Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

 

 ИСЛОМ СУЛТОН ШОАХМEДОВ

 

Таниқли мусулмон жамоат ва сиёсат арбоби[1]. 1882 йил 21 ноябрда Оренбургда татар-бошқирд оиласида туғилган. Отаси – Шагисултон (Султон) Шагиахметович Шагиахметов (1855-1896) Уфа губернияси Мензалинск уездидаги бошқирдлар уруғидан бўлиб, у 1876 йилда Қозон университетининг юридик факультетини тугатган. У 1876-1890 йилларда Оренбург татар муаллимлари мактабида ўқитувчилик қилган, сўнгра Оренбург ўлкасидаги суд идораларида терговчи бўлиб ишлаган. Онаси – Гайнизиган Муҳаммад-Содиқовна Нигматуллина татар аёли бўлиб, у келиб чиқиши жиҳатидан оқсуяклар табақасига мансуб бўлган.

И.Шоахмедовнинг дунёқараши асосан Оренбург татарлари ўртасида шаклланган. Унинг маънавий ҳаёти ва ижтимоий қарашлари шаклланишида татар аёли бўлган онаси муҳим роль ўйнаган.

И.Шоахмедов Оренбург эркаклар гимназиясини тугатгач (1905), Санкт-Петербург университетининг аввал шарқшунослик, сўнгра юридик факультетида ўқийди (1905 – 1910). Туркий ва рус тилларидан ташқари инглиз, француз, немис тилларини яхши билган. Талабалик пайтида у Россиядаги социал-демократик ҳаракатга қизиқиб, 1907 йилда Тошкент гарнизони солдатлари ўртасида ташвиқот ишларини олиб борган. 

Университетнинг тўлиқ курсини 1910 йил охирида тугатиб, 1911 йил январда у дипломни олган. Санкт-Петербург суд палатасида 1912 йил августдан иш бошлайди. У Петербургда 1912 йил октябрда чиққан «Мусулманской газеты»нинг муҳаррири бўлди. Бир қатор суд ишларида меньшевиклар партияси вакилларини ҳимоя қилади. И.Шоахмедов Россия империясидаги мусулмон аҳолиси ҳуқуқлари учун курашган. 1915 йил бошларида Қўқонга келган. И.Шоахмедов Скобелев округ судида терговчи адвокат ўринбосари сифатида ўз фаолиятини бошлайди[2]. Бу ерда у «Садои Фарғона» газетасини чиқаришда муҳим роль ўйнайди. 1916 йилда у «Ғайрат» жамиятини тузиб, «Туркестанский край» газетаси нашрини йўлга қўяди ва унга муҳаррирлик қилади. 1916 йил Фарғона водийсида кўтарилган мардикорчилик қўзғолонини қўллаб-қувватлайди.

Февраль инқилоби кунларида у Петроградда бўлган. Бу пайтда Халқ социалистлари партиясига яқинлашган. 1917 йил март ойи охирида у Туркистонга қайтади. 1917 йил июндан бошлаб Миллий Шўро Ижроия комитети раиси вазифасини бажарувчи бўлиб фаолият кўрсатган. Қозонда 1917 йилда ўтказилган Бутунроссия мусулмонлари ИИ съезди қатнашчиси.

  1. Шоахмедов 1917 йил Тошкентга келиб, Туркистондаги мухториятчилик ҳаракатида фаол қатнашди. Қайта чиқа бошлаган «Туркестанский край» (Тошкент, 1917) газетаси муҳаррири ва ношири. Туркистон мусулмонлари Марказий Шўроси аъзоси. Бутунтуркистон мусулмонлари И-ИВ қурултойларининг фаол қатнашчиси[3].

Туркистон Мухторияти ҳукуматида Бош вазир ўринбосари, кейинчалик молия вазири бўлди. Туркистон Мухторияти Конституцияси лойиҳасининг муаллифи. Мухторият ҳукумати тугатилган пайтда Қўқон қўрғони ичида большевиклар томонидан қўлга олинган (1918 йил февраль).

«Улуғ Туркистон» газетасида 1918 йил баҳорида ёзилишича, у Тошкентдаги қамоқхонада қийноқлар натижасида ақлдан озган ва турма лазаретига кўчирилган. 1918 йил май ойида большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тирик қолган аъзолари амнистия қилингач, қамоқдан чиққан.

1919-1920 йилларда И.Шоахмедов большевиклар билан ҳамкорлик қилган. У Туркистон Халқ Хўжалиги Марказий Кенгаши ҳамда Қўқон уезд-шаҳар ревкомида 1920 йили фаолият кўрсатган. 1920 йил охирида у яширин равишда Манжурияга жўнаб кетган. 1921 йил бошларида у Британия Ҳиндистонига қарашли Пешовардаги рус қочоқлари жойлашган лагерга тушиб қолган.

1921 йил май ойида қаттиқ касал бўлиб ётган И.Шоахмедовнинг хати Париждаги рус муҳожирлари қўлига келиб тушади. Бу ҳақда кейинчалик Мустафо Чўқай ҳам ўз мақоласида ёзиб ўтади. И.Шоахмедов қариндоши бадавлат савдогар Агафуров оиласининг моддий кўмагида 1921 йил августда Владивостокка келади. У бу ердан Парижга жўнаб кетишни режалаштирган эди. Айрим маълумотларга қараганда, И.Шоахмедов орадан кўп ўтмай қаттиқ касалланган ва Владивостокдаги қариндошлари ҳузурига қолиб кетган[4]. У тахминан 1922 йил ёки ундан кейин вафот этган.

Мустафо Чўқай томонидан 1931 йилда Берлинда чиқарилган «Яш Туркестан» журналида чиққан «Шах-Ислам Шах-Ахмад-Бей» номли мақолада ёзилишича, у 1922 йили Парижда Шоахмедовнинг синглиси билан кўришган пайтда унинг сафдоши оғир касал бўлган. Шоахмедовнинг кейинги тақдири ва қисматидан улар хабар топа олмаган[5].

И.Шоахмедовнинг Шахгали (1882-?) исмли акаси (у ҳам юрист) ҳамда Биби Марям, Биби Галия, Биби Солия, Биби Зуҳра номли 4 нафар синглиси бўлган. И.Шоахмедовнинг рафиқаси: Олга Викторовна Бенедская (1909 йилдан)[6].

 

 [1] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 20.

 [2] Исхаков С. Революционер, политик, государственний деятел. Ш.-И.Шагиахметов // «Россия ХХИ» (Москва). 2018. №4. –С.6-29.

[3] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 21.

 [4]Шагиахметов Шахислам (Ислом) Шагисултонович //Ислам в Санкт-Петербурге. Энциклопедический словар. –Москва-Нижний Новгород: «Медина», 2009. –С. 301 – 302.

[5] Мустафа Шоқай. Шиғирмаларинин толиқ жинағи. Он еки томдиқ. Том В. Курастирғон алғи соз бен тусинидирмелерди жазған К.Есмағамбетов. –Алмати: «Дайк-Пресс», 2013. –С.79-80.

[6] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 21-23.