ҳукуматнинг барча бўғинлари тугатилиб, ўрнига аввало жазо органлари ва совет бошқарув тизими ўрнатилди. Туркистон ХКС 1917 йил ноябрда ўлкада қизил гвардия бўлинмаларини тузиш ҳақида қарор қабул қилади. Бу бўлинмалар Совет тузуми ва большевикларга қарши кўтарилган дастлабки онгли чиқишларни бостиришда фаол иштирок этди.
Бироқ Туркистоннинг миллий ватанпарвар кучлари ўлка тақдири учун бундай масъул лаҳзада халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўз давлатчилигини яратиш ҳуқуқини амалга оширишга қаратилган қатъий сиёсий позицияда турди. Миллий демократлар ўз муносабатларини 1917 йил Октябрь тўнтаришидан сўнг дарҳол намоён қилган эдилар.
1917 йил октябрь-ноябрь ойларида Тошкент ва Қўқонда юз берган воқеалар Туркистонда ижтимоий-cиёсий ҳаракатларнинг кучайишига сабаб бўлди.
Большевиклар билан ҳамкорликдан бош тортиш белгиси сифатида миллий демократия йўлбошчилари бошқарган марказий «Шўрои Исломия» ташкилоти аъзолари Тошкентни тарк этиб, Қўқонга кўчиб ўтдилар. Улар бу ерда 1917 йил 26-28 ноябрь кунлари Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойини ўтказишди. Бу съезд Туркистонда давлат тузилиши ҳақидаги масалани ҳал этишни кўзда тутди.
Демократик мусулмон зиёлилар талаби билан Туркистон аҳолисининг европалик қисми вакиллари ҳам қурултойда тенг ҳуқуқли бўлиб иштирок этдилар. Советларнинг ИИИ Ўлка съезди шовинистик қарорларига қарама-қарши ўлароқ мусулмон қурултойи ўз ишининг барча босқичларида чинакам байналмилалчилик тамойили, ўлканинг кўп миллатли, шу жумладан европалик қисми аҳолиси манфаатларини ҳисобга олишдан келиб чиқди.
Бундай инсонпарварлик ёндашуви ИВ Умумтуркистон мусулмонлари қурултойи очилган пайтданоқ намоён бўлди. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий съезднинг ҳуқуқий асосга эгалиги ҳақидаги нутқида шуни алоҳида таъкидладики, «съездда Туркистоннинг европалик аҳолиси вакиллари иштирок этаётгани учун ҳам съезд қарорлари янада обрўлидир».
Съезд фаолиятининг асосий якуни Туркистон Мухториятини ташкил этишдан иборат бўлди. Туркистон Мухторияти ўлка ҳудудида миллий-демократик давлатчиликни барпо этишнинг илк амалий тажрибаси эди.
Уч кун мобайнида съезд иштирокчилари Туркистон ўлкасининг бўлғуси сиёсий тузилиши ҳақидаги ўз қарашларини белгилаб олишди, булар съездда қубул қилинган хужжатларда ўз аксини топди. Хусусан, 2017 йил 27 ноябрда қуйидаги мазмунда Декларация қабул қилинди: «Яшасун Туркистон Мухторияти! Туркистон мусулмонларининг тўртиничи фавқулода қурултойи Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйинча буюк рус инқилоби (Февраль инқилоби) тарафидан берилган асосларга биноан Федерация асосига қурилғон Русия Жумҳурияти ила бирликда қолғани ҳолда Туркистонни ерлик мухториятли, яъни «территориалний автономиялик» эълон қиладур.
Бу Мухториятнинг не суратда вужудга қўйилмоғини яқин орада еғиладурғон Умумтуркистон халқининг Учредителний Собранияси (Туркистон Мажлиси Муассасони)га топширадур.
Шунинг ила баробар Туркистон ўлкасида ақаллият ташкил қилғон миллатларнинг хуқуқларининг ҳар жиҳатдан сақланилмоғини ҳам тантанали суратда баён этадур» («Улуғ Туркистон» газетаси,1917 йил 8 декабрь).
Бу билан съезд Туркистонда яшовчи миллатларнинг Улуғ Россия инқилоби эълон қилган ўз тақдирини ўзи белгилаш юзасидан хоҳиш иродасини ифодалаб, Туркистонни ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади, шу билан бирга мухториятнинг қарор топиш шаклларини Таъсис Мажлисига ҳавола этади.
Шундай қилиб, 1917 йил 27 ноябрда ташкил топган автоном республиканинг номи “Туркистон Мухторияти” деб аталадиган бўлди. Ҳокимият таркиби эса қуйидагича шаклланиши лозим эди: Таъсис съезди чақирилгунга қадар ҳокимият тўла равишда Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ (Миллий) Мажлиси қўлида жамланади. Муваққат Кенгаш аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузиладиган бўлди.
Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати таркибига мухториятчилик ҳаракатининг фаол иштирокчилари кирди. Қуйидаги кишилар ҳукумат аъзолари бўлдилар:
- Муҳаммаджон Тинишпаев – Бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон Комитетининг аъзоси, йўл муҳандиси.
