Абдували ЙЎЛДАШEВ, Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД), Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти илмий ходими.
Аннотация. Ушбу мақолада Самарқандда 1917-1918 йилларда нашр этилган «Ҳуррият» газетаси саҳифаларида ўзбек давлатчилик тарихида алоҳида из қолдирган Туркистон Мухториятига оид мақолалар тадқиқ этилган. Мақолада мухториятнинг ташкил топишидан, токи, унинг большевиклар томонидан қонга ботирилишигача бўлган фожиали тақдири акс этган мақолалар, хабарлар таҳлилга тортилган.
Калит сўзлар: «Ҳуррият» газетаси, Самарқанд, Туркистон Мухторияти, тараққийпарварлар, «Шўрои Ислом», Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин, миллий ҳазина, аскар, большевик.
Абстраcт. Тҳис артиcле эхаминес тҳе артиcлес он тҳе аутономй оф Туркестан, wҳич лефт а спеcиал марк ин тҳе ҳисторй оф Узбек статеҳоод, публишед ин Самарканд ин 1917-1918. Тҳе артиcле аналйзес тҳе артиcлес анд репортс тҳат рефлеcт тҳе трагиc фате оф тҳе аутономй оф Туркестан фром тҳе эстаблишмент то итс блоодбатҳ бй тҳе большевикс.
Кей wордс: «Ҳуррият» неwспапер, Самарканд, Туркестан аутономй, жадидс, «Шурои Ислам», Маҳмудҳожа Беҳбуди, Ҳожи Муин, натионал треасуре, солдиер, большевик.
Туркистон Мухторияти – ўзбек давлатчилигининг ёрқин намунасидир. Мухторият ҳукумати Марказий Осиёнинг тараққийпарвар кучлари орзу қилган давлат эди. Аммо жуда қисқа вақт ҳукм суриб большевиклар томонидан йўқ қилинди. Мухторият кам вақт ҳукм сурган бўлсада, тарихда ўз изини қолдирди. Унинг фаолияти ва тақдирига оид кўплаб манбалар мавжуд. Ана шулардан бири Самарқандда нашр этилган «Ҳуррият» газетасидир.
«Ҳуррият» газетаси 1917 йил 16 апрелдан Самарқандда Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода муҳаррирлигида жадид зиёлилари томонидан Акобир Шоҳмансур ўғли мудирлигида нашр этилган. Ушбу газетага Абдурауф Фитрат (27-сонидан) ҳам муҳаррирлик қилган. Газетага моддий жиҳатдан «Зарафшон» ширкати кутубхонаси [1], кейинчалик самарқандлик тараққийпарвар Муҳаммадқул Ўринбой ўғли кўмак берганлар. Ушбу газета бир йилдан ортиқ фаолият юритиб 87 сони нашр этилган. Унда Ҳожи Муин, Сайид Ризо Ализода, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий Ажзий, Ҳалимий, Муҳаммадий, Мулла Иброҳим, Рожий каби зиёлилар ўз ижодлари ва мақолалари билан фаол иштирок этганлар [2. 62-63]. Ушбу газета идораси Самарқанд шаҳрининг Тошканд кўчасида бўлган.
Мазкур газетада Қўқонда ташкил этилган Туркистон Мухториятининг ташкил этилишидан токи фожиали ҳалокатигача бўлган воқейликка доир мақола ва хабарлар бериб борилган. Хусусан, газетанинг 1917 йилдаги 56 сонида ёзилган «Туркистон Мухторияти» номли мақолада: “Тунокун 30 ноябрда Хуқанд съездиға борғон Самарқанд вакиллари келиб, ушбу хабарни бизға келтурдилар: 27 ноябрь оқшом соат 12 да съезд тарафидан Туркистоннинг ерлик мухторияти эълон қилинди. Ҳозирда Туркистон миллат мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлиб, 36 нафари мусулмонлар ва 18 нафари ғайри мусулмонлардан сайланур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилоятидан бул равишда сайланурлар: Фарғона 10 нафар, Самарқанд 5 нафар, Сирдарё 9 нафар, Еттисув 6 нафар, Зоқоспи 2 нафар, 4 нафари эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафидан тайин бўлурлар. Бу мухториятнинг суратини вужудға қуйлушини яқин орада жумҳурият идораси Туркистон мажлис муассисониға топширур. Унла ила баробар Туркистон ўлкасини яқлит ташкил этғон миллатларнинг ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан муҳофаза қилинур” [3], деб мухториятнинг ташкил этилиши ва тузилмалари таркиби ҳақида маълумот берилади.
