Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ ҒОЯСИНИНГ МИЛЛИЙ МАТБУОТДА АКС ЭТИШИ

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ ҒОЯСИНИНГ МИЛЛИЙ МАТБУОТДА АКС ЭТИШИ

Муслимбек АЛИЖОНОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими.

Аннотация. Ушбу мақолада жадид тараққийпарварлари томонидан миллий матбуотда эълон қилинган Туркистон Мухторияти тўғрисидаги мақолалари таҳлил этилган.

Калит сўзлар: Туркистон Мухторияти, жадидчилик ҳаракати, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Ғозий Юнус, Ҳидоятулла Алиев, Маннон Рамз, «Қизил Ўзбекистон» газетаси.

Абстраcт. Ин тҳис артиcле, тҳе артиcлес он Туркестан Аутономй ин тҳе натионал пресс бй модерн прогрессивес аре аналйзед.

Кей wордс: Туркестан Аутономй, ресистанcэ мовемент, Маҳмудҳожа Беҳбуди, Абдурауф Фитрат, Гҳази Юнус, Ҳидоятулла Алиев, Маннон Рамз, «Кйзил Узбекистан» неwспапер.

Туркистон Мухторияти ўзининг улуғвор таъсири билан Ўзбекистон тарихида катта из қолдирди. Таъкидлаш лозимки, Туркистон Мухторияти давлатчилик нуқтаи назаридан ўлкада яшаётган барча миллатларнинг мутаносиблиги принциплари, умумдемократик ва кўп минг йиллик қадриятларнинг ўзаро уйғунлиги асосида барпо этилган эди. Туркистон Мухторияти ўз фаолияти давомида аҳолининг иқтисодий эҳтиёжларини қондириш, молия сиёсатини юксалтириш, миллий қўшин тузиш борасида фаол ишларни амалга оширди. Туркистон Мухторияти Совет ҳокимиятидан фарқли ўлароқ, қонуний асосда ташкил этилган ҳолда, ўлкада яшовчи барча инсонларнинг миллатидан ва динидан қатъий назар бирдек ҳуқуқлари эътироф этилган ва кафолатланган давлатчилик наъмунаси эди.

Қайд этиш керакки, ўлка тараққийпарварлари тўла мустақилликни эмас балки автономия шаклига эга бўлган ҳокимият бошқарувини талаб қилишган эди. Бу борада Маҳмудхўжа Беҳбудий «Федерация, яъни Мухторият, биз Туркистон мусулмонлари истаймизким, Русия мамлакатиға ёпишиб туруб, хорижий ишларға анинг ила бир бўлиб туруб, доҳил (ички – М.Алижонов) ишлар ва тирикчиликларимизни ўзимиз идора этсак, мунинг кайфияти шундай бўлур» [6; 2]. Айтиш мумкинки, бу вақтинчалик чора бўлиб, Мухторият сифатида Туркистон куч тўплаб олгач кейинчалик тўла мустақиллик учун ҳам албатта сиёсий ҳаракатлар тараққийпарварлар томонидан амалга оширилган бўлар эди. Қолаверса Беҳбудий ўз мақоласини «Ҳақ олинур, берилмас» деб номлагани ҳам бежиз эмас.

Туркистон Мухториятининг эълон қилиниши ўша давр тараққийпарварларининг барчасини ҳушнуд этди, тўлқинлантирди. Жумладан Абдурауф Фитрат: «Туркистон Мухторияти Темур ҳоқонининг чин болалари ёнида, Туркистоннинг тубжой турклари орасинда бундан муқаддас, бундан суюнчлик бир сўзни борлиғига ишонмайман. Туркистон туркининг қонини, қайнатгувчи, иймонини юксалтиргувчи бир қувват бор эса, ёлғиз шу сўзда бордир: Туркистон Мухторияти» [1; 3], деб ифтиҳор қилди. Бу фикрни «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1926- йил 10 декабрь сонидаги мақоласи билан Маннон Рамз ҳам қўллаб- қувватлайди: «Бундан илгари бўлғон мусулмон қурултойлари бўлсун, Туркистон ва умумий Русия қурултойлари бўлсун, ҳаммаси бир оғиздан деярлик Туркистонға Мухторият олишнинг лозим эканлиги тўғрисида қарор қилғон эдилар. Большевиклар ҳукуматининг бошлиғи Ленин ҳам сўнгги фармонида Русияда яшағон миллатларға, шу жумладан қозоқ, билан Туркистон мусулмонлариға мухтойита эълон қилиб, ўз ишларини ўз қўллариға олиш мумкин эканлигини баён қилди. Шунинг учун бу кун Туркистон қурултойининг Туркистонни Мухториятли деб эълон қилиши халқ ва ҳукумат тилагига ҳилоф эмас эди» [7; 2].

