Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

ТУРКИСТОН ЖАДИДЛАРИНИНГ ДАВЛАТЧИЛИК МАСАЛАСИГА ҚАРАШЛАРИ

ТУРКИСТОН ЖАДИДЛАРИНИНГ ДАВЛАТЧИЛИК МАСАЛАСИГА ҚАРАШЛАРИ

Дилором АЛИМОВА, тарих фанлари доктори, профессор, ЎзР ФА Тарих институти Бош илмий ходими.

Аннотация. Туркистон жадидларининг маърифатчилик босқичидан сиёсий фаолият босқичга ўтиши жараёнлари ёритилган. Бу жараёнда жадидларнинг бўлажак жамият ва давлат ҳақидаги тасаввурлари, шунингдек, Россия давлатчилигида Туркистоннинг ўрни хусусидаги қарашлари давр манбалари ҳамда эсдаликлари асосида ўрганилган. Бундан ташқари Ёш бухороликларнинг давлатчилик борасидаги қарашлари таҳлил қилинган. Умуман олганда, мазкур мақолада ХХ аср бошида Ўрта Осиё ижтимоий-сиёсий ҳаётида жадидларнинг ўрни ва фаолияти ўрганилган.

Калит сўзлар: Жадидлар, М. Беҳбудий, Ф. Хўжаев, У. Хўжаев, «Шўрои Исломия», «Шўройи уламо», «Туркистон Мухторияти», «Ёш бухороликлар», И. Тоболин, «Туркистон мусилмонлар иттифоқи».

Абстраcт. Ин тҳе артиcле тҳере wэре шед тҳе лигҳт тҳе проcэссес оф транситион оф Туркестан жадидс фром тҳе Энлигҳтенмент то тҳе стаге оф политиcал аcтивитй. Он тҳе басис оф тҳе соурcэс анд мемориес оф тҳе период тҳере wэре студиед тҳе жадидс ʼ висион он тҳе футуре соcиетй анд стате, ас wэлл ас тҳеир виеwс он тҳе роле оф Туркестан ин Русциан статеҳоод. Ин аддитион, тҳе виеwс оф Ёунг Букҳарианс он агриcултуре ҳаве беэн аналйзед. Ин генерал, тҳис артиcле эхплорес тҳе роле анд аcтивитиес оф жадидс ин политиcал анд соcиал лифе оф Cэнтрал Ациа ин 20тҳ cэнтурй.

Кей wордс: Жадидс, М. Беҳбуди, Ф. Кҳожаев, У. Кҳожаев, «Шорои Исламия», «Шуройи Улама», «аутономй оф Туркестан», «Ёунг Букҳарианс»,

  1. Тоболин, «Тҳе Туркестан Муслим Унион».

 

Туркистонда ХИХ аср охири ‒ ХХ аср бошидаги ислоҳотчилик ҳаракати мураккаб, кўп қиррали ривожланиш йўлини босиб ўтди. Жадидлар бошқа давлатларнинг тараққиётга эришиш ва ислоҳотлар бўйича тўпланган тажрибаларига таяниб, бу амалиётни ўлкага татбиқ этишга ҳаракат қилишди. Бироқ бу жараён осонлик билан кечмади, чунончи ижтимоий тараққиётга эришиш борасидаги турлича қарашлар ўз навбатида бу заминни зиддиятлар манбаига айлантирган эди. Мустақиллик учун курашнинг бош ғояси ана шундай мураккаб шароитда шаклланди. Жадидлар бўлажак жамият ва давлатни қандай тасаввур қилишган? Уларни қайта қуриш дастурига эга бўлишганми?

Жадидчилик ўз тарихи давомида икки босқичдан ўтган: биринчиси ‒ маърифатчилик босқичи, иккинчиси ‒ сиёсий босқич. Жадидларнинг давлатчилик масаласига доир қарашлари биринчи босқичдаёқ шакллана бошлаган, иккинчи босқичда эса тугал шаклга эга бўлган. Улар ўтмишга назар солиб, жамиятдаги барча салбий жиҳатларни миллий давлатчиликнинг бой берилиши билан боғлашган. Мустамлакачилик тизими Туркистон халқларини ўзлари билмайдиган европача қонунлар асосида яшашга мажбур қилди, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун эса саводли бўлиш зарур. Маҳмудхўжа Беҳбудий саводхон мутахассислар, хусусан, ҳуқуқшунослар Давлат Думаси, судлар ва Туркистондаги рус маъмурияти орқали ҳаракат қилиб миллатига фойда келтириши мумкин эди деган хулосага келади.

Жадидларнинг халқаро алоқалари жуда кенг қамровли бўлган. Улар Россия, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатлардаги жадидчилик ҳаракатларининг дастурлари билан яхши таниш бўлганлар, саёҳатлар ва суҳбатлар воситасида ўзаро тажриба алмашганлар. Россияда 1905‒1906 йилларда юз берган инқилобий воқеалар Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Маҳаллий аҳоли сиёсий онгининг ўсишидан ташвишга тушган империя маъмурияти Туркистон вакилларининг Давлат Думасига киришига таъқиқ қўйди. Шунда жадидлар Бутунроссия мусулмонлари иттифоқи таркибига кириш учун бирлашиш ва ягона мусулмон партиясини тузиш зарур деган хулосага келдилар. «Ҳуррият» газетасида 1906 йил 11 октябрда эълон қилинган мақолада Маҳмудхўжа Беҳбудий фақат шу йўл билан, Россиядаги туркий халқларнинг илғор кучларига таяниб сиёсий ҳуқуқларга эришиш мумкинлиги ҳақида ёзди [1]. Шу ерда социал-демократик партиянинг дастурини мусулмонлар турмуш тарзи учун яроқсиз ва хаёлий деб ҳисоблаб уларга нисбатан салбий муносабатини билдирди.