Газетанинг 57-сонида Абдурауф Фитратнинг «Мухторият» номли мақоласи нашр этилиб, унда муаллиф Туркистон Мухториятига тариф берар экан “Мундан ўғурли [ўғурли – буюк], мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман”, деб ёзади. Мақола сўнгида эса: “... бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керақдир. Буларни миллат ҳозир қилсун” [4], дея ўз фикрларини якунлайди.
Ушбу 57-сонда Уфа шаҳридаги «Олия» мадрасасида таҳсил олаётган тошкентлик Мирмуҳсин Шермуҳаммедовнинг бадиий кечинмалар билан тарихга боққан ҳолда мухториятга бағишлаб ёзилган мақоласи ҳам ўрин олган[5].
Шунингдек, мазкур сонда Туркистон мусулмонлариниг Фавқулодда ИВ қурултойи, яъни 27 ноябргача бўлган музокараларида қабул қилинган қарорлар эълон қилинган. Унда тезликда Туркистон учун ижроия комитети тузиб Жануби-Шарқий иттифоқ шартлари билан танишиш, иқтисодий жиҳатдан ушбу иттифоқ билан ҳамкорлик қилиш масалаларига доир қарорлар қабул қилинган[6]. «Ҳуррият»нинг 1917 йил 8 декабрь сонида эса Мухториятининг ҳукумат аъзолари ҳақида маълумот берилиб улар ўлканинг қайси ҳудудларидан сайланганликлари, миллат мажлиси намояндари исмлари санаб ўтилган [7].
Мухторият эълон қилингач, унинг фойдаси учун хазинасига ионалар тўплаш ҳаракати билан намойишлар ташкил этила бошланди. Бу ҳақида газетанинг 1917 йил 12 декабрь сонида: “мавлуд набий кунида 12 раби ал аввалида Умум Туркистон мусулумонларининг мухторият байрами бўлур. Мазкур куни Туркистон мамлакатининг ҳаририа «милли сармоя» учун ионалар йиғилур” [8], деб хабар берилади. Ушбу сондаги яна бир мақолада, 1917 йилнинг декабрь ойида Мухторият фойдасига ҳудудларда ўтказиладиган ҳамда Самарқанд шаҳрида ташкил этиладиган тантанали намойишлари ҳақида маълумот берилади. Унда Самарқанддаги «Заҳматкашлар иттифоқи» ҳам «Шўрои Ислом» жамияти билан бирлгаликда Мухторият учун намойиш қилишга қарор қилган. Аммо «Шўрои Ислом» жамияти бу ишга розилик бермай, намойишда иштирок этишни истамайди. Шу боисдан Самарқанддаги намойиш тантанаси кечикаётгани билдирилган. «Заҳматкашлар иттифоқи» «Шўрои Ислом»нинг бу ҳаракатини “ҳуррият ва мухториятга қарши бир жиноят бўлса керак” [9] деб беҳолайди. Мақола муаллифи Ҳожи Муин «Шўрои исломия»нинг бу ишига нисбатан 3 хил гумонни илгари суради: “1) қўрқоқлик, 2) мухториятнинг фаҳмига бормаслик, 3) мухториятнинг вужудга чиқишига ишонмаслик”. Мақола сўнгида «Шўрои Ислом»нинг бу ҳаракатига: «Шўрои Ислом» жамияти шуни билсинларки: бу кун Туркистон мусулмонлари «мухторият»га молик бўлдилар. Мундан сўнгра «мухторият» билан бирга юқорилар ва ушбу йўлда ўз моли ва жонларини аямаслар” [9], деб ёзади.
Шунга қарамай, тараққийпарварлар миллий хазина учун маблағ йиғиш тадбирларини амалга оширган. Самарқанд шаҳрида Мухторият фойдасига Ҳожи Муиннинг 4 пардалик «Мазлума хотин» драмаси Самарқанд ёшлари томонидан 23 декабрда қўйилиши ҳақидаги эълон шундан дарак беради. Бу ҳақидаги хабар «Ҳуррият»нинг 61-сонида эълон қилинган. Хабарда томошадан тушган маблағ Мухториятнинг миллий хазинасига юборилиши таъкинланган [10].