Мухториятнинг эълон қилиниши ўлка зиёлиларини чинакамига тўлқинлантириб юборди. Миллий матбуот Мухториятни олқишловчи шеър ва мақолалар билан тўлди. Шавқий Шахрихоний, Чўлпон, А. Беги, Ҳидоятулла Алиев, Саид Сунчалай, Ҳамза Ҳакимзода, Ғулом Зафарий, Муҳтор Бакр каби зиёлилар матбуот саҳифалари орқали халқни Мухториятнинг ташкил этилиши билан қутлаб, уларни бирликка чақирди. Жумладан Ҳидоятулла Алиев “Туркистонға шеърида:

 

“Кўрмайсанми олдда нурлар сочуб, Чиқди сенинг ботқон қуёшинг…

…Керак сенга бикрак, кучли тўпқа Қаршу туратурғон эрларинг.

Жонин, танин шунга қурбон этуб,

Сақлай турғон эрларинг” [2; 1], деб ёзди.

Яна бир тараққийпарвар адиб Ғозий Юнус ҳам тараққийпарвар зиёлилар қатори Туркистон Мухториятининг ташкил топганлигидан ҳурсанд бўлди ва ўзининг кўплаб мақолаларида қизғин қўллаб-қувватлади. Жумладан, Ғозий Юнус «Ишчилар дунёси» журналида фаол тарзда Туркистон Мухториятининг легитимлигини сақлашга, мустаҳкамлашга чақирди ва ушбу Мухториятнинг ноқонуний тузилганлигига доир фитна назарияларни қатъийян рад этди. Унинг “Тошкент масжиди жомеъинда 5 январь, жума куни «Уламо» жамияти тарафидан катта йиғин бўлиб, Умумтуркистон учун зўр кўнгилсиз воқеа бўлиб ўтди. Тарихда Туркистон учун бир қарор саҳифа очилди” жумлалари билан бошланувчи «Туркистон учун хўрлик» мақоласида, мавжуд вазиятга холисона баҳо беришга ҳаракат қилади [4; 94], шунингдек, масжидда йиғилган уламоларнинг Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш ўрнига, аксинча унга нисбатан ишончсизлик билдирганлигини қаттиқ қоралади. Муаллиф: «Кечагина масжиди жомеъда қарийб икки юз минг бир оғиздан аҳд қилиб, такбир айтиб, йиғлашиб Ҳўқанддағи муваққат ҳукуматга байъат қилиб, керак бўлса жонимиз, молимиз, қонимиз билан ёрдам қилмоққа вада қилуб тарқалиб эдик. Яна иккинчи маротаба муваққат ҳукуматга содиқлигимизни ажнабий миллатларга кўрсатмак учун 13 декабрда ёшу-қари, уламою-ишчи байроқлар кўтариб намойиш ясаб, иккинчи қайтадан муваққат ҳукуматга содқилигимизни изҳор қилдик. Маъал таъассуф орада ҳеч қанча фурсат ўтмасдан муваққат озми-кўпми ишлаб турганидан бир тўда лойқа сувдан балиқ овлайдирган иртижопараст Мухторият душманлари масжиди жомеъда одамлар ўртасида Мухторият хусусинда сўз қўзғотиб, содда халқнинг кўзига бир дона туҳумни етмиш ҳил бўяб кўрсата бошлади. Бечора бизим халқ камоли софдиллиғидан бул жанобларнинг ноҳақ сўзларин ҳақ фаҳмлаб ҳаяжонга келдилар» [3; 6] деб ёзади.

Большевиклар ҳукумати Туркистон Мухториятини ҳарбий куч билан йўқ қилиб ташлашдан олдин халқ ўртасида унинг обръо-эътибори ва легитимлигини парчалашни мақсад қилган эди. Буни албатта кўпчилик давр зиёлилари сингари Ғозий Юнус ҳам чуқур англаган. Шу боисдан ҳам у: «…муҳтарам уламоларимиздан, суюкли ёшларимиздан ўтинамизки, бундан буён ҳар икки тараф ҳам соф бўлиб ҳаракат қилингиз. Уламоларимиз қора халқ бизнинг орқамизда деб Туркистонга уят келтирадирган ишни ишламасунлар. Ёшларимиз ҳам ўз фойда- зарарини ажрата олмаган халқимиз учун кеча-кундуз раҳмат ўрнига лаънат эшитиб, бошдан оёқ куфр печати билан печатланиб, охири ўртада бирор қонли воқеа бўлиб, бадбаҳт Русиянинг аҳволи Аллоҳ сақласун, бизим Туркистон бошига тушмасун деб қўрқамиз» [3; 7], деб ёзган ҳолда, халқни Мухториятни асраб қолиш йўлида ўзаро иҳтилофларни бас қилиб бирлашишга чақирди. Ғозий Юнус қуруқ қоғозда Мухторият деб қўйилгани билан тузилиб қолинмаслигини, бунинг учун Туркистонда яшовчи олти ёшдан олтмиш ёшгача (яъни барча – М.Алижонов) чин дилдан исташи ва бу йўлда жидду-жаҳд қилиши лозимгини урғулаб, халқни давлатчиликка доир масалаларни тинч ва демократик тамойиллар асосида овоз бериш йўли билан ҳал этишга чақиради. Бироқ муаллиф энг аввало ана шу овоз бериш маданиятини шакллантириш лозимлигини қайд этиб, бу борада Туркистон халқининг сиёсий маданияти ўта саёз эканлигини очиқ-ойдин таъкидлайди: “Маданий миллатлар каби қўл кўтарганда масалани ҳал бўлишини билмасмиз, Эшмуҳаммад қўл кўтарса, Тошмуҳаммадбой қўл кўтарадир. Уламо қиёфатида бир киши минбарга чиқиб «Бизларга оқ керак» деса, «Ҳа тақсир оқ керак», агар қора керак деса «Ҳа тақсир, албатта қора керак» деб қичқирадир” [3; 7]. Ғозий Юнус ўзининг юқоридаги сўзлари билан халқнинг ижтимой- сиёсий онгининг қай даражадалиги хусусида ҳам маълумот бермоқдаки, муаллифнинг истаги ким қаёққа етакласа кетаверадиган мавжудотни эмас, балки мавжуд ҳолатни ва тарафларнинг ўзаро даъволарини таҳлил қила оладиган, шундан сўнггина хулоса чиқара оладиган шахслар оммасини (яъни ҳуқуқий онг кенг миқёс отган жамиятни) яратиш нечоғлик зарур эканлигига ишора қилади.

