Обиджон Абдухолиқович Маҳмудов [Обид чатоқ] – Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг вакили, давлат ва жамоат арбоби, йирик сармоядор ва ношир.
Обиджон Маҳмудов 1871 йил Марғилонда туғилган. Унинг отаси Абдухолиқ Абдуқодирбек ўғли бўлиб, Бухоро амирлигида тўпчибоши лавозимида ишлаган. Абдухолиқ Абдуқодирбек ўғли бир дўстининг таклифига биноан Марғилонга меҳмонга борганида, отдан йиқилиб оёғи цинган ва шифо топгунига қадар унинг хонадонида яшашга мажбур бўлган. У шу вақтда дўсти Мирзаюнуснинг Робия деган яқин қариндошига уйланиб, шу ерда яшаб қолган. Абдухолиқ ва Робиянинг фарзанди Обиджон Маҳмудов эди. Уларнинг тўнғич ўғли Миродил Қўқоннинг Шайхон маҳалласидан уй-жой сотиб олгач, Обиджон ҳам шу ергакўчиб келади. Шу ерда мадраса таълимини олади. Дарсдан бўш пайтларида мўмчилик билан шуғулланган акасига ёрдам бериб, ундан мўмчилик ҳунарини, поччаси Мирзакарим заргардан эса савдо-сотиқнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганади[1].
Обиджон Маҳмудов Қўқонга кўчиб келиб, мадраса таълимини олди. У Каспий денгизидаги Челекен ярим оролига бориб, нефть қазиб олиш билан шуғулланди ва бойиб кетди[2]. Обиджон Маҳмудовнинг тез орада Қўқоннинг йирик бойларидан бирига айланиши Россия империясининг махсус полицияси бўлмиш – Туркистон район муҳофаза бўлими томонидан доимий кузатувда бўлишига сабаб бўлган.
Обиджон Маҳмудов 1897-1901 йилларда Санкт-Петербург университетининг тоғ-кон муҳандислиги факультетини тугатган. У тоғ-кон бўйича йирик мутахассис бўлиб, кейинчалик давлат арбоби, ўзбек ҳамда рус тилларида ижод этган адиб, араб, турк тилларининг билимдони, иқтисод, геология фанлари соҳасида ўзига хос билимга эга бўлган етук шахс бўлиб етишади[3].
Қўқонга қайтгач, тоғ-кон саноати билан шуғулланиб, Фарғона водийсида кўплаб нефть конларини очишда иштирок этди. Шўрсувдаги олтингугурт конини сотиб олган. Ўқишни битирганидан сўнг Қўқонга қайтиб, нефть конларида иш бошлайди. Кармана, Шўрсув, Сариққўрғон, Полвонтош, Оламушук, Мумконсой каби ҳудудлардаги конларда фаолият олиб бориб, 1905 йилда ҳукумат томонидан нефть ва озокерит 23 ишланмаларини ўрганиш учун Озарбайжонга юборилади. У ерда тажриба орттириб қайтганидан сўнг, барча конларда нефть қазиб чиқариш билан шуғулланади[4].
Тарихчи Н.Комиловнинг фикрича, О.Маҳмудов бошчилигидаги бир гуруҳ сармоядорлар 1906 йил 15 ноябрда Қўқон биржа жамиятини ташкил этишган. 1907 йил 9 январда биржа жамияти раиси А.И.Вегел ва Обиджон Маҳмудов бошчилигидаги 60 нафар аъзо Фарғона вилояти ҳарбий губернатори Покотило Василий Иванович (10.12.1904 – 28.07.1907)дан Қўқон биржа жамиятини ташкил этиш тўғрисида рухсат сўрашган.
