Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари.
Аннотация. Мақолада Туркистон миллий матбуот нашрлари, жумладан «Уламо» жамиятининг «Ал-Изоҳ» журналидаги Туркистон Мухториятига оид мақолалар тадқиқ қилинган. Журнал мақолаларидаги маълумотларнинг қиёсий таҳлили асосида «Уламо» жамиятининг Туркистон Мухториятининг ташкил этилиши, унинг фаолияти ҳамда большевиклар томонидан тор-мор этилишига бўлган муносабати ёитилган.
Калит сўзлар: Ўзбекистон тарихи, инқилоб, Туркистон Мухторияти, «Уламо» жамияти, «Ал-Изоҳ» журнали.
Абстраcт. Тҳе артиcле десcрибес тҳе Туркестан Аутономй ин тҳе Туркестан натионал пресс публиcатионс, ас wэлл ас «Ал-Изаҳ» магазине оф тҳе «Улама» соcиетй. Тҳе аттитуде оф тҳе «Улама» соcиетй то тҳе организатион оф тҳе Туркестан Аутономй, итс аcтивитиес, анд итс дефеат бй тҳе Большевикс wас публишед ҳере басед он тҳе cомпаративе аналйсис оф тҳе информатион ин тҳе магазине артиcлес. Кей wордс: Ҳисторй оф Узбекистан, Ревалутион, Аутономй оф Туркестан,
Организатион «Уламо», «Шураи Исламия», Пресс оф Туркестан, магазине «Ал-Изакҳ».
Ватанимиз тарихининг очилмаган қирраларини тадқиқ этишда, муайян даврда содир бўлган ижтимоий-сиёсий жараёнларни атрофлича, холисона ўрганишда бирламчи манбаларнинг аҳамияти катта бўлиб, уларни тадқиқ этишга эҳтиёж ортиб бормоқда.
1917-1918 йилларда «Уламо» жамияти томонидан нашрдан чиқарилган «Ал-Изоҳ» журнали Туркистоннинг ижтимоий- сиёсий, маданий ва диний ҳаётини ўрганишда ана шундай муҳим манбалардан биридир.
«Уламо» жамияти 1917 йилнинг июнь ойида Тошкентда бир гуруҳ уламолар томонидан «Шўрои исломия» жамияти билан умумий иш кўриш билар баробар миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини муҳофаза қилиш, мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашимовчиликларни ҳал этиш ва тушунтириш мақсадида таъсис этилган [1: 4-б].
Жамият ўз мақсад ва дастурларини тарғиб қилиш учун тез орада Тошкентда ҳафтада бир марта чиқадиган диний, илмий, адабий, сиёсий нашри афкори – «Ал-Изоҳ» журналини чиқара бошлади. Журналнинг тўлиқ номи «Ал-изоҳул маромий ликулли аномий» бўлиб, барча инсонларга шариат ҳукмлари бўйича батафсил, маромига етказиб изоҳ берувчи, деган маънони англатади. Унинг ношири ва масъул мудири Абдумалик ҳожи Абдунабиев эди.
Эълон қилинган мақолаларнинг муаллифлари асосан ўз даврининг йирик уламоларидан ҳисобланган Мубашширхон Тарозий, мулла Тошпўлат қори, мулла Пирмуҳаммад Аълам, Шамс Нажмий Андижоний, мулла Ниёз Алибек, мулла Қорабой Тўрақўрғоний, Сайид Аҳмад Васлий Самарқандий, Аҳмадхўжа, мулла Акмалхон, Сиддиқхўжа эшон, мулла Турсун Муҳаммад Аълам Туркистоний, мулла Исохон Аълам домла, Ахрорхон Абдулла ўғли, Аловуддин маҳзум бўлган.
Журнал ўз саҳифаларида даврнинг долзарб муаммоларини, диний-аҳлоқий, сиёсий, маданий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ёритиб борди. Афсуски, ХХ асрнинг бошларида рўй берган ўта зиддиятли ижтимоий-сиёсий жараёнларда Туркистон чор Россияси мустамлакасидан советларнинг, яъни «қизил» империянинг мустамлакасига айланди. 1917 йилнинг охирларида Туркистонда большевиклар (қурол кучи билан – М.З.) бошқарувни ўз қўлларига олиб, ўз ҳокимиятларига хавф солувчи миллий жамият ва ташкилотларни йўқ қилишга киришдилар, «инқилобнинг жазоловчи қиличи» миллий ва диний ҳаракатга алоҳида куч билан ҳужум қилди. «Уламо» жамияти ҳам фаолияти «ишчиларнинг манфаатига жавоб бермаганлиги учун» 1918 йил 13 май ойида Туркистон Совет республикаси Халқ Комиссарлари Советининг 243-сонли қарори билан тугатилди. Айнан шу қарор билан «аҳолининг бир қисмини бошқасига қарши қўйган мақолаларни чоп этгани учун», деган баҳона билан «Ал-Изоҳ» журнали ҳам ёпилди [2].
