Қаҳрамон РАЖАБОВ, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти бош илмий ходими.
Аннотация. Мақолада Туркистон Мухторияти ҳукуматининг 1918 йил февраль ойида большевиклар ва совет ҳокимияти томонидан зўравонлик билан тугатилиши, Қўқонда амалга оширилган хунрезликлар кўрсатилган. У ўша даврга оид архив ҳужжатлари ва даврий матбуот материаллари асосида ёзилганлиги учун ҳам қимматли маълумотларни беради.
Калит сўзлари: Туркистон Мухторияти, тараққийпарварлар, миллий матбуот, қўрбоши, қизил гвардиячилар, арман дашноқлари, большевиклар, Қўқон қирғини.
Абстраcт. Тҳис счоларлй артиcле пресентс а детаилед инвестигатион инто тҳе форcибле диссолутион оф тҳе Туркестан Мухторият бй тҳе большевикс анд совиет аутҳоритиес ин фебруарй оф 1918, ас wэлл ас тҳе виолент Коган массаcре тҳат энсуэд. Тҳе студй релиес ҳеавилй он примарй доcументс анд cонтемпорарй периодиcал пресс материалс то провиде неw инсигҳтс инто тҳе эвентс оф тҳе тиме. Кей wордс: Говернмент оф Туркестан Мухторият, прогрессиве реформерс, натионал жоурналисм, корбоши, ред гуардс, дашнакс, солшевикс, слаугҳтер.
Туркистон Мухторияти ҳукуматини большевиклар ўзларига катта хавф деб билганлар. Шунинг учун ҳам, Туркистон ўлкаси ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советларининг 1918 йил 19–26 январда Тошкентда бўлган фавқулодда ИВ съездида мухторият ҳукуматига муносабат масаласи асосий саналган эди. Қурултой Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқари ҳолда деб ҳисоблаб, ҳатто, вазирларни қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилган [1; 8; 60-153].
1918 йил 30 январдан Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети Туркистон Мухториятини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборади. Дастлаб Скобелевдан қизил гвардиячилар [Қизил гвардиячилар — большевиклар томонидан Россияда ташкил қилинган қуролли ҳарбий отрядлар. Муваққат ҳукумат даврида большевиклар ҳокимиятни эгаллаш учун 1917 йил баҳори ва ёзида мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида, жумладан, Туркистонда ҳам дастлабки қизил гвардиячилар отрядларини тузишди. Бу отрядлар ишчилардан ташқари қамоқхоналарда сақланаётган турли жиноятчилар, ўғри ва қароқчилардан ташкил қилинган. Большевиклар 1917 йил 25 октябрда Петроградда Муваққат ҳукуматни ағдаришда асосан қизил гвардиячилардан фойдаланишди. Бу пайтда пойтахтда уларнинг сони 20000 – 30000 киши бўлган. Мамлакатда уларнинг миқдори 250000 – 300000 киши эди. Айнан Туркистоннинг Тошкент, Скобелев, Андижон, Перовск, Самарқанд ва бошқа шаҳарларидан юборилган 11 эшелон қизил гвардиячилар отрядлари арман дашноқлари дружиналари билан биргаликда 1918 йил февраль ойида Қўқон қирғинини амалга ошириб, Туркистон Мухторияти ҳукуматини тугатишди.
1918 йил 23 февралда қизил гвардиячи отрядлар асосида совет ҳокимияти томонидан дастлаб Петроградда қизил армия (расмий ҳужжатларда: Ишчи-Деҳқон қизил армияси) тузилди. 1918 йил март ойида қизил гвардиячилар отрядлари тугатилиб, улар қизил армия сафига ўтказилди] отряди 30 январда кечқурун Қўқонга етиб келади. Отряд тўп ва пулемётлар билан қуролланган эди. 31 январдан шаҳарда ҳаёт-мамот жанглари бошланди. Ўша куни соат 15.00 да Қўқон Эски шаҳари илк марта тўплардан ўққа тутилган. Қизил гвардиячилар ва арман дашноқлари дружиналари [Арман дашноқлари дружиналари – «Дашнаксутюн» арман инқилобчи партиясининг аъзоларидан ташкил топган қуролли кучлар. Айнан арман дашноқлари 1918–1919 йилларда Фарғона водийсида қизил армия билан биргаликда тинч аҳолини қирғин қилган ҳамда уларнинг мол-мулкини талаган] янги шаҳар қўрғонида бўлган совет кучлари билан биргаликда ҳужумга ўтган. Уларга қарши
Мухторият ҳукуматининг 400 кишилик аскари (баъзи манбаларда 1000 киши) жангга кирган [Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 12 март].
