Музаффар ТОЖИБОЕВ, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори.
Даврон РАЗАКОВ, тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти.
Аннотация: Ушбу мақолада Туркистонда миллий уйғониш даврида тараққийпарвар, маърифатпарвар, миллат фидойиси Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳақида тарихий маълумотлар берилган.
Калит сўзлар: ватанпарвар, миллат, ижтимоий, маданий, маърифий, Туркистон, янги усул мактаби, таржимаи ҳол, уйғониш. Абстраcт. Тҳис сcиентифиc артиcле ревеалс тҳе аcтивитиес оф тҳе натионал ҳеро Мунаввар Кари Абдурашидкҳанов wитҳ ҳисториcал фаcтс дуринг тҳе Ренаиссанcэ ин Туркестан.
Кей wордс: патриот, оф тҳе натион, соcиал, cултурал, эдуcатионал, Туркестан, модерн счоол, аутобиограпҳй, аwакенинг.
ХИХ аср охирида Туркистондаги маърифатпарварлик даврини бошлаб берган, ўлка халқлари манфаатларини ҳимоя қилишга ўзининг бутун онгли фаолиятини бағишлаган фидойи ватандошларимиздан бири Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли («Мунаввар» – нур олган, нурли дегани. Туркияда ҳозир ҳам бу сўзни зиёли ўрнида қўллайдилар; «қори» – Қуръонни маромига етказиб ўқийдиган) эди.
У 1878 йилда Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасидаги Дархон маҳалласида мударрис оиласида таваллуд топган. Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида, сўнгра Бухорода олий таҳсил олиб «Ҳофизи Қуръон» бўлгач, ХИХ асрнинг 90 йиллари охирларида жадидчилик ҳаракатига қўшилган. Мунаввар қори 1901 йилда Тошкентда биринчилардан бўлиб «усули жадид» мактабини очган эди.
Жадидчилик намояндаларини синфий душман деб билган большевиклар бу ҳаракатни фақат маърифий ҳаракат деб баҳолаб, уларни сиёсий калтабинликда айблаб келган эдилар. Ҳолбуки, Мунаввар қори 1927 йилда Тошкент округ маориф ходимлари қурултойида сўзлаган нутқида большевиклар қўйган бу айбга: «Чор ҳукуматини йўқотиш жадидларнинг тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат бўлиши яширин эмас. Наинки, биз жадид мактаби очиш билан савдо хизматчилари, бошқача таъбир билан айтганда, дўконда насия ёзадургон ходимлар етказсак. Бу ишга ақлли одам шу баҳони беришда у ёқ, бу ёқни мулоҳаза қилсин. Жадид мактаби очишимизга сиёсий ва маданий курашчилар тайёрлаш баҳоси берилмаганига (таъкид бизники. – М.Т., Д.Р.) таассуб билдира олмай ўта олмайман» [1; 181], деган эди.
Туркистон халқлари ижтимоий-сиёсий тафаккурининг ўсишида шубҳасиз, жадидчилик матбуоти беқиёс хизматлар қилган. Мунаввар қори 1906 йилдан нашр этила бошланган дастлабки миллий газета – «Тараққий»нинг ташкилотчиларидан ва муаллифларидан эди. Шу газетанинг 1906 йил 14 июнь сонида эълон қилган «Бизнинг жаҳолат – жаҳли мураккаб» мақоласида «Эй қардошлар, вой миллатдошлар!!! Кўзимизни ғафлат уйқусидан очиб, атрофимизға назар солмакимиз лозимдир. Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб, илм ва маорифға ортиқ даражада қўшиш қилган бу замонларда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда ҳеч шубҳа йўқдир. Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдиғимиз ҳолда мусофир рус ва яҳудийлар эшигида мардикор ва хизматчи ўлдук. Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмададурлар» [2; 145-146], деб огоҳликка даъват этган эди.