Столипин реакциясидан кейин жадидлар қонундан ташқари ҳолатга ўтдилар. Тошкент полиция департаментига етказилган хабарга кўра, асосан миллий зиёлилар ва таҳсил олаётган ёшлардан ташкил топган яширин гуруҳлардан бирига ўқитувчи Аҳмаджонов бошчилик қилган. Қўқонда 50 кишидан иборат шунга ўхшаш гуруҳ ташкил этилган. Жадидларнинг Андижондаги жамияти «Тараққийпарвар» деб номланган ва унинг бошлиғи, яширин полиция етказган хабарга кўра, Убайдулла Хўжаев бўлган. Бундан ташқари, 1909‒1916 йилларда подшо охранкаси агент- лари мударрислар ва мактаб муаллимлари ўлкани бошқариш учун ислоҳотлар ўтказиш бўйича тарғибот ишлари олиб бораётганлари ҳақида ҳукуматни бир неча бор огоҳлантиришган [2; 21].

Ўрта Осиё жадидчилигига 1905‒1911 йилларда Туркия ва Эронда юз берган инқилоблар ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Бу мамлакатлар миллий зиёлилари ўз олдиларига монархия ҳокимиятини конституция билан чеклаш ва миллий буржуазиянинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, бунинг учун тегишли шарт-шароитларни яратиш мақсадини қўйганлар. Бироқ уларнинг тажрибаси Туркистон жадидлари томонидан тўғридан- тўғри кўчириб олинмади. Демократик ислоҳотларга эришиш учун мустамлакачиликка қарши Шарқ ва Европадаги кураш тажрибасининг фақат ўлка шароитида қўллаш мумкин бўлган жиҳатларинигина маълум ўзгаришлар билан тадбиқ қилдилар.

Февраль демократик инқилоби арафасида Туркистон жадидлари жиддий сиёсий кучга айланиб улгурганди. Агар Биринчи жаҳон урушидан сўнг жадидлар парламент монархияси учун кураш олиб борган бўлсалар, февраль инқилобидан кейин уларнинг радикал қисми кенг қамровли талабларни илгари сурди, бу талаблар орасида ўлкани бошқаришда маҳаллий аҳоли ваколатларини кенгайтириш, маҳаллий аҳоли сонидан келиб чиқиб Давлат Думасидан жой ажратиш, асосий демократик эркинликлар, авваламбор, миллий матбуот эркинлиги, монархия тузумини конституцион тузумга ўзгартириш ва ҳ.к. бўйича чуқур ислоҳотлар ўтказиш бор эди.

Жадидлар Россия давлатчилигида Туркистоннинг ўрнини қандай тасаввур қилганлар? Бу Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мақоласида яққол ўз ифодасини топган, у ёзади: «Федерация, яъни мухторият, биз, Туркистон мусулмонлари, истаймизким, Русия мамлакатиға ёпишуб туруб, хорижий ва ишларға анинг ила бир бўлиб туриб, дохил ишлар ва тирикчиликларимизни ўзимиз идора этсак, мунинг кайфияти шундай бўлур. Беш областдан иборат Туркистоннинг ҳар бир шаҳар ва уездидан бир неча нафардан киши сайланиб, Тошкандда катта марказ бир мажлисимиз бўлурки, барча олур-солиқ ва минбаъд жорий бўлатургон қонун ва низомномаларни алар тузиб, Туркистонда жорий қиладурлар. Русия ҳукумати ила мусулмонлар орасинда шул мажлис восита бўлур. Туркистон учун ва ҳар вилоят учун сайланган волий ва маъмурларни алар мустаҳкам қиладур. Туркистоннинг тараққий ва инкишофиға алар ҳаракат қиладурлар. Албатта, мазкур вакил ва мабъусларимизнинг кўброқ мусулмонлардан ва озроғи руслардан бўлуб, барча ишлар ҳукм ила ва зўр ила бўлмай, балки машварат, ризолиқ ила бўлур»[3]. Аммо ҳақ-ҳуқуқларга эришиш учун, Маҳмудхўжа Беҳбудий фикрича, миллатидан қатъи назар, ижтимоий курашга фаолроқ киришиш, руслар билан бирлашиб «Туркистон мусулмонлари иттифоқи»ни ташкил этиш, унга ҳар бир уезддан вакил сайлаш керак ‒ эркинлик ва мустақиллик ҳаракатининг илк шартлари шундай. У Россия демократик давлати таркибида мухторият мақомига эришишнинг бош шарти ички ихтилофларни бартараф этиш деб ҳисоблаган. «Баёни ҳақиқат» мақоласида Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ҳақда шундай ёзади: “Биз истаймизки, Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда ўз бошлариға Русияни бир парчаси ҳисобланадурғон Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлис муборровотимиз (парламентаризм) бўлсин. Туркистон мусулмонлари ўз шариат ва одатлариға, ўз закўн ва динлариға мувофиқ тириклик қилсунлар. Туркистон яҳудий ва

... (бошқа) мусулмонлари учун ҳаммаларининг манфаатларини

эътиборга олатурғон қонунлар тузулсин... Агарда биз, Туркистон мусулмонлари, хоҳласакки, дин ва миллатимизни иттифоқ этиб, бу кундан ислоҳотға, иттифоққа қадам қўйсалар, зиёли ва тараққийпарварларимиз, бой ва уламомиз бирлашиб, дин ва миллат ва ватанни ривожи учун хизмат этсак. Агарда биз мухторият ривожини хоҳласак ва русларға ҳурриятдан ва ҳамватанликдан баҳра топмоқчи бўлсак, лозимки, ўзимиздан бора-бора тадрижий суратда... аскарларимиз бўлсун, ул миллий аскарларимизни вазифасини, қиёфат ва шаклини, либос ва тарз маишатини ўзимиз тайин қилурмиз. Мана, бизнинг олдимизға энг катта ишлар турубдур. Агарда ҳаммамиз иттифоқ этиб, «Шўрои ислом» жамиятини ўзимиз учун сиёсий ва мўътабар бир жамият қарор этуб, барча шаҳарларға шуъбаларини очиб, қадим ва жадидимиз бирлашуб истасак, мухториятли ҳурриятга ноил ўлурмиз. Вале ҳозирги Туркистон аҳволиға қараганда, яна биз, мусулмонлар, русларнинг фуқароси ва раияси бўлган ўлкадек, алардан даст ва рижоға қолурмиз” [4].

