26 ноябрь Қўқон шаҳрида минтақадаги биринчи демократик давлат – Туркистон мухторияти тузилган сана ҳисобланади. Бу сана замонавий тарихчиликда ва публицистикада кўп эсланмайди, айни пайтда, бу воқеа минтақанинг замонавий тарих учун аҳамиятини тарихчилар ва зиёлилар тан олади.
Шу муносабат билан «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Туркистон мухториятининг тузилиши ва ағдариб ташланиши ҳақида фикр юритади.
ХИХ асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё Россия империяси томонидан босиб олинди. Минтақадаги Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини вассал давлатларга айлантирилди, қолган ҳудудларда бир нечта генерал-губернаторлик тузилди.
ХХ аср бошида Россияда монархия тузумига қарши ҳаракат кучайди. Улар орасида Россияни ишчи ва деҳқонлар республикасига айлантиришни мақсад қилган большевик ишчилар социал-демократик партияси (РСДРП(б) деб ҳам юритилади) алоҳида ажралиб турди ва кўп тарафдорлар орттирди. Нафақат Россия, балки аксар Европа мамлакатлари 1914 йилда бошланган жаҳон уруши билан овора бўлиб турганида Россияда монархияни ағдариб ташлаб, ўрнига республика жорий қилмоқчи бўлган кучлар анча фаоллашди ва амалдаги ҳукуматга қарши намойишлар ўтказди. Кураш кучайиб бораверди ва 1917 йилнинг февраль ойида келиб император Николай ИИ истеъфо беришга мажбур бўлди. Ҳокимият муваққат ҳукумат қўлига ўтди.
«Дарё» бу воқеаларга олдинроқ батафсил тўхталган эди.
Мавзуга доир:
Октабр инқилоби, қатағонга учраган меньшевиклар ва номи тўрт марта ўзгарган КПСС
1917 йил февраль ойида Николай ИИ ағдарилиб, ҳокимият муваққат ҳукумат ихтиёрига ўтганидан сўнг Туркистон ўлкасида турли сиёсий тузилма ва ҳаракатлар фаоллашди. Шулардан таъсир доираси энг катталари 1917 йил баҳорида тузилган «Шўрои исломия» ва «Шўрои уламо» ҳаракатлари эди.
Октабр ойида большевиклар муваққат ҳукуматни ағдарганидан кейин Туркистоннинг турли шаҳарларида, айниқса Тошкентда ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар кучайди. Юқоридаги икки ҳаракат Туркистонда миллий давлатчиликни ташкил этиш учун йиғинлар уюштира бошлади.
Бу орада Тошкентда ҳокимиятни таркибида битта ҳам маҳаллий миллат вакили бўлмаган, темирйўл ишчиси Колесов бошчилигидаги Туркистон ишчи-деҳқон совети эгаллаб олди ва Туркистон халқ комиссарлари советини тузди. Туркистонда миллий давлатчилик тузиш истагида бўлган ҳаракатлар қароргоҳларини Қўқонга кўчиришга мажбур бўлди.
1917 йил 26–28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида Умумтуркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда кўпчилик мусулмон зиёлиларнинг хоҳиш-истаги билан Туркистон ўлкасида яшовчи Европа миллатига мансуб делегатлар ҳам қатнашди.
Қурултой ишида муҳим бир масала – Туркистонни мустақил давлат ёки Россия таркибидаги мухтор республика деб эълон қилиш кўриб чиқилди. Кўпчилик вакиллар овози билан Туркистон ўлкасини Россия таркибида мухтор республика деб эълон қилишга келишилди.
27 ноябрь куни Қурултойда кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарорда шундай дейилади: «Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилобини содир этган большевиклар томонидан халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги гапларидан келиб чиқиб Туркистонни Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади».
28 ноябрда давом этган қурултой ишида Туркистонда ташкил топаётган мухтор давлатнинг номи «Туркистон Мухторияти» деб аталадиган бўлди. Туркистон ўлкасида ҳокимият Туркистон Мухторияти Муваққат кенгаши ва Туркистон Мухторияти Халқ мажлисига ўтиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Муваққат кенгаш аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузилди ва Миллий мажлисга 32 кишидан иборат вакил сайланди. Муваққат ҳукумат таркиби қуйидаги шахслардан иборат эди:
Муҳаммаджон Тинишбоев – бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думаси аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитаси аъзоси, темирйўл муҳандиси, миллати қозоқ;
Ислом Султон Шоаҳмедов – бош вазир ўринбосари, Бутунроссия мусулмонлари кенгаши марказий қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос, миллати татар;
Мустафо Чўқай – ташқи ишлар вазири, Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитаси аъзоси, Туркистон ўлка Мусулмонлар Шўроси раиси, ҳуқуқшунос, миллати қозоқ;
Убайдулла Хўжаев – ҳарбий вазир, Бутунроссия мусулмонлар кенгаши марказий қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос, миллати ўзбек;
Ҳидоятбек Юрғули Оғаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном, миллати ўзбек;
Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳри думаси раиси ўринбосари, жамоат арбоби, миллати ўзбек;
Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос, миллати қозоқ;
Соломон Абрамович Герцфелд – молия вазири, ҳуқуқшунос, миллати яҳудий;
Маҳди Чанишев – қуролли кучлар қўмондони, миллати татар;
Ҳожи Муҳаммад Иброҳим Ҳожиев (кичик Эргаш) – уезд милицияси бошлиғи, кейинчалик Маҳди Чанишев ўрнига мухторият қуролли кучлари қўмондони бўлган, миллати ўзбек.
