Неъматулло МУҲАМEДОВ, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА» кафедраси мудири.
Аннотация. Ушбу мақолада Тошкентда жадидчилик ҳаракати фаолияти ёритилган. Шунингдек, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев ва Абдулла Авлонийнинг маърифатпарварлик фаолияти тўғрисида сўз юритилган.
Калит сўзлар: рус-тузем мактаби, янги усул мактаби, маърифатпарвар, зиёли, босмахона, мактаб, маориф, театр, газета, журнал.
Абстраcт: Тҳис артиcле десcрибес тҳе аcтивитиес оф тҳе Жадидист мовемент ин Ташкент. Алсо, тҳе эдуcатионал аcтивитиес оф Мунаввар қори Абдурашидкҳанов, Убайдулла Кҳожаев анд Абдулла Авлони, wэре дисcуссед.
Кей wордс: Русциан-тузем счоол, неw счоол, энлигҳтенед, интеллеcтуал, принтинг ҳоусе, счоол, эдуcатион, тҳеатер, неwспапер, магазине.
Тошкентдаги жадидчилик – ХИХ аср охири ва ХХ аср бошида Туркистон минтақаси ва унга туташ ҳудудлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ижтимоий-сиёсий маърифий ҳаракатнинг таркибий қисмига айланган. Бу ҳаракат дастлаб ХИХ асрнинг 80 йилларида Қримда Исмоилбек Гаспринский раҳбарлигида вужудга келган. Туркистонда жадидчилик ҳаракати вужудга келишида самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти муҳим аҳамият касб этган. Тошкентда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев), Тошпўлатбек Норбўтабеков бу ҳаракат тепасида турган. Мунаввар қори эса Тошкент жадидларининг отаси деб эътироф этилган.
Жадидлар мусулмон мактабларининг таълим усули ва дастурларини ислоҳ қилиб, янги усул (жадид) мактаблари очишган. 1900 йил Тошкентда Мунаввар қори ташкил қилган янги усул мактаби иш бошлаган. Кейинчалик у намуна мактабига айлантирилиб, унда 5–6 синф каби юқори синфлар бўлган. Тошкентлик маърифатпарвар Саидрасул Саидазизов шаҳарда янги усулдаги маҳаллий мактаблар очган, уларни рус-тузем мактабларидаги таълим-тарбия методикаси асосида ишланган дастур ва дарсликлар билан таъминлаган, ўзи ҳам ўқитувчилик қилган. Унинг «усули савтия» («товуш усули») методидаги «Устози аввал» (1902) дарслиги нашр этилган. Мунаввар қорининг «Адиби аввал», «Адиби соний» (1907), Абдулла Авлонийнинг «Биринчи муаллим» (1910), «Иккинчи муаллим» (1912) каби дарсликлари чоп этилган.
Жадидчилик ҳаракати давомида уларнинг ўз матбуоти шаклланди. Жадидлар Тошкентда 1905-1906 йилларда «Тараққий» (муҳаррири – Исмоил Обидий), «Хуршид» (муҳаррири – Мунавварқори Абдурашидхонов), 1907-1908 йилларда «Шуҳрат» (муҳаррири – Абдулла Авлоний), «Осиё» (муҳаррири – Аҳмаджон Бектемиров), «Тужжор» (муҳаррири – Саидкаримбой Саидазимбой ўғли), 1913 йилда «Садойи Туркистон» (муҳаррири – Убайдулла Хўжаев), 1917-1918 йилларда «Нажот» (муҳаррири – Мунавварқори Абдурашидхонов), «Кенгаш» (муҳаррирлари – Аҳмад Закий Валидий ва Мунавварқори Абдурашидхонов), «Турон» (муҳаррири – Муҳаммад Амин Афандизода, Абдулла Авлоний), «Улуғ Туркистон» (муҳаррири – Кабир Бакиров), «Шўрои Ислом» (муҳаррири – Абдулла Баттол), «Турк сўзи» (муҳаррири – Темурбек Худоёрхонов), «Турк эли» (таҳрир ҳайъати) каби газеталар ва 1915 йил «Ал-ислоҳ» (муҳаррири – Абдураҳмон Содиқ ўғли) журналини нашр қилган.