Большевиклар Скобелевдан ташқари Андижон, Самарқанд, Тошкент, Перовск (ҳозирги Қизилўрда) шаҳарларидан келтирилган қизил гвардиячилар отрядлари ва арман дашноқлари дружиналарини Қўқонга ташлаганлар. Скобелев ҳарбий гуруҳига К. Осипов [Константин Осипов — Тошкентда совет ҳокимиятига қарши кўтарилган ҳарбий исён раҳбари (1919 йил январь). Скобелев уезди ҳарбий комиссари (1917–1918). Туркистон АССР] бошчилик қилган. Совет ҳокимиятининг Мухторият ҳукуматига қарши бошланган дастлабки қуролли тажовузига эса, Қўқон янги шаҳар Совети раиси большевик Ефим Бабушкин [Ефим Бабушкин (1880–1927) – Фарғона водийсида совет ҳокимиятини мажбуран ўрнатишнинг фаол қатнашчиси. Большевиклар партияси аъзоси. 1917 йил августда Петрограддан Қўқонга юборилган. Қўқон Совети раиси (1917–1918). Туркистон Мухторияти ҳукумати ағдариб ташланишида «ташаббус» кўрсатган] раҳбарлик қилган. Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети янги ҳисоб билан 1918 йил 14 февралда (эски ҳисоб билан 1 февралда) Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилади [2; 650-651].
Илк жангда Мухториятнинг тахминан 1000 кишидан иборат миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашганлар. Асосан болта, чўкич, кетмон, ўроқ, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10000 кишига етган. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил гвардиячилар Қўқон шаҳрига қилган ҳужумини мардонавор қайтардилар. 19 февралга ўтар кечаси бу ерга Тошкентдан Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е.Л.Перфилев бошчилигидаги пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11 эшелон қўшин етиб кела бошлади. Умумий қўмондонлик К. Осипов зиммасига юкланади.
Совет қўшинлари Қўқонни уч тарафдан қуршовга олди. Артиллерия тўплари тўлиқ жанговар ҳолатга келтириб қўйилди. Минтақада тинч йўл билан ҳокимиятни тўлиқ қўлга олишга ишонган Туркистон Мухторияти ўзини ҳимоя қилишга етарли даражада тайёр бўлмади. Шунга қарамай, мухториятчилар совет қўшинлари ҳужумини уч кун қайтарди. Улар қўлга тушган нарсалар – таёқ, болта, кетмон, ошпичоқ, тошлар билан қуролланган эди. «Туркистон – туркистонликлар учун!» шиори билан чиққан мухториятчилар муқаддас уруш – ғазовот эълон қилдилар ва вилоятлардан ёрдам кутдилар. Бироқ, афсуски, мухториятчилар бошқа жойлардан етарли даражада ҳарбий ёрдам олган эмаслар [3; 146].
19 февраль куни 10 дан 15 дақиқа ўтганда Кичик Эргашга [Кичик Эргаш [Кичкина Эргаш] (1885–1918) — таниқли қўрбоши, Туркистон Мухторияти ҳукумати раҳбарларидан бири. Туркистон Мухторияти ҳукумати эълон қилингач, Кичик Эргаш Қўқон шаҳри миршаблари бошлиғи лавозимини олади ҳамда унга қўрбоши унвони берилади. Мухторият ҳукуматининг сўнгги кунларида, яъни 1918 йил 18–22 февралда у амалда Туркистон Мухторияти ҳукуматини бошқарди ва унинг ҳарбий кучларига қўмондонлик қилади. Қўқондан жанг билан Бачқир қишлоғига чекинган Кичик Эргаш қўрбоши 1918 йил 27 февралда қизил гвардиячилар ва арман дашноқлари билан бўлган тўқнашувларнинг бирида ўлдирилди. Кичик Эргаш қўрбошини бу пайтда Қўқонда фаолият кўрсатган Катта Эргаш ёки Мулла Эргаш (1882-1921) қўрбоши билан чалкаштирмаслик лозим] юборилган талабнома (ультиматум)да қуролни ташлаб, таслим бўлиш айтилиб, 13:00 гача муддат қўйилган. Кичик Эргашнинг шартларни бажармаслик ҳақидаги жавоби 12:45 да юборилган.
Е. Перфилев барча 12 та замбаракдан Қўқон аҳолиси устига ўт
очишни, шу жумладан, ёндирадиган снарядлардан фойдаланишни буюрди. Тинч аҳолини тўпга тутиш кундуз соат 13:00 да бошланиб, шомгача шаҳарни вайрон этиб ташлади. Аммо шунга қарамай, мухториятчилар таслим бўлмай, ҳар бир бинони, ҳар бир дўконни, ҳар бир карвонсаройни мардларча ҳимоя қилдилар.
Ўша давр архив ҳужжатларида Қўқон шаҳри кимёвий снарядлардан ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлар ҳам бор [4; 60]
[Фарғона вилояти давлат архиви, 121-жамғарма, 1-рўйхат, 89 йиғмажилд, 60-бет]. Қисқаси, ўт-олов ичида қолган шаҳар бутунлай вайрон бўлган, 10000 дан ортиқ қўқонлик аждодларимиз ўлдирилганлар [5; 21-22; 39].
