Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР

Рустам ШАМСУТДИНОВ, тарих фанлари доктори, профессор, Андижон Давлат Университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори.

Ассалому алайкум, ҳурматли конференция иштирокчилари! Ҳақиқатан ҳам Туркистон Мухторияти аъзоларини ва Туркистон Мухториятининг қилган ишларини, унинг фожеасини ўрганиш  мустақиллик  учун  курашнинг  дастлабки,  биринчи қадамларини ўрганиш билан баробардир.

Мана шу Туркистон Мухториятини илмий анжуман объекти қилиб олинганлиги ниҳоятда муҳим ва долзарб масаладир. Гарчанд Туркистон Мухторияти ҳақида диссертациялар ёзилган бўлсин, гарчанд Ўзбекистон тарихидан дарслик, ўқув қўлланмаларига Туркистон Мухториятига оид материаллар киритилган бўлсин, газеталар ва журналларда маълумотлар берилган бўлишига қарамасдан, ҳали ҳануз Туркистон Мухториятини тўлақонли режа асосида чуқур, атрофлича, кенг маънода ўрганиш зарурият бўлиб қолмоқда.

Биз тарихчилар, мана мустақиллигимизга 31 йил бўляпти, ана шу мустақиллик учун дастлабки пойдевор қўйилган Туркистон Мухториятини қандай бўлса, шундайлигича ўрганганимиз йўқ. Тўғри, Туркистон Мухториятини ўрганишда дастлаб илгари қилинган ишларни докторлик диссертацияси, монография қилиб Агзамходжаев Саидакбар катта иш қилди. Бу монографияда хорижий ва миллий тильдаги архив материаллари, араб ёзувидаги ҳужжатларни илк бора илмий истеъмолга киритди.

Бир нарсани айтиш керакки, Парижда Париж коммунаси ўрнатилди. Пролетар диктатураси эди, у. Ҳозир музейи бор. Ҳамма

 

жойлардан келганлар бутун Париж коммунасига оид нарсаларни кўради, томоша қилади.

Лекин Туркистон Мухторияти пролетариат диктатураси эмас эди. Миллий демократик давлат эди. Биз ана шу Миллий демократик давлатимизни ҳануз қадрига етганимиз йўқ.

Ўйлаб кўринглар, Туркистон Мухторияти Қўқонда ташкил топди. Чунки Тошкентда иложи йўқ эди. Бошқа жойда иложи йўқ эди.

Энди жадидчилик ҳаракатининг миллий таркибини олайлик, кимлар улар: ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, қозоқлар, туркманлар ва бошқалар эди. Жадидчилик ҳаракати интернационал таркибда бўлган, тўғрими? Шунинг учун Мухториятни ташкил қилиш билан боғлиқ жараёнда ҳамма миллатлар бирга фаолият олиб борган. Иш юритиш тили нима учун рус тили бўлди? Ўша вақтда чор мустамлакачилари бизни миллий тоифаларга бўлиб туриб, рус тилида иш олиб борганку. Ўзбек, қозоқ, тожик тилларида иш олиб боришга йўл қўйилмаган эди.

Жадидчиларнинг энг катта ютуғи шундаки, улар мана шу Туркистон муҳитидаги бутун миллатларнинг манфаатини ўйлаб туриб, мустамлакачиларнинг тили бўлса ҳам, рус тилида иш юритган. Бу ижобий қарор, реакцион, салбий эмас бу.

Жадидлар бутун рус манбаларини ўрганган. Шунинг учун биз уларга рус тилида иш юритган, деб таъна қилмаслигимиз керак. Агар ўзбек тилида қилинганда, қозоқлар хафа бўларди, тожиклар хафа бўларди, қирғизлар хафа бўларди... ва бошқа миллатлар.

Туркистон Мухторияти бутун ҳужжатларини рус тилида тузган, деб айтиш, мутлақо тарихийликка зид ҳисобланади. Бу ҳолатни ўша давр нуқтаи-назарида ўйлаб кўриш, тасаввур қилиш керак бўлади.

Яна бир масала: Туркистон Мухториятининг маъно, мазмун- моҳиятини билишдан олдин, ўша жадидчилик ҳаракати яратган маромнома, низомномани билиш керак. Бу ҳужжат Конституция характерига эга бўлган.

