Феруз БОБОЕВ, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти етакчи илмий ходими.
Аннотация. Мазкур мақолада Мустафо Чўқайнинг Туркистон Мухторияти ҳақидаги қарашлари ва тарихий жараёнларга муносабати акс эттирилган. Шунингдек, Заки Валидий Тўғоннинг Туркистон Мухторияти ҳақидаги фикрларига Мустафо Чўқайнинг айрим раддиялари ёритилган.
Калит сўзлар: Туркистон Мухторияти, Мустафо Чўқай, Валидий Тўғон, совет ҳокимияти, қизил армия, муҳожир, коммунистик партия.
Абстраcт. Тҳис тҳесис рефлеcтс тҳе виеwс оф Мустафа Чокай он Туркестан Мукҳтараят анд ҳис аттитуде то ҳисториcал проcэссес. Соме обжеcтионс оф Мустафа Чокай агаинст тҳе виеwс оф Заки Валиди Тогон он тҳе Туркестан аутономй аре алсо ҳигҳлигҳтед.
Кей wордс: Туркестан аутономй, Мустафа Чокай, Валиди Тогон, Совиет поwэр, ред армй, эмигрант, cоммунист партй.
Туркистон Мухторияти гарчи 72 кун фаолият кўрсатган бўлсада, тарихда ўзига хос из қолдирган ҳукуматлардан бири саналади. Туркистон Мухториятининг ташкил этилиши, фаолияти ва унинг тарихи билан боғлиқ баҳс-мунозаралар ўз даврида, ҳаттоки, ҳукумат аъзолари ва иштирокчилари ҳамда кейинги даврларда турли сиёсатчилар, тарихчилар, адабиётшунослар ва жамиятшунослар томонидан олиб борилган ва борилмоқда. Илмда баҳс-мунозараларнинг кўп бўлиши кўрилган масалани очилмаган қирраларини намоён бўлишига катта ёрдам беради. Жумладан, Туркистон Мухториятининг ташкил этилишида иштирок этган ва ушбу жараёнларни ўз кўзи билан кўрган шахслардан Мустафо Чўқай ва Аҳмад Заки Валидий Тўғонларнинг ўзаро муносабатлари, уларнинг айрим масалаларда фикр-мулоҳазалари ҳамда улар орасида баҳслар кескин кечганлиги кўпчилик учун тўла аён эмас. Аслида шахслар ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш ҳам шу даврдаги жараёнларга чуқурроқ қарашга ва воқеаларга янада аниқлик киритишга имкон беради.
Мустафо Чўқай (1890-1942) – таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳамда Туркистон халқлари мустақиллиги учун изчил курашган шахслардан бири. Мустафо Чўқай бошланғич маълумотни Оқмачитда олгач, Тошкентдаги эркаклар гимназиясида ўқиди, Санкт-Петербург университетининг юридик факультетини тугатган. У Россия Давлат думасининг мусулмонлар фракциясида котиб ва таржимон бўлиб ишлаган. Туркистон Мухториятида Мустафо Чўқай Ташқи ишлар вазири лавозимига сайланди ва кейинчалик Бош вазир бўлди. 1921 йил февралдан бошлаб Мустафо Чўқайнинг фаолияти муҳожирликда кечди [1; -Б. 23-29]. Мустафо Чўқай рус, ўзбек, қозоқ, турк, француз, инглиз, немис, поляк тилларида Туркистоннинг ХХ аср тарихига оид кўплаб мақолалар ва китоблар ёзди.
Заки Валидий Тўғон (1890-1970) – олим ва шарқшунос ва сиёсатчи. Ўзбекистон ҳудудида илмий изланишлар олиб борган хорижлик тадқиқотчилар орасида қардош туркий халқлар вакили, бошқирд олими Аҳмад Заки Валидий Тўғон алоҳида ўрин тутади. У Уфа ва Қозондаги «Усмония», «Шаҳобиддин Маржоний», «Қосимия» мадрасаларида таҳсил олган. Заки Валидий араб, форс, рус тилларини яхши билган, Шарқ тарихи ва адабиётига қизиққан, рус шарқшунос олимларининг асарлари билан яхши таниш бўлган. Заки Валидий ўз даврининг фаол сиёсатчиси ва Бошқирдистон ҳукуматининг раиси ҳам эди. Туркий халқлар, хусусан, Бошқирдистон тараққиёти ва мустақиллиги учун олиб борган фаол ҳаракатлари большевиклар ҳукумати томонидан кескин қаршиликларга учради. Заки Валидий ўн бир йил давом этган сиёсий фаолиятидан сўнг, 1925 йилда мамлакатни тарк этди ва Истанбулга кетди. Бу ерда у ўз фаолиятини бутунлай илм- фан ва таълимга бағишлади. 1930 йилда Вена университетига ўқишга кирди, докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. Ислом илмлари бўйича фалсафа фанлари доктори даражасини олиб, Бонн университетининг ислом илмлари фахрий профессори даражасига эришди [2; -Б. 776-778].