Эртаси куни – 20 февраль тонгида вайрон этилган шаҳарга пиёда қўшинлар ва «Дашнақсутюн» («Иттифоқ») арман миллий инқилобий партияси аъзоси бўлган дашноқларнинг жанговар дружиналари кирди. Улар эски шаҳарга бостириб кириб, ўғирлик ва мусулмон аҳолига зўравонлик қилиш билан шуғулланди. Биринчи навбатда, маълумки, шаҳарлик тинч аҳоли, шунингдек, Қўқондаги беҳисоб ҳунарманд ва майда савдогарларга шикаст етказилди. Эски шаҳардан қишлоқлар сари талпинган қочоқлар оломони Фарғона вилоятининг қўшни уездларидаги ғулғулани кучайтириб юборди. Туркистон Мухторияти ҳукумати 19 февралда ағдарилди, бироқ шаҳарни талаш давом этди. Ўша кунларда Қўқонда тинч аҳолини қамоққа олиш ва отиб ташлаш кучайди. Қўқон аҳолиси ваҳимага тушган ҳолда шаҳарни тарк эта бошлади. Қўқон уч кун машъала бўлиб ёнди. Уйлар, газлама омборлари, нон дўконлари куйиб кул бўлди. Эски шаҳарнинг учдан бири тўлиқ вайрон этилди. Қўқонда даҳшатли манзара ҳосил бўлди. Ҳамма ёқда ўликлар ётарди. Уларнинг бир қисми куйиб кетган. Айрим маълумотларга кўра, шу фожиали воқеалар оқибатида 10000дан зиёд киши ҳалок бўлган.
Совет тузуми бу ваҳшийликни қўрқитиш учун амалга оширди, у Марказнинг розилигисиз «мухторият»ни Туркистонда ҳеч ким ва ҳеч қачон ўзбошимчалик билан барпо этмасин деган мақсадни кўзда тутди [6; 75-76].
Қўқон фожиаларини 1918 йил февраль – март ойларида Тошкент ва бошқа шаҳарларда чиққан миллий газеталар чуқур алам ва қайғу билан ўз саҳифаларида ёритишди. Масалан, «Улуғ Туркистон» газетаси 1918 йил 25 февралда ўз саҳифаларида шундай ёзган эди: “11 кун бутун жон ва танлари ила қарши турғандан сўнг Хўқанддағи Туркистон мухториятининг аскарлари шаҳардан чекинишға мажбур бўлғанлар. Рус шаҳрида, мусулмон шаҳрида тўп ва тўфангдан бик ёмон зарарланған. Большевик ҳукумати тарафидан отилған кучли ва зўр тўплар шаҳарни, билхосса, мусулмон тарафни жуда ёмон хароб қилғанлар. Бу ҳолнинг натижаси ёмон бўлажағи англашилғач, большевик аскарининг бошлиғи Перфилуф Хўқанддан аскарини чиқаришни лозим топқан.
Ҳар икки тарафдан талафот кўп. Лекин, табиий энг кўп талафот кўрмиш қора қўл билан тўп ва тўфангға қарши ҳужум этған мусулмонлардир. Ҳақиқат ҳол ҳозирға очиқ маълум эмас” [7;154-245].
Хусусан, «Улуғ Туркистон» газетасида 1918 йил 6, 9, 12, 14, 19 мартда эълон қилинган «Хўқанд фожиаси» деб номланган таҳририят бош мақоласида Қўқонда большевикларнинг ҳарбий кучлари бўлган қизил гвардиячилар ва арман дашноқлари дружиналари томонидан амалга оширилган бутун фожиалар тарих учун муҳрланган. Газета хабарларига кўра, Қўқонда 1918 йил 30 январда большевиклар Туркистон халқларининг миллий ҳукуматига қарши уруш бошлаганлар.
Бу ҳолат миллий матбуотда қуйидагича кўрсатилади: “Туркистон Мухториятининг Миллат Мажлиси ила Муваққат ҳукумати ўтурған Хўқандда 30 январь ила 10 февраль орасида ғоят қаттиғ ва қонли урушлар бўлди. Ниҳоятида қизил гвардия тўп, пулемет ва тўфанг ила мухторият тарафдори мусулмонларни тору мор келтируб, шаҳарни ўз қўлиға олди...
Хўқанд воқеалари ўйланғандан қиёс қабул бўлмас даражада фожиали бўлған. Ҳозир Хўқанднинг мусулмон тарафида ёнмаған ва зарарланмаған ҳеч бир жой йўқ даражасида экан. Бошда жуда кўп бинолар, жомеъ ва мадрасалар, чорсу ва мағазинлар тўп ва пулеметдан зарарланғанлар. Сўнгидан бир қисм талончилар, билҳосса, арманилар тарафидан талануб ёндирилғанлар. Бир қисм талончилар ҳар ҳовлига от-ароба билан кируб мусулмонларнинг ҳамма мол ва ашёларини тўплаб олуб чиқғанлар. Ичида бўлған жон асарини ҳаммасин ўлдирганлар. Ондан сўнг керосин сепуб ва ёхуд «дори» солуб ўт қўйғанлар. Мана шундан шаҳар шул даражада хароб бўлғанки, ҳатто, байналмилал урушларда ҳам бундай хароблиқ бўлмас экан.