Мунаввар қори фикрича, чоризм истилосидан аввалги Туркистонни қамраб олган мавжуд иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маданий инқироз сабаблари ХВИИ-ХВИИИ асрларга бориб тақалади. «Бул замондин юз йилдан зиёдроқ муқаддам замондин бошлаб, — деб таъкидлайди у, — миллат деворининг ҳар тарафиға раҳналар пайдо бўлди. Мунга сабаб уламо ва умароларимизнинг ўз нафсларини риоясида ҳаракат қилмоқлари бўлди. Подшоҳ ва хонларимиз бўлса, миллатға қилғон хизматлари танҳо хотун олмоқ ва кучук уруштирмоқ ва беғайрат ва ҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмоқ ва тутуб ўлдирмоқ бўлди. Шунинг учун миллат деворининг раҳналари тобора зиёда бўлди» [3; 140].
Россиядаги 1905 йил воқеаларидан кейин Россия давлат думасига Туркистондан вакил сайлаш мақсадида уламо ва сиёсий арбобларимиз ўтказган икки-уч йиғилиш эса «ёлғуз палов ва зиёфатхўрлик бирла нафсониятдан иборат бир мажлис бўлганлигини» [4; 141], чунки унда ҳар ким ўз шахсий манфаати нуқтаи назаридан мулоҳаза юритиб, сўзлаганини қайд этади. Адиб маҳаллий бошқарув маъмурияти вакилларининг миллат ва Ватан манфаатларини англаш масаласида ҳамон якдил эмасликларидан куюниб «…ўз ҳукуматдорларимизнинг кўзларини ғафлат чунон қопламишки, ҳануз ўз нафсларининг фойдасини ахтармоққа машғулдирлар ва ул фойдадин миллат ва шариатға хоҳ фойда ўлсун, хоҳ зарар ўлсун ҳар бир ҳаракатларидин манфаати шахсиялари мақсуддир. Ва ҳар фикрларида риояи нафслари мавжуддир» [5; 141], — деб ёзади.
Мунаввар қори ўлка халқларининг миллий қадриятлари мустамлакачилар томонидан оёқ ости қилинганлигини инкор этиб бўлмайдиган далиллар орқали очиб беради. Туркистон бир вақтлар бой маданиятга эга замин бўлганлигини, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Тошкентдаги ва айрим қишлоқларда ҳам улкан мадрасалар айнан вақфлар туфайли ҳам дунёвий, ҳам диний фанларни ўргатишда шуҳрат топганлигини таъкидлаб, бу шуҳратнинг қай тариқа сўниб қолганлигини изоҳлайдики, бу изоҳлар ўқувчини чуқур ўйга толдиради.
Унингча «кейинги пайтларда Туркистонда содир бўлган урушлар оқибатида, хонларнинг ҳукмронликка интилишлари, турли босқинчиларнинг ҳужумлари туфайли маданият-маърифат ривожи тўхтаб қолди, баъзи олим, уламолар табиий равишда вафот этдилар, бошқалари турли мамлакатларга кўчиб кетдилар, қадимий маданиятни эслатувчи мадраса ва вақфлар ҳозиргача сақлаб қолинди. Ҳар қандай маданиятли халқнинг ҳукумати мадрасаю вақфларни омиллик билан бошқариш орқали давлат ғазнасига зарар келтирмай, ушбу мадраса ва маориф даражасини кўтариши ҳамда ўқув ишини тўғри йўлга қўйиши мумкин эди. Аммо, Туркистон, туркий халқларининг бахтсизлигига кўра, эски рус ҳукуматлари томонидан забт этилди ва халқнинг маданий-маърифий масалалари ўзга қолипга солинди. Эски рус ҳукумати маҳаллий халқларни руслаштириш мақсадини таъқиб этгани боис маданият-маърифат излари Туркистон тупроғидан тамом йўқолди» [6; 162].
Чор ҳукуматининг Туркистон халқларини руслаштиришга қаратилган шовинистик миллий сиёсатининг амалга оширилиш механизмини очиб бериб, Победоноссев, Илминский ва Остроумов сингари миссионерларнинг назорати остида ва уларнинг ташаббуси билан энг йирик вақфлар мустамлакачилар фойдасига тортиб олинганлигини, мадраса ва мактабларда фақат соф диний характердаги фанлар қолдирилиб, география, математика, физика каби дунёвий фанлар бутунлай ман этилганлигини, бу фанларни махфий равишда ўргатувчи ўқитувчилар инқилобчи, панисломчи сифатида оғир жазоларга тортилганини, умумтаълим фанларини ўрганишни истовчилар эса рус тилини билиш-билмаслигидан қатъи назар, бу фанларни рус тилида ўрганишлари шарт қилиб қўйилганлигини қайд этади.