Мустафо Чўқай хорижда фаолият кўрсатган даврда Туркистон минтақасидаги жараёнларга доимий равишда ўзининг муносабатини билдирган. Ўзининг фикрларини турли матбуот материаллари орқали ифодалаб келган. М. Чўқай муносабат билдирган масалалардан бири бу – Туркистон Мухторияти эди. У 1931 йил 11 декабрда ва 1932 йилнинг январь – февраль ойларида “Қўқон (Туркистон – Ф.Б.) мухториятининг 14 йиллиги муносабати билан” битта «илмий ёлғон»га қарши мақоласини эълон қилган. Унда М. Чўқай Туркистон Мухторияти ҳақида айтилган фикрларга раддиялар берган.
Мустафо Чўқайнинг тарихни сохталаштирилиши, хусусан, Туркистон Мухториятининг тарихи бузиб талқин қилиниши ҳақида қуйидаги хулосаларни беради:
Биринчидан, Мустафо Чўқайнинг фикрича, тарихни икки йўл билан ёзиш мумкин: тарихчи ҳақиқатан содир бўлган фактлар тўғрисидаги материалларни катта эътибор билан тўплайди ва турли даврларда содир бўлган далиллар ўртасида сабабларни ва боғланишларни ўрганади. Олаётган билим ва маълумотлар манбаларига катта эътибор билан қарайди, тўпланган маълумотларни ўзининг илмий тайёргарлигига қараб виждон тарозида тортади ва шу тариқа бу маълумотларни холисона таҳлил қилади ва баҳолайди. Илмий тарихни тўлиқ маънода билган киши уни шу усул билан ёзиши кераклигини таъкидлайди.
Мустафо Чўқай иккинчи йўл сифатида эса: тарихчига фактлар олдиндан маълум ва керак бўлганда уларни ўзи яратишини айтиб ўтади. Бунда Мустафо Чўқай нимани назарда тутади? У бундан ишончсизлиги ҳаммага маълум бўлган манбалардан фойдаланишни, бу ерда холис илмий таҳлил йўқлигини, Коммунистик партиянинг ёлғонлари ҳукмрон эканлигига урғу беради. Шунингдек, у совет ҳокимияти ҳомийлигидаги халқларнинг миллий ҳаракатларини тавсифловчи совет тарихчиларнинг тарихга муносабатини иккинчи йўлдан борганлигини келтириб ўтади.
Иккинчидан, большевиклар умуман фанга, хусусан, тарихга объектив қарашни рад этишларини, фан синфий кураш қуроли эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, тарих фан сифатида ўтмиш ҳақидаги фандан кўра келажак авлод учун яхши сабоқ бўла олишини большевиклар яхши биладилар, деб хулоса беради. Шу билан бир қаторда, 1916 йил қўзғолони большевиклар томонидан бутунлай бошқача сохталаштирилган талқинда тасвирланганлигини ва бу ҳақда «Ёш Туркистон»нинг сонларидан бирида унга муносабат ёзганлигини келтириб ўтади.
Учинчидан, Туркистон Мухториятининг тарихини бузиб талқин қилиниши хусусида ҳам мулоҳазаларини билдирган. Совет тарихчиларидан бири П. Алексеэнков ўзининг ёлғонлари билан юқорида айтилганидек, иккинчи гуруҳга қўшилишини таъкидлайди. П. Алексеэнков Туркистон Мухторияти ҳақида рисола ёзган [3; 72]. М. Чўқай эса унга муносабат билдириб жавоб ёзган ва «Ёш Туркистон» журналида эълон қилган. М. Чўқайнинг фикрича, П.Алексеэнковнинг мақсади Коммунистик партия дастури талабларига кўра Туркистонда рус пролетариат диктатурасини ҳимоя қилиш, шу билан бирга Туркистон Мухториятига миллий ва рус капиталистлари билан биргаликда миллий Туркистон буржуазияси бошчилик қилганлигини исботлашга ҳаракат қилишдир.
