Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

МУСТАФО ЧЎҚАЙ

МУСТАФО ЧЎҚАЙ

Мустафо Чўқай – таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳамда Туркистон халқлари мустақиллиги учун изчил курашчи[1].

1890 йил 25 декабрда [янги ҳисоб билан 1891 йил 7 январда] Сирдарё области Перовск уезди Жопек волостидаги Авлиётаранғил овулида (баъзи манбаларда ёзилишича, Наршоки қишловида) туғилган[2]. Отаси Чўкайбей Тўрғай додхоҳ ўғли бўлис (волость) бошлиғи, қозоқларнинг қипчоқ уруғи аслзодаларидан бўлган, онасининг аждодлари Хива хонларига бориб тақалган. Мустафо Чўқай таржимаи ҳолида ўзини қипчоқ деб ҳисоблаган[3].

Мустафо Чўқай бошланғич маълумотни Оқмачитда олгач, Тошкентдаги эркаклар гимназиясида ўқиди (1902 – 1910). Санкт-Петербург университетининг юридик факультетини тугатган (1914). Айнан ушбу ўқув юртларини кейинчалик Россиядаги Муваққат ҳукуматнинг Бош вазири бўлган Александр Керенский (1881 – 1970) ҳам тахминан ўн йил олдин 1899 ва 1904 йилларда тугатган эди. Мустафо Чўқай 1916 – 1917 йилларда Россия ИВ Давлат думасининг мусулмонлар фракциясида котиб ва таржимон бўлиб ишлайди. Туркистонда 1916 йили кўтарилган қўзғолон шафқатсиз бостирилгандан кейин Давлат думасининг А. Керенский бошчилик қилган махсус комиссияси таркибида ўша йили август ойида Туркистон ўлкасида, жумладан, Жиззахда бўлиб вайронага айланган шаҳар харобаларини кўрган.

1917 йил апрелда Мустафо Чўқай Петрограддан Тошкентга қайтди ва Туркистондаги сиёсий жараёнлар марказида турди. У Тошкентда 1917 йил баҳоридан бошлаб «Бирлик туғи» ва «Свободный Туркестан» газеталарини чоп эта бошлади. 1917 йил 16 – 23 апрелда Тошкентда ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг И қурултойида Мустафо Чўқай раислигида Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси [Краймуссовет], яъни Миллий Марказ ташкил қилинди. Оренбургда 21 – 28 июлда ўтган Бутунқирғиз [Бутунқозоқ] И съездида фаол қатнашди. Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзоси (1917 йил августдан). Тошкентда большевиклар томонидан зўравонлик билан ҳокимият босиб олингач, Мустафо Чўқай бошчилигидаги Миллий Марказ ноябрь ойи бошларида Қўқонга кўчиб борди[4].

1917 йил 26-28 ноябрда (янги ҳисоб билан 9-11 декабрда) Қўқон шаҳрида Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойи бўлиб ўтди. Бу қурултойни ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Краймуссовет) раиси Мустафо Чўқай кириш сўзи билан очиб берди. У қурултой ҳайъати аъзолигига ҳам сайланди. Қурултой қатнашчилари уч кун давомида Туркистон ўлкасининг бўлғуси сиёсий тузилиши ҳақидаги ўз қарашларини белгилаб олишди. Қурултой қарорларини ишлаб чиқишда Мустафо Чўқай билан биргаликда Муҳаммаджон Тинишбоев, Ислом Султон Шоахмедов, Убайдулла Хўжаев, Обиджон Маҳмудов, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқалар муҳим роль ўйнашди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати дастлаб 8 нафар кишидан иборат таркибда тузилди. Муҳаммаджон Тинишбоев Бош вазир ва ички ишлар вазири лавозимини эгаллади. Мустафо Чўқай ташқи ишлар вазири лавозимига сайланди. Ҳукумат таркибига Убайдулла Хўжаев ҳарбий вазир ва Обиджон Маҳмудов озиқ-овқат вазири сифатида киритилди. Қурултойда сайланган Туркистон Миллий Мажлиси таркибига кўпчилик қатори Мустафо Чўқай ҳам киритилди.

