Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

АБДУЛҚОДИР ҚУШБEГИЕВ

Туркистондаги миллий раҳбар ходимлардан бири. Тараққийпарвар зиёли.

Мулло Абдуқодирбек 1882 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Мирза Аҳмад асли Андижон шаҳридан бўлиб, Худоёрхон томонидан Тошкент шаҳрига бош ҳарбий қўмондон қушбеги лавозимига тайинланган эди.

1889 йилда отаси вафотидан сўнг 7 яшар Абдулқодир онаси билан Андижонга – амакиси Шермуҳаммад Алиқулов хонадонига кучиб келишган.

Андижонда у рус-тузем мактаби ва гимназияда таҳсил олган.

1917 йил инқилобигача Миркомилбой Мирмўминбоевнинг пахта савдосини бошқариб, савдо ишининг ҳадисини олди. Айни пайтда жадид тараққийпарварларининг ғоялари билан танишиб, имкон қадар уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туради.

1916 йил мардикорликка олишнинг фожеали оқибатларини тафтиш этиш мақсадида ташкил этилган комиссия ишида таржимон сифатида иштирок этиб, мардикорликка олишда кўплаб хатоликларга йўл қўйилганига гувоҳ бўлади. Айниқса, февраль инқилобидан сўнг Убайдулла Хўжаев билан Керенскийнинг Андижонга келиши ва бу тафтиш билан боғлиқ жараёнлар унинг дунёқарашига кескин таъсир қилди.

Архив ҳужжатларида келтирилишича, у Андижонда ташкил этилган «Ёш тараққийпарварлар» (Ёш сартлар) ташкилоти фаолиятида иштирок қилган. «Турк Адами Марказияти фирқаси»ни тузишда фаол қатнашган. «Шўрои исломия» жамиятининг Андижон шуъбаси аъзоси бўлган.

Абдуқодир Қушбегиев 1917 йил охирида Андижондан мусулмон бюросига вакил сифатида сайланиб, Тошкентга келган.

Туркистон Муторияти  эълон қилингач, Миллий Мажлис аъзоси сифатида фаолият кўрсатади. 1918 йил баҳорида Қўқондаги қирғинлардан жонини сақлаб қолган Абдуқодир Қушбегиев аввал сўл эсерлар партиясига, кўп ўтмай коммунистлар партиясига киришга мажбур бўлди. 1918 йилдан советлар хизматига ўтиб Туркистон Республикасида қатор масъул лавозимларда, жумладан, 1920 йилдан ТАССР Ер ишлари комиссари лавозимида ишлайди. Абдуқодир Қушбегиев Бухоро инқилобидан сўнг Бухорога йўлланди. У ерда ҳам Ер ишлари комиссари лавозимида ишлади.

Советларнинг Янги иқтисодий сиёсати туфайли маълум иқтисодий эркинликлардан фойдаланиб Абдуқодир Қушбегиев Хитой билан қорамол савдосида катта ютуқларга эришади. Бироқ, бу совет ҳукумати маъмурларига ёқмади ва турли шартлар қўйила бошланди. У рози бўлмагач эса 1925 йилда ГПУ томонидан қамоққа олинади. Давлат билан шартномани бузишда айбланиб, РСФСР ЖКнинг 130-модда 2-қисми билан 10 йилга концлагерга ҳукм қилинган.

Жазонинг 5 йилу 2 ойини Соловки оролида ўтаб, 1930 йил июнда ўлим оролидан эсон омон чиқади. 1932 йил Ватанга қайтиб, Тошкентда бир қанча вақт ишсиз юргач, Янгийўл шаҳридаги Маориф халқ комиссарлигига қарашли болалар уйига ишга киради ва кейинроқ унинг мудири бўлди.

1937 йил 9 августда ЎзССР НКВД томонидан қайта қамоққа олинган. ЎзССР ЖКнинг 66-1-моддаси билан айбланган. А.Қушбегиев сўроқларда ўзига қўйилган айбларни рад этган. Шунга қарамай, 1937 йил 14 августда ЎзССР НКВД «учлиги» томонидан олий жазога ҳукм қилинган. Ҳукм 1937 йил 18 августда ижро этилган.

1958 йил 1 январда А.Қушбегиевнинг ўғли Ҳасан Абдуқодиров СССР бош прокурори номига отасининг тақдири билан қизиқиб ариза беради. Бироқ, Абдуқодир Қушбегиев 1941 йил 14 августда МТЛда юрак етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида сохта маълумотнома берилади.

Абдуқодир Қушбегиев 1989 йил 15 сентябрда ЎзССР Прокуратураси томонидан оқланган. Бу хабар ЎзССР Прокуратураси томонидан фақат 1996 йил 23 декабрда Абдуқодир Қушбегиевнинг набираси Адиба Каримовага етказилган.

 

Фойдаланилган манбалар:

  1. Б.Ирзаев. Абдуқодир Қушбегиев. Тарихнинг номаълум саҳифалари. Илмий мақолалар, ҳужжат ва материаллар, хотиралар. 9-китоб. – Тошкент: Академнашр, 2020. –Б. 71
  2. Қаҳрамон Ражабов. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда Миллий Мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «БОДОМЗОР ИНВEСТ» оилавий корхонаси, 2021. – Б. 62-64.