Туркистон мухторияти ҳукумати. Фото: Wикипедиа
Муваққат ҳукумат таркибига кириши лозим бўлган қолган тўрт ўрин европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ажратилди.
Ҳукумат вакиллари жойларда мухторият тузилмаларини тузиш ҳаракатларини бошлади. Таниқли ҳуқуқшунослар жалб этилиб, конституция тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Мухторият томонидан ўзбек, қозоқ ва рус тилларида ҳукумат газеталари нашр этила бошланди.
Ҳукумат миллий қўшинларни ташкил этишга жиддий киришди. Мухторият ҳарбий кучлари вазири Убайдулла Хўжаев оз вақтда 2 мингдан ошиқ аскарларга эга армия тузди. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида милиция отрядлари бошлиғи бўлган Эргаш қўл остида яна шунча миршаб ҳам бор эди.
1918 йил январида кунларида Тошкентда Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда ИВ съезди бўлиб ўтди. Съезд ишида большевиклар томонидан Туркистон мухторияти тўғрисида резолюция таклиф этилди ва у бир овоздан қабул қилинди. Резолюцияда мухторият ноқонуний тузилма деб эълон қилинди. Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, мухториятни ағдариб ташлашга қарор қилинди.
Большевиклар Туркистон ўлкасига мухторият бериш ниятида эмаслиги ойдинлашди. Уларнинг мақсади нима қилиб бўлса ҳам ўлкани Россия таркибида мустамлака тарзида сақлаб қолиш эди.
Улар Туркистон мухториятини йиқитишни бирламчи вазифаси ўлароқ қабул қилди. Тошкент большевиклар раҳбари бўлган Колесов Марказдан ёрдам кучларини сўради. Марказ минтақага 11 та эшелонда 10 мингдан ошиқ аскар жўнатди. Уларга арман дашноқлари ҳам қўшилди. Аскарлар Тошкентга етиб келганидан Қўқонга сафарбар этилди.
1918 йил 30 январда Туркистон халқ комиссарлари совети мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Большевиклар мухторият раҳбариятига сўзсиз таслим бўлиш ва ихтиёридаги қўшинларни тарқатиб юбориш талабини қўйди. Мухторият раҳбарияти бу талабга кўнмагач, 31 январь куни ҳужум бошланди.
Қарийб уч ҳафта давом этган жанглардан сўнг 19 февраль куни Туркистон Мухторияти қўшинлари батамом мағлубиятга учради, ҳукумат большевиклар томонидан ағдариб ташланди.
Бўлиб ўтган жангларда мухториятнинг айрим вазирлари ҳалок бўлди, айримлари қўлга олинди. Муҳаммаджон Тинишбоевнинг истеъфосидан сўнг раҳбар бўлган Мустафо Чўқай Қўқонни тарк этиб, яширинишга мажбур бўлди.
Жангда қизил аскарлар ва уларга ёрдам берган арман дашноқлари ҳеч кимни аямади. Мухторият армияси аскарларидан ташқари, Қўқон шаҳри аҳолисидан 10 минг киши ўлдирди. Бу воқеалардан кейин дашноқ тўдалари бутун Фарғонага тарқалиб, Чуст, Бозорқўрғон, Марғилон ва бошқа ҳудудларда қирғин уюштирди.
Қизил аскарлар Қўқонда амалга оширган хунрезликларини кўрган маҳаллий аҳоли мухторият йиқитилганидан сўнг большевикларга қарши озодлик урушига отланди. Миллий истиқлол учун бўлиб ўтган бу кураш қаҳрамонлари большевиклар томонидан «босмачилик ҳаракати» деб аталди. Озодлик уруши Туркистоннинг турли ҳудудларида турли йилларгача давом этди.
Туркистон мухторияти мағлубиятга учрагач, ўлка батамом Россия қўл остида қолди. Большевиклар Туркистон АССРни тузган бўлсада, у қўғирчоқ республика эди ва амалда ҳеч қандай мухтор ҳуқуқлари йўқ эди. ТАССР 1924 йилда Ўзбекистон ССР тузилгунига қадар яшади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
https://daryo.uz/2019/11/27/73-kun-yashagan-turkiston-muxtoriyati-u-nega-agdarib-tashlandi/