 

Ана ўша ҳужжатни ким яратган? 12 киши эди улар. Миллий таркиби ҳам ҳар хил эди, уларнинг. Мана шу ўн икки шахсни биз ҳаммасини тўлалигича ўрганганимиз йўқ. Улар ёзган маромнома, низомноманинг ҳам қандай асосларга таяниб ёзилганлиги, мазмун- моҳиятини ҳам ҳозиргача тўлиқ таҳлил қилганимиз йўқ.

Туркистон Мухторияти ўша конституция даражасидаги ҳужжат асосида бўлдику?!

Яна битта нарсани айтиш керак. Совет даврида биз буржуа тарихчиларига қарши курашга ҳаддан ташқари берилиб кетган эдик. Ҳар қандай диссертацияга буржуа тарихчиларининг қарашларини танқид қилиш масаласи қўйилган эди. Шунга буюртма, талаб бўлган. Ваҳоланки, буржуа тарихчилари, биз кейин биляпмиз, бор ҳақиқатларни айтган.

Ватан хоинлари деб Вали Қаюмхонов, Боймирза Ҳайит, бошқа-бошқаларни, ўзимизнинг миллатдошларимизни, ҳаммасини танқид қилдик. Лекин уларга қарасак, улар Туркистон Мухторияти хақида яхши, тўғри, ҳаққоний фикрларни айтганку. Мана шулардан биттаси доктор Боймирза Ҳайит. Ўзбек, фарғоналик, наманганлик. Жуда катта, кўп китоблар ёзган.

Мана «Босмачилар. Туркистон миллий кураши» номли китоби шулар жумласидандир. Бу китоб аввал немис тилида, кейин турк тилида чиқарилган.

Шу китобни 1996–1997 йиллар олиши билан менга берган. Ўша вақтларда таржима қилишга киришган эдим. Лекин айрим сабаблар билан тўхтаб қолган. Шундан кейин бу китоб турк тилидан ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр қилдик.

Бу китобнинг мундарижасида Туркистон Мухторияти масаласи алоҳида қўйилмоқда. Туркистонликларнинг мақсадлари, русларнинг муносабати масалалари ёритилган. Эътибор беринглар, Боймирза Ҳайит ана шу совет манбалари, архивларига кириши мумкин бўлмаган бўлса ҳам, турли йўллар билан материалларни олишга ва китоб ёзишга муваффақ бўлган.

Мен бу китобни мамнуният билан Саидакбар Агзамходжаевга совға қиламан. Шу билан бирга «Водийнома» журналининг ҳам

30-сонини тақдим қиламан. Бу журнал саҳифаларида Туркистон Мухториятининг ҳали очилмаган қирраларига бағишланган мақолалар эълон қилиниб келинмоқда.

Биз 2020 йилда Қўқонда Туркистон Мухториятига бағишланган конференция ўтказганимизда, мен бир таклифни киритган эдим. Туркистон Мухторияти 3 кун йиғилиш қилган, ўша бино Қўқонда бор, ҳозир ҳам. Шу ерда улар мажлис қилишган, намоз ўқишган ва бошқалар. Мен бизнинг биринчи, кўп миллатли давлатимиз бўлган Туркистон Мухториятининг музейини қилишимиз кераклигини таъкидлаган эдим. Чунки, бутун Ўрта Осиё халқларининг мустақиллик учун курашининг рамзи ҳисобланади – бу. Шу маънода Қўқонда Туркистон Мухторияти музейи бўлиши керак.

Туркистон Мухториятининг ҳар бир аъзосига оид алоҳида тадқиқот қилиниши керак.

Мана Қозоғистонликлар мустамлакачилик ҳақида диссертация ёқлади. Муҳаммаджон Тинишбоев хақида ҳам диссертация ёқланди. Биздачи? Биз Туркистон Мухториятчиларининг ҳар бирини диссертация объекти қилиб бераяпмиз.

Биз қанчалик Туркистон Мухторияти тарихини чуқур ўргансак, қанчалик англасак, қанчалик халқимизга етказсак, шунчалик фойдали бўлади. Чунки миллий истиқлол мафкурасининг тамал тошини Туркистон Мухторияти қўйган.

Туркистон Мухториятини ўрганиш учун махсус комиссия тузиш керак. Авторлар таркибини тузиш керак. Қозоқми, тожикми, қирғизми ким бўлишидан қатъи назар, байналминал Туркистон Мухторияти тарихини ёзишимиз керак. Шунинг учун ҳам Туркистон Мухториятини ўрганишда биз қарздормиз. Гапларимиз кўп. Лекин мен шу билан чекланаман. Эътиборингиз учун раҳмат!