Маълумдирки, Фарғона Туркистоннинг ўзагидир. Оврўпа матбуотида Туркистон пахтаси қиёси ўрнида «Фарғона пахтаси» деб юритилади. Хўқанд ила мана шу бутун Туркистоннинг тимсол мажмуаси бўлған Фарғонанинг марказ шаҳрида, Туркистоннинг энг буюк савдоси ушбу Хўқандда эди. Бунда ўнға яқин банк бор. Бутун Туркистоннинг пахта биржаси бор эди. Шунинг устига Хўқанд шаҳри Туркистоннинг энг тарихий бир шаҳри бўлуб, Туркистоннинг энг сўнгғи хонлари (Худоёрхон) ҳам ушбу Хўқандда бўлмишдир. Мана шул сабаблардан Хўқанд «Туркистоннинг Маскови» аталар эди.
Энди мана шул шаҳарнинг мусулмон тарафидан ёлғиз бир хароба қолди. Рус шаҳри ҳам жуда ёмон зарарланди.
Молия арбобининг ҳисобина кўра, Хўқанднинг бутун зарари уч милярдға борадир” [Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 9 март].
«Улуғ Туркистон» газетаси Қўқон фожиаларини хронологик кетма-кетликда ёритганлиги учун бугунги кунда нодир тарихий манба саналади. Газетада миллий тараққийпарварлардан ташқари бошқа сиёсий кучлар: социалистлар, демократлар, эсерлар, татар мусулмонлари, большевикларнинг бу соҳадаги фикрлари ҳам келтирилади [Газетадаги баъзи хабарларда большевиклар мафкураси сингдириб юборилганлиги учун бу маълумотларга танқидий ёндошмоқ ва улардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак]. Қўқонда 31 январда бошланган шиддатли жанглар эртаси куни – 1 февралда [янги ҳисоб билан 14 февралда] ҳам давом этган. Мухторият кучлари билан қизил гвардиячилар ўртасидаги жангларда мусулмонлар «зўр ғайрат билан сўғишиб, ташаббусни ўз қўлларида сақлаганлар». «2 февралда [янги ҳисоб билан 15 февралда] шаҳарда ёнғинлар бошланған... Ёнғинлар ила бир вақтда таловлар ҳам бошлаған. Қуролли кишилар хусусий қвартираларға босуб кируб... уйдаги ҳамма нарсани талаб олалар экан... Сўғишнинг учинчи кунида мағазинларни талов бошланған. Таловчилар бир нарсада қолдирмасдан олалар экан... 3 февралда шу каби русларнинг ташаббуси ила сулҳ ҳақида музокаралар бошланған. Икки тарафнинг вакиллари Рус-Осиё банк биносида мажлис ясағанлар» [Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 14 март].
30 январдан 4 февралгача бўлган жангларда большевиклар томонида асосан Тошкент ва Скобелевдан келган қизил гвардиячилар ва арман дашноқлари дружиналари бўлган. Бу пайтда Туркистон Мухторияти раҳбарлари ўртасида сиёсий бирдамлик ва ҳарбий куч етишмаган. Бош вазир Мустафо Чўқай ва бошқалар большевиклар билан музокараларга киришган. Большевиклар мухториятчилардан бутун ҳокимиятни Қўқон янги шаҳар Совети ва ҳарбий инқилоб қўмитаси (раиси Бабушкин)га топширишни талаб қилишган. Мустафо Чўқайнинг кейинчалик хорижда ёзган хотираларида таъкидлашича, у большевикларга ўша пайтда шундай жавоб беради: “Большевиклар шаҳарни ўққа тутишни дарҳол тўхтатсалар ва тинч халққа қарши шиддат кўрсатмасликка сўз бериб, бошлиқларини бизнинг Миллий марказимизга топширсалар, мен ўз-ўзимни Қўқон ҳарбий инқилоб қўмитасига «омонат» бўлароқ таслим этишга тайёрман” [8; 48].
1918 йил 18 февралда [эски ҳисоб билан 5 февралда] кечқурун Қўқонга Тошкент ва Самарқанддан юборилган қўшимча ҳарбий кучлар Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Перфилев бошчилигида тўп ва пулемётлар билан етиб келади. Аввал ҳам ёзилганидек, манбаларда уларнинг миқдори 11 эшелон деб кўрсатилган. 19 февралда Қўқон шаҳри учун шиддатли жангларнинг сўнгги иккинчи босқичи бошланган. Газета хабарларига қараганда, «6 февралда [янги ҳисоб билан 19 февралда] рус аскарлари эски шаҳарни тўхтамасдан тўпқа тута бошлағанлар. Тўп ўқидан бошқа пулемёт, милтиқ ҳам қўл гранаталари отқанлар. Бунга қарши мусулмонлар ёлғиз милтиқ илагина жавоб берганлар. Кун ўртасина яқин руслар тажовузга киришуб, эски шаҳарга ўтганлар. Шундай қилиб урушнинг 7-кунидагина большевик аскари эски шаҳарга кира олған» [Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 14 март]. Хуллас, Қўқон мудофааси ўн кунча давом этган бўлса, большевиклар фақат еттинчи куни эски шаҳарга ўта олган.
