УБАЙДУЛЛА ХЎЖАЕВ
Убайдулла Хўжаев [Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев; Убайдулла Асаддуллаевич Хўжаев] – таниқли давлат ва жамоат арбоби, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси, ўзбек матбуотининг ташкилотчиларидан бири[1].
Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида 1886 йили туғилган. Баъзи манбаларда у 1878 йил 12 майда туғилган деб ҳам кўрсатилади. Саратовдаги ҳуқуқшунослик институтида ўқиган (1908 – 1912). Талабалик йилларидаёқ давр муаммоларини ечишни ўйлаб, машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой билан ёзишмалар олиб борди (1909). Тошкент округ судида 1913 йилдан хусусий адвокат бўлиб ишлади. Жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, тез орада унинг раҳбарларидан бирига айланди. «Турон» жамиятининг асосчиларидан бири (1913). У Тошкентда 1914 йил апрелда «Садои Туркистон» газетасини чиқариб, унга муҳаррирлик қилди. Ўз атрофига ёшларни тўплаб, «Умид» яширин жамиятини тузди. Кейинчалик бу ташкилот «Тараққийпарвар» деб номланиб Туркистон жадидларининг асосий ташкилотларидан бирига айланди. «Садои Туркистон» газетаси 1915 йил апрелда Россия империясининг маҳаллий маъмурлари томонидан ёпилгач, у Андижонга келди ва рус тилида «Туркестанский голос» газетасини нашр қилдирди[2].
Тошкентда тузилган «Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси»нинг раиси (1916). Мардикорчилик ҳақидаги император Николай ИИ фармонини бекор қилдириш учун маҳаллий сармоядор Миркомилбой Мирмўминбоев билан бирга Петроградга борди.
Бутунтуркистон мусулмонлари И қурултойида ташкил қилинган Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Миллий Марказ) котиби ва аъзоси (1917 йил апрель). Бутунроссия мусулмонлар Шўроси Ижроия Комитети аъзоси (1917 йил май). Тошкентда 1917 йил март ойида тузилган «Шўрои Исломия» ташкилоти раиси. Мухториятчилик ҳаракати ташаббускорларидан бири. Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ҳарбий ишлар вазири (1917 йил ноябрь – 1918 йил февраль).
Убайдулла Хўжаев 1918 йил февралда ҳукумат топшириғи билан Кавказга борди ва Туркистонга ғалла келтириш масаласини ҳал қилди[3]. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, мухторият ҳукумати тугатилгач, у Ашхобод – Самарқанд темир йўлида большевиклар қўлига тушиб қолди[4].
Совет ҳокимияти томонидан 1918 йил майда авф этилгач, у Оренбургга боради ва 1918 йил ноябрда Бошқирдистон Мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади.
Убайдулла Хўжаев совет режими томонидан бир неча марта (1918, 1929, 1931, 1938) қамоққа олинган. Тошкентда синглисининг уйида муҳтожликда яшаган. Инглиз ёзувчиси Ж.Р.Киплингнинг машҳур «Маугли» асарини ўзбекчага таржима қилган. У охирги марта 1938 йил 20 февралда Тошкентда ҳибсга олиниб, СССР НКВД махсус кенгашининг қарори билан 1939 йил 14 майда 8 йил муддатга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинган. У ўша куни Горковск темир йўли Котлас станциясига жазони ўташ учун жўнатилган[5]. У Котласдаги қамоқхонада 1942 йил 31 октябрда ҳалок бўлди. Ўлимидан кейин совет ҳокимияти томонидан оқланган[6].
Убайдулла Хўжаев синглисининг ўғли, яъни жияни бўлган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукрулло (1921-2020) «Тирик руҳлар» (1999) романида ўз тоғаси Убайдулла Хўжаев фаолиятини ҳамда «Кафансиз кўмилганлар» (1990) хотира-қиссасида қатағон қилинган юртдошларимиз қисматини ёритган[7].
[1] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 30-32.
[2] [Ражабов Қ.]. Асадуллахўжаев Убайдуллахўжа //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 1. –Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2000. –Б. 443.
[3] Унутилмас сиймолар. Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари. Матнлар муаллифи: С. Аъзамхўжаев, Д. Алимова, Ш. Ризаев. –Тошкент: «Академия», 1999. –Б. 22.
[4] Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. –Б. 49.
[5] Бу ҳақда қаранг: Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати архиви, П – 35554, 2, 62 – варақлар; П – 19990, 2, 31 – варақлар.
[6] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 31-32.
[7] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 32.