Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

ТУРКИСТОН ЖАДИДЛАРИНИНГ МУХТОРИЯТЧИЛИК ҲАРАКАТЛАРИ

ТУРКИСТОН ЖАДИДЛАРИНИНГ МУХТОРИЯТЧИЛИК ҲАРАКАТЛАРИ

Дилноза ЖАМОЛОВА, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd), Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, катта илмий ходим.

 Аннотация. 1905 йилда бўлиб ўтган воқеалар, рус-япон урушидаги мағлубиятлар Россиянинг мустамлакаси остида бўлган халқларнинг миллий озодлик ҳаракатларини бошлашларига сабаб бўлди. Туркистон жадидлари ҳам истиқлолни тинч йўл билан қўлга киритиш мақсадида мухториятчилик ҳаракатини бошладилар. Ушбу мақолада Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маданий мухторият лойиҳаси, Туркистон мухториятини тузишда жадидларнинг иштироки ҳақида маълумот берилади.

Калит сўзлар: мустамлакачилик, жадидчилик, маданий мухторият, миллий ташкилотлар, вақф, маориф, газета, қурултой.

Абстраcт. Тҳе эвентс оф 1905, тҳе дефеатс оф тҳе Руссо-Жапанесе Wар, cаусед тҳе пеоплес ундер Русциан cолонизатион то лаунч натионал либератион мовементс. Тҳе жадидс оф Туркестан алсо лаунчед а мовемент оф аутономй wитҳ тҳе аим оф пеаcэфул cонқуэст оф Истиқлол. Тҳис артиcле wилл телл абоут тҳе cултурал аутономй прожеcт оф Маҳмудҳажа Беҳбуди, тҳе партиcипатион оф жадидс ин тҳе форматион оф тҳе аутономй оф Туркестан.

Кей wордс: cолониалисм, жадидисм, cултурал аутономй, натионал организатионс, вакф, эдуcатион, неwспапер, cонгресс.

Туркистон ХИХ аср охири – ХХ аср бошида мустамлакачилик сиёсати оқибатида сиёсий, маданий, иқтисодий таназзулга юз тутди. Миллат ойдинлари Россия империяси, кейинчалик унинг вориси большевиклар ҳокимияти истибдодидан қутулиш, миллатни уйғотиш, сиёсий, иқтисодий, маданий тараққиёт сари йўл очиш, халққа зиё тарқатиш мақсадида ислоҳотчилик дастурларини ишлаб чиқдилар. Мустамлакачилик – узлуксиз зўравонлик, таъқиб ва назорат (цензура), зулм ва ҳақсизлик муҳитида кечган мазкур фаолиятда ҳуқуқ масаласи алоҳида аҳамият касб этган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1907 йилда ишлаб чиққан «Туркистон маданий мухторияти» лойиҳаси минтақа халқлари манфаатларининг ифодаси бўлиб, унда давлат ишларини туркий тильда юритиш, миллий идоралар ташкил этиш ва унга туркий миллатга мансуб зиёлилардан аъзолар сайлаш қатъий белгилаб қўйилганди. Россия империяси таркибидаги мустамлака халқлар номидан Давлат думаси ўз билганича иш тутмаслиги, ҳар бир мамлакатнинг табиий, ижтимоий ва маданий шароитларидан келиб чиқиб қонунлар чиқарилиши кераклиги таъкидланди [1; 3-6].

«Туркистон маданий мухторияти» лойиҳасининг биринчи бўлими «Давлат думаси хусусинда» бўлиб, унинг таркибига Туркистон аҳолиси сонига нисбатан вакиллар сайланиши лозимлиги ва улар ўз халқлари номидан иш кўришлари белгилаб қўйилиши кераклиги тавсия қилинди. Лойиҳада «Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идораси»ни тузиш, унинг таркибига туркистонлик саводли, шариат ва замондан хабардор кишиларни (идора раиси ва аъзолари) 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, ушбу вакиллик органи Тошкент шаҳрида жойлашиши белгилаб қўйилди [1; 52-55]. «Туркистон қозилари хусусинда» бўлимида эса, қозилик

ва суд ишларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилди. Қозилар прокуратура идорасига эмас, Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идорасига бўйсуниши ҳамда доимий равишда унинг назорати остида фаолият олиб бориши кераклиги уқтирилди [1; 56].