1917 йилда бошланган жадидчилик ҳаракатининг янги босқичида Тошкентлик маърифатпарварлар ҳам муҳим роль ўйнаган. «Турон» уюшмаси заминида 1917 йил 14 мартда «Шўрои Исломия» жамияти (ташкилоти) тузилган (асосчилари Мунаввар қори, Абдувоҳид қори, Убайдулла Хўжаев). Жамият дастурини Мунаввар қори ёзган. Тошкентда “Шўрои Исломия», «Турон», «Шўрои Уламо» каби ташкилотлар фаолият кўрсатган. Бироқ 1917 йил 17 – 20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойида «Шўрои Исломия» ва «Шўрои Уламо», «Турон» ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан «Иттифоқи муслимин» сиёсий партиясини тузишга келишилди.
Марказий Осиё маърифатпарвар ва жадидчилигининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлса, Тошкент маърифатпарварларининг отаси Мунаввар қори Абдурашидхонов бўлган. «Мунаввар» – сўзи нур олган, нурли деганидир. Туркияда бу сўзни зиёли ўрнида қўллайдилар. «Қори» деб Қуръонни тажвид билан ўқийдиганни айтганлар. У Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳаси Дархон маҳалласида маърифатли бир хонадонда туғилган ва вояга етган. Отаси Абдурашидхон мударрис, онаси Хосиятхон отин бўлган.
Мунаввар онаси қўлида савод чиқарган. Дастлаб Тошкентда Юнусхон мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган. ХИХ асрнинг 90 йиллари охирида жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок эта бошлаган. 1901 йилда Тошкентда биринчилардан бўлиб «усули жадид» мактаби очади. Бу мактаблар учун «Адиби аввал», «Адиби соний» каби алифбо ва хрестоматиялар, «Тавжид ал-Қуръон» («Қуръон қироати»), «Ер юзи» («География») сингари қўлланмалар тузган ва нашр этган.
Мунаввар қори ва унинг мактаби юксак нуфузга эга эди. «Ойина» журналининг 1914 йил сонларидан бирида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Туркистонда олий миллий таълим истиқболи ҳақида берган муштарийларнинг саволига жавоби босилган. Беҳбудий унда Тошкентда Мунаввар қорининг мактабини мана шундай олий таҳсилга замин бўла олиши мумкинлигини айтган.
Мунаввар қори гарчи театр асари ёзмаган бўлсада, Туркистондаги театрчилик ишларининг йўлга қўйилишида Абдулла Авлоний ёнида турган. 1913 йилда тузилган «Турон» жамияти низомида театрчилик ишлари алоҳида таъкидлангани, унинг заминида «Театр» ҳаваскорлари труппаси” ташкил топгани бежиз эмас. 1914 йилнинг 27 февралида Тошкентдаги «Колизей» (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да мана шу труппа томонидан «Падаркуш» драмаси биринчи маротаба саҳнага қўйилган. Томоша олдидан Мунаввар қори театр ва унинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлаган. Матбуотда бу кун «Тарихий кун» деб эълон қилинган. Бу ҳақда Шоир Тавалло шеър ёзган:
Чўҳ мунаввар этти оламни Мунаввар қоримиз, Кўрдимиз равшанлиғидин феълимиз, атворимиз. Ибрат олинг, ёшлар, деб тўқди кўздин ёшлар, Нутқида таҳрир эдуб, бизларни йўқу боримиз. Чун кўнгулдан биз эшитдук, чин-ачиғ айтган сўзи, Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқрормиз.
Тошкентлик маърифатпарварларнинг яна бир вакили Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (1878-1937) – жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, давлат ва сиёсат арбоби, биринчи ўзбек ҳуқуқшуноси ва адвокати. Убайдуллахўжа Асадуллахўжа ўғли (Убайдулла Хўжаев) 1878 йили Тошкент шаҳрида туғилган. У туғилган оила Шайх Хованди Таҳур даҳа, Мерганча маҳаллалик Асадуллахўжа Абдураҳмонхўжа боғбон ва Тўхтабибининг тўрт ўғли ва бир қизи бўлган.
Сирожиддин Аҳмаднинг ёзишича, Асадуллахўжа боғбон учала ўғлининг эскича хат-саводини чиқаргач, рус-тузем мактабига топширади. Ўғилларининг ҳаммаси ҳам мактабни «аъло»га битириб, етук таржимон бўлиб етишадилар. Убайдулла Хўжаев рус-тузем мактабида ўқишни тугатгач, отаси билан бирга ишлади, кейин Тошкент шаҳар 1-участкасининг Мировой судьяси Оранскийга камтарона иш ҳақи эвазига ишга жойлашган. У кейинчалик Тошкент округ судига эркин мирза сифатида жойлашади.