Кўриниб турибдики, Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий-озодлик ҳаракатининг тарқоқлиги яна бошқарувнинг мустамлакачилик тизимига олиб келишини яхши тушунган. Агар бутун Туркистон халқи бирлашса, қон тўкилмайди. Ер ва мулк ажратилмайди. Тараққиёт жадаллашади. «Минг карра доду бедодки, ихтилоф этмоқ учун иттифоқ этканимиз ва ихтилофимиз сабаб ила бадбахтликға дучор бўлурмиз. Бутун Туркистон иттифоқ этса, 15 миллионлик бир қувват уламоға келурки, мунга ер титрайди» [5].

1917 йилнинг баҳори Туркистон ўлкаси мусулмон аҳолисининг сиёсий жиҳатдан жонланишида кескин ўзгариш даври бўлди. Сиёсат майдонига демократик жараёнларга бошчилик қилишга тайёрлигини билдирган янги кучлар чиқди. Шаклланаётган миллий- демократик кучларнинг негизини аввалги фаолияти давомида бу ролга тайёрланиб улгурган жадидлар ташкил этди. Улар ўлка туб аҳолисининг тараққийси ва мустақиллиги ҳақидаги орзулари рўёбини ўлкадаги демократик инқилоб билан боғлаган ҳолда инқилоб томонидан эълон қилинган принципларни ҳаётга татбиқ этишга фаол киришдилар. Авжига чиққан демократик жараёнларда маҳаллий халқлар сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш февраль инқилобидан кейинги дастлабки кунларданоқ уларнинг сиёсат майдонидаги асосий вазифасига айланди [6]. Туркистонда ушбу ғоялар бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий турган.

Туркистонда миллий сиёсий партия ва уюшмалар юзага кела бошлади, жумладан, 1917 йил мартида жадидлар томонидан «Шўрои исломия» ташкилотига асос солинди. Бироқ улар тез орада Россия Муваққат ҳукумати ҳам, Туркистондаги Муваққат қўмита ҳам аввалгидек мустамлакачилик сиёсатини юритишда давом этаётганини англаб етдилар. Бу Таъсис мажлиси ўтказиш зарурлигини яққол кўрсатиб берди. 1917 йил июнида консерватив кайфиятдаги қисм «Шўрои исломия» таркибидан чиқиб, ўзининг «Шўрои уламо» ташкилотини тузди. 1917 йил августида Туркистон шаҳар думаларига сайловлар бўлиб ўтди. Уларнинг аксариятида «Шўрои исломия» кўпчилик овозга эга бўлди. Тошкент шаҳар думасига ўтказилган сайловда энг кўп ўринни (62) «Шўрои уламо» эгаллади. Большевиклар таъсирини йўқ қилишга уриниб ва миллий ҳаракатни мустаҳкамлаш заруратини англаб етиб тараққийпарварлар иккала ташкилотни «Турк Адами марказияти» деб номланган ягона партияга бирлаштириш ҳақида қарор қабул қилдилар [7; 98].

Таъсис мажлиси чақиришга тайёргарлик даврида ҳаракат мустақиллик учун кураш хусусиятига эга бўлди. Жадидлар мустақиллик ва мухторият учун ҳаёт-мамот жанги вақти келганини англаб мустамлакачиликни жиддий танқид қилишга киришдилар, аввалги конституцион монархия ғоясидан буткул воз кечдилар ва Туркистонга Россия Федератив Демократик Республикаси таркибида миллий-ҳудудий мухторият тақдим этилишини ёқлаб чиқдилар. «Яшасун Қўшма халқ жумҳурияти!»

– 1917 йилдан жадид газеталари «Кенгаш», «Турон», сўнгра туркистонлик федерализм вакилларининг матбуот органи – «Турк эли» газетаси шундай шиор билан нашр этила бошлади. Тараққийпарварларнинг дастурий ҳужжатларида асосий эътибор миллий-ҳудудий мухторият тартиботларини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, Туркистоннинг мустақил ваколатларини рўёбга чиқариш учун чақирилган олий ҳокимият органларини ташкил этиш, ўлканинг бошқармалари ва судларига қаратилди. Тараққийпарварларнинг устувор вазифаси демократик ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланадиган демократик жамиятни шакллантириш эди [8; 98-99]. Ўша йилларда Туркистондаги барча миллат ва элатларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида қонун олдида тенглиги ғоясини илгари суриши уларнинг улкан хизмати бўлган.

Туркистондаги октябрь воқеалари ва ҳокимиятнинг большевиклар томонидан эгалланиши уларнинг олдиларига қўйган мақсадларига эришишига имкон бермади. Шунга қарамай, жадидлар большевиклар ҳукумати томонидан эълон қилинган Миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳақидаги декларацияда эълон қилинган ҳуқуқларидан фойдаланиб, Қўқонда «Туркистон Мухторияти» номли мустақил мухтор республика тузилганини эълон қилдилар. Республика бор-йўғи уч ой яшади ва 1918 йил февралида большевиклар томонидан тор-мор этилди.

Агар маърифатчилик босқичида жадидлар фаолияти Туркистон халқларини бирлаштиришга қаратилган бўлса, 1917‒1918 йилларда Туркистон Мухториятининг муҳим мақсадларидан бири миллий манфаатларни ҳимоя қилиш бўлди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳеч ким ва ҳеч қандай ҳокимият халққа мустақиллик бермаслигини асослаб берди. “Билмоқ керакки: «Ҳақ олинур, берилмайдур!» Ҳар бир миллат ва мамлакат халқи ўзини ҳуқуқи диния ва сиёсиясини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади. Дунё жиҳодгардур. Жиҳод – жаҳд ва жиҳодни шакли ҳар замонда бошқа бўлур... Ҳозир бизни жиҳодимиз фикр, газет ва басират ҳамда иттифоқ ила бўлур. Биз мусулмонлар, хусусан, Туркистон мусулмонлари истаймизки, ҳеч бир киши бизнинг дин ва миллатимизға зулм ва таҳдид қилмасин ва бизни ҳам бошқаларға таҳдид қилмоққа асло фикр ва ниятимиз йўқ” [9].

«Мустақилликка фақат кураш йўли билан эришилади, бунинг учун биз якдил бўлишимиз лозим», ‒ деб ёзади у. Туркистонликлар, шунингдек, европалик халқлар вакилларига мурожаат қилиб, Беҳбудий мухториятни сақлаш учун вақтинча баҳс ва ихтилофлардан тийилиб туришни таклиф этди. Бундан келиб чиқадики, жадидлар дунёқарашида ушбу фикр, аввалгидан фарқли ўлароқ, маърифатчиликдан сиёсийга ўсиб чиқиб улгурган, яъни Туркистон Мухторияти тақдири бевосита Туркистон жамиятидаги якдиллик ва биродарликка боғланган.

