Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

1917 ЙИЛДА ТУРКИСТОН ҲУДУДИДА МИЛЛИЙ СИЁСИЙ ЖАМИЯТЛАРНИНГ ВУЖУДГА КEЛИШИ

1917 ЙИЛДА ТУРКИСТОН ҲУДУДИДА МИЛЛИЙ СИЁСИЙ ЖАМИЯТЛАРНИНГ ВУЖУДГА КEЛИШИ

Абдуҳолиқ МИНГНОРОВ, тарих фанлари номзоди, Низомий номли Тошкент Давлат педагогика университети Ўзбекистоннинг энг янги тарихи кафедраси доценти.

Аннотация. 1917 йилда дунё миқёсидаги ва Россияда рўй берган сиёсий жараёнлар Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Натижада миллий зиёли ларнинг фаолиятлари туфайли миллий сиёсий жамиятлар тузила бошлайди. Бу маълумотлар ўша даврлаги миллий матбуот саҳифаларида кенг ёритилган. Ушбу мақола мана шу манбаларни ёритиб беришга хизмат қилади.

Калит сўзлар: Шўрои Исломия, Уламо, Турон, Турк Адами Марка зияти фирқаси, Иттифоқ, шўба, дастур, сиёсий жамиятлар, мурожаатнома, тугараклар, манба.

Абстраcт. Ин 1917, тҳе wорлд-wиде анд Русциан политиcал проcэссес ҳад ан импаcт он Туркестан ас wэлл. Ас а ресулт, натионал политиcал соcиетиес бегин то форм дуэ то тҳе аcтивитиес оф натионал интеллеcтуалс. Тҳис информатион wас wиделй cоверед ин тҳе пагес оф тҳе натионал пресс оф тҳат тиме. Тҳис артиcле сервес то ҳигҳлигҳт тҳесе соурcэс.

Кей wордс: Шўрои Исламия, Уламо, Турон, Турк Адами Марказияти фиркаси, Иттифақ, бранч, програм, политиcал соcиетиес, петитион, пампҳлетс, соурcэ.

1917 йил Россияда рўй берган февраль воқеаларидан кейин империянинг миллий чекка ўлкалари, жумладан, Туркистонда ҳам тарихий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Туркистон зиёлилар фаолиятларида ҳам туб бурилиш юз беради. 1917 йилнинг дастлабки ойидан бошлаб «Шўрои Исломия», «Турон», «Уламо», «Иттифоқ», «Турк Адам Марказият» фирқаси каби кучли ташкилотлар, жами йигирмага яқин миллий-сиёсий жамият ва тўгараклар тузилади.

1917–1918 йиллардаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этган бу ташкилотлар фаолияти ўша давр миллий матбуотида кенг акс этган. Миллий сиёсий жамиятлар фаолиятларини ёритиб берадиган матбуот материалларини бир неча гуруҳга ажратиш мумкин:

  • Туркистон мусулмонларининг қурултой материалларидан;
  • Сиёсий жараёнларни        ёритишга    бағишланган материаллардан;
  • Маҳаллий тараққийпарварларнинг мақолаларидан;
  • Сиёсий жамиятларнинг фаолиятини очиб беришга хизмат қиладиган турли хил хабарномаларда кўриш мумкин.

Миллий матбуот саҳифаларида миллий жамиятларнинг дастур ва низоми, мажлис баённомалари, турли хил мурожаатномалар, мақолалар, баёнотлар ва миллий озодлик ҳаракати йўлбошчиларининг маърузалари Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини чуқур ва ҳар томонлама очиб беради.

