Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

САИДНОСИР МИРЖАЛИЛОВ

Саидносир Миржалилов (1884-1937) — Туркистондаги маърифатпарвар ва давлат арбоби. 1884 йили Туркистон шахрида ўзбек оиласида туғилган. Дехдончи- лик ва савдо ишлари билан шуғулланиб, Туркистоннинг йирик сармоядорларидан бирига айланган. Туркистон шахрида пахта тозалаш заводи қуриб, жадид мактабини очган (1914). Давлат Думаси мусулмон шуъбасининг Петербургда бўлиб ўтган йиғилишида қатнашган (1914). У 1917 йили Тошкентга кўчиб келган ва шаҳар Думасига аъзо бўлган. «Шўрои Ислом» ташкилотининг аъзоси сифатида Туркистон Мухторияти хукуматининг 1917 йил ноябрда ташкил этилишида фаол қатнашган ва хукуматнинг ғазначиси бўлган.

Мухтория хукумати большевиклар томонидан ағдариб ташлангач, С.Миржалилов аввал Самара ва Тифлисга боради, сўнгра бир муддат Туркияда яшайди. У 1921 йилда Тошкентга қайтиб, «Туркистон» савдо-саноат ширкатини ташкил қилиб, ундан тушган даромад ҳисобига «Миллий иттиҳод» ташкилотини қўллаб-қўвватлаган ҳамда Германияга ўқишга юборилган айрим талабаларни нафақа билан таъминлаган ва уларга моддий ёрдам кўрсатган. У «Нашри маориф» маърифий ташкилоти ва «Кўмак» жамиятининг асосчиларидан бири (1923— 1925). С.Миржалилов Туркистон шоирлари Ҳамза ва Чўлпон, ёзувчи Абдулла Қодирийни моддий жиҳатдан қувватлаб турган.

У совет режими томонидан бир неча марта (1925, 1932, 1937) қамоққа олинган. Соловки оролларидаги қамоқхонага ташланган (1925-1928). С.Миржалилов 1937 йил 21 июлда Тошкентда учинчи марта қамоққа олиниб, 1937 йил 9 октябрда отиб ташланган[1]. Ўлимидан сўнг оқланган.

С.Миржалиловнинг қизи Зарифа Саидносирова (1908-1986) кимёгар олима, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968) ҳамда биринчи ўзбек аёл рассоми бўлиб, у таниқли ёзувчи Ойбек (1905-1968)нинг рафиқасидир. З.Саидносированинг «Ойбегим менинг» хотиралар китоби нашр қилинган.

 

[1]   [Ражабов Қ.] Миржалилов Саидносир //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 5. — Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2003. — Б. 692.