Қўқондаги мусулмонларнинг Фавқулодда ИВ қурултойида иштирок этиб қайтган Маҳмудхўжа Беҳбудий газетанинг 1917 йил 19-22 декабрь сонларида ўзининг мақоласини эълон қилади. Муаллиф газетанинг 19 декабрь 60-сонида Туркистондаги апрель ойидан бошлаб Мухторият эълон қилингунигача бўлган даврдаги сиёсий воқеалар ва унда «Шўрои Ислом» ҳамда «Уламо» жамиятларининг ҳаракати ва бунга қарши большевикларнинг танлаган йўлига тўхталади. Ушбу мақоланинг давоми эса газетанинг 61-сонида нашр этилган. Унда Мухторият тузиш ишида кечган жараёнлар, унинг бошқарувини ташкил этиш масалаларига оид маълумотларни беради. Шунингдек, Мухториятнинг ташкил этилиши большевиклар билан ер ва амлок устида тортишувлар вижудга келишига тўхталади. Шу боисдан ер ва амлокни тақсим бўлмаслиги, диннинг ривожи учун бутун Туркистон халқини мухторият йўлида иттифоқ бўлишга чақиради.
Беҳбудийнинг «Эътидолға даъват» номли яна бир ушбу газетанинг 1918 йил 12 январь сонидаги мақоласида, Самарқанддаги Меҳнаткашлар ва «Шўрои Ислом» жамиятлари ўртасидаги мунозараларга эътибор қаратган. Унда ёзишича: “... охирги вақтлар Самарқандда яна баъзи тортишмаларнинг асари кўринмоқға бошладики, бул халқ учун яхши эмасдир. Ҳозирда Шўрои Ислом жамияти ўнг тарафни, Меҳнаткашлар жамияти сўл тарафни ташкил этиб, Тараққийпарварлар фирқаси ўртаға қолиб, икки тарафдан ҳам қисилмоқға бошлади. Зотан ип тортилаверса, ўртасидан узулар. Агарда Шўройи Ислом ила Меҳнаткаш фирқаси тортишаверса, зарбаси марказ ва эътидол [эътидол – тенглик, адолат] чи бўлғон «Тараққийпарвар» фирқасиға тушатурғонға ўхшайдир” [11], деб вазиятга ўз фикрларини билдиради. Беҳбудий Самарқанддаги ушбу жамиятларни келишиб ишлашга тенглик ва адолатга чақирган.
«Ҳуррият» газетасининг 1918 йил дастлабки сонларидаги Мухториятга бағишланган мақолаларда давлатнинг тараққий этиши ва бу йўлдаги муаммоларга бағишланганлигини кўриш мумкин. Жумладан, 1918 йил 4 январь сонидаги «Яшасун Туркистон мухторияти!» номли мақолада муаллиф: “Мухторият учун миллий аскар, миллий хазина керакдир. Ушбу икки нарса мавжуд бўлса ишлар буюк бир муваффақият билан олдай борур”, дея бу икки жиҳатга баҳо бериб, “Миллий хазина: миллат қопчуғиндан чиқғувлидир. Миллий қўшин миллат йигитларидан бўлғулидир. Унутмайлукким: биз, ўтган замонларда Ер юзини титратган қаҳрамонларнинг болалари эрурмиз. Оталаримиз арслондек ботурлар бўлуб, ватан ва миллат йўлида ҳеч бир таҳликадан, ҳеч бир балодан юз ўгирмай эдилар” [12], деб ёзади.
Туркистон Мухториятининг барпо бўлиши ўлкада яшовчи қозоқ ҳалқларини ҳам беэътибор қолдирмаган. Хусусан, “Тўрғай области Арғиз уезининг қозоқлари, Хўқанддаги мухторият ҳайъатиға тилгром бериб, Туркистон мухториятиға қўшулдиқларини билдурмишлар” [13] деб ёзилади, газетанинг 1918 йил 19 январь сонида. Ушбу сондаги Ўғузхон таҳаллуси остидаги мақолада Мухториятнинг ўтган даврдаги фаолиятига назар ташлаб ундаги муаммоларни ўртага ташлайди. Мақола бошиданоқ: “Мухториятли Туркистон бу кун чин бир иш майдонини кўра олгани йўқ. Матбуоти, ташкилоти, халқлари ва оғалари «қуруқ сўз» берувдан бошқа бир иш кўрсата олғани йўқ” [14], дея ёзади. Ўзининг танқидий фикрлари билан бирга, мухторият йўлида халқни сергакликка чорлаб: “Бу кун бутун миллат боласининг иши майдониға чиқуви... фарздир!... турклар учун йўқламакдан кўра ватан муҳофазаси учун темур қўли бирлан душманга қарши чиқув қадар лаззатли ҳеч бир нарса йўқдир. Турк боласи учун йигитлик меросдир. Эҳ турк болалари! Отлихон, Ўғузхон, Темур ва Чингизларнинг руҳлари таҳқир этилмакда экан, боболарингизни мазори оёқ остида душман тарафиндан таҳқир этилмакда экан... сен йўқлаб ётма! Сени нажот қиладурғон улуғ тангри цанга айтадир: инсонни инсон қиладурғон, муқаддас ишдир! Уйғон! Илгари, иш майдониға! ...” [14], дея курашга чорлайди.
