Маърифатпарвар, Туркистонда миллий-озодлиги учун курашган тараққийпарварлардан бири.
Миродил Мирзааҳмедов 1880 йилда Марғилон шаҳрида туғилган.
1917 йилдан бошлаб Фарғона водийсидаги сиёсий жараёнларда фаол қатнашган. «Улуғ Туркистон» газетасининг ёзишича, “Миродил 1917 йили «Шўрои Исломия» жамиятининг Марғилондаги раиси бўлган. Тошкентда 1917 йил 15 ноябрда "Уламо" жамияти томонидан ўтказилган курултойда фаол қатнашган. Фарғона округидан Таъсис Мажлиси аъзолигига сайланган.
М.Мирзааҳмедов 1917 йил ноябрда Туркистон Миллий Мажлиси аъзолигига сайланди. Мустафо Чўдайнинг ёзишича, у Туркистон Мухторияти ҳукуматининг иккинчи таркибида вазир сифатида ҳам фаолият кўрсатган. У 1918 йил февраль ойининг охирида Қўқонда большевик томонидан қамоққа олинган.
М.Мирзааҳмедовнинг 1918 йил февралдан кейинги фаолияти тўғрисида маълмотлар сақланиб қолмаган. Бироқ ўзбек совет шоирларининг ёзишича, Одилкўр (Миродил) Қўқондан чиқиб Афғонистонга жўнаб кетган.
Баъзи манбаларда келтирилишича, у 1937 йилда Ўзбекистонда қатағон қилинган.
Фойдаланилган манбалар:
- Қаҳрамон Ражабов. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда Миллий Мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «БОДОМЗОР ИНВEСТ» оилавий корхонаси, 2021. – 54-55-бет.
- Мингнаров А Туркистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнпарнинг миллий матбуотда ёритилиши (1917-1918 й.). — Тошкент: «Истиқлол нури», 2013. — Б. 91