Насриддин НАЗАРОВ, тарих фанлари доктори, Чирчиқ давлат педагогика университети профессори.
Аннотация. Ушбу мақолада Туркистон Мухторияти, унинг миллий тафаккурда тутган ўрни, ушбу сиёсий бирликнинг миллий озодлик ҳаракати билан алоқадорлик жиҳатлари тадқиқ этилади. Миллий озодлик ҳаракатининг йирик вакиллари, жумладан, Муҳаммад Иброҳимбек фаолияти билан Туркистон Мухторияти воқеалари орасидаги узвийликка эътибор қаратилиб, ушбу воқеалар миллий ўзликнинг ривожидаги ўрни масалаларига эътибор қаратилади.
Калит сўзлар: Туркистон Мухторияти, миллий озодлик ҳаракати, қўрбошилар, Иброҳимбек, эркинлик, озодлик, миллий ўзлик.
Абстраcт. Тҳис артиcле эхаминес тҳе Туркестан аутономй, итс плаcэ ин натионал тҳинкинг, аспеcтс оф тҳе релатионшип оф тҳис политиcал унит wитҳ тҳе натионал либератион мовемент. Эмпҳасис ис плаcэд он тҳе cонтинуитй бетwэен тҳе аcтивитиес оф мажор репресентативес оф тҳе натионал либератион мовемент, инcлудинг Муҳаммад Ибраҳимбек, анд тҳе эвентс оф тҳе Туркестан аутономй, анд тҳе роле оф тҳесе эвентс ин тҳе девелопмент оф натионал идентитй.
Кей wордс: Туркестан аутономй, натионал либератион мовемент, курбаши, Ибраҳимбек, фреэдом, wилл, натионал идентитй.
Юрт озодлигини асраш ва унга эришишга интилиш муқаддас туйғу бўлиб, ватан ва эл тақдири учун ўзини масъул деб ҳисоблаган ҳар-бир инсоннинг қалбидан ўрин олиши табиий, албатта. Ушбу туйғуни эъзозлаш, асраб-авайлаш, зарурат туғилганда Ватан ҳиморяси йўлида камарбаста бўлиш миллий менталитетимизнинг асосий қирраларидан бирини ташкил этади.
Маълумки, инсоният ўтмиши, туркий халқлар тарихи, жумладан ўзбек халқининг тадрижий тараққиёт босқичлари эркинликка интилиш, мустақил яшаш, юрт ва эътиқод ҳимояси йўлида шиддатли курашлар тарихидан иборат. Абдурауф Фитратнинг талқинига кўра: Тарих миллатнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўрганадиган фандир. Модомики, шундай экан, бугун биз ўша яқин ўтмишдаги сиёсий жараёнларга тарих кўзгуси орқали назар соладиган бўлсак, юртдошларимиз ўз елкасида нақадар масъулиятли юкни кўтариб, авлодлар келажагини таъминлашга ҳаракат қилганликлари, ҳатто ушбу мақсад йўлида жонларини ҳам гаровга қўйганликларининг гувоҳи бўламиз. Немис файласуфи Гегел: Ҳақиқий жасорат юрт озодлиги йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликда намоён бўлади, деган эди.
Ҳеч кимга сир эмаски, ХИХ асрнинг охирида чор Россияси томонидан Туркистон ўлкасининг эгалланиши чор ҳукуматининг босқинчилик сиёсатининг меваси эди. ХХ асрнинг биринчи чорагида большевиклар Россияда ҳукуматни эгаллагач, чор ҳукумати таркибида бўлган ўлкалар халқларига турли имтиёзлар ваъда қилиш эвазига большевиклар ҳокимиятини қўллашлари лозимлигига ундай бошлади. Туркистон Мухторияти ҳам ана шундай вақтинчалик кафолатлар тўлқинида миллат вакилларини жумбушга келтирган сиёсий ҳаракат эди. Бу сиёсий ҳаракат қисқа вақт (1917 йил охири – 1918 йил боши, 72 кун) давомида фаолият кўрсатган бўлсада, лекин миллат тафаккурида эркинлик ва озодликка интилиш ғояларини уйғотиб, юрт озодлиги йўлида кейинги ҳаракатларнинг бошланишига асос бўлди, десак, тўғри бўлади.