Жадидларнинг Туркистондаги давлат қурилиши борасидаги фикрларида ўлканинг иқтисодий тараққиёти масаласи муҳим аҳамиятга эга эди. У.Хўжаевнинг мақолаларидан бири (1915 й.) ўлка зиёлиларининг иқтисодий ҳолати ва унинг хусусиятлари тўғрисида аниқ тасаввур беради. У ўз олдига объектив фикр билдириш мақсадини қўйиб, Қўқон, Андижон, Наманганга ташриф буюрган ва Туркистон мусулмонларининг оғир иқтисодий аҳволига шахсан гувоҳ бўлган. Айниқса, заводлар ва пахта тозалаш саноати европалик миллатлар қўлида тўпланган Қўқон аҳолиси аянчли ҳолатда эди. «Нега бу борада мусулмонлар заиф, ташаббуссиз ва ожиз?» [10] ‒ деб савол қўяди муаллиф. Унинг фикрича, бунинг сабаби одамларнинг меҳнатга муносабатда тиришқоқлик ва ташаббускорлик бўлгандагина мазкур ҳолат ўзгариши мумкинлигини тушунмаганлигидадир.

Андижонда мусулмонлар аҳволи бироз яхши бўлган. Наманган эса, мақола муаллифининг айтишича, маданий тараққиётда анча ортда қолган. Бироқ бу ерда, Убайдулла Хўжаев фикрича, савдо- сотиқ, тадбиркорлик ривожланган, ишлаб чиқариш маҳаллий аҳоли қўлида жамланган ва яхши ҳолатда бўлган. Айни дамда, айрим шаҳарларда маданий ҳаётнинг олдинги қаторларига ёш авлод вакиллари чиқа бошлаган, улар ўзларининг «миллий ва маданий қусурлари»ни англаб, уларни аста-секин бартараф этишга астойдил киришганлар. Убайдулла Хўжаев уларга Тошкент ижодий зиёлиларининг самарали таъсирини таъкидлаб ўтади. Муаллифнинг маданият ва таълимдаги қолоқликни англаш ёшларни фанларни фаол ўзлаштиришга, маърифатчилик фаолияти билан шуғулланишга ундайди деган фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. У. Хўжаев барча жадидлар каби маорифнинг жамиятни ўзгартиришга қодир қудратли куч эканига қатъий ишонган.

Жадидлар яна Туркистон келажаги ҳуқуқий билимларни ўзлаштириш билан чамбарчас боғлиқ деб ҳисоблаганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий «Қонуни Оврупо», «Ҳақ олинур, берилмас!», «Лойиҳа», «Қози ва бийлар ҳақинда лойиҳа» мақолаларида Туркистонда ҳуқуқий соҳадаги ишларнинг абгор ҳолати ҳақида ёзади. У ўлка маъмуриятини ҳуқуқий масалаларни нафақат ҳуқуқий, балки маиший ишларни ҳам кўпинча пора эвазига ҳал этган элликбоши ва қозилар қўлига топшириб қўйгани учун танқид қилади. Беҳбудийнинг таъкидлашича, шариат меъёрлари, эҳтимол, Россия сиёсати ва рус маданиятига тўғри келмас, аммо улар мусулмонларнинг ўзгармас эҳтиёжларига жавоб беради ва ислом ақидаларига кўра чуқур билимга эга бўлиш зарур, шу асосда қонун бузувчиларни, жумладан, шариат асосларини оёқости қиладиган, ўзининг ғаразли мақсадларини кўзлайдиган қозиларни аниқлаш керак.

Бу борадаги чуқур таҳлил уни қозилар суди тизимини бекор қилиш, унинг ўрнига Туркистоннинг бешала вилоятида апелляция комиссияларидан ташкил топган давлат судларини яратиш, округ судлари фаолиятини назорат қилиш учун раис, ўринбосар ва уч нафар суд аъзосидан иборат Олий суд палатаси очиш ҳақидаги фикрга олиб келган [11; 106-107]. У волость сайловларида 20 ёшга тўлган ҳар бир туркистонлик қатнашиши керак деб ҳисоблаган.

Ҳатто, Туркистон Мухторияти мағлубиятга учраганидан кейин ҳам жадидлар Туркистоннинг давлат қурилиши қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапиришни тўхтатмадилар. Бу ерда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1918 йили эълон қилинган ушбу масалага дахлдор жуда муҳим мақоласига эътибор қаратамиз. Мақолада муаллифнинг нафақат давлатчилик асосида ётиши керак бўлган иқтисодий масалалар бўйича қарашлари, балки бу масалаларни большевиклар ҳокимияти қандай ҳал қилаётгани, аслида, қандай ҳал қилиниши лозимлиги борасидаги танқидий фикрлари ўз аксини топган.

Туркистон Мухторияти қулаганидан кейин, 1918 йил июнида Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ғалла, аскарлик, ер ва таъминоти ҳарбия» мақоласини эълон қилади, унда дон таъминоти, қўшинга чақириқ, ҳарбий солиқ, ер ва сувдан фойдаланиш борасидаги қарашлари қисқа-лўнда акс эттирилган.

Тошкентга маориф масаласидаги қурултойда иштирок этиш учун келган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Туркистон компартияси раиси И. Тоболин қабулида бўлади ва ушбу масалалар бўйича ўз фикрларини билдиради. Табиийки, бу йўқ жойдан пайдо бўлиб қолган ғоялар эмас, балки узоқ йиллик маърифатчилик ва сиёсий фаолияти давомида тўпланган (унинг ўзи таъкидлаганидек, 25 йиллик) тажрибасига асосланган қарашлари эди, умуман, бу қарашларда жадидларнинг мазкур масалалар борасидаги фикрлари ўз ифодасини топган.

