Шавкатжон ХОНҚУЛОВ, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd), Фарғона политехника институти.
Аннотация. Миллий давлатчиликнинг қапоп топишини жўшқин муборакбод этиб, матбуотда таниқли маърифатпарварлар, диний, жамоат ва сиёсат арбоблар бирин-кетин чиқишлар қилиб, мухториятни табрикладилар. Улар орасида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг алоҳида ўрни бор. Шоир мусулмон миллатини мухторият ташкил топган кун билан муборакбод қилар экан, уларни бир санжоқ-байроқ остида бирлашишга тарғиб этади. Унинг кўплаб юрт озодлиги, эркига бағишлаб ёзган шеърлари ҳануз ўз аксини топганича йўқ. Ушбу мақолада Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг Туркистон Мухториятига муносабати ёритилган.
Калит сўзлар: шеър, мақолалар, Шўрои Исломия, Иттиҳод таъмин, Уён ватан, Туркистон Мухторияти, жамият, драма, социализм. Абстраcт. Энтҳуциастиcаллй cонгратулатинг тҳе энд оф натионал статеҳоод, wэлл-кноwн интеллеcтуалс, религиоус, публиc анд политиcал фигурес, оне афтер анотҳер, аппеаред ин тҳе пресс анд cонгратулатед тҳе аутономй. Ҳамза Ҳакимзаде Ниази оccупиес а спеcиал плаcэ амонг тҳем. Cонгратулатинг тҳе Муслим пеопле он Индепенденcэ Дай, тҳе поэт cаллс он тҳем то уните ундер оне баннер — тҳе флаг, манй оф ҳис поэмс дедиcатед то тҳе фреэдом анд фреэдом оф тҳе cоунтрй ҳаве нот ет беэн рефлеcтед. Тҳис артиcле десcрибес Ҳамза Ҳакимзада Ниязиъс аттитуде то Туркестан Аутономй.
Кей wордс: поэтрй, артиcлес, Шурай Исламиа, Иттиҳад Тамин, Уян ватан, Туркестан аутономй, соcиетй, драма, соcиалисм.
1917 йил февраль инқилоби шабадалари таъсирида бошланган Туркистон мустақиллиги масаласи бу даврдаги кўпгина маҳаллий ва марказдаги Россия мусулмонлари матбуотининг диққат- эътиборида турди. 1917 йилнинг 28 ноябрида Қўқонда Туркистон Мухторияти эълон қилингандан сўнг матбуотда чоп этилган, айримлари эътиборингизга ҳавола этилаётган хабар, шеър мақолалар бугунги кунда кўпгина воқеаларни ойдинлаштиришга, зиёлиларимизнинг Фитрат, Ҳамза муносабатини аниқлаштиришга ва тарихий ҳақиқатни тиклашга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам «Шўрои Исломия» жамиятининг дастлабки фаолиятида фаол аъзоларидан бири бўлди. Унинг «Шўрои Ислом» [1] жамияти билан илиқ муносабати, қолаверса, Туркистон Мухторияти ҳукумати фаолиятида асосий ўрин тутган Обиджон Маҳмудов, Саидносир Миржалиловлар [2] билан яқин алоқада бўлганлиги шахсий архивидаги ҳужжатларда ҳам қайд қилинган.
Жумладан, 1988 йилда нашрдан чиққан «Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижоди проблемалари» номли тадқиқотлар тўпламида Ғаффор Мўминовнинг «Ҳамза Ҳакимзода биографиясининг илк саҳифалари» [3; 70] ва «Ҳамза Ҳакимзода ижодини ўрганишнинг актуал масалалари» [4; 111] номли мақолаларида ҳамда шоирнинг «Танланган асарлар тўплами»нинг тўртинчи томида, шунингдек, ўз қайдларида Ҳамза 1917 йил май ойи охирлари «Шўрои Исломия» жамиятининг Қўқон бўлими озиқ-овқат шўбасига ишга кирганлиги, «Иттиҳоди таъмин» жамияти ташкил этганлиги, Қўқон
шаҳрида Қаландархонада халқ томонидан ўтказилган митингдаги иштироки, сўнг шоир бирор бир натижа қила олмаслигини тушуниб, Туркистонга Саидносир Миржалилов [Миржалилов Саидносир (1884-1937) – маърифатпарвар ва жамоат арбоби. Пахта тозалаш заводи қуриб, усули жадид мактабини очган. «Шўрои ислом» ташкилотининг аъзоси сифатида Туркистон Мухторият ҳукуматининг ташкил этилишида фаол қатнашган ва бу хукуматнинг хазиначиси бўлган. 1921 йилда «Туркистон» савдо-саноат ширкатини ташкил этиб, ундан тушган даромад ҳисобига «Миллий иттиҳод» ташкилотини қўллаб-қувватлаган ҳамда Германияга ўқишга юборилган талабаларни нафақа билан таъминлаган ва уларга моддий ёрдам кўрсатган. У «Нашри маориф» маърифий ташкилоти ва «Кўмак» жамиятининг асосчиларидан бири (1923-1925). У 1925 йилдан бошлаб бир неча марта қамоққа олинган; 1937 йилда отиб ташланган. Қаранг: Ражабов Қ. Миржалил Саидносир // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 5-жилд. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат миллий нашриёти, 2003. – Б. 592] нинг хонадонига кетганлиги ҳақида ёзилган [5].
