Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

АБДУРАУФ ФИТРАТ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИ МАСАЛАЛАРИ ХУСУСИДА

АБДУРАУФ ФИТРАТ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИ МАСАЛАЛАРИ ХУСУСИДА

Мавлуда ЭРГАШEВА, юридик фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети мустақил тадқиқотчиси.

Аннотация. Мазкур мақола ўзбек тарихчиси, филолог, таржимон, ёзувчи, драматург ва шоир, замонавий ўзбек тили ва адабиёти асосчиларидан бири Абдурауф Фитратнинг давлат мустақиллиги ҳақида илгари сурган қарашларига бағишланган. Ушбу масаланинг моҳиятини очиб беришда Абдурауф Фитратнинг асар ва мақолаларидаги фикрлари илмий таҳлил этилган.

Калит сўзлар: тарих, сессия, мустақиллик, давлат, миллат, тараққиёт, жадид, иттифоқ, ҳуқуқ

Абстраcт. Тҳис артиcле ис дедиcатед то тҳе виеwс оф тҳе Узбек ҳисториан, пҳилологист, транслатор, wритер, плайwригҳт анд поэт, оне оф тҳе фоундерс оф тҳе модерн Узбек лангуаге анд литературе, Абдурауф Фитрат, он тҳе индепенденcэ оф тҳе стате.

Кей wордс: ҳисторй, сессион, индепенденcэ, стате, натион, девелопмент, жадид, унион, лаw.

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини қўлга киритиши ижтимоий- иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда бўлгани каби маънавий-маданий ҳаётимизда ҳам бутунлай янги саҳифалар очди. Бой тарихий хотираси, маънавий ва маданий мероси билан ғурурланиш ҳисси халқнинг ўзлигини теран англашига олиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганларидек, «Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга» [1].

Айтиш жоизки, қатағон даврининг ноҳақ қурбонлари бўлган кўплаб тараққийпарвар зиёлилар, фидоий жадидлар миллат ва мамлакат тараққиётини, илму маърифатни ривожлантириш, улкан сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш ва мустақилликни қўлга киритиш билан боғлаган эди. Улар асарларида, дастурларида, миллатнинг, халқнинг сиёсий мустақиллиги шарт қилиб қўйилган. Жумладан, жадидлар «Эрк» партиясининг 9 банддан иборат бўлган Дастурида ҳам мамлакат ва миллат мустақиллиги тўғрисидаги қоидалар мустаҳкам ўз ифодасини топган. Дастурнинг 3-моддасига асосан «Туркистон мустамлакачилар қўлидан қутқарилиб, мустақил идора этилишига эришилажак. Бу эса ўлкада синфий табақаланишнинг ўсиши учун шароит яратиб, деҳқонларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олиш даражасигача ривожланишига имкон беради» [2;110].

Мустабид тузумга ва мустамлакачиликка батамом барҳам бериш, шунингдек, Туркистон мустақиллиги жадидлар учун нафақат ғоя, балки амалий фаолиятларида бўлган.

Маърифатпарвар мутафаккир Абдурауф Фитрат, жамият аъзолари ўртасида ҳукм сурган парокандалик, тарқоқликка барҳам берилса, Туркистондаги барча халқлар мустамлакачиларга қарши бир тан, бир жон бўлиб бирлашсалар кўзланган мақсадга эришиш мумкин, дейди. Иттиҳод (бирлик – М.Э.) ва ошкора ҳаракат зарурат даражасига етган, аммо, иттиҳод қийин масала бўлиб, иттиҳодсиз ҳаракат ҳам ниҳоятда зарарлидир [3;134].

Ўзи яшаган жамият ва унда ўрнатилган ижтимоий-сиёсий тартибсизликларни қаттиқ танқид қилиб, Абдурауф Фитрат Россия империяси мустамлакачилик сиёсатининг ваҳшиёна характерини аёвсиз очиб ташлайди: «... эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопонди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурилди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик» [4].