Жамиятнинг 60 нафардан иборат аъзоси 1906 йил 15 ноябрда Қўқон шаҳрида йиғилиб, Қўқон биржа жамиятни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни кўриб чиқишади. Ушбу йиғилишда биржа жамиятининг Низоми ишлаб чиқилиб, аъзолик бадаллари ҳам киритилади. Жамият аъзолари 1907 йил 2 январь куни ҳам йиғилишиб, Низомнинг 46-бандига кўра жамият аъзоларининг 2/3 қисми биржа жамиятини ташкил этиш учун овоз берганини эълон қилишади[5]. Кейинчалик 1907 йилда 2299-сонли хат билан Фарғона вилояти ҳарбий губернатори Россия императори Николай ИИ номига хат йўллаб, биржа жамияти тузилганлиги тўғрисида ҳисобот беради. Қолаверса, биржа жамияти фаолияти учун Низом ишлаб чиқилган бўлиб, уни тайёрлашда О.Маҳмудовнинг ҳиссаси катта бўлган. Хусусан, у рус бойларидан И.Ларин, А.Смирнов, Р.Рибаков, А.Увалев, А.Коротковлар, шунингдек, ўзбек филантропларидан А.Самандаров, И.Қосимбеков, Мулла Бобожон Шарифбоев, Мулла Сулаймонқул каби яқин дўстлари билан бу ишга бош-қош бўлган. Ушбу низомда жамиятнинг мақсад ва вазифалари, очиқ биржа савдоларини ўтказиш, Туркистонга кириб келаётган маҳсулотларнинг ягона нархини белгилаш, нархларни суний ошишига йўл қўймаслик каби масалалар кўрсатилган.
Низомга мувофиқ биржа жамияти қуйидаги асосий принциплар асосида ишлаши белгиланган эди: 1) биржа савдоларининг очиқлиги ва ошкоралиги; 2) биржа савдоларида нархларни шакллантириш эркинлиги; 3) биржа битимларининг ихтиёрийлиги; 4) биржа барча аъзоларининг биржа савдоларида иштирок этишида ўзаро тенглиги; 5) фақат олдиндан белгиланган жойда ва биржада битимлар тузиш.
Юқоридаги принциплар асосида жамиятнинг маҳаллий миллатга мансуб вакиллари биржа савдоларида русларнинг ноқонуний ҳаракатларини тартибга солиб туришган. Қолаверса, иқтисодий нуқтаи назардан Туркистонда ташкил этилиши лозим бўлган мухториятнинг иқтисодий асосларини барпо этишган.
Обиджон Маҳмудовнинг фаолиятида асосий йўналишлардан бири бу ноширчилик эди. У бу соҳада ҳам жуда кўп ишларни амалга оширганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. 1913 йили Обиджон Маҳмудовнинг Фарғона области губернатори А.И.Гиппиусга мурожаатига кўра, 5685-сонли гувоҳнома билан газета фаолиятига рухсат берилган. Ҳужжатда келтирилишича, 1906 йил цензура ва ноширлик тўғрисидаги Низомнинг 114-моддаси асосида ― «Нашри Обиджан» деб номланган маҳаллий газетани Қўқон шаҳрида ҳафтасига 3 марта чоп этиш мумкинлиги кўрсатилган. Газетанинг эълонлар, агентлик телеграммалари, бошқа газеталардан хабарларни қайта чоп этиш, тижорат ва саноат маълумотлари, янгиликлар ва кашфиётлар, воқеа-ҳодисалар, ҳукумат буйруқлари ва эълонлари асосида нашр этишга рухсат берилган. Газета фаолиятига ношир ва масъул муҳаррир Обиджон Маҳмудовнинг ўзи эди. Газета ўз фаолиятини йўлга қўйгач, 1914 йил 1 августда Обиджон Маҳмудов яна бир бор ҳарбий губернаторга илтимоснома юборади. Унда Эвропа давлатларининг тинчлик ва осойишталикни бузиш борасидаги сиёсати Буюк Россиянинг уларни даф қилиш истаги билан ягона қудратли оқимга, якдил фикрга бирлашганлиги, бундай тарихий даврда матбуот хизмати ва унинг вазифалари давлатнинг тинч-осойишта пайтларига қараганда янада масъулиятли ва мураккаброқ ҳисобланиши, хабарлар оқими жуда тез келаётганлиги, матбуот вазифаларини тўлиқ бажариш, шунингдек, уруш даври воқеалари билан ортган жамоатчилик талабларини қондириш учун рус тилида ― «Ферганское эхо» ва ўзбек тильда ― «Садои Фарғона» газеталарини жорий дастурга мувофиқ ҳар кунлик қилиб нашр этишга рухсат беришини илтимос қилади. Ушбу хатга жавобан Фарғона области ҳарбий губернаторининг буйруғи чиқарилиб, унга кўра Обиджон Маҳмудов нашриётига берилган 5685-сонли гувоҳнома бекор қилиниб, янги номдаги ― «Садои Фарғона» газетаси чоп этиладиган бўлди. Шундай қилиб, 1914 йилдан рус тилида ― «Ферганское эхо» ва ўзбек тильда ― «Садои Фарғона» газеталарини нашр этиш бошланди. Обиджон Маҳмудов Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Қўқонда 1914 йили босмахона ташкил қилган. Бундан ташқари, Обиджон Маҳмудов «Тирик сўз» (1917) газетасининг муҳаррири ва ношири эди. У матбуотда долзарб масалалар билан чиқиб, Туркистон халқини маърифатли бўлишга чақирган, уни озодлик учун курашга даъват этган[6].