Ҳамза унинг хонадонида яшаб турган вақтида, яъни 1917
йил 9 октябрь душанба куни бу ерда Кабир Бакир, Фарид Тоҳируф, чиновник Диваюфлар билан кўришганини, эртаси куни Мунаввар қори, Мурсализода каби Туркистон Мухторияти учун айнан шу вақтларда фаол иш олиб борган шахслар келганини, улар билан учрашгани ва яқин муносабатда бўлганлигини қайд этган [6].
Ҳамзанинг Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ташкил этилишидаги иштироки тўғрисида Аҳмад Закий Валидий ўзининг «Бўлинганни бўри ер» хотиралар китобида қуйидаги маълумотни келтирган: “Мен ва Беҳбудий, тошкентлик ёш муҳаррир Толибжон, ёш ўзбек шоири Чўлпон, нўғайқўрғонлик татарлардан Тоҳир, Самарқанддан Ҳакимзода билан бир қанча шаҳарларга бориб, Туркистон маҳаллий шўросига бир қанча одамларни жалб қилдик. Натижада Мухторият фикрининг асл душмани саналган кадет партиясининг Тошкентдаги бошқармаси ўз таъсирини йўқота
бошлади. Июнь ойи бошидан бошланган кураш натижасида мухторият ғоясининг таъсири ҳамма ерда кучая борди” [7; 49].
Закий Валидийнинг Мустафо Чўқаевга ёзган мактубида: “1917 йилнинг июнида Самарқандда Ҳамза Ҳакимзоданинг, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан менинг миллий ишчилар касаба уюшмаларини ташкил қилиш йўлидаги фаолиятимиз асосини ташкил қилган тадбир шу бўлди. Озарбойжон миллий социалист партиялари, «Мусоват партияси» 1918–1919 йилларда бундай миллий касаба уюшмаларини жуда яхши уюштиришди. Биз социализмни ҳар бир миллатнинг ўзига хосликларини кўзда тутиб, ҳар бир миллатда майдонга келган уюшмаларнинг Русия доирасида уюшиб, бирлашган демократик федерация тариқасида кўз олдимизга келтирар эдик. Диктатура тартибига қаттиқ қарши чиқдик. 1919 йилда Туркистонда социализм ғояси кенг тарқалди. Социалист бўлмаган бирорта партия тузиш имкони берилмади, тўхтатиб қўйилди” [8; 266], деган жумла келтирилган.
Демак, маълумки, Ҳамза Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан яқин алоқада бўлган, у билан бирга халқ орасида тарғибот- ташвиқот ишларни олиб борган. Валидий ҳам уни ҳурмат қилган ва Туркистондаги энг машҳур, фаол сиёсий арбоблардан бири, деб ҳисоблаган. Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг ҳам мухторият ғоясини тўла қўллаб- қувватлаганлиги ва сиёсий жараёнларда иштирок этганлигидан далолат беради.
Ҳамза мустамлака зулми ва ундан халос бўлишликни ўз шеърлари орқали ифодалаб «Уён, Ватан» номли шеъри орқали халқни ғафлат уйқусидан уйғотишга, ватанга сидқидилдан хизмат қилишга, уни озод этишга ундайди [9]. Ҳамза Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил топган дастлабки вақтларда «Салом» деб номланувчи шеър ёзди. Бу шеър унинг қайдларида қуйидагича баён этилади: «Бу кунги улуғ турк ўғлининг мухторият байрами била қутлаб сизнинг кибик маданият, ислом хонималари била тарихий, диний, миллий ёрти соатгина суҳбат этишга рижо этарсиз, Яшасун маданият ходим ва ходималари! Яшасун улуғ Туркистон Мухторияти! Яшасун мухторият ходим ва ходималари!» [10].
Афсуски, 1917 йилда ёзилган «Уён ватан» шеъри совет даврида нашр қилинган адабиётларда учрамайди. Қолаверса, 1990 йил чоп этилган икки жилдлик «Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий архивининг каталоги»га ҳам киритилмаган.