Ўз таклифларини айтиб у, биринчи навбатда, И.Тоболиннинг диққатини халқнинг маънавий, диний ва бошқа анъаналари билан ҳисоблашишга қаратади. Унинг иқтисодиётнинг айрим масалалари, хусусан, дон масаласидаги қарашлари большевикларникига тамомила зид эди. У озиқ-овқат қўмиталари томонидан доннинг национализация қилинишига бутунлай қарши бўлган. Беҳбудий Туркистоннинг айрим ҳудудларида деҳқонлардан дон бутунлай тортиб олинаётгани ҳақидаги гап-сўзлардан ташвишга тушиб, бу ишга салбий муносабатда эканини билдирган ва масалани ҳал қилиш бўйича дастурини илгари сурган. Унинг таклифлари қуйидагилардан иборат эди: бозор очиқ, нархлар эркин бўлиши керак, вилоят ва уездлардан дон олиб чиқиб кетилишига йўл қўймаслик, хусусий новвойхоналарнинг фаолиятига қўйилган таъқиқлар олиб ташланиши даркор. Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг таклифларини қуйидагича асослаган: «... бозор очиқ бўлсун, аммо вилоят ва уезддан ғалла чиқорилмасун ва омборларнинг ғалла олиши манъ қилинсун. Такса (қатъий баҳо) асло бўлмасун. Фақат ғалла эккан деҳқонлар бир ботмон экилган ердан тўрт пуд ғалла такса юзасиндан берсунларким, бу ҳам аввало дафтар бўлуб, сўнгра берилсун» [2].

Қўшинга олиш масаласида ҳам Беҳбудий ўз нуқтаи назарига эга бўлган. Унинг фикрича, ҳали янги ҳокимиятга кўникмаган аҳолини мажбурлаб қўшинга чақириш зарар келтириши мумкин. Бунинг ўрнига у кўнгиллилар қўшинини тузишни, ҳарбий солиқни бекор қилишни таклиф этади, негаки қимматчилик ва очарчилик халқни хонавайрон қилган. Муаллиф, жумладан, шундай дейди: «... мусулмонлар ҳануз шунга ўрганмаган ва ҳам дохилий фитначилар қора халқнинг фикридан фойдаланиб, эҳтимолки, баъзи бир фитналарға сабаб бўлсалар. Ва ҳам номаълум ва сиёсатдан фикри билкулли нотўғри кишилар қўлиға яроқ ўтуб, эҳтимолки, кутилмаган ёмон ҳодисалар пайдо бўлса. Шунинг учун таклиф қиламанки, то халқ ўрганиб, бир оз аҳвол ўзгаргунча умумий аскар олинмай, кўнгилли тариқинда тарғиб ва ташвиқ билан ҳам халқнинг аҳволиға қараб олинса эди» [1].

Беҳбудий ерларнинг национализация қилинишига қарши чиқиб, статистик таҳлил йўли билан уларнинг ҳолатини аниқлаш зарурлигига эътиборни қаратган ва И.Тоболиндан корхоналар, устахоналар, тегирмонларни национализация қилишни тўхтатиб туришни сўраган [4]. Унинг фикрича, озиқ-овқат развёрсткаси ва ерларнинг национализация қилиниши ҳукумат ва халқ ўртасидаги тўқнашувларга, шунингдек, халқ оммасининг ниҳоятда қашшоқлашишига олиб келиши мумкин. Унинг бу башоратлари кейинроқ ҳақиқий воқеликка айланди. Бироқ ўша пайтда у соддалик билан И.Тоболин бу таклифларга ижобий муносабатда бўлди деб ўйлаган. Унинг бу масалалар борасидаги нуқтаи назари жадидлар иқтисодий концепциясининг бир қисми сифатида большевиклар концепциясига умуман мос келмасди.

Жадидчилик Ўрта Осиёда анча серқирра ҳодиса ҳисобланиб,

Бухоро ва Хивадаги миллий-тараққийпарварлик ҳаракатлари унинг ўзига хос шакли эди. Ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш шакли билан фарқ қилган ҳолда улар мазкур минтақаларда яшаётган халқларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳолати билан боғлиқ бўлган. Файзулла Хўжаев ўтмишда ислом маданияти ривожланган марказлардан бири бўлган Бухорога ҳурмат сақлаган ҳолда бу ерга Европа, хусусан, Россия иқтисодиётининг кириб келиши ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқарганини таъкидлайди [5; 8]. Ўрта асрларга хос анъанавий бошқарув шакли ва турмуш тарзининг сақланганлиги, айни дамда, иқтисодий қарамликнинг кучайиши Бухорони мушкул аҳволга солиб қўйган. Бухоро жамиятининг тараққийпарвар кучлари оғир вазиятдан чиқиш йўлларини қидириш зарурлигини тушуниб етган.

Шу боис Бухоро жадидлари, хусусан, Абдурауф Фитрат асарларида ҳуқуқ, савдо-сотиқ, бошқарув ва маънавий ҳаёт билан боғлиқ масалалар жиддий танқид остига олинган. 

Шунга қарамай, тарих жадидчилик ҳаракати учун ортга йўл йўқлигини кўрсатди: маърифатчилик ва маданиятчиликнинг тор доирасидан бошлаб, кейинчалик у ўз олдига жамиятни ва унинг бошқарув тартибларини ислоҳ қилиш мақсадини қўйган сиёсий ҳаракатга айланди. Жадидчилик Татаристонда «Мусулмон иттифоқи», Туркистонда «Шўрои исломия», Бухорода эса «Ёш бухороликлар» партияларининг шаклланишига имкон берди. Бироқ сиёсий талаблар ушбу партиялар ташкил топганидан кейингина биринчи ўринга чиқа бошлади деб ҳисоблаш хато бўлур эди, улар аввал ҳам илгари сурилган.