Маҳмудхўжа Беҳбудий юқорида ташкил этилиши тавсия қилинаётган барча идораларнинг ходимлари олдига идора биносида ўтириб қоғоз тўлдириш эмас, халқ ичида юриб, уларнинг орзу- истакларини амалга ошириш вазифасини қўяди: «Бизни ҳозирги мансабдорларимизни хизмати фақат тўғрилик ва ёмонларни ушлаб тейишли жойиға топшурмоқ, подшоҳлик солиқларини вақтиға йиғиб бермоқ ва халқни тинч сақламоқдан иборатдур. Мундин бошқа хизматни ҳануз аксар миллий маъмурларимиз, яъни мактаб ва мадрасаларни янгидан очилмоқиға, эски ва янги мактаб ва мадрасаларни ва ўқилатурған русий, мусулмоний илм ва фунунни ривож топмоқиға қилинатурган саъй, юрулатурган йўлларни гўё билмайдурлар, ҳукумат ила раият орасиға фавқулодда хизматни кам қиладурлар, замони келса, билсалар ва қилсалар керак ва аммо замон ҳозирги замондур» [2; 226].

Лойиҳада Туркистонда истиқомат қилиб келаётган бошқа дин ва миллат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари белгилаб қўйилди. Маълумки, Турон заминига яшаш учун кириб келган яҳудийлар ва бошқа миллат вакилларидан жон солиғи олинган бўлиб, улар бир қатор чекловларга бўйсунишга мажбур бўлганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда яшаб турган хорижий фуқаролар ва бошқа дин вакиллари ўз урф-одатларига амал қилиб, байрамлари ва анъаналарини ўтказишлари мумкинлиги, аммо шариат қонунларига ҳурматда бўлишлари кераклигини уқтирган [1; 57]. Миллат ойдинининг диний бағрикенглик ташаббуси бугунги кун учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган муҳим масалалардан биридир.

Ушбу лойиҳа «Мулкий маҳкамалар» ташкил этиш бўйича ҳам асосли сабаблар келтирилиб, уларга кенг ваколатлар бериш лозимлиги қайд қилинган. Туркистоннинг иқтисодий асосларидан бири бўлган вақфлар ишларини ташкил этиш ва бошқариш масалалари лойиҳада алоҳида бўлимда белгилаб қўйилган [1; 58]. «Туркистон маданий мухторияти» лойиҳасида маориф ишларини ташкил этиш бўйича ҳам зарур тавсиялар тақдим қилинган. Беҳбудий маориф ишлари ҳар бир мамлакатнинг ўзининг миллий масаласи бўлиб, Россия империясидан таълим соҳасига мустақиллик беришини сўраган. Лойиҳанинг «Умум мактаблар» бўлимида мактаб ва мадрасаларни ҳукумат назоратидан озод қилиш, уларни фаолиятни кузатиб борувчи комиссия ташкил этиш, рус тилини ўқитишни мажбурий қилиб қўймаслик белгилаб қўйилган [1; 59]. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг хусусий таълим ҳақидаги орзулари бугун – орадан бир юз йигирма йил ўтибгина

Янги Ўзбекистонда рўёбга чиқмоқда, хусусий боғчалар, мактаблар ва университетлар ташкил қилинмоқда, уларнинг фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Лойиҳанинг тўққизинчи бўлими «Сув ва ер ишлари»га бағишланган бўлиб, дунёнинг барча ҳудудларида яшовчи мусулмонларга Туркистондан, шунингдек, туркистонликлар ҳам истаган мусулмон давлатларидан ер олиш ҳуқуқига эга бўлишлари белгилаб қўйилган. Туркистон халқи талаб қилмагунча, Туркистонга аҳоли кўчирилмаслиги, ер ва сув ишлари миллий мутахассислар томонидан бошқарилиши кераклиги таъкидланган [1; 59].