Туркистон ўлкасида қизил армиянинг қуролли ҳаракати ХХ асрнинг 20 – 30 йилларида большевикларнинг босқинчилик сиёсати натижасида амалга оширилиб, ерлик халқни «босмачи», «қулоқ» деган ноўрин ҳақоратлар остида сиёсий сиқув ва ўз ватанларидан бадарға қилиш натижасида мустаҳкамланди.
Халқимизда «Уруш – ботирни синайди, жаҳл донони синайди, йўқчилик дўстни синайди», — деган нақл бор. Туркистон Мухторияти қисқа вақт давомида сиёсий бирлик сифатида большевиклар томонида тугатилган бўлсада, ушбу ҳаракат миллат ботирларини майдонга чорлаб кетди. Мадаминбек, Катта Эрган, Кичик Эргаш, Шермуҳаммадбек, Жунайдхон, Иброҳимбек каби довюрак ботирларнинг майдонга чиқишида Туркистон Мухториятининг ўрни сабоқ бўлди, албатта. Даврнинг шиддати миллат ботирларини лашкарбоши ҳамда қўрбоши сифатида шакллантириб, йирик ҳарбий- сиёсий феномен сифатида майдонга олиб чиқди. Жумладан, шарқий Бухорода (бугунги марказий ва жанубий-шарқий Тожикистон) фаолият кўрсатган Муҳаммад Иброҳимбек фаолияти ҳам Туркистон Мухторияти инқирози туфайли топталган халқ учун интиқом ҳисси туфайли аланга олган ҳаракат десак, муболаға бўлмайди. Гарчи, Бухоро амирлиги ҳудуди Туркистон Мухторияти тузилган ва алал-оқибат асосий зарбани елкасига олган Фарғона водийсидан маъмурий жиҳатдан бир-биридан узилган ҳудудлар сифатида кўзга ташлансада, ўзаро маданий-иқтисодий алоқаларнинг мавжудлиги боис, Бухоро амирлигидаги олис бекликларда ҳам Фарғона водийсидаги сиёсий жараёнларнинг аксу садоси эшитилиб, масжид ва йиғинларда муҳокама мавзуси сифатида кун тартибидан ўрин олганлиги ҳам табиий.
Шунингдек, большевикларнинг босқинчилигига қарши Туркистон ўлкасида кенг қулоч ёйган халқ ҳаракати большевиклар томонидан «босмачилик ҳаракати» деб, ушбу ҳаракат иштирокчилари «босмачилар» деб атала бошланганлиги, босқинчи большевиклар томонидан истиқлолчилик ҳаракатини бостириш учун ҳам Туркистон Мухториятини бостирган усуллардан фойдаланишни ўз олдиларига мақсад сифатида қўйганликларини далиллайди.