Жадид ташкилотлари мақсадларининг кенгайиши ва уларнинг сиёсийлашувига, биринчидан, қанчалик ғайритабиий туюлмасин, амир ҳокимиятининг реакцияси ва унинг ортидан 1914‒1915 йилларда газеталар ва янги усул мактабларининг ёпилиши сабаб бўлди. Иккинчидан, жадидлар сафи хорижда таҳсил олган ва миллий тараққийпарварлик ҳаракатининг Шарқнинг бошқа мамлакатларидаги тажрибаси билан танишган ёшлар орқали тўлиб борди. Улар маданиятчилик билан чекланмасдан, аниқ сиёсий вазифаларни ҳал қилиш, солиқларни қисқартириш, амалдорларнинг ҳокимиятини чеклаш, деҳқонларнинг ҳаётини енгиллаштиришни талаб этиш керак деб ҳисоблашган. Натижада жадидлар икки қарама-қарши гуруҳга: эскича фикрловчилар ва Абдурауф Фитрат бошчилигидаги ёшларга бўлиниб кетди. Улар ўртасида зиддиятлар келиб чиқа бошлади, бу, ўз навбатида, ҳаракатларнинг номувофиқлиги, амир манифестини қўллаб- қувватлаб ўтказилган тинч намойишнинг тарқатиб юборилиши ва кейинчалик «Ёш бухороликлар» партиясига асос солган жадидларга қарши қатағонларнинг бошланишига олиб келди.

Ёш бухороликлар қандай давлат тузишни хоҳлаганлар ва уларнинг давлатчилик борасидаги қарашлари асоси нималардан иборат бўлган?

«Ёш бухороликлар» ўзининг ислоҳотлар дастурига эга бўлиб, унда жадидларнинг давлат қурилиши борасидаги қарашлари умумлашган ҳолда акс этган. Унинг лойиҳаси асосан Абдурауф Фитрат томонидан ишлаб чиқилган ва Марказий қўмита томонидан қабул қилинган. Шуни инобатга олиш керакки, бу дастур жадидларнинг кенг қамровли мақсадларининг фақат бир қисмини ифодалаган. Шунга мувофиқ равишда улар сиёсий вазиятни ҳисобга олиб давлат қурилишининг глобал вазифаларини ёки зўрлик йўли билан бошқарувнинг республика шаклини ўрнатиш мақсадини қўйишмаган. Файзулла Хўжаев ушбу лойиҳани минимал дастур деб атаган, унда «конституция масаласини ҳал қилмай, бошқарувнинг монархия шаклини ўзгартирмай... икки мақсад кўзда тутилган: Бухорода ҳуқуқий давлатчиликни жорий этиш, ўрта асрларга хос шарқона мустабид тузумни Европа намунасидаги маърифатли монархияга алмаштириш ҳамда Бухородаги меҳнаткаш омманинг фаровонлиги ва маданиятини ошириш асосида Бухорони иқтисодий, сиёсий, ҳарбий томондан мустаҳкамлаш» [6; 35]. Давлат бошқаруви соҳасида дастур инқилобий бўлмаган ва амир бошқарувининг ҳуқуқий асосларига деярли дахл қилмаган. Бироқ ички ишлар масаласида Бухорода қатъий маъмурий бўлинишни амалга ошириш, ҳукумат томонидан ҳақ тўланадиган маҳаллий бошқарув органларини таъсис этиш ва бошқарувни марказлаштириш талаб қилинган. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш жуда чекланган доирада кўзда тутилган: фақат ҳокимиятнинг қуйи бўғини ‒ оқсоқоллар халқ томонидан сайланиши керак эди. Адлия ташкилотлари шариат қонунларига таяниши ва руҳоний шахслар қўлида қолиши керак бўлган. Шу билан бирга, ўн кишидан иборат Вазирлар кенгашини яратиш таклиф қилинган, унинг таркибида қуйидаги вазирлар бўлиши керак эди: зироатчилик, вақф ишлари, ҳарбий иш, молия, ички ишлар, адлия, миршаблар, алоқа йўллари, қазув ва қайта ишлаш саноати, маориф, шунингдек, ташқи ишлар вазирлари. Аммо вазирларнинг сайлаб қўйилиши ва уларнинг жавобгарлигига тўхталиб ўтилмаган.

Барибир, мамлакатни иқтисодий ва маданий қайта қуриш масалаларида ёш бухороликлар кўпроқ журъат кўрсатдилар, Бухоро аҳолиси турмушнинг барча соҳалари, айниқса, солиқ сиёсати соҳасида ислоҳотлар ўтказишни таклиф қилдилар, бу ислоҳотлар халқ оммаси аҳволини яхшилашга қаратилганди.

Лойиҳа, жумладан, давлатга ва меҳнаткашларга тегишли ерлардан олинадиган солиқларни камайтириш, аксинча, хусусий бўлган «мулк» ерлари ва давлатники ҳисобланган, аммо амир томонидан хусусий шахсларга бириктириб қўйилган «мулки хирож» ерларининг бир қисмига солиқларни кўпайтиришни кўзда тутган. Обод қилинган, лекин экин экилмаган ерларни солиққа тортиш, ёш бухороликлар фикрича, экин экишдаги зўриқишга ёки ерга ишлов беришга қодир бўлмаган хўжаликларга сотиб юборилишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кўпайтириш, экин ерлари майдонини кенгайтириш ва ер эгалигини интенсивлаштириш, Зарафшон суғориш тизимини тартибга солиш масалаларига ҳам дахл қилинган. Қишлоқ хўжалигини интенсивлаштиришни рағбатлантириш мақсадида қишлоқ хўжалиги кредити ва ишлов беришни механизациялаштириш, яъни Бухорода вилоятларда кўп сонли шохобчаларига эга, мамлакат деҳқончилигини «кўп сонли қишлоқ судхўрларининг ўткир чангалидан қутқариш, шунингдек, Бухорога кўплаб қишлоқ хўжалик машиналарининг олиб келиниши ва деҳқонларга бўлиб берилишига ҳамда деҳқонларни улардан фойдаланишга ўргатишда» [7; 32] ёрдам бериши мумкин бўлган қишлоқ хўжалик банкига асос солиш назарда тутилган.

Ёш бухороликлар дастурида маориф масалалари муҳим ўрин эгаллаган, айни дамда, вақф институтига алоҳида ўрин ажратилган. Бироқ улар маориф ва вақф вазирликлари вазифаларини ажратишмаган ҳамда таълимни ривожлантириш ишида иккинчисини маъқул кўришган.