«Нажот» газетаси саҳифаларида «Шўрои Исломия» жамиятининг фаолияти билан боғлиқ жуда кўп маълумотлар ўрин олган. Жумладан, унда жамиятнинг 1917 йил 14–16 март кунларида бўлиб ўтган мажлисларининг тафсилотлари берилган. Маълум бўлишича, 14 март кунидаги мажлисида Тошкент «Шўрои Исломия» бюросини «жамият» деб аташни, 15 март кунги йиғилишда эса унга доимий раис, саркотиб, хазинадор ва уларга ёрдамчилар сайлаш ҳақида қарор қабул қилинган. Бунда Абдулвоҳид Қори ўғли – раис, Мунаввар қори Абдурашидхонов – раис муовини, Каттахўжа Бобохўжа ўғли – саркотиб, Мулла Зиё Охунд Йўлдош ҳожи ўғли – хазинадор, Абдулсами қори Ҳидоятбой ўғли – хазинадор муовини этиб сайланганлар [1].

«Шўрои Исломия» жамиятининг фаолияти унинг дастлабки ойларданоқ халқни ўз орқасидан эргаштира оладиган сиёсий жамият эканлигини намоён этди. Натижада тез орада Туркистоннинг турли шаҳарларида «Шўрои Исломия» жамиятининг шўбалари ташкил қилина бошлайди. Масалан, Фарғона шаҳрида «Шўрои Исломия» шўбаси [2], Самарқанд шаҳрида «Клуби Исломия» [3] , Андижон шаҳрида «Шўрои Исломия» шўбаси [4], Наманганда «Шўрои Исломия»[5] жамиятлари тузилганлигини айтиб ўтиш мумкин.

“1917 йил 14 июлдаги «Турон» жамиятининг навбатдаги умумий мажлисини Низомиддин афанди очади, бунда у «Турон» жамиятини ислоҳ қилишни таклиф қилади. Жамиятга раис этиб бир овоздан Муҳаммад Амин Афандизодани, унга муовин этиб Низомиддин афанди сайландилар [6].

1917 йили Туркистонда «Турк Адами Марказияти» фирқасининг тузилиши бевосита Кавказдан келган ҳайъат аъзоларининг фаолияти билан боғлиқ эди. «Улуғ Туркистон» газетаси саҳифаларида қайд этилишича, “Тошкент шаҳрида 1917- йил 3 август куни кечқурун «Шўрои Исломия» жамияти биносида «Турк Адами Марказияти» фирқасининг мажлиси бўлади. Унда Муҳаммад Амин Афандизода раис, Шокиржон Раҳимий эса саркотиблик қилади. Мажлис бошида Муҳаммад Амин фирқанинг мақсад ва режалари хусусида маъруза қилади. Сўнгра иккинчи масала бўйича фирқани бошқариш учун 20 нафар аъзо сайлашга қарор қилинади ва 10 кишини идора аъзолигига сайлайдилар [7].

Сиёсий жараёнлар жуда тез ривожлана бошлади. Айниқса, миллий зиёлилар томонидан Тошкент, Андижон, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида тузилган жуда кўплаб миллий сиёсий жамият ва тўгаракларни бирлаштириш, яъни ягона Марказий бошқарув органини яратишга ҳаракат бошланади.

Андижон шаҳрида 1917 йил 23 август куни «Ҳаваскорон маориф» жамиятининг идорасида тараққийпарвар «Турон» жамияти, «Талабалар жамияти» ва «Ҳаваскорон маориф» жамиятларининг қўшма мажлисида бу уч жамият «Турк Адами Марказияти фирқаси»нинг дастурини қабул этдилар.

Шунингдек, унга 26 кишидан иборат ҳайъат аъзолари сайланди. Юқорида келтириб ўтилган 3 та жамиятларнинг мулкини «Турк Адами Марказияти» фирқаси”нинг тасарруфига ўтказиш учун комиссия тузилади [8]. Юқорида келтирилган мисоллар бу фирқада турли жамият аъзоларининг ҳамкорликда фаолият кўрсатганлигининг исботидир.

Хусусан, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Миён Бузруклар «Шўрои Исломия» жамиятидан, Шокиржон Раҳимий «Талабалар жамияти»дан, Саидалихўжа Турсунхўжа ўғли, Муҳаммадхон Пошшохўжаев, Исроилжон Иброҳимжон ўғли, Низомиддин Исомиддинхўжа ўғли кабилар эса тараққийпарвар «Турон» жамияти аъзолари эдилар.