Баъзи ҳамзашунос олимларнинг асарларида шоир ижоди ва фаолияти билан боғлиқ масалаларда кўплаб тарихий хатолик учрайди. Масалан, драматург Комил Яшиннинг «Ҳамза» романида, Лазиз Қаюмовнинг «Ҳамза», Мамаджон Раҳмоновнинг «Ҳамза ва ўзбек совет театри» номли китобларида 1917 йил декабрда ёзилган «Мухторият ёки автономия» сатирик комедияси ҳали ташкил бўлмаган «мухторият»нинг расвосини чиқарганлиги, бундан ғазабланган Мухториятнинг ҳарбий нозири Эргаш қўрбоши Ҳамзани тутиб қамашга буйруқ бергани ва уни қидира бошлаганлиги айтилган. Ҳамза ўртоқлари ёрдамида Бешариққа қочиб, у ердан Тошкентга келади. Бу ерда ҳам қўлга тушиш хавфи бор бўлганидан Туркистон шаҳрига бориб, то 1918 йил бошигача қочқинликда юришга мажбур бўлади [11; 295-296], деган нотўғри, уйдирма тафсилотлар келтирилган.
Гап шундаки, Туркистон Мухторияти 1917 йил ноябрь охирида Қўқонда эълон қилинади. Ҳамза бу хабарни таниқли маърифатпарвар Саидносир Миржалиловнинг уйида, яъни Туркистонда эшитади. Ушбу маълумотни унинг қизи Зарифа Саидносирова ҳам тасдиқлаб: «1917 йилнинг куз ойлари эди. Бизнинг ҳовлимизга Тошкентдан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий келди. Дадам илғор зиёлилар, маърифатпарвар жадидлар сирасида бўлган Мунаввар қори, Убайдуллахўжа, Абдулҳамид Чўлпонлар билангина эмас, балки азбаройи адабиётни севганидан Ҳамза билан ҳам яқин дўст эди. У, ҳатто, Ҳамза қаламига мансуб бир неча шеърий тўпламларнинг ношири ҳам бўлган»лигини [12; 32] ёзади.
Қолаверса, ҳамзашунос олимларнинг юқорида келтирган маълумотлари Ҳамзанинг шахсий архивида сақланаётган бирорта ҳам қайдларида учрамайди. Кўрамизки, ҳамзашунос олимлар ушбу пьеса билан яқиндан танишмай, Туркистон Мухториятининг аксилинқилобий моҳиятини фош этувчи, «Шўрои ислом»ни масхараловчи асар сифатида баҳолаб келганлар. Улар ҳатто «Шўрои ислом» била «Уламо» жамиятини фарқлай олмай, Ҳамзани жадидлар устидан эмас, балки баъзи мутаассиб руҳонийлар устидан кулганини ҳисобга олмаганлар. Бу тўғрида Наим Каримов «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида «Ҳамза ва Мухторият»
[13] номли мақоласида махсус тўхталиб, юқоридаги фикрларни тасдиқловчи асослар келтиради.
Шоирнинг «Туркистон Мухториятина» шеърида ҳам «Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти» деган хитоб нақорат тарзида такрорланиб, шеърда мустақиллик ғоялари «ислом миллати», «кўнгилларни дилшод бўлгани», «Темуршоҳлар арвоҳи турк ўғлини озодлик курашига чорлаётгани» [14] ифодаланади. Шеърнинг ҳеч бир мисрасида октябрь инқилоби, совет ҳокимияти улуғланган бирорта жумла учрамайди. Аксинча, мусулмон миллатини улуғ байрам билан муборакбод қилар экан, уларни бир санжоқ — байроқ остида бирлашишга тарғиб этади.
Шоирнинг кўплаб юрт озодлиги, эркига бағишлаб ёзган шеърлари совет даври адабиётларида кўрсатилмайди. Баъзи шеърлари киритилган бўлса ҳам айрим жумла ва сўзлар ўзгартирилиб, нашр этилган. Масалан, «Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий архивининг каталоги»да «Туркистон Мухторияти» номли шеърнинг якуни бўлган, Мухторияти ҳукуматининг тугатилиши ачиниш билан баён қилинган 45 мисралик «Ким йиғлар» шеърининг ёзилиш санаси 1917 йил 31 ноябрда деб кўрсатилиб, шеърнинг боши ва охиридаги икки мисра келтириб ўтилган холос [15].
Қизиқарли жиҳати, «Ким йиғлар» номли шеър шоир шахсий архивидаги ҳужжатда 1919 йил май ойида ёзилган, деб қайд қилинган [16]. Шунингдек, Ҳамзанинг шахсий архивидаги 50-фондда сақланаётган ва 1918 йил 13 мартда ёзилган «Мухторият сўнгинда» [17] номли шеъри ҳамзашуносларнинг эътиборидан четда қолиб кетган.
Миллий давлатчиликнинг қапоп топишини жўшқин муборакбод этиб, матбуотда таниқли маърифатпарварлар, диний, жамоат ва сиёсат арбоблар бирин-кетин чиқишлар қилиб, мухториятни табрикладилар. Улар орасида Беҳбудий, Мирмуҳсин Шермуҳаммад ўғли, Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Кабир Бакиров, Ислом Шоаҳмедов ва бошқалар бор эди[19].