«Улуғ Туркистон» газетасида ёзилишича, “6 февралда мусулмон аскарлари шаҳар ортига чекинганлар. Шундан сўнг большевик фирқалари монесиз эски Хўқанд кўчаларига кириб, ондағи қочурға улгурмаган тинч сартларни отуб ўлдируб, йўлда учраған бор нарсани ёндируб юрганлар.
6 февралдан еттисина ўтар тунда эски Хўқанд ўт денгизига айлануб, ғоят даҳшатли манзара ҳосил бўлған. Васкресенский, Камитетский, Хўжандский кўчалар, эски шаҳарнинг бозор қисми ёнғин ичида қолған. Паразиневский ном қишлоқда ҳам ёнғинлар бўлған. Бу вақт мусулмонлар ортиқ қаршилиқ кўрсатмаганлар. Балки, мумкин қадар қочуб қутилурға тиришганлар. Эски ҳам янги шаҳарда таловлар бўлуб турған.
7 февраль Хўқанд тарихининг энг даҳшатли кунидан ҳисобланурға теюш... Арманилар айрича «фаолият» кўрсатганлар. Эски шаҳардаги ҳамма мағазинлар, савдо фирмалари, савдо расталари, банклар ҳам озми, кўпми яхшироқ кўринган хусусий қвартираларнинг ҳаммаси таланған. Банк ҳам савдо фирмалариндағи ақча кассалари ва қулф ичидаги ақчалари олинған. Таловчилар талаб олған нарсаларини аробаларға тўплаб вокзалға ёки крепўстга юборилар экан... 8 февралда таловлар давом этган. Эски шаҳарнида, янги шаҳарнида бир текис талағонлар. Бу вақтларда «Ўлтир, буржуйларни! Ҳамма ишда оларғина айбли!» деган сўзларда яхши эшитилган…” [Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси.
1918 йил 19 март].
«Улуғ Туркистон» газетаси чуқур қайғу билан хабар берганидек, «20 февраль (эски ҳисоб билан 7 февраль) куни Ҳўқанд тарихининг энг даҳшатли куни эди. Бунда арманилар айрича фаолият кўрсатганлар…». Газетадаги ушбу мақола «Ҳўқанд – ҳозир ўликлар шаҳри» деган даҳшатли ибора билан тугайди [Ҳўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 8 март].
Туркистон Мухторияти ҳукуматини ҳарбий кучлари оз бўлганлиги ҳамда яхши қуролланмаганлиги учун қизил гвардиячилар ҳужумига дош бера олмаган. Бу пайтда Қўқон шаҳар миршабларининг бошлиғи Кичик Эргаш қўрбоши шаҳар мудофаасини ўз қўлига олган. Большевиклар 19 февралда Туркистон Мухторияти ҳукумати раҳбарларига қуйидагича ультиматум юборган: «1. Мухторият ҳукумати совет ҳокимиятини таниши; 2. Туркистон халқини совет ҳокимиятига бўйсунишга чақириб баённома нашр этиши; 3. Аҳолини қуролсизлантириш, халқ қўлидаги бор қуролларни большевикларга топшириш; 4. Миллий ҳукумат милиция ташкилотини тарқатиши кераклиги» талаб қилинган. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, “Бу пайтда ҳукумат аъзоларидан Миродил (Миродил Мирзааҳмедов), Абдураҳмон Ўрозий (Абдураҳмонбек Ўразаев), Ҳидоятбек Юрғули (Ҳидоятбек Юрали Агаев) ҳамда мен (Мустафо Чўқайнинг ўзи кўзда тутилмоқда – Қ.Р.) Қўқонда эдик... Носирхон тўра Наманганда, Ҳарсфелд (Соломон Герцфелд) Самарқандда, Убайдулло Хўжа (Убайдулла Хўжаев) Ашхобод – Самарқанд йўлида, Обиджон (Обиджон Маҳмудов) Бухорода, Шоаҳмадбек (Ислом Султон Шоаҳмедов) эса Қўқон қўрғони ичида экан, большевиклар қўлига тушиб қолган эдилар” [9; 49] [Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). – Б. 49].