Обиджон Маҳмудов фаолиятининг асосини мамлакатнинг иқтисодий мустақилликка эришишини таъминлаш ташкил этган. У «Садои Фарғона» газетасида Туркистон иқтисодиётига оид бир неча мақолалар эълон қилган ва уларда ўлкага капиталистик иқтисодий муносабатларнинг кириб келиши, адолатсизлик ва суиистеъмолчиликлар халқнинг тобора тинка-мадорини қурита бораётганлигини таъкидлаган. Унинг «Эски асрдан бир мазмун» номли мақоласида чоризм мустабид ҳокимияти ўлканинг иқтисодий аҳволини оғирлаштириб, маҳаллий халқларнинг миллий қадр-қимматини ерга урганлигини афсус билан таъкидлайди.
Шунингдек, Обиджон Маҳмудов қўл меҳнатига асосланган майда ишлаб чиқариш машиналашган саноат ишлаб чиқариш билан рақобат қила олмаслигини таъкидлаб, иш таназзулга етиб бормасидан ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш лозимлигини таъкидлайди. Зеро, эски усулдаги иқтисодий механизмлар Туркистоннинг келажагини белгилаб бера олмаслигини, мустамлакачи ҳукуматнинг мамлакат бойликларини ташиб кетаётганлигини ич-ичидан ҳис қилган ҳолда бу борада кўплаб мурожаатлар қилган. Обиджон Маҳмудовнинг бир мақоласида маҳаллий банк очиш муаммосига эътибор қаратилиб, унда мамлакатда деҳқонларни қарздорликдан қутқариш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун уларга кредит ажратиш лозимлиги айтилган. Биринчидан, бу мулкдорларнинг бойлигини янада ошишига, иккинчидан, агар банк маблағи фақат маҳаллий бойларнинг сармояларидан иборат бўлса, банкнинг эгаси ҳам миллатнинг ўзи бўлишини, учинчидан деҳқонлар шу кредит орқали қарздорликдан халос бўлишини таъкидлайди.
Бундан ташқари, Обиджон Маҳмудов ўз мақолаларининг бирида савдогарчилик, унинг ўзига хос хусусиятлари, афзалликлари тўғрисида ҳам маълумотлар берган. Унинг ёзишича, илгариги замонларда савдогар аҳли нуфузли табақа сифатида жамиятда ўз ўрнига эга бўлган. Улар ўз фаолиятларини шариат белгилаб берган нормалар асосида олиб борганлар. Яъни, шаръан ҳаром деб саналган рибо – судхўрлик каби хислатлар маҳаллий савдогарчилик учун ёт ҳодиса эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, Обиджон Маҳмудов мақолаларининг бирида қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилиги тўғрисида ҳам ўз фикрларини баён этган. Миллий қоғоз ишлаб чиқаришнинг йўқ бўлиб кетмаслиги учун ҳукумат раҳбарларини миллий ҳунармандчиликнинг ушбу турини ривожлантиришга аҳамият беришга чақирган[7].