1917 йил 12 декабрдан бошлаб Мустафо Чўқай Туркистон Мухторияти ҳукуматининг Бош вазири бўлди. (М.Тинишбоев Алаш Ўрда автоном ҳукумати фаолиятида бевосита қатнашиш учун Қўқондан Оренбургга жўнаб кетган эди.) Айни пайтда Мустафо Чўқай Оренбургда 1917 йил 5-13 декабрда (янги ҳисоб билан 18-26 декабрда) бўлиб ўтган Бутунқирғиз [Бутунқозоқ] вакилларининг И съездида ташкил қилинган Алаш Ўрда ҳукуматининг ҳам ташқи ишлар вазири бўлган.

Шу ўринда Мустафо Чўқайнинг Алаш Ўрда автоном ҳукумати ва раҳбариятига бўлган муносабатини айтиб ўтиш лозим. Ёшлигидан туркчилик ғоялари билан тарбияланган Мустафо Чўқай ягона ва бўлинмас Туркистон тузиш тарафдори эди. У қозоқ элатдошлари бўлган «Алаш» партияси аъзоларига алоҳида автоном ҳукумат тузиш зарур эмаслигини, улар янги ташкил қилинган Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига алоҳида вилоят сифатида киришлари мумкинлигини билдиради. Келажакда бу мухториятга Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ҳудудларини ҳам қўшиб олган ҳолда мустақил Туркистон давлатини (Ўзбекистон ёки Қозоғистон эмас!) тузиш имконияти вужудга келар эди. Бироқ Мустафо Чўқай, Беҳбудий, Мунаввар Қори, Убайдулла Хўжаев, Файзулла Хўжаев каби миллат етакчиларининг бундай геосиёсий қарашлари қозоқ бовурларимизга ёқмайди. Шунинг учун Мустафо Чўқай ўзи Алаш Ўрда ҳукумати аъзоси ва қозоқ бўла туриб, кейинчалик Қўқондаги фожиалардан сўнг ҳам ҳақли равишда Алаш Ўрда ҳукуматида фаолият кўрсатмайди ва Оренбургда ўрнашган алашўрдачилар билан алоқага чиқмайди.

Мухторият ҳукумати большевикларнинг ҳарбий кучлари томонидан тугатилгач, 1918 йил февраль охирида Қўқондан чиқиб кетди ҳамда яширин равишда март ойида Тошкентга келди ва бу ерда 2 ой яшади. У 1918 йил 16 апрелда эски таниши актриса Мария Яковлевна Горина (1888 – 1969) билан Тошкентдаги масжидда никоҳдан ўтиб, турмуш қуради. Ёш оила 1918 йил 1 майда Тошкентдан поездда Москвага жўнайди. Бироқ поезд Волгадаги жанговар ҳаракатлар сабабли Актюбинсккача боради, холос. 1918 йил 8 июнда Самарада большевикларга қарши Таъсис мажлиси аъзолари комитети (Комуч) ҳукумати тузилди. Июль ойида Алаш Ўрда раҳбарлари Алихон Букейханов ва Мустафо Чўқай Самарага келиб, Комуч ҳукумати билан большевикларга қарши ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузди. Бу пайтда Мустафо Чўқай Самара, Уфа, Омскда фаолият кўрсатди. 1918 йил 18 ноябрда ўз сафдошлари билан қамоққа олинган Мустафо Чўқай туркистонлик эсер Вадим Чайкин ва татар Илёс Алкин билан Челябинскда қамоқдан қочади. 1918 йил 1 декабрда Оренбургдаги Карвонсаройда (Бошқирдистон ҳукумати қароргоҳида) у билан Бошқирдистон ҳукумати раиси Аҳмад Заки Валидий ўртасида учрашув бўлди. Мустафо Чўқай қисқа муддат Комуч ҳукуматида фаолият кўрсатди.