Ҳукумат аъзолари большевикларга қатъий рад жавобини бергач, 19 февраль соат 11 дан 40 дақиқа ўтгач, большевиклар ҳукумат аъзолари ўтирган уйни тўплардан ўққа тутишни бошладилар. Мустафо Чўқайнинг яна эслашича, «Ўқ визиллаши ичида биз Қўқоннинг эски шаҳар кўчалари ичига кириб кетдик. Ўша пайт менинг ёнимда бир полшалик ҳарбий штаб офицери бор эди. Исмини унутиб қўйганман, бу киши аскарий ташкилотимизнинг шуъба мудири эди»[10; 282-345].
Айнан 19–22 февраль кунлари Қўқон шаҳри даҳшатли тарзда тўплардан ўққа тутилди. Шаҳар бутунлай вайрон қилинади. Қўқоннинг ўзида уч кун ичида 10000 кишидан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилади. Қизил гвардиячиларнинг «инқилобий ҳамкори ва сафдоши» бўлган арман дашноқлари Қўқондан ташқари яқин атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда яна 15000 – 20000 мусулмонни ўлдиришади. Хуллас, Қўқонда ҳаёт-мамот кураши 11 кун (30 январь – 9 [22] февраль) давом этади.
Қўқонлик ўзбек совет ёзувчиси ва журналисти Ҳусайн Шамс [Ҳусайн Шамс, Ҳусайн Шамсиддинов (1903–1941) – ўзбек совет ёзувчиси ва журналисти. Қўқон шаҳрида туғилган. 1918 йил февралдаги Қўқон фожиаларининг бевосита шоҳиди. «Ҳуқуқ» (1935) романида Туркистон Мухторияти ҳукуматига қарши большевиклар курашини кўрсатган, бироқ бу роман тугалланмай қолган. Аслини олганда, ёзувчи бу мавзуда роман-трилогия ёзишни мақсад қилган эди. Бу роман илк марта 1959 йили чоп этилган. У социалистик реализм усулида яратилган бўлса ҳам, унда муҳим маълумотлар бор. Ҳусайн Шамс совет давлати томонидан 38 ёшида 1941 йили қатағон қилинган] «Ҳуқуқ» романида ўзи 1918 йил февралда 14-15 ёшлигида бевосита гувоҳ бўлган қонли қирғин даҳшатлари ҳамда Кичик Эргаш қўрбоши ҳамда унинг 30 нафар йигити ўлимини қуйидагича тасвирлайди: “Кичкина Эргаш ўлибди... Кичик Эргаш – Қўқон урушида, шўройи исломчиларнинг ишончли қаҳрамонларидан, халқ тили билан айтганда, у шу урушнинг «ҳазрат Алиси» бўлиб, жонбозлик кўрсатди. Ундан ташқари, қандайдир бир афғон йигити ҳам бир неча еридан ўқ ейишига қарамай, бутун халқ диққатини ўзига жалб қилиб, сўнг дақиқасигача ислом йўлида урушди. Мана шундай қаҳрамонлардан бир нечалари халқни қизиқтириб, баъзан чўчитиб, орқага қайтганларини яна илгарилашга ундаб келган эдилар...
Бутун оломон ҳам бир эди, ўттиз йигити билан Кичик Эргаш ҳам бир эди...
Шаҳар ҳам ёнади. Ҳали ёниб тамом бўлмаган раста, баъзи биноларнинг қуюқ дудлари жуда оҳисталик билан бурқсаб, кечаю кундуз кўк юзини тўсиб туради. Кечагина қизғин ҳаёт қайнаган шаҳар – бугун ўз вайронаси билан сонсиз ўликларни аллалаб, ярадор аламзадалар фарёдини тинглаб ётади...
Ўғлидан, отасидан, онасидан, ака-укасидан, уй-жойидан айрилиб, харобаларда қолган бечораларнинг қалбдан чиққан фиғони юракни эзарди.
Қуюқ қоронғи кеча бўлишига қарамай, билакларига оқ латта ўраб, ҳукуматдан нажот истаб келган одамлар, ўликлар хирмонидан мухториятчиларнинг алдови билан большевикка қарши кетмон, бел кўтариб келган «шаҳид» авлодларини излайдилар...
Борлиқ сўнган. Фақат сарин шабада – ёнғин ва ўликларнинг сассиқ ҳидларини ўзи билан эргаштириб, вайроналар устида ўйнайди...
Ўликлар танасидан сизилиб оққан қонлар, йўлнинг ўнқир- чўнқирларига тўлиб, кичкина «қон кўлчалари» ҳосил қилганлар. Бу «кўлчалар» эса, баъзан йилтиллаб, баъзан ўпка сингари қотиб, билқиллаб турардилар. Ўликларнинг башаралари сап-сариқ шишган, кесилган аъзолар ҳар одимда учрайди. Баъзиларнинг кўзлари очиқ, нурсиз бақрайганлар, улар худди сополдан ясалган каби хира, нурсиз, қўрқинчли эди. Кечагина душман томондан ўтга тутилган кичкина бозорчада, ёнғиндан қочиб қутула олмаган кишиларнинг қоп-қора кўмирга айланиб кетган гавдалари бурдаланиб, баъзан тарашадай қотиб ётади” [11; 468 – 469, 475 – 477].