Ёш бухороликлар, албатта, кучли мустақил давлатнинг бош белгиси қўшин ҳисобланишини яхши тушунишган. Амир қўшинларининг ҳолатини ҳисобга олган ва Европа давлатлари, хусусан, Россиянинг ҳарбий тузилмаси ҳақида тасаввурга эга бўлган ҳолда улар қўшин тузишнинг умумий ҳарбий мажбурият, давлат хазинасидан ҳақ тўланадиган қўмондонлар таркиби учун ҳарбий мактаб яратиш, аскарларни алоҳида либос билан ва минимал ойлик маош билан таъминлашни кўзда тутадиган европача усулини жорий қилиш шарт деб ҳисоблашган. Айни дамда, амир қўшинида кенг қулоч ёйган олий амалдорларнинг қуйи амалдорларга нисбатан бошбошдоқлиги ва бешафқат муносабатига барҳам бериш зарурлиги таъкидланган.

Молия соҳасини кўздан кечириб ёш бухороликлар молия вазирлиги ишини батафсил лойиҳалаштира олмаганлар, фақат у амирнинг шахсий маблағини умумдавлат маблағидан ажратишни, солиқларни тартибга солиш ва аниқ белгилашни, ҳар йили давлат бюджетини эълон қилишни кўзда тутишини қайд этишган, холос. Умуман олганда, камчиликларга қарамай, ёш бухороликларнинг биринчи дастури миллий демократлар томонидан Бухорони тубдан қайта қуриш зарурлигининг тушунилишини ифодалаган ёрқин ҳужжатга айланди. Ёш бухороликларнинг Туркистондаги Марказий бюроси томонидан яратилган иккинчи ҳужжат ундан тубдан фарқ қилган, эндиликда улар амир ҳокимиятини қандай бўлмасин ағдариш ва Туркистон большевиклари ёрдамида ўз ҳокимиятини ўрнатишга қарор қилиб улгуришганди. Ҳужжатнинг асосий қоидалари амирни ағдариш ва аҳоли сонига пропорционал равишда ва умумий сайлов ҳуқуқи асосида шакллантирилган ҳукуматга эга халқ республикасини тузишга қаратилган. Шундан келиб чиқиб мазкур ҳужжат анча сиёсийлашган ва ёш бухороликлар қуришни ният қилган давлат борасидаги аниқ қарашларини акс эттирган.

Туркистондаги қочқинлик йиллари изсиз кетмаганди. Ўлкада мавжуд бўлган сиёсий тизим уларга таъсир қилганди, бу дастурнинг қуйидаги нуқталарида ўз аксини топган: «Партия капиталистик Европа билан ҳар қандай ҳамкорликдан воз кечади, аммо европалик ишчи ва деҳқонлар билан меҳнаткашларни озод этиш борасида ҳамкорликда кураш олиб боради»; «партия бор куч ва воситалар билан Европа империализми ҳукми остидан озод бўлиш учун курашади» [18; 65]. Аввалги дастурдан фарқли ўлароқ, ёш бухороликлар миллий масалага катта аҳамият беришган, партия миллий ва диний низо чиқишига йўл қўймаслиги, бор куч- ғайрати билан «Бухоро Халқ Республикасининг ҳар бир фуқароси ҳуқуқларда бошқалар билан тенг бўлиши, унга тақдим этилган барча ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланиши»га [11] интилиши кўрсатиб ўтилган.

Бухоро жадидларининг ушбу дастурига кўра, ҳуқуқ соҳаси тубдан янгиланиши керак эди. Таъсис мажлиси томонидан ишлаб чиқилган қонунлар «фаолиятига ҳар қандай аралашиш ва бегона кишиларнинг таъсиридан» муҳофаза қилинган судлар томонидан сўзсиз бажарилиши кўзда тутилган. Жиноят судлари икки инстанциядан ташкил топиши керак эди: биринчи инстанция судлари аҳоли томонидан сайланиши, иккинчи инстанция судлари эса биринчи инстанция судлари кўриб чиққан ишларга аниқлик киритиши талаб этиларди. Мазкур дастурда саккиз соатлик иш куни белгиланиши, касаба уюшмаларининг ташкил этилиши, тижорат ва давлат кредитлари масалалари ҳам янгилик эди.

Бундан ташқари, ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлатнинг меҳнатни муҳофаза қилиши, 18 ёшга тўлмаган шахсларни меҳнатга ёллашнинг тақиқланиши, кекса ва меҳнатга лаёқатсиз ишчилар борасида давлат суғуртаси кўзда тутилган [9; 65]. Бироқ ёш бухороликлар ушбу дастурни амалга ошириш усуллари масаласида ягона тўхтамга кела олмадилар. Маълумки, ёш бухороликларнинг «Ёш бухороликлар» партиясининг Турк бюроси томонидан ишлаб чиқилган дастур коммунизм ғояларига зид деб ҳисоблаган коммунистик гуруҳи ҳам мавжуд эди. Гарчи мақсадлари битта ‒ амир ҳокимиятини ағдариш бўлсада, айнан юқорида таъкидланган жиҳат иккала гуруҳнинг бирлашишига тўсқинлик қилди. Коммунистик гуруҳ вакили Орифов «дин ва шариат» сўзлари бирлашиш учун ўтиб бўлмас ғов эканини таъкидлаган [8]. Ёш бухороликлар Турк бюроси раҳбари Ф. Хўжаев мушкулотларни бартараф этишга ва ўз партиясининг мавқеини сақлаб қолишга қанчалик уринмасин, РКП(б) Турк бюросининг қатъий талаби билан қўшилиш юз берди, оқибатда Россия коммунистик партиясининг бир қисми сифатида Бухоро коммунистик партияси ташкил этилди. Шу вақтдан бошлаб февраль инқилобига қадар бўлган позицияда турган жадидларнинг катта қисми сиёсатдан четлашди. Қатағон йилларида улар ҳам совет ҳокимиятига қўшилганлар қаторида жисмонан йўқ қилинди.

Аввал айтиб ўтилганидек, Хива хонлигида жадидчилик ХХ аср бошларида бироз бошқача тарихий шароитларда юзага келган. Бу ерда жадидчилик ҳаракати иккита оқимдан иборат эди. Ўнг оқим ўша пайтда хонликда ривож топган савдо-саноат корхоналари эгалари ва йирик ер эгаларини бирлаштирган. Унга Ислом Хўжа – Асфандиёрхоннинг бош вазири бошчилик қилган. Улар ўз олдиларига хон ҳокимиятини сақлаб қолган ҳолда ижтимоий- иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш орқали бозор муносабатларини ривожлантириш йўлларини кенгайтиришни қўйганлар. Хива жадидчилигининг сўл оқимига майда буржуазия вакиллари, ҳунармандлар, уламолар ва аҳолининг ўрта қатлами кирган. Унинг раҳбари Хива хонлиги шайхулисломи Бобоохун Салимов эди. Бироқ Биринчи жаҳон урушига қадар Хива жадидларининг ягона маркази ва дастурий ҳужжатлари бўлмаган.

