МУҲАММАДЖОН ТИНИШБОЕВ
Муҳаммаджон Тинишбоев [Мухамеджан Тинишпаев] – давлат ва жамоат арбоби, тарихчи олим. 1879 йил 12 майда Еттисув вилояти Лепсинск уезди Садир волостининг Эчкиолмас тоғи этагида туғилган. Миллати – қозоқ[1]. У 1889 – 1900 йилларда Верний эркаклар гимназияси, 1900 – 1906 йилларда Санкт-Петербург Императорлик институти – Александр И номидаги темир йўл транспорти инженерлар институтида ўқиди. 1907 йили ИИ чақириқ Россия Давлат думаси депутати қилиб сайланди. 1917 йил апрелда тузилган Муваққат ҳукуматнинг Туркистон комитети аъзоси. Айни пайтда Муваққат ҳукуматнинг Еттисув вилояти комиссари[2]. Қўқонда Туркистон Мухторияти ҳукумати 1917 йил 27 ноябрда ташкил топгач, ҳукуматнинг Бош вазири (1917 йил ноябрь – декабрь) ва ички ишлар вазири (1917 йил ноябрь – 1918 йил февраль). 1917 йил 5 – 13 декабрда Оренбургда ўтказилган ИИ Бутунқозоқ съездида қатнашди. Бу съездда Алихон Букейхонов (1866 – 1937) бошчилигида Алаш автономияси [Алаш Ўрда ҳукумати] ташкил топди. У Алаш Ўрда ҳукуматида ички ишлар вазири (1917 йил декабрь – 1920 йил март) ва кейинчалик Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлади.
М.Тинишбоев кейинчалик Туркистон АССР ва Қозоғистон АССРда турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Туркий халқлар тарихи ва этнографиясига оид турли асарлар ёзган ҳамда улар рус тилида Тошкентда нашр қилинган[3].
Совет ҳокимияти томонидан М. Тинишбоев биринчи марта 1930 йил 3 августда қамоққа олинди ва беш йилга РСФСРнинг Марказий қоратупроқ ҳудуди (ҳозирги Воронеж области)га сургун қилинди (1930 – 1935). Кейинчалик Тошкентда НКВД томонидан 1937 йил 21 ноябрда қайта қамоққа олинди ҳамда Тошкент турмасидаги касалхонада у 1939 йил 3 июлда вафот этди[4].
1970 йил 27 февралда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги КГБ тергов бўлими томонидан М.Тинишбоевга нисбатан жиноий иш қайта кўриб чиқилиб, у реабилитация қилинди.
М.Тинишбоевнинг танланган асарлари ва бошқа китоблари Алматида 1991 йилдан кейин нашр этилди. СССР тарқалгач, Қозоғистонда унинг хотираси шарафига кўплаб ҳайкаллари ўрнатилди. Қозоғистонда махсус медаль чиқарилган[5].
[1] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 18-19.
[2] Марат Ескендирули (Эбдешев). Министри «Алаш Орди» (қозоқ ва рус т.). –Алмати, 2008. –С. 75 – 77.
[3] Ражабов Қ. Тинишбоев Муҳаммаджон //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 8. –Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2004. –Б. 439.
[4] Мухамеджан Тинишпаев. Воспоминания, документи, фотографии. –Алмати: «Томирис-21», 2017. –С.98.
[5] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 18-19.