«Уламо» жамияти ва унинг нашри – «Ал-Изоҳ» журнали (жами 31 та сони чиққан) қисқа муддат (1917 йил июнь – 1918 йил май) фаолият кўрсатган бўлишига қарамасдан Туркистон ўлкасида кечган оғир иқтисодий ахвол, очарчилик, қахатчилик даврида аҳолини ҳам моддий ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлаш, мусулмонларнинг диний саводхонлигини ошириш, шариат аҳкомлари ва миллий қадриятларни сақлаб қолиш, миллатнинг ҳуррият, мустақиллик йўлида бирлаштириш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширди.
«Ал-Изоҳ» журналининг саҳифаларида 1917-1918 йилларда Туркистон ўлкасида содир бўлган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар, хусусан, Туркистон Мухториятининг ташкил этилиши, унинг фожеали тугатилиши, Мухториятнинг ўлка халқлари учун нақадар аҳамиятли бўлганлиги билан боғлиқ қатор мақолалар берилган. Улар орқали бу воқеа тарихига оид қўшимча маълумотлар олиш, «Уламо»нинг Мухториятга бўлган муносабатига ойдинлик киритиш мумкин.
Тарихдан маълумки, ХХ асрнинг бошларида ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдирган, озодлик ва мустақиллик ғояларини ўзида мужассамлаштирган, ўлкадаги биринчи миллий-демократик давлат тузилмаси – Туркистон Мухторияти ташкил этилади.
Узоқ йиллар мустамлака зулми остида яшаган Туркистон халқининг азалий орзу-умидларини ўзида намоён этган, уларнинг манфаатларига тўла мос келадиган Мухториятни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўлканинг турли шаҳарларида жамоат йиғинлари ташкил этилган, намойишлар ўтказилган [3:4-б].
Барча қаторида «Уламо»чилар ҳам мазкур Мухториятни олқишладилар, уни қўллаб-қувватлаш йўлида мусулмонлар орасида ташвиқот-тарғибот ишларини олиб бордилар. Бу жараёнда «Ал- Изоҳ» журнали муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Хусусан, журналининг 1917 йил 11 декабрдаги 18-сонида «Хўқанда бўлғон мусулмон краевой съезди қарори» сарлавҳаси билан Қўқонда Мухторият эълон қлинганлиги тўғрисидаги хабарни «Эл байроғи» газетасининг 28 ноябрдаги сонидан олиб бостирди ва хабарни «Яшасун Туркистоннинг эрлик мухторияти!», деб якунлади.
Журналнинг 1918 йил 1 февралдаги 22-сонида таниқли уламо, мударрис, шоир, олим, таржимон, публицист, мударрис Саидаҳмад Васлий Самарқандийнинг Мухториятни қўллаб- қувватлаш мақсадида ўтказилган митинглардан бирида сўзлаган нутқи эълон қилинган. Ўз умри ва ижодини Ватан равнақи йўлига бағишлаган маърифатпарвар ижодкор митингда иштирок этаётган уламо, талабалар, бойлар ва ёшларга мурожаат қилиб, ҳар биридан қуйидаги илтимосларни қилади:
“1. Эй уламои ислом, сизлар раҳбар ва пешвои аҳли исломдурсиз. Лозимдурки энг аввал заррача қолдурмасдан шарънинг риоя эдарак амал қилсонгиз.
- Эй талабаи ислом, келажакда дин ва ватан эгаси сизлар бўлурсиз. Фарздурки ҳар ким илм ва ҳар фанким диндорлик ва ватанпарварликка дахлдордур ўқуб; билиб оммада хизматда бўлингиз;
- Эй ағниёи ислом, зиммангиздаги ҳаққ-ул-закот Қуръони карим ҳукминча бечора ва қашшоқлар Вожибдурки шариати ғаррои илсомия аҳкомиға амал қилиб, адои закот қилингиз. Яқин эдарам ҳар маҳалладаги бойлар ўшал маҳалладаги бечора ва қашшоқларға ўз ҳуқуқларини берсалар, бирор бечоранинг фиғони зоҳир ўлмас, балки кўчаларда гадой кўрилмас;
- Эй ислом йигитлари ва Ватан бўз болалари, Ватаннинг муҳофазаси сизларнинг ҳамият ва ғайрат ва қувватларингизга боғлиқдур. Зарурдурки Ватанингизни ҳимоя Айибдурким, сизлар борлиғингизда баъзи ҳамватан ва ҳамдинларингиз жафо ва тарож кўрса”.