Нажиб имзоси остида ёзилган «Муҳим кунлар» номли
мақолада эса Мухториятнинг ташкил топган дастлабки кунларидаги фаолиятига баҳо берилган. Муаллиф фикрича, Мухториятнинг ташкил этилиши сўзда бор аммо амалда тайёр эмаслигидан далолат беради. Ўз фикрини билдирар экан: “Бизнинг мухториятга ҳозирлиғимиз бор эдими? Йўқ! Ҳозирланамизми? Йўқ! Буларнинг ҳаммаси йўқ. Ёлғиз мухторият хайъати билан муваққат Туркистон ҳукумати бор. Мундай бўлғоч бу ҳозирлигимиз ташкил этган мухториятимизни яшата олиб, бошқаларға танита олурмизми? Ана шул саволға жавоб бермак қийин” [15], деб ёзади. Мақола давомида: “Кучсиз, қаламсиз бир ҳукуматнинг борлиғи тарихда ҳеч кўринмаганидек, бор бўлиш ҳам ҳақиқатдан узоқдир. Шунинг учун бизға ҳеч бир фурсатни ўтказмасдан қилич билан қаламга ёпушмоғимиз керак” [15], деб ўз фикрларини беради.
Шунингдек, муаллиф Мухториятнинг хазинаси масаласи ва ўз матбуот нашри бўлишига тўхталади. Унинг алоҳида газетаси бўлиши лозимлиги, бу газета ҳайъатнинг ишлари билан халқни таништириб боришда муҳим вазифа бажаришини, ушбу газета ғайри миллатларга ўзини таништирмоқ ҳамда борлигини билдирмоқ учун газетада русча иловаси ҳам бўлиши лозимлиги юзасидан таклиф берган.
Газетанинг 1918 йил 19 февраль сонидаги «Сиёсат майдонида» номли мақолада муаллиф дунё ҳаволидан хабар берар экан, йирик мамлакатлар кўзлаган мақсадлар билан бирга Россиянинг аҳволига баҳо беради. Шу билан бирга ана шу вазиятдаги Туркистон масаласидан сўз очиб: “Туркистон ўлкасини сақламоқ учун аскарга эҳтиёж турадир. Чунки бу кунги сиёсат Туркистон учун ҳисобсиз фалокат чуқурлари ҳозирламоқдадир. Туркистон бу муҳорабадан қурбонсиз қутилолмас. Бу қонли муҳораба бир вақт Туркистонда қонлар ва инқилоблар чиқарур, Туркистон кўнгилларинда қора булутлар учмай қолмас, бундай замонда ҳамма халқ сулҳ учун сулҳ бўлсин. Чунки сулҳ талаб этмак учун мусаллаҳ бўлмоқ шарт аъзимдир. Шу вақтғача ухлаганимиз етар, бу кундан бошлаб бутун ном ва шонимизға мувофиқ «йигит»лигимизни кўрсатайлук. .... Бойларимиз давлатлари билан, камбағалларимиз қўл кучлари билан, йигитларимиз ғайрат ва шижоатлари билан, уламомиз ваъз ва насиҳатлари билан хотунларимиз қўл ишлари Туркистон мухториятини муҳофаза қилмоқ, азиз ватанимизни душманлардан сақламоқ учун тайёр қилинатурғон милли аскаримизға ёрдам берсунлар!” [16], деб барчани сергакликка ва ватан мудофасига чорлайди.