Шу боис Мунаввар қори матбуотдаги чиқишларида чоризм мустамлакачилик сиёсатининг моҳиятини халқ онгига етказишга дадил ҳаракат қилди. Масалан, «Нажот» газетасининг 1917 йил 26 мартдаги сонида Туркистон халқларининг 1916 йилги мардикорликка қарши қўзғолони чор маъмурлари томонидан шафқатсизларча бостирилганига ишора қилиб, «уйдаги хотун- қиз, бешикдаги болалар, ҳеч нарса қўлидан келмайдурғон чол ва кампирлар, тилсиз ҳайвонлар, жонсиз иморатлар ва моллар ҳеч бири истисносиз суратда отилди, кесилди, ёқилди, ёндурилди… Алҳосил, Туркистон мусулмонлари зулм панжасининг остида шул қадар эзилдилар ва ҳуррият, ҳуқуқ йўлида шул қадар кўп қурбон бердиларки, бир-икки ой ичида бошқа миллатларнинг 145 йил ичида (Мунаввар қори 1772 йилги Емелян Пугачев қўзғолонидан 1917 йилги Февраль инқилобигача бўлган Россия тарихини назарда тутган. – таъкид бизники. – М.Т., Д.Р.) берган қурбонларига қувлаб етишдилар» [7; 157], деб ёзди.
Мунаввар қори ХХ аср бошидаги ижтимоий-сиёсий тафаккурнинг, миллий-озодлик ҳаракатининг энг эътиборли намояндаларидан бўлганлиги учун ҳам 1921 йилда унинг номзоди «Туркистон миллий бирлиги» номли яширин ҳаракатнинг раислигига қўйилган. Бироқ, у ҳеч қачон исёнга, қўзғолонга даъват қилган эмас. Тўғри, у «Ҳақ олинур, берилмас» [8; 238], деб ёзган. деган шиорга амал қилган. Лекин бу ҳақни илм-маърифатни, фан- техникани эгаллаш, маърифий-маданий воситаларни ишга солиш орқалигина қўлга киритишни ақлга мувофиқ деб топди.
Шу мақсадда 1908 йилдан 1923 йилга қадар унинг ғайрат ва ташаббуси билан юздан ортиқ туркистонлик четда ўқиб келди. (Бухорода бу ташаббусни 1920-1923 йилларда Фитрат ва Ф. Хўжаев қўллаб чиқдилар) Маълумотларга қараганда, биргина 1922 йилда Германияда ўқиётганларнинг сони 60 га етган. Шулардан бештаси – Абдуваҳоб Муродий, Саттор Жаббор, Саидали Хўжаев, Аҳмад Шукурий, Вали Қаюмхон тошкентликлар эди.
Мунаввар қори театрчилик ишини йўлга қўйиб, «Театр ҳаваскорлари труппаси»ни ташкил этди ва Колизейда «Падаркуш» драмасини биринчи марта саҳнага қўйди. Энг эътиборлиси шуки, Мунаввар қори ўзбек миллати тарихида, биринчи навбатда, жамоат ва сиёсий арбоб сифатида қолди. ХИХ асрнинг 90 йиллари охиридан умрининг сўнгигача миллат ва ватан равнақи, озодлиги йўлида кураш олиб борди.
Мунаввар қори ташаббуси билан 1925 йилда «Миллий иттиҳод» «Миллий истиқлол» деган ном билан қайта ташкил этилган. Бунга Марказий Осиёда миллий-давлат чегараланиши ўтказилиб, Туркистоннинг парчаланиши, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг ташкил этилиши, шунингдек, бевосита Туркистон бирлиги учун курашнинг ўта қийин бўлиб қолганлиги сабаб бўлган. Мунаввар қори бошлиқ «Миллий истиқлол» аъзолари энди мустақил Ўзбекистон давлати учун кураш ғояси остида иш юритганлар.
