Сиёсат ва жамоат арбоби. Туркистондаги миллий раҳбар ходимлардан бири.
Тошхўжа Ашурхўжаев Хўжандда деҳқон оиласида туғилган. Унинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида жуда оз маълумотлар сақланиб қолган.
1917 йиилда ташкил қилинган Қўқон ишчиларининг «Иттифоқ» ташкилоти фаолиятида фаол кдтнашган. 1917 йил ноябрда Қўқонда ўтказилган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойида у Туркистон Миллий Мажлиси аъзолигига сайланди.
Мухторият ҳукумати ағдарилгач, 1918 йил баҳоридан бошлаб у совет ҳокимияти идораларида турли лавозимларда иш бошлади. Бу пайтда у большевиклар партиясининг аъзоси эди.
1918 йил 20 апрель — 1 майда Тошкентда бўлган Туркистон ишчи, солдат, крестян, мусулмон ва деҳқон депутатларининг В ўлка съездида Тошхўжа Ашурхўжаев Туркистон АССР Миллий ишлар халқ комиссари (Нарком Туркнас) ҳамда Саъдулла Турсунхўжаев Соғлиқни саклаш халқ комиссари лавозимига сайланди. Улар туб халқлар вакилларидан Туркистондаги совет ҳукумати таркибига киритилган дастлабки миллий раҳбар ходимлар – миллий комиссарлар эдилар.
1918 йил кузида Фарғона водийсига хизмат сафарига юборилган Т.Ашурхўжаев билан алоқалар узилиб қолади. У 1918 йил ноябрда ҳалок бўлган, деган фикр ўша давр манбаларида учрайди.
1919 йил 10 январда хотини Турғун биби Бойчабоеванинг аризасига кўра, унга боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган.
Фойдаланилган манбалар:
- Қаҳрамон Ражабов. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда Миллий Мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «БОДОМЗОР ИНВEСТ» оилавий корхонаси, 2021. – Б. 61.