Маълумки, аслида «босмачи» сўзи «босмоқ» феълидан олинган бўлиб, муайян ҳудудни босмоқ, таламоқ маъносини билдиради. Бу исбот ҳам, илмий талқин ҳам талаб қилмайдиган аксиома. Худди мана шу сабаб туфайли ўтган асрнинг биринчи чорагидан бошлаб чиқарилаётган деярли барча илмий мақолаларда атаманинг юқоридаги талқини устувор моҳият касб этиб келди. Бу сўз юрт мудофаачилари ва эрку имон ҳимоячиларини халққа ёмон кўрсатиб, бадном қилиш учун большевиклар томонидан ишлатилиб, кейинчалик ҳарбий ва илмий-сиёсий муомалага киритилган атамадир. Аслида босмачи муайян ҳудудга ўзга юртдан бостириб келганларга нисбатан ишлатилса тўғри бўлади. Масаланинг иккинчи томонига ҳам эътибор қаратиш лозимки, ўша қонли можаролар авжига чиққан йиллардаги сиёсий ҳокимиятнинг тамоман фалажлиги шароитида баъзи криминал элементлар ҳам қуролланиб, айрим ҳудудларда талончилик қилишган. Бундай кимсалар юрт ва имон-эътиқод ҳимояси учун бирлашган дасталар орасида ҳам йўқ эмас эди (яқин ўтмишдаги Тожикистондаги фуқраролар уруши йилларини эсга олайлик, талон-тарожлик ҳам авжга чиққан эди). Мана шундай кимсаларга нисбат берилиб, аҳоли орасида уларга нисбатан салбий кайфият уйғотиш мақсадида большевиклар юрт ҳимояси учун отланган бутун бошли гуруҳларни ҳам босқинчи тўдалар, яъни босмачилар, деб атай бошлаганлар
[1, С. 9]. Аслида, ҳар икки томонда ҳам бундай кимсалар бўлиб, аҳолини талаш ҳоллари қизилларнинг ҳам орасида бор эди. Эсимда: “Ўша «босмачилик» йиллари қизиллар қишлоққа кириб уйма-уй юриб, қурол ахтариш мақсадида аёлларнинг ҳам бутун тугунларини титкилар, кўзига кўринган аёллар тақинчоқларини ҳам олиб кетар, бундай пайтда момом онасидан қолган тилла тақинчоғини «катте чавдеш» (чойгум)га солиб, устидан сув қуйиб, бақирлатиб чой қайнатиб ўтирар экан. Худди шу йўл билан ўша тилла тақинчоқ бир неча «талав»лардан омон қолган экан”. Демак, талончилик ҳамма замонда ҳам, ҳар қандай кучлар орасида ҳам бўлган. Буни инкор этиш ҳодисаларга бир томонлама муносабатда бўлиш демакдир. Лекин, тадбирли қўрбошилар ўз гуруҳида мана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қилганлар. “Иброҳимбек ўз қўшини сафида қаттиқ тартиб-интизом ўрната олди. Тинч аҳолини талашда қатнашган ёки бегуноҳ мусулмонларни ўлдирган аскарлар мабодо учраб қолса, улар шафқатсиз жазоланган. Иброҳимбек томонидан қўл остидаги қўрбошилари Абдулазиз ва Абдураҳмонбойга ёзган мактублари кўп жиҳатдан аҳамиятлидир. Иброҳимбек ўз мактубида Абдураҳмонбойга қуйидаги сўзларни ёзган эди: «…аскарларни махсус рухсатномасиз милтиқлари билан жўнатаяпсиз – бу жуда ёмон». Демак, қўрбошилар ўз йигитларини қишлоқларга милтиқлари билан юборишса, уларга махсус рухсатнома беришган” [2, Б. 110]. Худи шу мазмунда Иброҳимбекнинг Хонақа (бугунги марказий Тожикистондаги Ҳисор ва Шаҳринав туманлари) ҳудудидаги қўрбоши Мулла Ниёз Муҳаммад иноқ-бий номига ёзган хати ҳам характерлидир: «Сизнинг қўл остингиздаги аскарлардан баъзилари шариат қонунларига хилоф равишда деҳқонларнинг мол-мулкини талаш ва ўғирлаш билан ҳам шуғулланаётган экан, шундай кимсаларни аниқлаб жазолашингизни талаб қиламан» [3, С. 681]. Абдулазиз қўрбоши номига ёзилган яна бир мактубда: «Менга етказилган маълумотларга кўра, сизнинг бир йигитингиз, шариат асосларига хилоф равишда гуноҳсиз бир мўминни ўлдирган экан, ушбу воқеа юзасидан қаттиқ текширув ўтказиб, маълумот тасдиқланса, ўша аскарга нисбатан қатъий чора-ҳатто отувга ҳукм қилишликни талаб этаман» [4, С. 674].