- Ислом Султон Шоаҳмедов – бош вазир ўринбосари, Бутунроссия мусулмонлари кенгаши Марказий Қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос,
- Мустафо Чўқай – ташқи ишлар вазири, Туркистон мусулмонлари Марказий Шўроси раиси, ҳуқуқшунос.
- Убайдулла Хўжаев – ҳарбий вазир, Бутунроссия мусулмонлари кенгаши Марказий Қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос.
- Ҳидоятбек Юрали Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном.
- Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳар Думасининг раиси ўринбосари, тоғ-кон саноати мутахассиси.
- Абдураҳмонбек Ўразаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос.
- Соломон Абрамович Герцфелд – молия вазири, ҳуқуқшунос.
Ҳукумат таркибига яна 4 киши- европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилгач, кейинчалик киритилиши белгиланди.
Вақт ўтиб айрим сабабларга кўра Мустафо Чўқай Туркистон Мухторияти ҳукуматининг Бош вазири лавозимини эгаллади.
Туркистон Халқ (Миллий) Мажлисига белгиланган 54 ўрин таркибидан шаҳарлар маҳаллий бошқармаларидан ҳам 4 вакилга ва ўлкадаги турли европалик ташкилотларнинг вакилларига 18 ўрин ажратилди. Шундай қилиб, учдан бир ўрин ўлкадаги барча аҳолининг 7 фоизини ташкил этган европалик аҳоли вакилларига берилди.
Съезд томонидан Туркистон Мухторияти эълон қилиниб, давлат тузилмалари шакллана бошлагани улкан аҳамиятли воқеа бўлди. Умуммусулмон съезди томонидан Туркистон Мухториятининг ташкил этилиши ўлка бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлди.1917 йил декабрь ойи бошларида Тошкент, Наманган, Жалолобод, Қўқон, Самарқанд шаҳарларида ва бошқа ҳудудларда минг-минглаб юрт одамлари митинглар, намойишлар уюштириб, мухториятни қизғин қўллаб-қувватлаб чиқдилар, бу тўғрида махсус қарорлар қабул қилинди..
1917 йил 1 декабрда Наманган уездида 10 мингга яқин киши иштирок этган намойиш бўлиб ўтди. «Яшасун мухториятли Туркистон ва унинг ҳукумати!» деб ёзилган байроқлар намойишчилар қўлида хилпирар эди.
6 декабрда Жалолобод волостидаги Хонобод қишлоғида Мухторият ўрнатилиши муносабати билан намойиш бўлиб ўтади. 7 декабрда Қўқон шаҳрининг 42 жамоат ташкилотлари вакилларининг қўшма мажлисида кўп миллионли Туркистон халқига самимий табрик йўлланди. Самарқандда бўлиб ўтган вилоят Совети съездида Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлашга қарор қилинди ва халқ мажлиси таркибига 5 янги вакил сайланди. Каспиёрти вилоятида ҳам съезд чақирилиб, Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлашга қарор қабул қилинди.
Миллий давлатчиликнинг қарор топишини жўшқин муборакбод этиб, матбуотда таниқли маърифатпарварлар, диний, жамоат ва сиёсат арбоблари бирин-кетин чиқишлар қилиб, Мухториятни табрикладилар. Улар орасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мирмуҳсин Шермуҳаммад ўғли, Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Кабир Бакиров, Ислом Шоаҳмедов, Абдурауф Фитрат ва бошқалар бор эди.
Халқ оммасининг қизғин қўллаб-қувватлашидан илҳомланган Туркистон Мухторияти ҳукумат вакиллари жадал фаолият бошладилар. Дастлабки кунлардан бошлаб Миллат мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар эълон қилиниб, янги ҳукумат давлат Конституциясини тайёрлаш учун таниқли ҳуқуқшуносларни жалб этди. Бир нечта ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр этила бошланди. Шунингдек, ҳукумат миллий қўшинни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратди. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев иштирокида ўтказилган кўрик-парад вақтида аскарлар сони 2000 нафарга етган.
1917 йилнинг 6 декабрида Тошкентдаги Жомеъ масжидида ўтказилган намойишда 60 мингга яқин киши қатнашди. «Улуғ Туркистон» газетасида ёзилишича, «Масжиднинг ички саҳни ва томлари одам билан лиқ тўлган эди». Намойиш Саидғани Маҳдум раислигида ўтди. Мунаввар қори билан Шерали Лапин унинг муовинлари эди. Йиғилганлар Мухториятни бир овоздан маъқуллаб, бундан буён Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукуматидан бошқа ҳеч қандай ҳукуматни тан олмасликлари ҳақида қарор қабул қилишди. Сўнгра намойиш қатнашчилари Халқ Мажлисига содиқ қолишга қасамёд қилди.