Мустафо Чўқай 1919 йил февралда Европа давлатларига махсус меморандум билан мурожаат қилиб, Туркистондаги истиқлолчиларнинг большевикларга қарши курашини қўллаб-қувватлашга, совет режимини ағдариб ташлашга чақирди[5].

Мустафо Чўқай қозоқ даштлари ва Каспий денгизи орқали 1919 йил баҳорида аввал Боку сўнгра Тифлис [Тбилиси] шаҳрига боради. У Тифлисда 2 йил яшайди. Бу ерда у мусулмонлар учун «Ени Дüня» ва «Şафак» газеталарини ташкил қилиб, «На рубеже» журналига муҳаррирлик қилди. Қизил армия Тифлисни босиб олгач, 1921 йил февраль ойида Мустафо Чўқай муҳожирликка жўнаб кетишга мажбур бўлди ҳамда Истанбулга етиб келди. Мустафо Чўқай хотини билан 1921 йил ёзида Парижга келди. Мустафо Чўқай муҳожирликда 20 йил яшаб, турли халқаро анжуманларда иштирок этди ҳамда матбуотда инглиз, француз, поляк, рус, турк тилларида ўткир публисистик мақолалар билан мунтазам қатнашиб турди. Парижда унинг рус тилида «Марказий Осиёдаги Советлар» (1928) ҳамда «Туркистон совет ҳокимияти остида» (1935) ҳамда турк тилида Париж – Берлинда «1917 йил хотиралари парчалари»[6] (1937) китоблари нашр этилди.

Мустафо Чўқай 1929 йилдан бошлаб Туркистон Миллий Бирлиги Марказий Қўмитасининг раиси бўлди. 1929 – 1939 йилларда чиққан «Яş Тüркистан» журналига муҳаррирлик қилди. Журнал Парижда тайёрланиб, Берлинда чоп этилган (унинг 117 та номери чоп этилган).

Мустафо Чўқай хорижда муҳожирликда яшаётганда Ўрта Осиё республикаларида совет режимига қарши давом этаётган қуролли истиқлолчилик ҳаракати (совет ҳокимияти йилларида у «босмачилик» ҳаракати деб аталган) тўғрисида 1930 йил 19 февралда «О басмачестве» мақоласида шундай деб ёзган эди: “Туркистон – Совет Иттифоқининг қўзғолончилар ҳозиргача ўз ҳаракатини тўхтатмаган ягона қисми.  Бунинг иккита сабаби бор. Биринчидан, Москва зулмидан қутулиш учун мамлакатни курашга олиб келган миллий туйғунинг кучлилиги. Бу умумий ҳолатнинг сабаби ҳисобланади. Иккинчидан, маҳаллий хусусиятга молик сабаб ҳам бор. Бу совет миллий сиёсатининг фақат Туркистонга хос алоҳида хусусиятидир...

 Туркистон аҳолиси совет ҳокимиятига қарши узлуксиз (перманент) кураш ҳолатидадир. Совет ҳокимиятига қарши «перманент кураш» кайфияти заминида қайтадан босмачиликнинг пайдо бўлиши бизни ҳайрон қолдирмайди. Босмачилик — Туркистонда совет хўжайинчилигининг кўланкаси.

Босмачилик  айнан Фарғонада юз берганлиги шуни яққол кўрсатадики, бу ҳолат Москва ҳукуматининг пахта сиёсатига қарши тез орада қўзғолончилик ҳаракати бошланишига ҳам сабаб бўлади”[7].

Германия СССРга ҳужум қилган 1941 йил 22 июнь куни насистлар Париж атрофидаги Ножан шаҳарчасида яшаётган Мустафо Чўқайни қамоққа олишди ҳамда у 13 июлгача Компен харбий лагерида тутқунликда сақланди[8]. Сўнгра Мустафо Чўқай Берлинда бўлди (15 июлдан 26 августгача). У 1941 йил сентябрь – декабрь ойларида совет ҳарбий асирлари сақланаётган Сувалки, Вустрау ва Ченстохова концлагерларида бўлиб, асир олинган туркистонликларни омон сақлаш йўлларини излади. Мустафо Чўқай ва тошкентлик ўзбек Вали Қаюмхон (1904 – 1993) асир олинган туркистонликлардан Туркистон легиони тузишни режалаштирдилар. Бироқ Мустафо Чўқай концлагерларда юқумли касалликка чалинди ҳамда Берлиндаги «Виктория» касалхонасида тепкили терлама (тиф)дан 1941 йил 27 декабрда вафот этди. У Берлиндаги турк мусулмонларининг Темпелхоф қабристонида 1942 йил 2 январда дафн этилди[9].