Табиийки, Россия империяси ҳукумати бу лойиҳани рад этиб, унинг амалга ошишига йўл бермайди [3; 146-147]. Шундай бўлсада, жадидлар Туркистон мухторияти ғоясидан воз кечмади. Турли сиёсий уюшмалар, жамиятлар тузиш ҳаракатига тушди. Бунинг учун назарий билимга эга бўлиш учун шу соҳа тараққий этган давлатларга бориб тажриба орттиришди. Жумладан, 1911 йили Мунаввар қори дўстлари Абдусамиғ қори Ҳидоятбоев ва Ҳаким Сарисоқовлар билан «Турон» жамияти йўлланмаси билан мухторият асослари, турли ташкилотлар тузиш ишларини ўрганиш учун Финландияга борганлар [4; 44].

1917 йил февралда Россияда мамлакатни 303 йил бошқарган Романовлар сулоласи ҳукмронлиги тугатилгач, ҳокимият халққа демократик тартибларни ўрнатишни ваъда қилган Муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Россияда содир бўлган бу воқеалар унинг мустамлакаси остида бўлган барча халқларнинг ижтимоий- сиёсий жараёнларига ўз таъсирини кўрсатди. Туркистонда ҳам миллий озодликка эришиш, мамлакатни демократик тартибларда бошқариш учун ҳаракатлар бошланди. Бу ҳаракатлар бошида миллат ойдинлари бўлган жадидлар турдилар. Мунаввар қори Абдурашидхонов ўзининг хотираларида: «Жадидлар... февраль инқилобигача Туркистонда мухтор бошқарув масаласини кўтариб чиқа олмаган эди. Бу тўғрида улар ўйлаган ҳам эмас. Уларнинг бутун умиди Россиядаги инқилоб жараёнида маҳаллий аҳолини миллий, диний чеклаш ва жабрланишдан озод қилиш, уларнинг ҳақ- ҳуқуқларини овруполиклар билан тенглаштириш, хилма-хил мактаб ва матбуот ишлари ҳамда турли-туман жамиятлар ташкил этишга кенг имконият яратиб беришга қаратилган эди. Уларнинг энг яхши кўрган шиори: Озодлик, Тенглик ва Адолат бўлган. Февраль инқилобидан кейин жадидлар ўрислар билан биргаликда бир қанча сиёсий масалада йиғилиш ва қурултойлар ўтказишди. Бундан ташқари, улар Кавказ ва Татаристондан келган зиёлилар билан туркистонликларга маданий ёрдам бериш масаласида бир неча марта суҳбатлар ташкил қилдилар. Шу жараёнда маҳаллий зиёлилар миллий мухторият, маҳаллий мухторият, федератив ва демократик жумҳурият ва бошқа мухториятлар ҳақида баҳс юрита бошлади» [5; 51], деб эслайди.

Жадидларнинг миллий мухторият тузиш ғояси 1917 йил 14 мартда ташкил топган «Шўройи Исломия» (Мусулмонлар шўроси) фаолияти даврида расмий тусга кирди [6; 37]. 1917 йил октябрь воқеалари Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик қуриш борасидаги ҳаракатларини янада тезалаштирган. Улар томонидан тайёрланган низом, маромнома каби ҳуқуқий ҳужжатлар Туркистон Мухториятининг расман шаклланишига ғоявий мафкуравий асос бўлиб хизмат қилган. Беҳбудийнинг «Туркистон маданий мухторият лойиҳаси»да қозилик ишларини тартибга солиш, маориф масалаларини ҳал қилишда мухторият талаб қилинган бўлса, 1917 йилда тайёрланган «Шўройи Ислом»нинг Муваққат қонуни, Шоислом Шоаҳмедовнинг «Туркистон федерацияси лойиҳаси», «Турк адами марказият фирқасининг маромномаси»да миллий демократик мухтор давлат бошқарувининг қонун-қоидалари тўла мужассамлаштирилди.

1917 йил 26–28 ноябрда бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойида Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинди. Қурултой жараёнида Миллий Мажлис таркибига Туркистон жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари Убайдулла Хўжаев, Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли, Обиджон Маҳмудов, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқалар киритилган. Ҳукуматнинг дастлабки таркибига Убайдулла Хўжаев ҳарбий вазир, Обиджон Махмудов озиқ-овқат вазири, Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли маориф вазири (1917- йил декабрь) сифатида ҳам киритилиши ҳам жадидларнинг сиёсий жабҳадаги мавқеиларини кўрсатди [7; 11-12].