Убайдулла Хўжаев Тошкент округ судида ишлаб, кўп таниш орттирди. Маълумотларга кўра, унга маҳаллий адвокат эътибор бериб, Россияга иш юритувчи сифатида олиб кетган. Бошқа маълумотларга қараганда, Убайдулла Хўжаев Мировой судья Оранский ёрдамида тажриба орттиради ва ўша судья билан Саратовга кетади.
Хўжаев 1908–1912 – йилларда Россиянинг Саратов шаҳридаги юридик институтида таҳсил олди. Убайдулла Хўжаев талабалик йилларидаёқ ўша давр муаммолари ҳақида ўйлай бошлади. У рус ёзувчиси Лев Толстой билан ёзишмалар олиб борган. Саратов шаҳрида ўқиган кезлари Толстой ижоди билан чуқурроқ танишди. Асадуллахўжаев 1909 йилда Толстойнинг «ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик» ҳақидаги ақидасига мухолиф ўлароқ рус адибига ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб юборади ва Толстой жавоб хатини ҳам олади.
Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек матбуотининг илк ташкилотчиларидан бири Убайдуллахўжа Асадуллахўжа ўғли (Убайдулла Хўжаев) 1878 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Рус- тузем мактабини тамомлагач, давлат муассасаларида таржимонлик билан шуғулланган. Кейинчалик Саратов университетининг ҳуқуқшунослик факультетини муваффақият билан тамомлаган. Убайдулла Хўжаев дастлабки ўзбек адвокатларидан бири эди. Ўқишни тугатгач, у Тошкент округ судида адвокат бўлиб хизмат қилади. Ўз атрофига ёшларни тўплаб, «Умид» яширин жамиятини тузди. Кейинчалик бу ташкилот «Тараққийпарвар» деб номланиб, жадидларнинг асосий ташкилотларидан бирига айланди.
Убайдулла Хўжаев доимо халқнинг дарди билан яшади. Шу боис 1916 йилнинг июнь ойидаги рўй берган воқеаларда, яъни мардикорликка олиш тўғрисидаги фармонга Туркистоннинг халқпарвар, онгли ҳуқуқшуноси сифатида қарши чиқди. 1916 йилда «Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси»нинг раиси лавозимида ишлади. Қўмита чор амалдорларининг ўзбошимчаликларини фош қилди. 1916 йил 25 июнь куни қабул қилинган «Мардикорликка жўнатиш ҳақидаги» оқ подшо фармонини бекор қилдириш учун Убайдулла Хўжаев маҳаллий миллатпарвар Миркомил Мирмўминбоев билан бирга Петербургга боради. У Россия империяси давлат думасининг 1916 йилнинг декабрь ойидаги мажлисида, император фармони Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани исботлаб берди.
Россия империяси маҳаллий аҳоли манфаати учун очиқ ишловчи бирорта сиёсий партияга рухсат бермаслигига кўзи етган Убайдулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқалар билан биргаликда «Турон» мусулмон драма санъати ҳаваскорлари иттифоқи низомини тузади. 73 моддадан иборат бу низом драма санъати тўғрисидаги талаблардан ташқари аҳолига маданий-маънавий хизмат кўрсатиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини ошириш масалаларини ҳам ўз ичига қамраб олган эди.
Убайдулла Хўжаев труппанинг ишида қизғин иштирок этади, ҳатто айрим спектаклларни намойиш этиш масаласида кеча ташкилотчиси ва маъмури сифатида қатнашган. «Туркестанские ведомости» газетасининг берган хабарга қараганда, 1914 йил 27 февраль куни Колизей биносида намойиш этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасини саҳналаштириш ва оммага кўрсатиш ташкилотчиси Убайдулла Хўжаев бўлган.