Совет режимининг қатағони авжига чиққан ХХ аср 30 йиллари ўрталарида бу мавзуда тарихий роман ёзиб, унга «Ҳуқуқ» деб ном берилиши жуда катта мазмун ва моҳият касб этади. Қўқонлик адиб ўз асарида миллат тараққийпарварлари ва мухториятчиларнинг ўзбек халқининг мустақил давлат тузиш йўлидаги ҳуқуқини ҳамда бу курашда қурбон бўлган «қора халқ» вакилларини шундай тасвирлайди. У совет ёзувчиси сифатида ўз романида бу «шаҳидлар»ни «мухториятчиларнинг алдови билан большевикка қарши» курашган деб ёзишга мажбур бўлган эди. Ҳолбуки, қўқонликлар юрак амри билан большевикларга қарши жангга киришган. Энг муҳими, «Улуғ Туркистон» саҳифаларида 1918 йил март ойида Қўқон фожиасининг ҳақиқати тарихий манба сифатида муҳрланган бўлса, Ҳусайн Шамснинг «Ҳуқуқ» романида бу фожиа тарихий ҳақиқатдан бадиий ҳақиқат даражасига кўтарилган.
Ниҳоят, 1918 йил 22 февралда Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган «тинчлик шартномаси» имзоланиб, унинг иккинчи моддасида «Аҳоли ўлка Халқ Комиссарлари Совети ҳокимияти ва барча маҳаллий совет ташкилотларини тан олади», деб ёзилган эди. Ҳа, ўққа тутилган, ўлдирилган, таланган ва таҳқир этилган қўқонликларнинг тирик қолган қисми совет ҳокимиятини расмий равишда тан олишга мажбур бўлганди [12; 17 – 40].
Қўқон қирғини ва Туркистон Мухторияти ҳукуматининг фожиали тугатилиши «Улуғ Туркистон» газетасидан ташқари 1918 йил февраль – май ойларида чиққан барча миллий газеталарда чуқур таассуб билан ёритилган эди. Ушбу мақолаларда большевиклар ва арман дашноқларининг мусулмонларга қарши ваҳшиёна сиёсати очиқ кўрсатилади. Масалан, қўқонлик Юсуф Халил ўзининг «Хўқанднинг ҳалокати» мақоласида шундай ёзади: “Хўжанд кўчасининг икки тарафида тамом ёниб битган. Пиён бозоридаги маданий муассасалар: аптека, типография, банклар, отеллар, нотариус контури, амбулатория кабилар ерлар орасида кулга айланган. Эски шаҳардаги банклар, мағазинлар, савдо тижорат контурлари, Муваққат ҳукумат идораси, Шўройи Исломия биноси, Муваққат госпиталлар, умумий қироатхона, таълим маориф идораси, Ғайрат ширкати матбааси, дорулмуаллимин биноси, рушдий ва ибтидоий мактаблар ва буюк мануфактура омборлари, бозордағи бутун дўконлар, 11 ҳовли, 37 масжид, 19 мадраса ёнуб йўқға чиққан ва таланған. Руслар ила аралаш ўтирған мусулмон оилалари арманилар қиличи билан сўйилған. Хўжанд ҳудудидаги «Қароқчиқум» деган бекатдан «Олтиариқ» (Ванновская) бекатига қадар 118 чақирим ерда бўлған қишлоқлардағи мусулмонларнинг кўписи арманилар тарафидан ўлдирилуб, талануб, уйларига ўт қўйилиб хароб этилган. Жодидан кесилиб икки-учга бўлиниб ўлдирилган мусулмон хотун ва болаларининг вафотидан ташқари, бокираларнинг асир этиб ички Русияга томон узатилиши, маъсумаларнинг ҳисоби ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина маълум. Самара, Оренбурғ ва бошқа қишлоқлардан келуб таловчи рус эр-хотинларида ҳисобсиз бўлди.
8 кунга қадар вагонлаб нарсалар узатилди. Ҳозирда ҳам шунга яқин ҳоллар давом этмоқда. Милтиқли салдатлар уйма-уй юруб ўлум билан қўрқитуб ақча олуб чиқадилар. Шаҳар ва қишлоқларда бутун давлатлари талануб, ўзи отуб ўлдирилган бойларнинг ҳам сони кўпгина. Бутун завудлар, керак мусулмонларники ва керак бошқа миллатларники бўлсун большевиклар тарафидан қўлға олинди. Шаҳар ичида қайси уйнинг хўжаси йўқ бўлса, рабучий руслар тарафидан ишғол этилдилар. Таланған бечораларнинг ҳолига эътибор этувчи киши йўқ. Отлиқ большевиклар ўрамларда учраған мусулмонларни милтиқ ва қамчилар билан калтаклаб ўтмоқда. Вагонларда юрувчи мусулмонларнинг чеккан азобини Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига кўрсатмасун” [Юсуф Халил. Хўқанднинг ҳалокати // «Улуғ Туркистон» газтеаси. 1918 йил 2 апрель].