Мустафо Чўқай рус, ўзбек, қозоқ, турк, француз, инглиз, немис, поляк тилларида Туркистоннинг ХХ аср тарихига оид кўплаб мақолалар ва китоблар ёзди. «1917 йил хотира парчалари» (Берлин, 1937; ўзбек тилида) китоби катта шуҳрат қозонди. Бу асар турк (Анқара, 1988), рус (Германия, 1989; Токио-Москва, 2001), ўзбек (Тошкент, 1992) тилларида алоҳида китоб бўлиб нашр қилинди. Унинг 2 жилдли «Танланган асарлар» китоби (Алмати, 1998-1999) қозоқ ва қисман рус тилларида босилиб чиқди.

СССР тарқалгач, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Мустафо Чўқайнинг асарлари чоп этилди. Таниқли тарихчи олим профессор Кушим Есмағамбетов (1938 – 2016) бошчилигида 2012 – 2014 йилларда Алматида Мустафо Чўқайнинг 12 жилдлик асарлар тўплами нашрдан чиқди[10]. Қозоғистонда Мустафо Чўқай ҳақида бадиий асарлар яратилди, кинофильмлар суратга олинди, унинг хотирасига атаб кўплаб ҳайкаллари ўрнатилди. Бу ерда мунтазам равишда Мустафо Чўқайга бағишланган халқаро конференциялар ўтказиб турилади.

Шундай қилиб, туркий халқларнинг атоқли фарзанди, машҳар давлат ва сиёсий давлат арбоби Мустафо Чўқайнинг ҳаёти ва фаолияти ХХИ асрда яшаётган барча туркий халқлар, хусусан, қозоқлар ва ўзбеклар учун порлоқ намуна ҳисобланади. Ўз ҳаётини Туркистон бирлиги ва мустақиллиги учун курашга бағишлаган, ҳам Россия империяси, ҳам совет давлати, ҳам Европада муҳожирликда, ҳам Германияда насистлар ҳукмронлиги шароитида мураккаб ва зиддиятли бир вазиятда фаолият юритган бўлишига қарамасдан у ёрқин сиймо бўлиб қолаверади[11].

 

[1] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 23-29.

[2] Садыкова Б. Мустафа Чокай. –Алматы: «Алаш», 2004. –С. 231.

[3] Мустафа Шокай.

[4] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 23-29.

[5] Ражабов Қ. Мустафо Чўқай //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 6. –Тошкент: «Ўзбекистон миллий эниклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2003. –Б. 157.

[6] Қаранг: Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). Сўзбоши муаллифи Б. Қосимов. –Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992. – 80 бет; Мустафа Чокаев. Отрывки из воспоминаний в 1917 г. Составление, предисловие, примечания С.М. Исхакова. –Токио-Москва, 2001. – 54 стр.

[7] Мустафа Шокай.

[8] Мария Чокай. Я пишу Вам из Ножана... (Воспоминания, писма, документы). –Алматы: «Кайнар», 2001. –С. 165.

[9] Садыкова Б. История Туркестанского легиона в документах. –Алматы: «Кайнар», 2002. – 248 стр.; Он же. Мустафа Чокай в эмигратсии. –Алматы: «Мектеп», 2009. – 248 стр.

[10] Мустафа Шоқай. Шығырмаларынын толық жинағы. Он еки томдық. Том И – ХИИ. Курастырғон алғы соз бен тусинидирмелерди жазған К.Есмағамбетов. –Алматы: «Дайк-Пресс», 2012 – 2014.

[11] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 23-29.