1917 йил февраль инқилобидан кейин у Туркистондаги мустақиллик ва тараққиёт учун миллий ҳаракатнинг фаол раҳнамоларидан бирига айланади. Тошкент «Шўройи исломия» ташкилотига раис, Бутунроссия мусулмон шўросига эса аъзо этиб сайланади. У 1917 йилда бўлиб ўтган барча Туркистон ва Бутунроссия мусулмонлари съездларида иштирок этади. Қўқонда бўлиб ўтган фавқулодда ўлка мусулмонларининг съезди уни Туркистон Мухториятининг Ҳарбий нозири этиб сайлайди. Туркистон Мухторияти тор-мор этилгач, Убайдулла Хўжаев Оренбургга боради ва Бошқирдистон Мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади.
ХИХ аср охири ХХ аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийдир. Адиб 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентда Мерганча маҳалласида дунёга келди. Бобоси Мирнеъматбой асли қўқонлик ўқчи-ёйчилардан эди. Отаси Миравлон ака майда ҳунармандлик-тўқувчилик билан шуғулланган. Пиёнбозорда (ҳозирги Навоий театри майдони), Ярмарка бозорида (ҳозирги Санъат музейи атрофи) бўз ва чит билан савдо қиларди. «Онамнинг оти Фотимадир», — деб ёзади адиб ўз таижимайи ҳолида. Болалиги Миробод маҳалласининг эгри-бугри кўчаларида, кўпчилик қисмини руслар ташкил қилган темир йўл ишчилари болалари орасида кечди. Абдулла 7 ёшдан Ўқчидаги эски мактабда Акромхон домлада савод чиқарган. 1890 йилда шу маҳалладаги мадрасага ўтди. Сўнг Шайхонтоҳурдаги Абдумаликбой мадрасасида Мулла Умар Охунда таҳсил кўрди. Аммо тирикчиликнинг оғирлашуви ўқишга имкон бермаган.
Авлонийнинг ХХ аср бошида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришларидан бири мактаб ўқув ишларида ўзини кўрсата олган. Авлоний бу даврда жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, Тошкентдаги жадидларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб танилди. Авлоний 1904 йилда Мирободда, сўнг Дегрезлиқда (1903–1914) худди шундай янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди.
1909 йилда «Жамияти хайрия» очди ва маҳаллий халқ болаларининг ўқиб билим олиши учун пул йиғиб, мактабларга тарқатди. Бу ҳақда ҳатто, Оренбургдаги «Вақт» газетасида ёзилган. 1913 йилнинг охирида тошкентлик машҳур жадидлар — тараққийпарварларнинг ташаббуси билан «Турон» жамияти тузилган. Унинг муассислари қуйидагилар эди:
- Убайдулла Асадуллаевич Хўжаев (Мерганча).
- Тошпўлатбек Норбўтабеков (Обсерваторская 3).
- Мунаввар қори Абдурашидхонов (Шайхонтоҳур).
- Комилбек Норбеков (Сағбон).
- Мулла Абдулла Авлонов (Сапёрная 26).
- Муҳаммаджон Подшохўжаев (Занжирлик).
- Каттахўжа Бобохўжаев (Қор ёғди).
- Башируллахон Асатиллахўжаев (Мерганча).
- Низомиддин Асомиддинхўжаев (Орқа кўча).
- Каримбек
Жамиятнинг 73 моддалик ушбу русча низомида унинг мақсад- вазифалари қуйидагича белгиланган:
- а) аҳоли ўртасида саҳна ишларига, эзгуликка муҳаббат уйғотиш, жиддий муносабат ўстириш;
- б) халқ учун спектакллар қўйиб бериш ва улар орқали халққа соғлом ҳордиқ бағишлаш;
- д) маънавий ва моддий аҳволини яхшилашга муҳтож бўлган Туркистон ўлкаси доирасидаги мусулмон эътиқодига мансуб кишиларга ёрдам бериш.
Иккинчи бандда жамиятнинг қуйидаги ҳуқуқлари белгиланган: кечалар, концертлар, спектакллар ва шуларга ўрхшаш оммавий томошалар уюштириш; ўз номига клуб, мусиқа курслари, кутубхона ва қироатхона очиш; ўз номига бошланғич мактаблар очиш ва таъминлаш; ҳожатмандларга, шу жумладан, ўқувчиларга моддий ёрдам бериш, уларнинг ўрта ва олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришлари учун стипендиялар таъсис этиш, шунингдек, маориф муассасаларини, расмий, хусусий, ижтимоий – қандай тоифада бўлишидан қатъи назар моддий қўллаб-қувватлаш.