Муаммонинг яна бир томони, босқинчи атамаси, ўзга юртдан босиб келган гуруҳга нисбатан ишлатилса ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Демак, большевикларнинг ўзлари босмачилик сиёсати туфайли Ўрта Осиё ҳудудларини босиб олиб, ўзларининг ҳарбий- сиёсий қилмишларини хаспўшлаш учун айрим ўғри гуруҳлар сиймосида ушбу салбий атамани юрт ҳимоячиларига нисбатан ҳам қўллай бошладилар. Шарқий Бухородан истиқлолчи кучларнинг йўлбошчилари 1922 йилда Бойсун гарнизонидаги большевиклар ҳукумати вакилларига қуйидаги талабни қўяди ва бу хат Совет ҳукуматининг Бойсундаги вакили Олимжон Акчуриннинг қўлига келиб тушади: “Бойсун шаҳридаги большевиклар вакилига. Ҳақиқий мустақил Бухоро тупроғидаги аҳолининг вакиллари бўлган бизлар Сизларга шуни маълум қиламизки, сизлар ватанимиздан чиқиб кетмагунингизча жангни давом эттираверамиз, деб ҳаммамиз бир қарорга келдик. Ҳозирги вақтда беҳуда қон тўкилмасин деб ва одамгарчилик қилиб сизларга мамлакатимиздан чиқиб кетишни таклиф қилаётирмиз. Шундай қилсангиз Сизнинг дўстларингиз бўлиб қоламиз ва ўзимиз ёрдам бериб сизларни очликдан сақлаб қоламиз, акс ҳолда, сизлар ватанингизда очликдан ўлаётган оилаларингиз каби маҳв этиласиз. Ҳозир биз гуноҳкор бўлмайлик деб одам қонини тўкишни истамаётирмиз. Лекин халқимизнинг истагига хилоф равишда ватанимизга бостириб кирган сизлар билан жанг қилишни муқаддас бурчимиз деб биламиз. Бизлар хурсандлик билан бу йўлда қонимизни тўкиб, шаҳид бўлишдан қайтмаймиз. Муҳрлар: Мулла Муҳаммад Иброҳим.
Додхоҳ Абдулла Ҳожи. Ҳожи Султон Садр, Фазлиддин Ғози” [5, Б. 247-248].
Демак, ҳаракат иштирокчилари ҳеч қачон ўзларини «босмачи» деб аташмаган, балки халқ вакили деб ҳисоблашган. Атрофда большевиклар ва уларнинг мафкурачилари юрт ҳимоячиларини ушбу атама билан бадном қилишни давом эттираверганлар. Худди шунингдек, Москвада нашр этилган Катта Совет Энциклопедиясининг биринчи нашри 5-томида: «Босмачилик ҳаракати шиддатли сиёсий, аксилсовет характер касб этди ва бутун Осиёнинг мавжуд уч республикаси — Бухоро, Туркистон, Хоразм аҳолисининг оммавий ҳаракатига айланди. Ҳаракатнинг доҳийлари… Кўр Шермат, Иброҳимбек каби алоҳида бошлиқлари бўлиб қолмасдан, балки унга маҳаллий зиёлилар, мулла ва бойлар ҳам раҳбарлик қила бошладилар» [6, С. 36], дейилади.