Шунингдек, Абдурауф Фитрат Россия империяси, унинг ўлкадаги вакиллари ва маҳаллий амалдорлар томонидан беҳад жабр-зулмга маҳкум этилган, қадр-қиммати, эрки ва ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган Туркистоннинг барча туб жой меҳнаткашларини миллий озодлик ва мустақиллик учун курашга даъват этади:

“Туроним, сендан айрилмоқ – менинг учун ўлимим. Сенинг учун ўлмоқ – менинг тириклигимдир...

Дунёнинг бутун балолари бошимға тўкулса,

Зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман. Мен сенинг учун тирилдим, Сенинг учун яшарман, Сенинг учун ўлурман.

Эй туркликнинг муқаддас ўчоғи! Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга,

Нафрат сени кўмгани келганларга!” [5;32-33].

Абдурауф Фитрат «Мухторият» асарида ёзишича, биринчи навбатда мустақил давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилувчи кучли армия зарур. Ягона қўмондонлик бошчилик қиладиган миллий армия халқ билан бирга бўлиши керак. Мамлакат осойишталиги, фуқаро тинчлигини таъминлайдиган, халқ оммасига таянган ҳарбий қўшинлар давлатнинг куч-қудратидир. Шунинг учун ҳам, миллий армия миллат мададига таянмоғи керак, «мухториятни сақламоқ учун куч лозимдир» [4], дейди. У Туркистон Мухторияти янги давлат шакли сифатида халқ тўғрисида ғамхўрлик қилиши, кучли мудофаани ташкил қилиши ва давлат мустақиллигини таъминлаши зарурлигини уқтиради.

Миллий мустақил демократик давлатнинг ташкил топиши, Фитратнинг таъкидлашича, мамлакатда тинчлик ва адолат ўрнатилиши, халқ ҳокимиятининг мустаҳкамланиши ва жамиятда фуқаролар манфаатига мос келадиган янги сиёсий тартиблар ўрнатилишига олиб келади. Айни пайтда, Абдурауф Фитрат Мухториятнинг миллий демократик давлат сифатида Туркистон генерал–губернаторлигига нисбатан юқори поғонада туриши тўғрисида муносабат билдирган.

Мутафаккирнинг фикрича, Туркистонда генерал- губернаторлик даврида фуқаролар нафақат сиёсий ҳуқуқлардан, балки улар эркин фикрлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилингандилар: «Кучга таянган ҳар бир буйруққа фикрни бермадик, яшинтирдик, имонларимизга авраб сақладик...» [4], деб афсусланади у.

Абдурауф Фитрат фуқаронинг «маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртқич жандарманинг тепгуси билан йиқилганда»[4] инсонлик қадр- қиммати ва ҳуқуқлари ерга урилганига норозилик билдиради. У «юртларимиз ёндирилганда, диндошларимиз осилганда» [4] жамиятда қонунсизликлар ҳукм сурган бир пайтда моҳиятни халққа тушунтириб беришга ҳаракат қилади.

Фитрат фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қўлга киритиши, ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши Мухторият эълон этилиши билан амалга ошмаслигини кўрсатиб беради. Янги давлат шакли – Туркистон Мухториятининг ҳали нисбий эканлиги тўғрисида фикр билдириб, уни сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш, барқарорлигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Фитрат Туркистон халқларининг икки томонлама жабр-ситам остида эзилиб келаётганлиги тўғрисида фикр билдирар экан, бунинг сабаби – мамлакатда мавжуд миллий ва мустамлакачилик зулми эканлигини кўрсатиб беради. Унинг ёзишича, маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорат ишларида, ҳатто, вагон арбаларинда Туркистон ерлисининг ҳуқуқи Туркистон мусофири бўлғон рус ва арманидан тубанда тутилди [6].