Дарҳақиқат, жамият тошкентлик тараққийпарварларнинг барча фаолларини атрофига тўплади. Унинг заминида театр ҳаваскорлари труппаси ташкил топди. Унинг номида клуб, кутубхона, қироатхона, газета майдонга келди. Театршунос М.Раҳмонов ёзишича, Авлоний бош бўлган театр ҳаваскорлари труппаси 1913 йилнинг охирида 25 кишидан иборат бўлган. Жумладан, уларнинг орасида Илин босмахонаси ишчиси Низомиддин Хўжаев, маорифчилар: Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Самиъқори, Фузайл Жонбоев, Ҳасан қори, хизматчи Бадриддин Аъламов, «приказчик» (иш юритувчи)лар Муҳаммаджон Подшохўжаев, Қудратилла Юнусий, Абдураҳмон Акбаров, Қудратулла Маҳсум кабилар бор эди. 1916 йилда труппага Маннон Уйғур, Сулаймон Хўжаевлар аъзо бўлиб киришган.
Абдулла Авлоний Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийпарварлар билан шерикликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини тузган. «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) газеталарини нашр қилган.
1918 йилда Абдулла Авлоний Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн»нинг ташкилотчиларидан ва унинг биринчи муҳаррирларидан бўлган. У совет даврида турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930–1934 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ТошДУ) кафедрани бошқарди. 1933 йили 7-синф учун ўқиш хрестоматияси тузиб нашр эттирди. Унда 20-30 йиллардаги ўнлаб ўзбек адиблари ҳамда рус, Европа адабиётининг қатор вакиллари ҳақида биографик маълумотлар келтирилган, уларнинг машҳур асарларидан намуналар берилган. Абдулла Авлоний умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиши, педагогик фаолияти, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, тарихнавислиги, илмий фаолиятдаги хизматлари, ўзбек адабиёти ва санъати олдидаги фидойилиги юксак ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.
Хулоса қилиб айтганда, ХИХ асрнинг иккинчи ярмида Европа ва Осиё мамлакатлари ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида рўй берган ўзгаришлар Туркистонга ҳам таъсир қилиб, бу ерда маърифатчилик ривож топа бошлади. Бу жараёнда Тошкентнинг миллий-илғор зиёлиларининг ўрни алоҳида бўлди. Улар орасида Тошкентда биринчи бўлиб, янги усулдаги мактабни, сўнг ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг асоси ҳисобланган олий ўқув юрти – «Туркистон халқ дорилфунуни»ни очган Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳам бор эди. У «Адиби аввал» ва «Адиби соний» дарсликларини ёзган. Айни маҳалда ўзбек тилидаги «Тараққий», «Хуршид», «Кенгаш» газета ва журналларининг ҳам асосчиларидан биридир.
Маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний ҳам халқни маърифатли қилиш учун кўп саъй-ҳаракат қилган. Унинг маънавий тарбияга бағишланган «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асари кўпчилик учун дастурий китоб бўлиб қолди. Убайдулла Асадуллахўжаев Россияда таълим олган биринчи ўзбек ҳуқуқшуноси эди. У ўз вақтида таниқли ёзувчи Лев Толстой билан маданият масалаларини муҳокама қилиб, хат ёзишган. Тошкентлик шоирлар Тавалло, Сидқий Хондайлиқий, Хислат ва халқни маърифатга даъват этган бошқа шоирлар Туркистон ҳаётида муҳим роль ўйнаганлар.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Аҳмедов С. Мунаввар қори Абдурашидхонов танланган асарлари. - Тошкент: Маънавийат, 2003.
- Абдулла Авлоний. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. -Тошкент: Ўқитувчи, 1992.
- Аъзамхўжаев С. Туркистон мухторияти. –Тошкент: Маънавият, 2000.
- Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. -Тошкент: Ғафур Ғулом, 1992.
- Содиқов Ҳ., Шамсутдинов Р., Равшанов П., Усмонов Қ. Туркистон Чор Россияси мустамлакачилиги остида. 2-жилдлик 1-китоб. -Тошкент: Шарқ, 2000.
- Қосимов Б. Абдулла Авлоний Танланган асарлар 2 жилдлик 1-жилд. –Тошкент: Маънавият, 2006.
- Қосимов Б. Абдулла Авлоний Танланган асарлар 2 жилдлик 2-жилд. –Тошкент: Маънавият, 2009.