«Ишчилар дунёси» [«Ишчилар дунёси» — Тошкентда 1918- йил январдан май ойигача чиққан журнал. Маҳаллий ишчилар томонидан 6 та сони чоп этилган. Таҳрир ҳайъати орқали Ҳасан Халилий муҳаррирлик қилган] журналида 1918 йил январда эълон қилинган «Туркистон учун ҳурлик» мақоласида кўрсатилишича, уламолар мухториятни қўллаб-қувватламаган, яъни «уламоларимиз мухториятнинг фойдасиға ҳеч ишламадилар» [13; 2-4].
Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса ҳам, у эрксевар бобо-момоларимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этганди. Мухтор ҳукуматнинг зўрлик билан шафқатсизларча ағдарилиши туркистонликлар томонидан совет Россиясининг Туркистонга нисбатан тажовузкор режалари борлигининг яна бир далили сифатида қабул қилинган. Туркистонликлар тинч йўл (парламент) билан миллий давлатчиликни тиклаш мумкин эмаслигини англаб, 1918 йил февраль ойининг охирида қўлларига қурол олган ҳолатда Туркистонда совет режими ва большевикларга қарши қуролли ҳаракатни бошлаб юборадилар. Совет даврида «босмачилик» ҳаракати деб қораланган туркистонликларнинг мазкур миллий озодлик кураши тарихга истиқлолчилик ҳаракати сифатида кирган.
Туркистон ишчи, аскар ва деҳқон депутатларининг 1918 йил 30 апрелда Тошкентда ўтган В съездида РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (баъзи манбаларда Россия Федерациясининг Туркистон Совет Республикаси) тузилгани эълон қилинади [14; 47-48]. Совет ҳокимияти шу тариқа гўёки туркистонликларга совет автономияси бошқарувидаги «миллий давлатчилик» ва «мухторият»ни бергандек.
ХХ аср 30 йилларида совет режими Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирлари, Миллат Мажлиси аъзолари ва мухториятчилик ҳаракатининг барча қатнашчиларидан тирик қолганларини қатағон қилди ҳамда ўлдириб юборди.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти вазирлари ҳамда Миллий Мажлис аъзолари ҳаёти ва тақдири. – Тошкент: Бодомзор инвест, 2021.
- Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» 1918 йил 12 март.
- Аъзамхўжаев С., Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти // Ўзбекистон миллий 8-жилд. Тошкент: ЎзМE Давлат илмий нашриёти, 2004.
- Аъзамхўжаев С., Туркистон Мухторияти: миллий-демократик давлатчилик қурилиши тажрибаси. – Тошкент: Маънавият, 2000.
- Фарғона вилояти давлат архиви, 121-жамғарма, 1-рўйхат, 89 йиғма жилд.
- Раджабов К.К. Истиклолчилик харакати в Ферганской долине: сущност и основные этапы развития (1918–1924 гг.). Автореферат диссертатсии кандидата исторических Ташкент. 1995. С. 21 –22; Он же. Вооруженное движение в Туркестанском крае против советского режима (1918–1924 гг.). Автореферат диссертатсии доктора исторических наук. Ташкент. 2005.
- Ўзбекистон тарихи (1917–1991 й.). Иккита китоб. Биринчи китоб. 1917–1939 йиллар. Масъул муҳаррирлар: Р.Абдуллаев, М.Рахимов, Қ.Ражабов. – Тошкент: Ўзбекистон, 2019.
- Азамат Зиё. Миллий матбуот Туркистон Мухторияти ҳақида // «Ўзбекистон тарихи журнали». №4. – Б. 154-245; Туркистон Мухторияти- нинг фожиаси // «Улуғ Туркистон» газетаси. 1918 йил 25 февраль.
- Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» 1918 йил 9 март.
- Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). Тошкент: Ғафур Ғулом нашриёти,
- Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» 1918 йил 14 март.
- Хўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» 1918 йил 19 март.
- Ҳўқанд фожиаси // «Улуғ Туркистон» 1918 йил 8 март.
- Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари).
- Мустафа Cокай. 1917 йили Ҳатира парcалари. Парис – Берлин, 1937; Мустафа Шығармаларынын толық жинағы. 12 томдық. Том ИХ. Алматы: Дайк-Пресс, 2014.
- Ҳусайн Шамс. Ҳуқуқ // Танланган асарлар. Тошкент: Ўзадабийнашр, 1959.
- Ражабов Қ. Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917 – 1991). Тошкент: Фан, 2022.
- Юсуф Халил. Хўқанднинг ҳалокати // «Улуғ Туркистон» газтеаси. 1918 йил 2 апрель.
- Туркистон учун ҳурлик // «Ишчилар дунёси» журнали. 1918 йил 18 январь. 2-сон.
- Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи (1917–1924 й.). – Тошкент: Университет, 2000.