Ғозий Юнуснинг Мухториятни ҳимоя қилиб ёзган мақолаларининг ичида «Диний мажаллада эътиборсизлиқ» фельетони айниқса муҳим ҳисобланади. Ушбу фельетон «Уламо» жамиятининг нашри-афкори бўлмиш «Ал-Изоҳ» журналида Мулла Пирмуҳаммад Аълам имзоси билан эълон қилинган «Баёни ҳақиқат зарифона» номли мақолага раддия ўлароқ ёзилган. Мақола муаллифи бўлмиш Мулла Пирмуҳаммад Аълам ўзининг олдига ҳали турмуш қурмаган ва никоҳсиз ҳомила орттирган аёл келганлигини, унинг бу иши шариатга зид эканлигини, бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини айтиб унга танбеҳ берганлигини ёзади. Аёл кетгач гўёки муаллиф ҳаёлга чўмиб Туркистон Мухторияти ҳам гўёки никоҳсиз (ношаръий) туғилганлигига шама қилади. Ушбу мақола Ғозий Юнусни ҳақли равишда ғазабини келтиради. Шу боисдан ҳам у уламолардек катта жамиятнинг юзи ҳисобланган журналда бундайин савиясиз ва туҳматдан иборат мақолани чоп этилишини қаттиқ қоралайди: “Ақли қосиронамизча Сувал Муқаддар хонимнинг ғайри машруғ бўлган ҳомиласи аълам жанобларининг ўз пушти камарларидан бўлган бўлса керак. Чунки бул киши бирлан донлашиб юрганига ўзларин иқрорларинча ўн ойдан зиёдароқ вақт бўлди. Агарда хонимнинг муддати ҳомиласи тўлуб ўғул туғса исмин Москов съездига бағишлаб «Мулла Мусовот» қўюлса, бул шум қадам агарда ўлмасдан катта бўлса, Тошкентдаги масжид, мозорларни сотиб ақчасиға аълам жаноблариға ўхшаш мусаллас олиб ичиб битурадир” [5; 8]. Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керакки, Пирмуҳаммад Аълам Зулфия отиннинг акаси бўлиб, демак у Ғозий Юнуснинг тоғаси ҳам эди. Яққол кўриниб турибдики, Ғозий Юнус миллат ва Мухторият олдидаги риштани қариндошчилик ришталаридан ҳам кўра баландроқ қадрлаган ҳолда, вазиятда холисона баҳо берган.

Хулоса ўрнида айтганда, жадид тараққийпарварлари Туркистон Мухториятини миллий матбуот орқали қизғин қўллаб-қувватлаб, ёш давлатни асраб қолиш ва легитимлигини мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб борди, Мухторият олдида ўз ечимини кутиб ётган муаммоларни дадил кўтариб чиқиб, жамият ва ҳукумат эътиборини уларга қаратишга ҳаракат қилдилар.

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Фитрат. Муҳторият // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 5 декабрь.
  2. Алиев Туркистонға // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 6 январь.
  3. Ғозий Туркистон учун хўрлик // «Ишчилар дунёси» журнали. 1918 йил 4 январь. – №1.
  4. Ирзаев Туркистон Муҳторияти тарихини ўрганишда муҳим манба. «Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Муҳториятининг ўрни ва роли» мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани матеариаллари. –Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017. –Б. 94.
  5. Ишчи (Ғозий Юнус). Диний мажаллада эътиборсизлиқ // «Ишчилар дунёси» журнали. 1918 йил 1 март. – № 4.
  6. Беҳбудий. Ҳақ олинур берилмас // «Ҳуррият» газетаси. 1917 йил 13 июль.
  7. Маннон Мухторият // «Қизил Ўзбекистон» газетаси. 1926 йил 1 декабрь.