Жамиятда мустамлакачилик тартиб-қоидаларининг ўрнатилиши натижасида, Фитратнинг таъкидлашича, маҳаллий халқнинг аҳволи янада ёмонлашди, инсоний ҳақ-ҳуқуқлар беҳад поймол қилинди, аҳоли икки томонлама зулм остида эзилди. Мустамакачи маъмурларнинг ўлкада вайронагарчилик, қирғинбарот, талон-тарождан иборат сиёсати маҳаллий халқларга беҳисоб кулфатлар олиб келди.

Фитратнинг фикрича, давлат маҳкамаларидан ночор қайтганда, қамоқхоналарнинг даҳшатли азобини тортганда, мустамлакачилар томонидан инсоний ҳуқуқлар оёқости қилинганда, миллатдошлар дорга осилганда – онгимиз йўқолди, миямиз бузилди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўролмадик [4].

Шуни таъкидлаш керакки, Абдурауф Фитрат ва унга маслакдош бўлган тараққийпарвар зиёлилар – миллий озодлик ва мустақиллик учун кураш йўлида тарқоқлик, ноиттифоқлик оғир кулфат эканлигини жуда яхши англаган эдилар.

Барча миллатлар ва жамоатлар учун айрилиқ ва иттифоқсизликдан ортиқ кулфат, инқироз йўқдир, — деб уқтирди Фитрат, — фақатгина тарихда номлари қолган элатларнинг йўқолиб кетганларига биринчи сабаб – парокандалик ва бирлашмаганликдир. У халқни мустақиллик ва озодлик учун курашга даъват этар экан, миллатдошларни ўзаро бирлик ва ҳамкорликка чақиради: «Эй Туркистон мусулмонлари! Тангри учун, пайғамбар учун, дин учун, миллат учун, келинг бирлашайлик, орамиздаги шахсий тортушувлар, синфий айрилиқлардан кўз юмайик; ислом динининг биринчи буйруғи бўлган қардошлик ва иттиҳод иплари билан боғланайлик; қўлни – қўлга берайлик, ҳақ йўлида, дин йўлида, Ватан йўлида, миллат йўлида жадидимиз, қадимимиз, мулламиз, мулкдоримиз ва авомимиз бир ерда тўпланайлик, бир – биримизга кўмакчи ва мададкор бўлайлик» [7].

Хуллас, элим деб, юртим деб ёниб яшаган буюк маърифатпарвар мутафаккир Абдурауф Фитратнинг халқни улкан бир миллий мақсад йўлида мустақиллик ва озодликни қўлга киритиш учун ўзаро бирлик ва ҳамкорлик, иттифоқ ва иттиҳод тўғрисида, давлат мустақиллиги, миллий демократик давлат барпо этиш масалаларига доир илғор ғоялари – ҳозирги даврда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини мустаҳкамлашда, ҳуқуқий давлат қуришдек эзгу мақсадни амалга оширишда муҳим аҳамиятга моликдир.

 

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Мирзиёев Ш. Ватан фидойиларининг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш доимий эътиборда // «Халқ сўзи». 2021 йил 1 сентябр.
  2. Аҳмад Закий Валидий Тўғон. Бўлинганни бўри ер // Туркистон халқларининг миллий мустақиллик учун кураши тарихидан. Хотиралар.

-Т.: Адолат, 1997 – 280 б.

  1. Фитрат А. Ҳиндистонда бир фарангли ила бухороли мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилған мунозараси. Танланган асарлар. И – жилд. -Т.: Маънавият. 2000. – 256 б.
  2. Фитрат А. Мухторият // «Ҳуррият». 1917 йил 5 декабр.
  3. Фитрат А. Юрт қайғуси. Танланган асарлар. И-жилд. -Т.: Маънавият, 2000. – 256 б.
  4. Фитрат А. Туркистонда руслар // Ҳуррият. 1917, 63 – 64 сонлар. Яна қаранг: // «Шарқ юлдузи». 1992 йил 4-сон (нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Ҳ.Болтабоев).
  5. Фитрат А. Иттифоқ этайлик! // «Ҳуррият». 1917 йил 25 июл.