Шунингдек, Обиджон Маҳмудовнинг «Садои Фарғона» газетасида эълон қилган мақолаларида ўлкада иқтисодий муносабатларда адолатсизлик ва суиистеъмолчиликлар ҳамда Европа банк ва фирмаларининг асл башарасини очиб ташлади: «...Оқча керак бўлса Фарғонага кел ва юринглар деб бир неча кунда: 25 фирма, 10 банк, 5-10 комиссионний контуралар очилуб, ўн, йигирма тарафдан оқчани тортавердилар... Банк ва фирмалар фақат Низомга тўғри келтуруб ишларини ўзлари хоҳлаганларича қилуб, қанча инсофсизлик қила билсалар қилдилар»[8].
Обиджон Маҳмудов ўз мақолаларида иқтисодий масалалардан ташқари ўлкадаги ижтимоий муаммоларга ҳам қаратган. Унинг тараққийпарварлик ғояларида диннинг инсон маънавий камолотидаги ўрнини тўғри тушуниш, бозор муносабатларининг шаклланиш жараёнларини фаоллаштириш, тараққийпарвар демократик институтларни вужудга келтириш, ўлкада ўзига хос миллий ривожланишни шакллантириш, шунингдек, ноширлик фаолиятини ривожлантириш каби муҳим тарихий вазифаларни амалга оширишга ҳаракат қилган. Бу вазифаларни амалга оширишнинг муҳим шартлари – ислом тушунчасини янгилаш, уни мутаассибликдан тозалаш, фан ютуқлари ва илғор технологияни эгаллаш муаммоларини ҳал этиш эди[9].
Обиджон Маҳмудов ўзининг мақолаларида айрим – диний уламоларнинг ўз манфаатлари йўлида ислом моҳиятини бузиб кўрсатганликларини танқид қилади ва жамиятдаги мавжуд иллатлар оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатиб беради. Қолаверса, у таълим, иқтисод, маданият ва умуман жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш заруратини тушунтиришга интилган. Унинг фикрлари миллий доирада чегараланмай, Европанинг технологик жиҳатидан Шарққа нисбатан анча илгарилаб кетганлигини ҳисобга олган ҳолда Ғарб цивилизациясининг муҳим жиҳатларини эътироф этган. Шунингдек, унинг ғояларида асосий эътибор бутун ижтимоий ва иқтисодий тизимни ўзгартириш, таълим-тарбияни янгилашга қаратилган. Хусусан, у янги усулдаги мактабларни ташкил этиш, газеталар чиқариш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни нашр этиш, иқтисодий мустақиллик, Европа маданияти ютуқларидан фойдаланишни тарғиб этиш орқали миллий дунёвий таълимни юзага келтириш, маънавий ҳаётни янгилаш ва бойитиш, миллий ўзликни англашни юксалтириш лозимлигини уқтиради[10].
Миллий тараққийпарварлик ҳаракатининг етакчиларидан бири сифатида қолоқлик, турғунлик, саводсизлик ва жамиятнинг бошқа мавжуд камчиликларига қарши кураш олиб борган Обиджон Маҳмудов ислоҳотлар орқали дин ва шариат асосларини сақлаб, исломни янги шароитларга мослаштиришни ва миллий, дунёвий муаммоларни ҳал қилишда Европа маданияти ютуқларидан фойдаланишни, Россия империяси мустамлакачилик сиёсатининг талончилик моҳиятини чуқур англаб, унга қарши хайрия жамиятлари, нашриёт муассасалари ҳамда янги иқтисодий механизмлар (биржа, банк) асосида мамлакатни ривожлантириш, халқни маърифат ва илмли қилиш йўлида катта жасорат кўрсатган фидойи шахс эди[11].
Обиджон Маҳмудовнинг «Садои Фарғона» газетасида турли рекламалар, фабрика ва заводлар ҳақида ҳам маълумотлар чоп этилган. Шунингдек, тўй ва маъракалар дабдаба ҳамда ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айланиб бораётгани, бу иллатдан воз кечиш кераклиги қўп бор таъкидланган ва унга қарши аниқ чоралар кўрилгани ҳам ёзилган. Тиббиётга оид маълумотлар ва эълонлар бериб бориш ҳам газета фаолиятининг муҳим соҳаларидан бири бўлган. Чунки одамларнинг кўпчилиги табиблар томонидан даволанган бўлиб, жамиятда тиббий маданият тушунчаси етарли даражада ривожланмаган эди. Шу сабабли, газетада хусусий шифохона хизматлари ҳақида, даволовчи шифокорлар хизматидан фойдаланиш ҳақида ҳам кўплаб рекламалар берилган[12].