«Ҳуррият» газетасида нашр этилган февраль ойининг йигирманчи саналаридан кейинги Мухториятга оид мақолаларда унинг қонли равишда бостирилиши ва Туркистондаги очарчилик балосига бағишланганлигини кўриш мумкин. Хусусан, Ҳожи Муиннинг «Оғир ҳоллар» номли мақоласида Самарқанддаги февраль ойидаги воқеалар ёритилар экан: “бузуқ Русия, бу сўнғи уч ой ичинда бизнинг Туркистонимизни ҳам оғир ҳолға тушурди. Мусулмонларнинг тинчлигини бузди. Бир ёқдан озуқа масаласи ва очлиқ балоси, иккинчи томондан сиёсий ҳоллар, яъни Туркистон Мухториятининг таҳликада қолғонлиғи. Бошқа бир ёқдан, кунда бўлуб турғон ўғурлуқ, торож ва талонлар, халқни тинчсизлантирмоқда ва фалокатга солмоқдадир” [17], деб ёзади. С. А. имзоси билан ёзилган «Маюс бўлмаслик керак!» номли мақолада Туркистондаги ижтимоий, иқтисодий ҳаёт манзараси очиқланган. Унда очлик, талончилик воқеалари билан бирга Туркистон Мухториятининг фожиали ҳалокатига муаллиф тўхталиб: “бу кунларда юз берган Хўқанд фожиа олияси, онинг тўғрусида албатда мақолалар ёзилса керак, кўнглида заррача инсоният ҳиси бўлған кишини муттаъсир [Муттаъсир – таъсирлантириб] қилиб, кўзидан ихтиёрсиз ёшини оқизмай қўймас” [18], деб хабар беради.
Мақола сўнгида муаллиф нотинчлик ва барча тушкунликлардан қутилиб ёруғлиққа чиқишга умид боғлайди.
Яна бир «Хўқанд фожиаси» номли мақолада Мухторият мудофаси учун кечган кураш ва ундаги воқеалар ёритилади. Унда Мухториятнинг 2000 га яқин қўшни 24 соат уруш қилиб сўнг қайтганлигини ёзар экан, шаҳар бинолари, бозорлар, расталарга ўт кетганлигига тўхталади. Ана шу жараёндаги вазиятни тасвирлаб: “Бу фурсатдан истефода қилиб, ўшал кишилар эски ва янги шаҳарни талай бошлағанлар. Ҳатто, баъзи дўкон ва биноларға ўзлари олов қўюб юборғанлар. Бу ёнғинни кўрган халқ, ўз жонларини қутқармоқ учун мол ва мулкларига қарамасдан, боғ ва саҳро тарафға қоча бошлағанлар. Бу фурсатни ғанимат билиб ёмон кишилар ҳар ердан кўб-кўб молларни юклаб, тошиб кетганлар” [19], деб ёзади.
Газета идораси олган хабарлари асосида Мухторият қўшни большевиклар билан 11 кун курашгандан сўнг шаҳарни тарк этишга мажбур бўлганлигини ёзади. Шунингдек, мақолада 15 га яқин қўлга олинган Мухторият аъзолари ҳақида ҳам маълумот берилган.
Хулоса қилиб айтганда, «Ҳуррият» газетаси ўз фаолияти жараёнида Туркистондаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий жараёнлар билан бирга Самарқанд халқи ва ўз обуначиларини Қўқонда ташкил этилган Туркистон Мухториятининг ташкил топиши, фаолияти, муаммолар ва фожиали тақдирига доир янгиликлар билан таништириб борган. Газетада кўплаб зиёлилар ўз мақолалари билан иштирок этиб мухториятнинг ривожланиши йўлидаги фикр-мулоҳазаларини билдирганлар. Ушбу газетадаги мақолалар давр тарихини ўрганишда ва Туркистон Мухториятига доир воқеа жараёнларни таҳлил этишда «Улуғ Туркистон», «Эл байроғи» каби газеталар қаторида муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- С. А. Ташаккур // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 16 апрель.
- Зиё Саъид. Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар. – Самарқанд – Тошканд: Ўзбекистон давлат нашриёти, 1927. 185 бет.
- Туркистон Мухторияти // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 1 декабрь.
- Фитрат. Мухторият // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 5 декабрь.
- Мирмуҳсин Шермуҳаммедов. Тарихий даврлар // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 5 декабрь.
- Туркистон Мухторияти // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 5 декабрь.
- Туркистон Мухторияти // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 8 декабрь.
- Мухторият байрами // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 12 декабрь.
- Ҳожи Муин. Намойиш тўғрисида // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 12 декабрь.
- Мухторият шарафига миллий театру // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 19 декабрь.
- Муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий. Эътидолға даъват // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 12 январь.
- М.Н.Г. Яшасун Туркистон Мухторияти! // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 2 январь.
- А. Т. Турлу хабарлар: Мухторият // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 19 январь.
- Ўғузхон. Сўз ва иш // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 19 январь.
- Нажиб. Муҳим кунлар // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 23 январь.
- Ўғузхон. Сиёсат майдонида // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 19 февраль.
- Ҳожи Муин. Оғир ҳоллар // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 22 феврал.
- С. А. Маюс бўлмаслик керак // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 1 март.
- Хўқанд фожиаси // «Ҳуррият» газетаси. 1918 йил 5 март.