Васлийнинг ушбу мурожаати барча Туркистон уламоларининг ўлкадаги давлатчилик масаласига, Ватан озодлиги, миллат равнақи йўлидаги қарашларини ифодалайди. «Омил ва якдил бўлсак саъид ва мухториятимиз устивор ўлур!», деган иборалар билан нутқига хулоса ясайди.
Бироқ, бу митингдан бир оз илгарироқ, аниқроғи «Уламо» жамияти томонидан 1918 йил 5 январда Тошкентдаги жоме масжидида ўтказилган йиғилишда қабул қилинган қарорлар ўлканинг барча сиёсий кучлари, айниқса мусулмон аҳолисини жўнбушга келтирди. Халқ орасида «Уламо» аввал бизни Мухториятга ахд қилдирди, итоат қилишга қасам ичирди, энди эса уни тан олмасликка қарор берди, бу қандай мусулмончилик!”, деган танқидлар, таъналар, шов-шувлар авж олди.
«Уламо» жамияти томонидан ўтказилган мазкур йиғилишда халқ норозилигига сабабчи бўлган қарорлар «Ал-Изоҳ» журналининг 21-сонида «Тошкандда улуғ митинг қарорлари» сарлавҳаси билан қуйидагича эълон қилинган: 1. Хўқанд шаҳринда ташкил эдилмиш ҳукумат аъзоларина норози ўлгонлари сабабли аларға протест «норозилик» баён этуб, муттафиқ ўлгонлари ҳолда бир оғиздан аларни ҳукумат аъзоси деб тонумасға қарор бердилар; 2. Тездан (Тошканд шаҳрина хос бўлса керак) Муваққат ҳукумат аъзоси ташкил этмоқ хусусинда «Уламо» жамиятиға ихтиёр беруб тобшурдилар; 3. Мухторият эълони кунинда халқ фоидасиға йиғилмиш ақчаларни ҳар кимда бўлса олиб, янгидан бўладурғон милицияға сарф этмакни «Уламо» жамиятиға топшурдилар.
Дарҳақиқат, ушбу қарорлар бир қарашда «Уламо» жамиятининг даставвал Мухториятга бўлган муносабати ва шунга яраша қилган амалларига зид келади. Шубҳали вазиятга жамиятнинг ўзи мазкур мақола сўнгида қуйидагича тушунтириш беради: “Ушбу кунларда «Уламо» жамияти афтонумия (Мухторият)ға қарши дегон сўзни ҳар заҳгўй (беҳудагўй)лардан эшутмакдамиз. Огоҳ бўлингиз бул сўз фақат ихтилоф ва адоват ва фитначиликдан ҳосил ўлғон. «Уламо» жамияти борасина туҳмат ва таънадур.
Хўқанд ҳукумат аъзоларин тонумасликдан Афтономияға қаршулиқ чиқодурму?
Ҳар бир киши, ҳатто, гўдакғада ҳурриятнинг биринчи самараси деб тонилмиш ва орзу эдилмиш Афтономияға «Уламо» жамияти қаршу бўлмоғи тугул «Жуҳало жамияти»да қарши ўлмас.
Сизлар ҳам яхши билиб эсларингизға қўюнгиз!” [4: 316-б]
Воқеалар силсиласида, 1918 йил 18 январда Тошкентда очилган солдат, ишчи ва деҳқонлар съездига «Уламо» жамияти тарафидан қуйидагича таклифлар киритилган: “1-ҳозирдаги большевиклар ҳукумати жойида тўхтасин ва аммо ҳукуматини ва маслагини Туркистонда тургувчи урусларга ва ажнабийларга юргузсин ва ҳам Руссия жумҳуриятининг Туркистондаги муштарак ишларига назорат қилиб тўхтасун.
2-Туркистонга эълон қилинган мухторият то Туркистон учредителний собрания (таъсис мажлиси)га қадар мусулмонларга махсус бўлсун ва мусулмонлар ўз олдиларига алоҳида ҳукумат ташкил қилсунлар. Жами дохилий ишларни шариатга мувофиқ ижро қилиб турмоқлари учун...
Ушбу тартиблар то Туркистон учридителний собрания (Туркистон идора усули) тасдиқ қилинганича жорий бўлиб турсун ва аммо учридителний собранияни чақирмоқ тартибини большевиклар ҳукумати Мусулмон мухторияти билан иттифоқлашиб чақирсун” [5: 5-б]. Таклифлардан кўриниб турибдики, Тошкент уламочилари Мухторият ҳукуматини мутлақо рад этган эмас. Аксинча, таъсис мажлисигача Туркистоннинг туб аҳолиси учун масъул ҳукумат сифатида тан олмоқда. Демак, асл зиддият жадидлар ва уламоларнинг халқ олдидаги етакчилик учун интилишлари натижаси эди. Мавжуд кўнгилсизликлар эса уламоларнинг ҳам ёшларнинг ҳам орасида бўлган айрим «хуфя»ларнинг «буюртма» асосидаги қилмишларининг самараси бўлган деб тахмин қилишимизга ҳам имкон беради [6: 103-б].