Миллий давлатчиликнинг қарор топиши биринчи навбатда жадидларни қувонтирди ва улар Ватанлари ҳамда халқларини Мухторият билан табриклаб, уни асраб-авайлашга чақирдилар.

«Ҳуррият» газетасида Абдурауф Фитрат Туркистон Мухториятига энг муносиб ва лойиқ таърифни берди: «Туркистон мухторияти ... Темур ҳоқонининг чин болалари ёнинда, туркистонли тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли (ҳайбатли, буюк), мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман. Туркистон туркининг қони қайнатувчи, имонини юксалтирувчи бир қувват бор эса, ёлғиз шу сўзда бордир: Туркистон Мухторияти. Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруғга бўйсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшрунтурдик, эмгакларимизга ўраб сақладик: Туркистон Мухторияти!» [8].

Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ҳуррият» газетасининг навбатдаги сонида Туркистон Мухторияти остида бутун халқни бирлашишга чақирди: “Большевикларға келгунча, буларнинг асл матлаби мухториятли жумҳуриятдир. Аммо булар дейдиларки, ерлик жумҳурият бўлмасун, яъни ер ва амлок тақдим бўлсин. Мана буларнинг нутқи ихтилофи. Туркистон мухториятчилари дейдиларки, биз ерлик мухторият тилаймиз ва ҳам муни эълон қилдук... Шунда билмоқ керакки, бутун Туркистон халқи иттифоқ этса, қон тўкилмас. Ер ва амлок ҳам тақсим бўлмай қолур. Дин ҳам ривож топур. Минг карра доду бедодки, ихтилоф этмоқ учун иттифоқ этканимиз ва ихтилофимиз сабаби ила бадбахтликға дучор бўлурмиз. Бутун Туркистон иттифоқ этса, 15 миллионлик бир қувват оламга келурки, мунга ер титрайди. Агар сўзимни фаҳмлатолган бўлсам, ўзимни бахтли ҳисоблардим” [9].

Хулоса қилиб айтганда, миллат ойдинлари ҳисобланмиш Туркистон минтақаси жадидлари юз йил олдин етишиб чиққан чинакам мутафаккирлар маърифатпарварлар эди. Улар давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, молия, ер эгалиги, солиқ ва таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун ғоявий ва амалий ҳаракатлар олиб бордилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исъҳоқхон Ибратдек қозилик лавозимида фаолият кўрсатган тараққийпарварлар, Убайдулла Хўжаев, Мунавварқори Абдурашидхонов каби замонавий ҳуқуқий билимларни эгаллаган жадид боболаримиз нафақат маданият ва маърифатни юксалтириш, балки, сиёсий соҳалар, айниқса, қонунчилик, тузукчилик ва давлат тузиш борасида ҳам юксак салоҳиятга эга эдилар. Уларнинг бу борадаги билим ва фаолиятлари уч минг йиллик тарихга эга бўлган миллий давлатчилигимиз тажрибасига таянган эди.

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Проект культурной автономии Туркестана Махмудходжи Бехбуди. Текст. Перевод. Комментарии. Шамсиддин Камолиддин, Тимур Коджаоглу. Saarbrücken: LAP, 2021.
  2. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Самарқанддан мактуб // Танланган асарлар. 1-жилд. -Тошкент. 2021. 226-бет.
  3. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси

// “Жаҳон адабиёти” журнали. 2003. 8-сони. 146 – 147-бетлар.

  1. Абдурашидхонов М. Танланган асарлар. -Тошкент. 44-бет.
  2. Абдурашидхонов М. Хотираларимдан (Жадидчилик тарихидан лавҳалар). -Тошкент. 2001. 51-бет.
  3. Аъзамхўжаев С. Туркистон мухторияти. Миллий демократик давлатчилик қурилиши тажрибаси. Тошкент. 2000. 37-бет.
  4. Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда Миллий Мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. -Тошкент. 2021. 11-12 бетлар.
  5. Фитрат. Мухторият // “Ҳуррият” газетаси. 1917-йил 5-декабр.
  6. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Туркистон Мухторияти // “Ҳуррият” газетаси. 1917 йил 22 декабр.