Оммавий ҳаракат қачон бошланади?! Биринчидан, йирик сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ёки маънавий таҳдид вужудга келган тақдирда ҳамда ташқи босқин хавфи вужудга келса ва бу босқин реал моҳият касб этса. Иккинчидан, ҳеч қандай сиёсий- лингвистик лексиконда оммавий ҳаракат «босмачилик» деб аталмайди. Бу атама болшевистик режим вакиллари томонидан ўйлаб топилиб, ўз рақибларига нисбатан ҳарбий ва мафкуравий жанг учун қўлланган стратегик усулдир. Худди шу атама орқали уларни бадном қилишга ҳаракат қилинди ва қайсидир жиҳатдан ўз ниятларига етишдилар ҳам. Кейинги етмиш йиллик большевиклар режими шароитида ушбу атама юрт мудофаачилари ва эътиқод ҳимоячиларига нисбатан фаол ишлатилиб, ҳарбий-сиёсий ва илмий лексиконда барқарор моҳият касб этиб, бугунги кунгача баъзи манфаатдор ҳудудий бирликларда чоп этилган илмий нашрларда эски, большевикча қарашларга содиқ ҳолда, юрт ҳимоячиларини босмачилар, ҳаракатни эса босмачилик сифатида бир томонлама баҳо бериб: «Босмачи — миллатчилик кайфиятидаги қуролли ҳаракат қатнашчиси, босмачилик эса миллатчилик кайфиятидаги қуролли ҳаракат» сифатида таърифланмоқда. Ваҳоланки, ушбу ҳаракат ҳеч қачон миллатчиликни ўз олдига мақсад қилиб қўймасдан, юрт мудофааси ва эътиқод ҳимояси йўлида барча миллат вакилларининг бошини бирлаштириб, босқинчиларга қарши курашга даъват этганлар. Иброҳимбек қўшинининг ўзида ўндан зиёд миллат вакиллари (ҳатто яҳудийлар ҳам) нафақат оддий аскар, балки қўрбоши сифатида ҳам фаолият кўрсатишганлар.
«Босмачи» атамасининг генезисига эътибор қаратишда яна бир жиҳатни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозимки, ҳаракат иштирокчиларининг ҳарбий амалиёт жараёнида йигитларни жасоратга чорлаб, ғайратлантирувчи ҳайқириғи «ур-бас», «бас- бас», «басо-бас» терминлари эди. Лақайларнинг ҳайқириғи «ур-бас» эканлиги, қўнғиротларники «бас-бас», бошқа қуролли гуруҳларники ҳам «басо-бас» эканлиги, мана шу ҳайқириқларга қараб қизиллар қайси гуруҳ билан урушаётганликларини аниқлашганлар [7, С. 34-38]. Ҳаракат иштирокчиларининг большевиклар томонидан «босмачи» деб аталишида мана шу жиҳатлар ҳам роль ўйнаган бўлиши мумкин.
Умуман олганда, юқорида таъкидланган миллий озодлик ҳаракатининг илдизлари Туркистон Мухторияти ва унинг инқирози билан боғлиқ жараёнларга бориб боғланиши, тарихий воқеалар силсиласида жараёнларнинг ўзарор алоқадорлигини ифодалайди. Зеро, ҳар икки ҳодиса – Туркистон Мухторияти ва Миллий озодлик ҳаракати ҳам ўзликка интилиш ва уни англаш ҳосиласидир. Гурчи, большевиклар ҳарбий имкониятларининг кенглиги ҳар икки ҳаракатнинг инқирозини таъминлаган бўлсада, бу ҳаракатлар бир- бирини тўлдириб, миллатнинг ўзлигини англатиб келди. Бугунги миллий мустақилликнинг тарихий тадрижий занжирида бу икки ҳаракат жараёнларни ўзаро боғловчи йирик ҳалқа сифатида миллий сиёсий тарихда яққол намоёнлиги ҳам – исбот талаб этмайдиган аксиомадир.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Раджабов К.К. Вооруженное движение в Туркестанском крае против советского режима (1918-1924 гг.). Автореферат дисс… докт. истор.наук. –Ташкент, 2005. –С.9.
- Ражабов Истиқлол шаҳидлари // Шарқ юлдузи. 2002. Тўртинчи фасл. 110-бет.
- Пограничныэ войска 1918-1928. -Москва. Наука. 1973. Стр. 681.
- Пограничныэ войска 1918-1928. -Москва. Наука. 1973. Стр. 674.
- Файзулла Хўжаев. Танланган асарлар. И том, -Тошкент, 1976. 247-248 бетлар.
- Ходжаев Ф. Басмачество //Болшая Советская Энциклопедия. Т.5. –М.: 1927. –С. 36.
- Джурабаев Хуррамбек. Роман. -Ташкент. 1960.