Миллий матбуот материалларининг таҳлили 1917 йилдаги сиёсий жараёнларда муҳим ўрин тутган яна бир сиёсий куч – «Иттифоқ» жамияти бўлганлигини кўрсатади. Бу жамият 1917 йил 4 апрелда Тошкент шаҳридаги Рус-татар мактаб биносида бўлган йиғилишда тошкентлик татар зиёлиларининг Туркистонда фуқаролик мавқеини кўтариш мақсадида тузилади [9]. «Иттифоқ» жамиятининг шўбалари Фарғона, Самарқанд, Андижон шаҳарларида ҳам фаолият кўрсата бошлади. 1917 йил 25 апрелидан «Улуғ Туркистон» газетасини чоп қила бошлади ва маҳаллий аҳолининг миллий истиқлолга эришиш ҳаракатида фаол иштирок этди.

Шунингдек, 1917 йил Туркистон ўлкасининг Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Андижон, шаҳарларида «Мусулмон ишчилар жамияти», «Талабалар жамияти», «Муаллимлар жамияти» каби миллий жамиятлар тузилдики, бу тўгараклар аҳолини уюштириш ва ҳамжиҳат бўлиши учун катта амалий фаолият кўрсатдилар. «Нажот» газетасининг: “1917 йил 26 май куни чиққан сонида 15 май куни мусулмонларнинг «Ихтиёт» [10] иттифоқи тузилганлиги тўғрисида хабар берилган. Унинг мақсади бутун Туркистон мусулмонларини бирлаштириш ва уларга демократия иборасини мукаммал тушунтириб, маданий ва миллий ишларда ёрдам бериш, Туркистон мусулмонларини Таъсис мажлисига тайёрлаб, халқни ташқи ва ички зўравонликдан муҳофаза ва мудофаа қилишдан иборат эди.

1917 йил 14 июль куни яна Тошкентда мусулмонларнинг умумий мажлисида «Мусулмон ишчилар жамияти» тузилиб, унинг низоми қабул қилинади [11].

1917 йил 18 июль куни Қўқонда Орифжон Мирпўлатов бошчилигида «Қўқон меҳнаткашлар иттифоқи» тузилиб, мазкур иттифоқнинг дастури қабул қилинади” [12]. “1 августда эса Самарқанд шаҳрида мусулмон ишчиларидан икки юз киши тўпланади ва «Заҳматкашлар» жамияти тузилади. Жамиятга Мирзо Абдулқаюм раис, хазинадорликка эса Саидаҳмад Сиддиқий сайланадилар [13]. 1917 йил 22 августда Тошкент шаҳрида мусулмон ишчиларининг ҳаракати билан Ўрдадаги Бобобек ҳовлисида Алижаббор Исмоилов ва Мулла Ғози Муҳаммад ўғли бошчилигида мусулмон «Сартарошлар» жамияти тузилади [14].

Бундан ташқари Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Бухоро, Наманган, Андижон, Марғилон шаҳарларида бир қанча кичик- кичик миллий жамият ва тўгараклар тузилади. Бу тўғрида «Кенгаш» газетасининг 1917 йил 19 июль сонидаги «Туркистонда ташкилот масаласи» [15], «Улуғ Туркистон» газетасидаги «Фармойишнома» [16], «Турон» газетасидаги «Ёшлар тарафидан очилган жамиятлар»

[17] номли мақолалар берилганки, улар орқали ўша даврдаги миллий сиёсий ташкилотлар хусусида етарлича маълумотга эга бўлиш мумкин.

1917 йил 3 апрель куни Туркистон шаҳрида ўтказилган йиғилишда 4 мингдан ортиқ одам қатнашган. Бу ерда «Шўрои Исломия» шўбасини очиш учун Тошкентга вакил юборилади. Шўбанинг 5 апрелдаги мажлисида эса унинг доимий раиси қилиб Мулла Абдулжаббор сайланади [18].