Обиджон Маҳмудов 1917 йилда Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари қилиб сайланди[13]. У умри давомида Қўқоннинг ҳар тарафлама ривожланиши учун ҳаракат қилган ва бу йўлда билим, қобилиятини аямаган. Бу ҳақда Обиджон Маҳмудовга замондош ва маслакдош бўлган Мустафо Чўқай ўзининг эсдаликларида қуйидаги фикрларни айтиб ўтади: «Обиджон Қўқон шаҳар думаси раис ўринбосари этиб сайланганидан сўнг, бу ерда самарали ижод қилди. У шаҳар ободончилигига дахлдор ҳамма нарсада Янги Қўқон билан Эски Қўқоннинг бир хил ривожланиши учун курашди»[14].
1917 йил 14 мартда «Шўрои Исломия» ташкилотининг ташкил этилиши мухторият тузиш йўлида дастлабки қадамлардан эди. Обиджон Маҳмудов ташкилот фаолиятини олиб боришда ва уни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. «Шўрои Исломия» ташкилоти ва унинг фаолияти ҳақида Обиджон Маҳмудов 1926 йил 21 апрелда қамоққа олиниши пайтидаги сўроқ баённомасида батафсил кўрсатма берган. Бу ташкилот ғоялари Туркистонга, хусусан, Фарғонага татар маърифатпарвари Галимжон Борудий томонидан олиб келинган. 1917 йил 25 майда Қўқонда Фарғона вилояти мусулмонлари қурултойи бўлиб ўтади. Қурултой раёсатига О.Маҳмудов, С.Акаев, К.Рахмонбердиев, Т.Норбўтабеков, А.Зиёев, Я.Яхёхонов, А.Умарбоевлар сайланадилар. Обиджон Маҳмудов бошчилигидаги жадидлар халқни «Шўрои Исломия» атрофида бирлашишга чақирадилар. 1917 йил 12-14 июлда Скобелев шаҳрида вилоят мусулмонлари ташкилотларининг қурултойи бўлиб ўтган. Унда «Турк адами марказият фирқаси» ташкил этилган. Йиғилишда фирқа (партия)нинг Дастури (маромномаси) ва Низоми қабул қилинган бўлиб, ушбу масалада Обиджон Маҳмудов катта роль ўйнаган[15].
Мустафо Чўқай бошчилигидаги Миллий Марказ 1917 йил ноябрь ойи бошларида Тошкентдан Қўқонга кўчиб келгач, Обиджон Маҳмудовнинг ҳовлисида жойлашганлар. 1917 йил 26 ноябрда Туркистон ўлкаси мусулмонларининг фавқулодда ИВ съездида Обиджон Маҳмудов 150 кишилик Қўқон делегациясининг раиси сифатида Туркистон Мухторияти тузилиши учун барча жадидлар каби ҳаракат қилди, кейинчалик 13 кишидан иборат съезд ҳайъатининг аъзоси сифатида эса у қурултой аъзолигига вилоят, айрим диний ҳамда миллий гуруҳлар бўйича эмас, балки билимдон ва ишчан кишиларни танлаш асосида киритиш лозимлигини таклиф этди. Обиджон Маҳмудов Туркистон Мухторияти ташкил этилгандан сўнг озиқ-овқат вазири бўлиб ишлади ва фаолияти давомида халқ фаровонлиги учун бор кучи, билими ҳамда ақл-заковатини аямади. Ўз босмахонасини мухторият ҳукумати ихтиёрига топширди. Босмахонада Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ўзбекча ва русча газеталари чоп этилган. Туркистон Мухторияти Муваққат ҳукуматининг халқ оммасига мурожаатини эълон қилишда Обиджон Маҳмудовнинг роли катта бўлган[16].
