Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

НОСИРХОН ТЎРА

Носирхон Тўра [Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли] (1871— 1935) — Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳбарларидан бири, машхур уламо.

Наманганда ўзбек уламоси оиласида 1871 йили туғилган. У Бухорода, сўнгра Кобул, Дехди, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида таҳсил олган. Туркистонга қайтгач, 1912 йили Наманган шаҳрига қози бўлган. 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатида фасш қатнашган. «Шўрои Исломия» ташкилотининг Наманган шуъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси (1917).

Бутунтуркистон мусулмонлари фавкулодда ИВ курултойини 1917 йил 26-28 ноябрда Кўқон шаҳрида ўтказишда жонбозлик кўрсатди. У1917 йил декабрда Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига маориф вазири сифатида киритилди. 1918 йил февралда мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач, Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Носирхон Тўра Наманганда большевиклар кўлига тушади[1]. Амнистия туфайли озод бўлгач, у бир йил мобайнида яширин ҳаёт кечирган. У1919 йили Косонсойда «Миллий иттиҳод» ташкилоти ячейкасини ташкил қилган. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинади. Оренбургда сургунда бўлган (1925-1928). Сургундан қайтгач, мавжуд тузумга қарши фасш курашни давом эттирган[2].

ОГПУ махсус учлигининг 1930 йил 27 ноябрдаги йиғилишида 5054-иш, яъни Носирхон Тўра иши кўриб чиқилган ҳамда у отишга хукм қилинган[3]. У билан бирга яна кўплаб кишиларга ўлим жазоси берилган. Айрим манбаларда кўрсатилишича, қатағон қилинган Носирхон Тўра 1935 йил 27 сентябрда қамокда вафот этган. Унинг «Тарихи Туркистон» (15 бўлимдан иборат), «Оренбург мактублари» эсдалиги ва бошқа асарлари мавжуд.

Алихонтўра Соғунийнинг ёзишича, Носирхон Тўра асли Косон(сой) зодагонларидан бўлиб, у кейинчалик Арабистонда яшаган Олтинхон Тўра ва Мубашширхонларнинг устози эди. Носирхон Тўра коммунистларга қарши қўзғолон кўтаргач, бу қўзғолон бостирилгандан сўнг у ҳамда икки нафар ўспирин ўғли чекистлар томонидан қўлга олиниб, Тошкентга олиб келинган ва отиб ташланган46.

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 5-жилдида Носирхон Тўранинг вафоти санаси 1938 йил 3 сентябрда бўлган, деб янглиш кўрсатилган.

 

[1]   Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. — Б. 49.

[2]  [Ражабов Қ.] Носирхон Тўра Саид Камолхон тўра ўғли // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 6. — Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2003.-Б. 401.

[3]  Шамсутдинов Р. Қишлоқ фожеаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун (Ўрта Осиё республикалари мисолида). — Тошкент: «Шарқ», 2003. — Б. 177.