Афсуски, узоқ йиллар мустамлака зулми остида яшаган Туркистон халқининг азалий орзу-умидларини ўзида намоён этган, уларнинг манфаатларига тўла мос келадиган Мухторият янги мустабид большевиклар томонидан шавқатсизларча тор-мор келтирилди.
1918 йилнинг 19 февралида Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукумати қизил қўшиннинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди. Ҳукумат ағдарилгач, Қўқон ва унинг аҳолиси қирғинга учради.
Шоир Тошкандий Камийнинг Қўқонда содир бўлган ана шу фожеали воқеага бағишланган «Афсуснома Хўқанд фожеасина» сарлавҳали шеъри «Ал-Изоҳ» журналининг 26-сонида (1918 йил 21 март) эълон қилинади. Шеърда қуролли босқинидан кейинги Қўқон шаҳрининг аянчли манзаралари шундай ёритилади:
Вой, юз войки Фарғона хароб ўлди, дариғ, Зулм ўқи бирла букун гарду туроб ўлди, дариғ, Бу мусибатдин улус чашми буроб ўлди, дариғ, Ҳамма катта-кичик бағри кабоб ўлди, дариғ, Шаҳар обод эди чун дашти сароб ўлди, дариғ.
Аҳолининг кечирган азоб-уқубатларини эса қуйидаги мисраларда яққол кўришимиз мумкин:
Бўлдилар отасидан ул куни фарзанд жудо, Очлик мухтасидан кўзиға кун бўлди қаро, Ҳикматинг билмам ё Раб, сен ўзингсан доно, Ҳеч банданинг бошина бўйла мусибат солма, Бу мусибатлара Хўқанд эли боб ўлди дариғ.
Фожеаларнинг асл сабабчилари бўлган большевикларнинг кирдикорлари ҳам тиғли қалам билан очиқ фош қилинади:
Большевикларнинг зулмими ё феъли бади, Зару амволларин қўймади мундоғ, талади, Бўлмайин қолмади тарож гиламу намади, Монеи зулму таъадди бўла олмай ҳади, Воҳки мазлумлара явмул ҳисоб ўлди дариғ. Қайси бадбахт сабаб бўлди экан бу кора, Қилди бечора мусулмон ҳаммасин овора, Бу оламдан ҳамма эл жону дили садпора, Молу дунёлари афсус ёқилди нора,
Бегуноҳларға кўринг қаттиғ азоб ўлди дариғ.
Жамиятнинг расмий журналида бу каби шеърнинг эълон қилиниши ҳам «Уламо» жамиятининг Қўқон Мухторияти тугатилишига қандай муносабатда бўлганлигини англатади.
Мухторият ҳукумати қисқа фурсат (1917 йил 27 ноябрь – 1918 йил 22 февраль) фаолият кўрсатган бўлса ҳам, у тарихимизда чуқур из қолдирди. У эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. Янги Ўзбекистон бунёд этилаётган бугунги кунда миллий давлатчилигимизнинг тарихи ҳақида ёш авлодга кенгроқ маълумот беришда Туркистон Мухторияти ҳукуматининг қисқа фурсатда амалга оширган тадбирлар, шу билан бирга, Мухториятнинг тор-мор келтирилиши билан боғлиқ жараёнларда ўша даврдаги миллий-сиёсий ташкилотлар, хусусан «Уламо» жамиятининг қандай таъсир кўрсатганлиги тўғрисидаги шубҳали фикрларни чуқур таҳлил қилиш, янги фактлар асосида қайта ўрганиш тарихшуносликда долзарб муаммолардан бири саналади.
Ўйлаймизки, Туркистон тарихини ёритувчи асл манбалардан бири – «Ал-Изоҳ» журнали саҳифаларидан ўрин олган Туркистон Мухториятига оид мақолаларни ўрганиш ўша даврдаги бир қатор тарихий воқеаларнинг ҳаққоний манзараларини аниқлашга хизмат қилади.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Мақсад ва маслак // «Ал-Изоҳ», 1-сон. 1917 йил 19 июнь
- ЎзР Миллий архиви. Фонд №Р-25. 1-рўйхат, 35-иш, 379-варақ.
- «Свободный Самарканд» газетаси. 1917 йил 20 декабрь
- Тошкандда улуғ митинг қарорлари // «Ал-Изоҳ» журнали. 1918 йил 12 январь. 21-сон.
- Тошканд хабарлари // «Ал-Изоҳ» журнали. 1917 йил 11 декабрь. 18-сон.
- Ирзаев Б. Туркистон Мухторияти тарихини ўрганишда муҳим манба // Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли. Конференция материаллари тўплами. -Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017.