Туркистон халқининг «Мухтор Туркистон учун» шиори остида олиб борган курашида 1917 йил 13 декабрда бўлиб ўтган фожиали воқеалар туб бурилиш нуқтаси бўлди. Шу куни Октябрь инқилобидан сўнг Туркистон заминида илк марта халқ қони тўкилди. Туркистон Мухториятининг Муваққат Ҳукумати Мавлуди-шариф байрам кунига тўғри келган 13 декабрни «Туркистон Мухториятининг миллий жамғармасига пул йиғиш куни» деб эълон қилди ҳамда бу маблағ озодлик ва мустақилликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди. Бироқ ўлкада ўрнашиб турган Туркистон совет ҳукумати ва унинг жойлардаги ҳокимият маҳкамалари воқеаларнинг бу тарзда ривожланишига изн бермай, Мухторият ва унинг тарафдорларини йўқ қилиш йўлини бутун чоралар билан ўтказиб борди.
Тошкентда Мухториятни ёқлаб ўтказилган катта митингнинг зўрлик билан тарқатиб юборилиши ва совет харбий кучлари отган милтиқ ва пулемёт садоси остида кўплаб қурбонлар берилиши – бу Туркистон Мухториятига нисбатан уюштирилган дастлабки суйқасд эди.
Шунга қарамасдан, Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш давом этаверди. Хусусан, 1917 йил 26-30 декабрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари И фавқулодда қурултойининг ҳам асосий масаласи Туркистон Мухториятига муносабат масаласи эди. Бутун Туркистон ўлкасидан 200 яқин вакиллар қатнашган ушбу қурултой 30 декабрда Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Туркистон ўлкаси Халқ комиссарлари Советига ишончсизлик билдириш ҳақида декларация қабул қилди. Унда «Мусулмон ишчи, деҳқон ва аскарлар қурултойи Туркистон Халқ Комиссарлари Советига ҳокимиятни дарҳол Туркистон Мухторияти ҳукумати ва Миллат Мажлисига топширилсин деб истак билдиради».
Аммо, ўлка большевиклари Туркистон Мухторияти ҳукуматига катта хавф деб қарадилар. 1918 йил 19-26 январь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон Ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда ИВ съездида Мухториятга бутунлай салбий муносабат билдирилди. Ушбу съезд Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Съезд большевиклар фракциясининг Туркистон Мухторияти тўғрисидаги резолюциясини қабул қилди. Ушбу резолюцияда Туркистон қонуний ҳукумати мунофиқларча «қорагуруҳчилар тўдаси» деб аталди. Бу ҳам етмагандек, бу съезд большевикларнинг тазйиқи остида қонуний кучга эга бўлган, туб ерли аҳоли манфаатларининг ҳимоячиси бўлиб майдонга чиққан ўлкадаги илк демократик ва халқчил ҳукумат – Туркистон Мухторияти устидан шафқатсиз ҳукм чиқарди.
1918 йил 30 январда Туркистон Халқ Комиссарлари Совети (ТХКС) Мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг «Дашнақсутюн» («Иттифоқ») партияси аъзоларидан тузилган қуролли дружиналаридан ҳам кенг фойдаландилар.
31 январь кунининг иккинчи ярмида бошланган жанглар бир неча кун давом этди. Қон тўкилишини олдини олиш мақсадида музокаралар олиб бориш ҳаракатлари натижа бермади.
18 февралдан 19 февралга ўтар кечаси Тошкентдан Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е.Л.Перфилев бошчилигидаги пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11 эшелон қўшин етиб кела бошлади. Совет қўшинлари Қўқонни уч тарафдан қуршовга олди. Артиллерия тўплари тўлиқ жанговор ҳолатга келтириб қўйилди.
19 февраль куни Перфилев барча 12та замбаракдан Қўқон аҳолиси устига ўт очишни, шу жумладан ёндирадиган снарядлардан фойдаланишни буюрди. Тинч аҳолини тўпга тутиш кундуз соат 13.00 дан бошланиб шомгача шаҳарни вайрон этиб ташлади. Аммо шунга қарамай, мухториятчилар таслим бўлмай, ҳар бир бинони, ҳар бир дўконни, ҳар бир карвонсаройни мардларча ҳимоя қиладилар.
1918 йил 19 февралда Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукумати большевикларинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди. Айрим маълумотларга кўра, даҳшатли жанглар ва талон-тарожлар натижасида 10 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.
1918 йилнинг Қўқондаги фожиали февраль воқеаларидан сўнг озодлик учун кураш изчил равишда очиқ қуролли қаршилик шаклини ола бошлади. Шундан кейин Туркистоннинг туб аҳолиси ва уларнинг сиёсий йўлбошчилари большевикларни ҳукумат тузилмалари хатти-ҳаракатларида миллий менталитетга ёт бўлган давлатчиликни жорий қилишга ошкора интилишни яққол кўргач, миллий масалани тинч йўл билан ҳал этиш имконияти тугади, фақат қурол кучи билан озодлик ва мустақиллик ҳақидаги асрий орзуни амалга ошириш мумкин, деган хулосага келдилар.
Бу билан Туркистонда советларга қарши оммавий миллий – озодлик ва истиқлолчилик ҳаракатига асос солинди.