Хуллас, большевиклар сўл эсерларнинг қўллаб-қувватлаши билан бир неча миллионли маҳаллий аҳолининг амалий иштирокисиз уларнинг манфаатларини ҳисобга олмасдан туриб, Туркистоннинг бошқа жойлари каби Фарғонада ҳам сиёсий тўнтаришни амалга оширдилар. Фарғона водийсида ҳам большевиклар халқни озодлик ғояларидан узоқлаштириш мақсадида турли йўлларни излаб топдилар. Даставвал, кўплаб миллий матбуот нашрлари фаолияти тугатилди ва совет матбуотига эътибор қаратилди. Лекин миллий сиёсий ташкилотлар курашни тўхтатмадилар.
Маҳаллий илғор зиёлилар зудлик билан миллий жамият ва нашрлар учун қилган ҳаракатлари натижасида 1917 йил март ойининг бошларига келиб ўлка мусулмонларининг «Шўрои Исломия» жамияти тузилди ва барча мусулмон ташкилотларини сиёсий жиҳатдан бирлаштиришга ҳаракат қилди. Натижада 1917 йил ноябрнинг охирги кунлари Қўқонда «Шўрои Исломия» ва бошқа маҳаллий ташкилотларнинг ташаббуси билан Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойи бўлиб ўтди ва Туркистон Мухторияти хукумати тузилганлиги эълон қилинди. Аммо қисқа фурсатда Туркистон Мухторияти ҳукуматини тор-мор этиб, ўлкада якка ҳукмрон бўлиб олган большевиклар қуролли тўнтарилишда ғолиб чиққан бўлсаларда, бу уларнинг обрўини кўтармади. Ўзларининг тирикчилиги билан андармон халқ яна анча вақтгача уларга нисбатан лоқайд ва бефарқ қолаверди.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи архиви, 706- фонд, (Ҳамза архиви), 1-ҳужжат, 1-варақ; 707-фонд, 2-ҳужжат, 1-варақ; 711-фонд, 1-ҳужжат, 1-варақ:, 714-фонд, 2-ҳужжат, 2-варақ.
- ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи архиви, 439-фонд (Ҳамза архиви), 1-ҳужжат, 1-варақ; 441-фонд, 3-ҳужжат, 1-варақ; 511-фонд, 4-ҳужжат, 4-варақ; 514-фонд, 1-ҳужжат, 1-варақ; 539-фонд, 1-ҳужжат, 2-варақ; 718-фонд, 1-ҳужжат, 6-варақ; 724-фонд, 1-ҳужжат, 2-варақ; 1266-фонд, 2-ҳужжат, 3- варақ; 1267-фонд, 1-ҳужжат, 2-варақ.
- Ҳамза Ҳакимзода ижоди проблемалари / Масъул муҳаррир:
Б.Назаров. – Тошкент: Фан, 1988.
- Ҳамза Ҳакимзода ижоди проблемалари.
- Ҳамза. Тўла асарлар тўплами. Беш томлик. Том 4. – Б. 295; ЎзРФА Давлат адабиёт музейи архиви, 477-фонд (Ҳамза архиви), 1-ҳужжат, 1-варақ; 508-фонд, 3-ҳужжат, 1-варақ.
- ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи архиви, 512-фонд (Ҳамза архиви), 1-ҳужжат, 1-варақ.
- Аҳмад Закий Валидий. Бўлинганни бўри ер.
- Заки Валиди Тоган. Воспоминания. Книга – Уфа: Китап, 1998. – С. 266.
- Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Уён, Ватан // Улуғ Туркистон. 1917 йил 21 октябрь, № 33.
- ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи архиви, 36-фонд (Ҳамза архиви), 1-ҳужжат. 1-варақ.
- Комил Я. Ҳамза. – Тошкент: ЎзССР Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1982. Қаюмов Л. Ҳамза. - Тошкент: Ёш гвардиячи, 1973.
- Саидносирова З. Ойбегим менинг. – Тошкент: Шарқ,
- Каримов Н. Ҳамза ва Мухторият // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 1995 йил 11 август, № 33.
- Ҳамза Ҳакимзода. Туркистон Мухториятина // Улуғ Туркистон. 1918 йил 11 январ, № 50.
- Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий архивнинг каталоги. – Тошкент: Фан, Икки томлик. Том 1. – Б. 52.
- ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи архиви, 47-фонд, (Ҳамза архиви). 1-ҳужжат, 5-варақ.
- ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи архиви, 50-фонд, (Ҳамза архиви), 1-ҳужжат, 1-варақ.
- Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. – Тошкент: Маънавият, – Б. 132.