Бухорода жадид ҳаракатидан «Ёш бухороликлар» партияси келиб чиққанидек, 1914 йил августида Хивада жадидларнинг сўл оқими томонидан «Ёш хиваликлар» партияси ташкил этилди, унга Полвонниёз ҳожи Юсупов раҳбарлик қилди. Партия ўз дастурига эга бўлиб, унда Хивада конституциявий монархия ўрнатиш ва демократик ўзгаришларни амалга ошириш мақсади қўйилган.

1917 йил 5 апрелда Хива хони Асфандиёр «Ёш хиваликлар» партияси томонидан тайёрланган манифестни имзолашга мажбур бўлди. Унда ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, янги усул (жадид) мактаблари очиш, мамлакатда темир йўллар қуриш, почта ва телеграфни йўлга қўйиш, давлат хазинасини назоратга олиш, амалдорларнинг сайланишини таъминлаш ва уларга маош белгилаш, шунингдек, одамларнинг шариат олдида тенг ҳуқуқлилигини эълон қилиш талаб этилган. Ислоҳотларнинг боришини назорат қилиш учун хон ҳузурида 49 нафар вакилдан иборат назорат органи (Идораи машрутия) тузилди. Давлатни бошқариш учун Хивада хон ҳузурида парламент кўринишидаги Мажлис (раиси Б.Салимов) ва Нозирлар кенгаши (раиси Ҳусайнбек девонбеги Матмуродов) ташкил этилди. Аммо Асфандиёрхон тез орада уларни тарқатиб юборди ва Идораи машрутияни ёпиб қўйди [10; 74-75].

1919 йили «Ёш хиваликлар» партиясининг янги дастури қабул қилинди, 1920 йил 8 февралда у Тошкентдаги «Известия» газетасида эълон қилинди. Унда Хива инқилобий партиясининг яқин келажакдаги вазифалари ифодалаб берилди ва 12 банддан иборат манифест чиқарилди, унда Хивада хон ҳокимиятини ағдариш, хон ва унинг яқинлари мулкини национализация қилиш, йирик мулкдорларнинг ерларини камбағал деҳқонларга бўлиб бериш, хон тузумига барҳам бериш ва халқ-демократик бошқаруви шаклидаги республикага асос солиш режалаштирилган [13; 499]. Хива инқилоби ҳам Бухородаги сценарий бўйича кечди. Хива жадидлари тақдири ҳам Бухоро ва Туркистон жадидлариники билан бир хил бўлди.

Ўзларининг ривожланган давлат барпо этиш борасидаги ғояларини амалга ошириш жараёнида Туркистон, Бухоро ва Хива жадидлари консервативлик, лоқайдлик ва қолоқликка қарши курашга катта эътибор бердилар. Бу вазифаларни ҳал қилишда улар тараққиётнинг ёш ва саводли тарафдорларига таяндилар.

Жадидлар тил ўрганиш, фан-техникани ривожлантиришга алоҳида эътибор бердилар ва ўтмишдаги, бугунги Туркистоннинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олдилар. Жадидлар халқнинг маданиятини халқаро стандартлар даражасига кўтаришни орзу қилганлар, бунинг учун эса ёшларни Европанинг энг яхши ўқув марказларида ўқитиш зарур деб ҳисоблаганлар, зеро, мамлакат келажаги уларнинг қўлида эканини тушунганлар.

Миллий тараққийпарварлар фаолияти ва дастури келажак авлодлар учун жуда ибратли. Шубҳасиз, уларнинг тарихий хизмати шундан иборатки, ўша пайтда етилган ижтимоий вазифаларни эволюцион-ислоҳотчилик ғоялари асосида формацион- институционал ўзгаришлар йўли билан ҳал қилдилар. Аммо, барибир, бошқа партиялар ва ҳаракатлар билан бирлашиш ҳаракатларининг кучсизлиги, Туркистон жадидларининг ўта зиёлилиги, ва аксинча, Бухоро ҳамда Хива жадидларининг сиёсий калтабинлиги, улар таркибидаги ёшларнинг ҳар қандай йўл билан, хусусан, большевиклар ёрдамида ҳокимиятни эгаллашга бўлган интилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Аянчли якун топганига қарамай, жадидлар асос солган миллий-тараққийпарварлик ҳаракати миллий ўзликни англашнинг ўсишига имкон яратди, миллий-озодлик ғоясининг шаклланиши ва ривожланишида муҳим роль ўйнади.

 

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Беҳбудий Хайр ул-умури авсатухо // Хуршид. 1906 й. 11 октябрь.
  2. Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. Тошкент: Маънавият, 2000.
  3. Беҳбудий Ҳақ олинур, берилмас // Ҳуррият. 1917 й. 13 июль.
  4. Беҳбудий Баёни ҳақиқат // Улуғ Туркистон. 1917 й. 12 июнь.
  5. Беҳбудий Туркистон Мухторияти // Ҳуррият. 1917 й. 22 декабрь.
  6. Улуғ 1917 й. 12 июнь.
  7. Қаранг: Агзамходжаев История Туркестанской автономии (Туркистон Мухторияти). С.98.
  8. Агзамходжаев История Туркестанской автономии (Туркистон Мухторияти). С.98-99.
  9. Беҳбудий Баёни ҳақиқат // Улуғ Туркистон. 1917 й. 12 июнь.
  10. Хўжаев Турли ўринлар // Садои Туркистон. 1915 й. 2 февраль.
  11. Беҳбудий Қози ва бийлар ҳақинда лойиҳа // Ойна. 1913. №5. 106-107-бетлар.
  12. Беҳбудий Ғалла, аскарлик, ер ва тазминоти ҳарбия // Меҳнаткашлар товуши. 1918 й. 2 август.
  13. Ходжаев К истории револютсии в Бухаре.Ташкент,1926.