Туркистон Мухторияти тугатилиши арафасида Обиджон Маҳмудов Кавказдан ғалла маҳсулотлари олиб келиши керак бўлган. Бироқ, совет ҳукумати билан қонли тўқнашувлар сабабли Кавказга кетолмай Бухорода қолиб кетади[17]. Совет ҳокимияти томонидан 1918 йил февралда мухторият ҳукумати тугатилгач, Мустафо Чўқайнинг ёзишича, О. Маҳмудов Бухорода большевиклар қўлига тушиб қолади[18]. Мухторият ағдарилгач, унинг аъзолари 3 гуруҳга бўлиниб кетди, биринчиси истиқлолчилик ҳаракати томонига, иккинчиси советлар тарафига ва учинчиси муҳожир бўлиб хорижга кетган. Обиджон Маҳмудов эса ана шу советлар тарафига вақтинчалик ўтишга мажбур бўлганлардан бири эди. 1918 йил майда Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзолари совет ҳокимияти томонидан авф этилган[19].
Обиджон Маҳмудов 1918 йил октябрдан – 1919 йил май ойигача Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси Марказий ижроия Қўмитасининг Москвадаги ваколатхонасида матбуот бўлими муҳаррири ва бўлим бошлиғи, 1919 йил майдан – 1920 йил апрелгача ТАССР МИҚнинг Москвадаги ваколатхонасида пахта ишлари бўлимида мутахассис, 1920 йил апрель – 1921 йил майгача ТАССР МИҚнинг Москвадаги ваколатхонасида Ташқи алоқалар бўлими мутахассиси, 1921 йил май – 1921 йил октябргача Тошкентда (Турккомиссия)нинг ахборот бўлимида мутахассис, 1921 йил октябридан Бокуда ташкил этилган ― Шарқ халқлари ҳаракати ва ташвиқоти раёсатига аъзо сифатида фаолият олиб боради.
Обиджон Маҳмудов Москвада ишлашига қарамай, Туркистонда фаолият юритаётган турли ташкилотларга раҳбарлик қилди, уларнинг ривожланишида катта роль ўйнади. У Мунавварқори Абдурашидхонов ва Садриддинхон Шарифхўжаевлар ташаббуси билан Тошкентда ташкил этилган «Миллий Иттиҳод» («Иттиҳоди тараққий») ташкилотининг Қўқон шўбасига бошчилик қилди. Шунингдек, Обиджон Маҳмудов Анвар Пошшонинг имзоси ва «Мужохиди Ислом Анварбей» ёзувли муҳри бўлган инструкторлик гувоҳномасига эга бўлиб, ташкилот аъзоларига сиёсий билимлар берган.
Обиджон Маҳмудов 1921 йили «Нашри маориф» жамиятининг ташкил этилишида ҳам ташаббускорлардан бўлган. Туркистонлик ёшларни Берлинга жўнатиш ва коммунистик кайфиятдан ҳоли қилиб тарбиялаш мақсадида «Нашри маориф» жамиятининг аъзолари таркибига Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва бошқа ҳудудлардан ҳукуматнинг деярли барча аъзолари кирган. Жамият аъзолари Берлинда ўқиётган талабалар билан хат орқали боғланиб туришган. Талабалар бир неча марта ўз хатларида моддий эҳтиёжларини баён қилишган ва жамият аъзолари туркистонлик талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилишган. Обиджон Маҳмудов 2 нафар талабани ўз ҳисобидан ўқитган.
Обиджон Маҳмудов Туркистонда истиқлолчилик ҳаракатини ҳам қўллаб-қувватлаган. Туркистон Мухторияти тугатилганидан сўнг, совет ҳукуматига қарши курашни айнан истиқлолчилар билан биргаликда пинҳона давом эттирган, уларнинг айрим учрашувларини ўз уйида ташкил этган. Эргаш қўрбоши, Исроилбек қўрбошилар билан алоқада бўлиб, уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган[20].
1921 йилнинг ноябрида Обиджон Маҳмудов Туркистонда инглиз-япон интервенциясини ташкиллаш ва «босмачилар» билан алоқа ўрнатганликда, ноқонуний ишлар билан шуғулланганликда, яширин йиғилишлар уюштирганликда, советларга қарши тизимли ташвиқот ишлари олиб борганликда айбланиб ҳибсга олинган. Аммо Обиджон Маҳмудов ўз ихтиёридаги барча мол-мулкларидан воз кечиш эвазига ҳибсдан озод қилинган.