1917 йил 8 апрель мажлисида Ўш, Андижон, Фарғона, Туркистон шаҳарларида жамиятнинг шўбалари очилганлиги маълум қилиниб, уларга Марказий шўронинг қонун ва дастури (программаси)ни юбориши ҳақида фикр билдирилган. Жамиятнинг 9 апрелдаги мажлисида эса Россияда ҳам бир шўба очмоққа қарор қилинади ва уни амалга ошириш иши аъзолардан икки кишига топширилади [19]. 1917 йил 9 апрелдаги қурултойда энг муҳим масала бу – «Шўрои Исломия» жамиятининг дастури ишлаб чиқилиши ва унинг муҳокамаси эди. Дастур 4 та боб ва ҳар бир қисми бир қатор моддаларни ўз ичига олар эди. Биринчи қисм 4 моддадан иборат бўлиб, унда Туркистон мусулмонлари орасида кенг ислоҳотларни амалга ошириб, бутун Туркистон мусулмонларини ягона бир партия атрофига бирлаштириш асосий мақсад қилиб кўрсатилган. Дастур бўлимлари қуйидагилардан иборат:

  • «Шўрои Исломия»нинг мақсади;
  • Аъзолари;
  • «Шўрои Исломия»нинг молияси;
  • «Шўрои Исломия»нинг хизмат

Дастурда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий- маърифий ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилган эди. Дастурда «Шўрои Исломия» жамиятининг аъзолари халқ томонидан сайланган турли миллий жамият ва ташкилотларнинг аъзоларидан иборат бўлади, деган бандни бўлишининг ўзи ҳам бу дастурнинг аҳамияти нақадар муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Бошқа шаҳарларда тузилган миллий жамиятлар марказий «Шўрои Исломия» жамиятига боғланиши, яъни унинг чиқарган қарорларини бажариб, ҳисобот бериши ва муаммоларни умумий Туркистон қурултойи орқали муҳокама қилиш деган моддасининг илгари сурилишини ўзи бу жамиятнинг ташкилий жиҳатдан анча марказлашганидан далолат беради. «Шўрои Исломия» жамияти ўз йўналишида фуқаро ва давлат манфаати йўлида курашувчи йирик сиёсий жамият эканлигини кўрсатди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу жамият таркибида турли миллат ва табақа вакиллари фаолият кўрсатганлар.

Лекин, Россиядаги 1917 йил октябрь давлат тўнтариши оқибатида большевикларнинг ҳокимият тепасига келиши Туркистонда миллий сиёсий ташкилотларнинг тугатилишига олиб келди. Большевиклар барча миллий сиёсий кучларни сиқув остига олиб, фақат коммунистлар ғоясига мос келувчи миллий жамиятларнигина туза бошлади ва сақлаб қолди.

Тошкентда «Миллий ишлар секцияси»[20] нинг тузилиши ва кейинчалик мусулмон «Большевик партияси»[21]нинг ўз фаолиятини бошлаши бунга мисол бўлади. Матбуотда таъкидланишича, жамиятнинг 1917 йил 15 июндаги мажлисида Мунаввар қори томонидан «Шўрои Исломия» жамиятини марказий шўрога кўчириш тўғрисидаги таклиф қабул қилинади. Шундан сўнг «Шўрои Исломия» жамиятининг 20 минг сўмлик маблағи ҳам Туркистон Марказий шўросига ўтказилганлиги тўғрисида маълумотлар бор [22].