«Миллий иттиҳод» ташкилоти Марказий Қўмитасининг қарорларидан бирида айтилишича, улар «босмачилик» ҳаракатидан тўғри йўналишда ва аниқ сиёсий мақсадни кўзлаб фойдаланишни мўлжаллаганлар. Бунинг учун, энг аввало, совет Россияси ҳукумати ва унинг вакилларига турли йўллар билан «бизнинг халқимиз советлаштиришни қабул қилолмаяпти, халқ буни хоҳламаяпти, шунинг учун қўлига қурол олиб, уюшиб курашга кўтариляпти, кўп қон тўкилиши мумкин» деган фикрни сингдириб боришган. Ушбу қарорда ёзилишича, «Бир вақтнинг ўзида тарқоқ босмачи гуруҳларини бирлаштириш ва сиёсийлаштириш йўлида иш олиб бориш керак. Чунки яхши қуролланган ва курашларда тажриба орттирган бу кучлар орасида ажойиб командирлар ва ботир жангчилар пишиб етилган бўлиб, улардан келажакда миллий армияни жуда тез шакллантириш мумкин. Вақти келиб, совет Россиясидан ажралиш масаласи кўтарилганда реал кучга эга бўлинади» [9; 22-23].
Марказий Осиёда совет тузуми истибдоди ўрнатилгач жадидлар тутган сиёсий позиция хусусида тўхталар экан Мунаввар қори Абдурашидхонов ўзининг большевиклар қамоқхонасида ёзган «Хотираларимдан» асарида шундай дейди: «Бизларнинг синфий дунёқарашимиз негизида синфларни инкор этиш ётади. Бизлар синфларни билмас эдик, агар йирик буржуазия деб ҳисобланаётган катта ер эгалари ва савдогарларнинг жуда озгина гуруҳи ҳисобга олинмаса, бизларнинг кўз ўнгимизда ҳамма тенг эди. Буржуазия тўғрисида гапирганда бизлар йирик савдогар ва катта ер эгаларинигина назарда тутар эдик. Бизлар шўро ҳукуматининг мана шуларга эмас, балки майда ва ўрта ҳол буржуазияга нисбатан олиб борган тадбирларига қарши бўлдик. Бинобарин, бизлар асосан майда буржуазия манфаатларини ҳимоя қилдик: мана шундан бизларнинг ўктабр инқилобидан кейин мамлакат сиёсий ҳаётида тутган ролимиз, шўро ҳукумати, йўқсил диктатурасига қарши олиб борган курашимиз тушунарли бўлса керак. Бизларнинг мустақиллик ҳақидаги шиоримиз аввал буржуа демократик Туркистонни, ундан сўнг эса, қайта чегараланишдан кейин Ўзбекистонни ташкил этиш, ҳокимиятни майда ва ўрта буржуазия қўлига бериш тўғрисидаги ҳаракатимиз ана шундан келиб чиқади» [10; 202].
Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқий маънодаги мустақилликни орзу қилган Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг Ватан ва халқ бахт-саодатини кўзлаган орзу-истаклари бугунги мустақиллик шарофати билан рўёбга чиқди. Унинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари ва ҳаёт йўли эса ХХ аср биринчи чорагидаги Туркистон халқлари ижтимоий-сиёсий тафаккури, маданияти, маърифатининг мумтоз ва бетакрор намунаси бўлиб қолди.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. “Қоралаш яхши эмас” (Танланган асарлар), – Т., 2003. – Б. 181.
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. “Бизнинг жаҳолат – жаҳли мураккаб” (Танланган асарлар). -Т., 2003. – Б. 145-146.
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. Нутқ ва мақолалар (Танланган асарлар), -Т., 2003. – Б. 140.
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. Ўша асар. -Т.,
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. Ўша асар. -Т.,
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. “Туркистон вақфлари ҳақида” (Танланган асарлар). – Т., 2003.
- Мунаввар қори Абдурашидхонов. “Мақбул қурбонлар” (Танланган асарлар). – Т., 2003.
- Профессор Бегали Қосимов “бу фикр асли Жан Жак Руссога тегишли бўлиб, унинг “Ижтимоий шартнома” асаридан олинган, XIX аср ўрталарида Францияда ўқиб келган туркиялик ёшлар орқали у турк матбуотига, ундан Туркистонга келган” дея ёзган эди. Бу тўғрида қаранг: Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. -Т.,
- Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920-1924 йиллар). – Т., 2002.
- Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. Даврий тўплам, № 1, – Т., 1999.