Тўртинчидан, М. Чўқай Заки Валидий Тўғоннинг ҳам мухторият ҳақидаги айрим қарашларига қўшилмаган. Ҳаттоки, кескин инкор этган. Заки Валидий китоби қўлёзмасининг 340-саҳифасида «Қўқон ҳукуматининг ягона ишончли шахси босмачиларнинг раиси Эргаш эди. Генерал Чанишев бошчилигида мунтазам милицияни шакллантириш бошланганига қарамай, аллақачон кеч эди. Ҳукумат бутунлай капиталистлар таъсирида эди. Молия вазирлигини бошқариш расмий вазир, адвокат Ислом Шааҳмедов эмас, балки унинг ўринбосари, яҳудий Генрих Зигелнинг қўлида эди. Ҳукумат хайр-эҳсонлар билан яшашга мажбур бўлди. Маҳаллий савдогарлар хайр-эҳсон қилган тақдирда, Сайид Носир Миржалоловдан бошқа ҳеч ким жавоб бермади. Ҳукуматнинг аниқ ғоя ва дастури йўқ эди ...» шу каби фикрлар келтирилган. Бу фикрларга эса М.Чўқай ўзининг муносабатини билдириб, Заки Валидий китобининг илмий табиати баҳсли эканлигини таъкидлайди. Бу асар мамлакатимизда содир бўлган ўша лаҳзалардан бехабар бўлган турк китобхонлари учун ёзилган, деб баҳо беради. Шунингдек, Генрих Зигелнинг яҳудий эмас, у ҳақиқий австриялик немис бўлганлигини, у Туркистон ҳукумати Молия нозирининг дўсти бўлмаганлигини, шунингдек, уни ҳукуматда ҳеч қандай ҳокимиятдан фойдаланмаганлигини келтириб ўтади. Буларнинг ҳаммасини Заки Валидийнинг фантазияси бўлиши мумкин, деб хулоса қилади. М.Чўқайнинг фикрича, бунинг сабаби Туркистон Мухторияти ҳукумати иғвогар мақсадларни кўзлаганлигини ва капиталистлар кўрсатмаси билан тузилганлигини ҳамда уларнинг таъсирида бошқарилганлигини асослашга уриниш бўлган ва бу йўлда турли ёлғон ўйлаб топилган, юзлаб асарлар нашр қилинган [4].
Бешинчидан, Туркистон Мухторияти ағдарилгандан сўнг минтақада бошланган миллий озодлик ҳаракати масаласи. Бу борада ҳам М.Чўқай билан Заки Валидий ўртасидаги фикрлар қарама-қаршилиги мавжуд. М. Чўқайнинг фикрича, минтақада «босмачи» деганда икки хил тушунча мавжудлигини, биринчиси, талончи ва ўғрилик билан шуғулланган гуруҳлар, иккинчиси эса, миллий озодлик учун курашган ҳақиқий эрксеварлар бўлганлигини илгари суради. Бироқ Валидий уларга аниқ таъриф бермасдан большевиклар манбаларига таянган ва «босмачилар» умумий номда салбий характер касб этган деган мулоҳазаларни қилган.
Хуллас, давлатчилик тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган Туркистон Мухторияти тарихи билан боғлиқ қарашлар ўз даврида ва кейинги йилларда ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлганлигини кузатиш мумкин. Туркистон Мухторияти ҳақида қарашларини эълон қилган ҳам Мустафо Чўқай ҳам Аҳмад Заки Валидий Тўғон ҳам ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Бироқ тарихий жараёнларга баҳо беришда фақатгина Мустафо Чўқай ёки Заки Валидийнинг фикрларини асос сифатида олиш тўғри бўлмайди. Уларни бошқа манбалар билан қиёслаш ва солиштириш лозим. Бироқ икки шахс ўртасидаги муносабатлар ва улар баҳс юритган масалаларни таҳлил қилиш даврнинг ўзига хос жиҳатларини янада чуқур ўрганиш имконини беради.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда миллий мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: «Бодомзор Инвест»,
- Хужаев Заки Валидийнинг Туркистон илмий сафари (1913-1914)га оид тадқиқотлари // «Ориентал Ренаиссанcэ: Инновативе, эдуcатионал, натурал анд соcиал сcиенcэс». 2021. № 1.
- Алексеенков П. Кокандская автономия. Ташкент: Узгиз,
- РГВА. Ф. 461-к. Оп. 1. Д. 420. Л. 7–19.