Обиджон Маҳмудов қамоқдан чиққач, яна ўз касби мумчилик билан машғул бўлади. Давлат органлари лавозимларида фаолият кўрсатиш илинжида 1921 йилнинг декабридан 1922 йилнинг августига қадар Бухоро Халқ Совет Республикаси Савдо-саноат вазирлиги Ташқи савдо бўлими ходими сифатида хизмат қила бошлайди. Обиджон Маҳмудов 1926 йили ОГПУ Коллегиясининг қарорига мувофиқ, 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 1926 йил май ойида унинг РСФСР МИҚ раиси М.И.Калининга ёзган хати инобатга олиниб, 6 ойдан сўнг барча мол-мулклари мусодара бўлиш эвазига қамоқдан озод этилади.
Қамоқдан чиққач, Шўрсувдаги нефть конида ижарачи сифатида ишлаб, умрининг охиригача ўз севган касби билан шуғулланади. 1933 йилда Обиджон Маҳмудовнинг Москвада бўлиб ўтган Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалик кўргазмасига Фарғона вилоятидан топилган тоғ қазилмалари намуналарини олиб бориб, кўргазмада тоғ-кон инженери сифатида яна бир бор иштирок этиши унинг бизга маълум бўлган охирги фаолиятидан биридир. Обиджон Маҳмудов 1936 йил 21 ноябрда эндокардит касаллиги билан вафот этади. Марҳум Қўқоннинг «Шайхон» қабристонига дафн қилинган[21].
Қўқон жадидларининг етакчиси, йирик маърифатпарвар, ношир ҳамда геолог олим Обиджон Маҳмудов ҳам эл-юрт равнақи, юрт истиқболи йўлида хизмат қилган. Унинг тараққийпарварлик ғояларида диннинг инсон маънавий камолотидаги ўрнини тўғри тушуниш, бозор муносабатларининг шаклланиш жараёнларини фаоллаштириш, тараққийпарвар демократик институтларни вужудга келтириш, ўлкада ўзига хос миллий ривожланишни шакллантириш, шунингдек, ноширлик фаолиятини ривожлантириш каби муҳим тарихий вазифаларни амалга оширишга ҳаракат қилган. Шунингдек, Обиджон Маҳмудов халқнинг турмуш шароитини яхшилаш учун мустамлака – феодал зулми ва оғир мажбуриятлардан халос бўлиш, иқтисодий мустақилликка эришиш зарур, деган ғояни илгари сурди. У ўлка ижтимоий ҳаётини яхши билиши, шунингдек, одамларни қийнаётган муаммоларни сезиши ва шу юрт фарзанди сифатида жамиятда вужудга келган муаммоларни ҳал қилишда жонбозлик кўрсатган. Туркистонда маърифатпарварликнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган шахс сифатида у миллатнинг яшаши, тараққий топиши учун курашган тараққийпарвар ва зиёли инсон эди.
[1] Комилов Н. Жадид Обиджон Маҳмудовнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий қарашлари // «Илмий хабарнома». 2020. № 5 (49). – Б. 47-48.
[2] Қаранг: Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 33-35.
[3] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 16.
[4] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 33-34; Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 16.
[5] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудов фаолияти маҳаллий ва чет олимлари нигоҳида // «Тҳе Лигҳт оф Ислам». 2020. № 3. –Б. 59-60.
[6] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 33-35; Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 18-19.
[7] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 18-19.
[8] Комилов Н. Жадид Обиджон Маҳмудовнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий қарашлари // «Илмий хабарнома». 2020. № 5 (49). – Б. 50-51.
[9] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 11.
[10] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 11.
[11] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 19-20.
[12] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 18-19.
[13] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 33-35;
[14] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 20.
[15] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 20-21.
[16] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 33-35; Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 20-21.
[17] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 16-17.
[18] Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. –Б. 49.
[19] Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест», 2021. – Б. 33-35.
[20] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 20-21.
[21] Комилов Н. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Андижон, 2021. – Б. 16-18.