Кейинчалик нафақат Тошкент «Шўрои Исломия» жамияти, балки бошқа миллий жамиятларнинг аъзолари ҳам марказий шўро аъзолигига қабул қилина бошланади. Масалан, Тошкент ишчилар жамияти аъзоси Санжар Исфандиёров 15 июнь куни мажлисда Марказий шўро аъзолигига қабул қилинди. 26 июнь кунги мажлисда Боку Марказий шўросидан вакил бўлиб келиб, «Турон» жамиятини қайтадан ташкил этишга ёрдам берган ва «Турк Адами Марказияти» фирқасини асосчиси ва раҳбарларидан бўлган Муҳаммад Амин Афандизода ва Абулқосим Аминзодалар Туркистон Марказий шўроси аъзолигига қабул қилинади [23].

Юқорида қайд қилинганидек, Туркистондаги энг йирик сиёсий кучга эга бўлган «Уламо» жамияти тўғрисидаги маълумотларни ўша давр миллий матбуоти саҳифаларида жуда кўп учратиш мумкин. Уламочилар аввалда ёш тараққийпарварлар билан биргаликда фаолият қўрсата бошлаганлар. «Нажот» газетаси Февраль инқилобидан сўнг уламочилар Тошкент шаҳрида «Шўрои Исломия» байроғи остида ҳамкорликда ишлай бошлаганлиги ҳақида хабар берган [24]. Аммо большевикларнинг Туркистонда олиб борган ташвиқот ишлари ва қўпорувчилик сиёсати таъсирида тараққийпарвар ёшлар билан уламочилар орасида ажралиш рўй беради. Туркистон Мухторияти тугатилиб, ўлкада большевикларнинг тўлиқ ҳукмронлиги ўрнатилгач, миллий сиёсий жамиятлар ҳам тугатилади. Манбаларда акс этган бундай маълумотларни ўрганиб, муомалага киритиш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Шўрои Исломиянинг қарор ва хизматлари // «Нажот». 1917 йил 9 апрель.
  2. Шўрои Исломиянинг қарор ва хизматлари // «Нажот». 1917 йил 21 апрель.
  3. Клуб Исломия // «Ҳуррият». 1917 йил 18 июль.
  4. Андижонда ёшлар томонидан очилган жамият // «Турон». 1917 йил 10 август.
  5. Наманган аҳволи // «Турон». 1917 йил 25 апрель.
  6. Турон жамияти // «Улуғ Туркистон». 1917 йил 30 июль.
  7. Турк Адами Марказияти фирқаси // «Турон». 1917 йил 10 сентябрь
  8. Андижонда жамиятлар бирлашув // «Турон». 1917 йил 6 сентябрь.
  9. Иттифоқ жамияти // «Улуғ Туркистон». 1917 йил 25 апрель.
  10. “Ихтиёт» союзи // «Нажот». 1917 йил 26 май.
  11. Ишчилар жамияти // «Турон». 1917 йил 3 август
  12. Қўқонда мусулмон меҳнаткашлар иттифоқи // «Ҳуррият». 1917 йил 18 июль.
  13. Заҳматкашлар иттифоқи // «Ҳуррият». 1917 йил 4 август.
  14. «Мусулмон сартарошлар жамияти тузилди» // «Турон». 1917 йил 6 сентябрь
  15. Туркистонда ташкилот масаласи // «Кенгаш». 1917 йил 19 июль.
  16. Фармойишнома // «Улуғ Туркистон». 1917 йил 30 июль.
  17. Андижонда ёшлар тарафидан очилган жамият // «Турон». 1917 йил 10 август.
  18. Туркистон // «Нажот». 1917 йил 17 апрель.
  19. Шўрои Исломнинг қарор ва хизматлари // «Нажот». 1917 йил 21 апрель.
  20. Миллий ишлар секцияси // «Улуғ Туркистон». 1918 йил 13 август.
  21. Мусулмон большевик партияси // «Улуғ Туркистон». 1918 йил 10 июнь.
  22. Туркистон марказий шўро протоколлари // «Кенгаш». 1917 йил 25 июль.
  23. Туркистон мусулмон марказий шўро протоколлари // «Кенгаш». 1917 йил 28 июль.
  24. Тошкентда муҳим воқеалар // «Нажот». 1917 йил 3 июнь