Машҳура ДАРМОНОВА, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти бўлим бошлиғи.
Аннотация. Мақолада 1917 йил 26–28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойи ва унда тузилган Туркистон Мухторияти ҳақида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, Туркистон Мухториятининг тугатилиши ва бу билан совет ҳокимиятининг оммавий қатағон сиёсатини бошлаб юборганлиги тарихий далиллар асосида очиб берилган.
Калит сўзлар: Туркистон Мухторияти, тарих, қатағон сиёсати, совет ҳокимияти, қурултой, Қўқон, миллий ҳукумат, большевиклар, партия, қатағон қурбони.
Абстраcт. Тҳе артиcле провидес информатион абоут тҳе ИВ Эхтраординарй Cонгресс оф Муслимс оф Туркестан ин Новембер 26-28, 1917 ин Коканд анд тҳе эстаблишмент оф Туркестан Аутономй тҳере. Бесидес, он тҳе басис оф ҳисториcал эвиденcэ, тҳе аболишмент оф Туркестан Аутономй анд тҳе бегиннинг оф тҳе Совиет говернментъс полиcй оф масс репрессион ҳаве беэн дисcлосед.
Кей wордс: Туркестан Аутономй, ҳисторй, репрессион полиcй, Совиет поwэр, cонгресс, Коканд, натионал говернмент, Большевикс, партй, виcтим оф репрессионс.
Россияда империя тузуми тугатилиб, Муваққат ҳукуматни тузган рақобатдаги партияларнинг курашида большевиклар зўрлик билан 1917 йил октябрда давлат тўнтарилишини амалга ошириб ҳокимиятни ўз қўлига олган. Большевиклар аввалги ҳукумат таркибига кирган мустамлака ўлкалари билан бирга Туркистонда ҳам империянинг вориси сифатида 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида янгича ҳукмронлик билан ҳокимиятни бошқарган. Шу давр мобайнида ўз манфаатлари йўлида халқларнинг миллий бойлиги, тарихи ҳамда маданиятини вайрон қилганлар.
Россия империясининг зуғум ва зўравонлигидан азоб чеккан ўзбек халқи учун большевикларнинг Октябрь тўнтарилиши ҳурлик, ҳуррият тушунчалари, дабдабали шиорлар билан намоён бўлган. Большевиклар ҳукумати шу каби алдовлар билан халқ орасига кириб келган. Аслида эса меҳнаткашлар ҳукумат барпо этиш учун келган большевик етакчилари ўз сиёсатлари тагида зўравонликка асосланган бошқарув ётар эди. Ана шу сохта шиорлар билан халқнинг кўзини боғлаб, ўзларининг кучли ҳокимиятини қуриб борганлар. Уларнинг ушбу мақсадлари йўлида учраган ҳар қандай тўсиқни куч билан йўқ қилишга киришганлар. Бу йўлда қатағон сиёсати асосий қурол вазифасини ўтаган.
Большевиклар қатағон сиёсатини амалга ошириш учун турли йўллардан фойдаланганлар. Туркистонга кириб келган болъшевиклар ҳукумати ўлкадаги тараққийпарварлар ва уламолар катта куч эканлигини англадилар. Улар ҳам маданий ҳам сиёсий жиҳатдан зийрак, большевикларнинг маккорона сиёсатини англовчи кишилар эди. Шу боис ҳам, биринчи навбатда, тараққийпарвар ва зиёли қатламлар бошини эгиш ёки уларни кураш майдонидан турли йўллар билан йўқ қилиш пайида бўлганлар. Жумладан, 1917 йил октябрь воқеаларидан кейин Тошкентда бўлган ҳукумат сайловлари ёки Қўқонда тузилган миллий ҳукумат – Туркистон Мухториятининг йўқ қилинишидаёқ большевиклар ўз асл юзларини кўрсатиб қўйгандилар [1; 10].
Большевикларнинг қонхўрликлари аслида 1917 йил 25 октябрда Петроградда ҳокимиятни қўлга олишдан бошланганди. Уларнинг доҳийси В.Лениннинг мана бу машҳур сўзлари Россия империясида 74 йил ҳукмронлик қилган совет ҳокимиятининг табиатини очиб беради, албатта: «Инқилобни оқ қўлқоп кийиб қилиб бўлмайди. Оммавий зўравонликсиз ҳокимиятга эришишнинг ўзгача йўли йўқ. Террорнинг куч-қудрати ва оммага қўрқув солишини рағбатлантирмоқ керак... Рус халқининг 90 фоизи ўлиб кетса ҳам майли, унинг 10 фоизи жаҳон инқилобигача яшаб қолса, бас».
Мазкур жараён совет ҳукуматининг мустамлакалари, жумладан, Туркистонда ҳам давом этган. Большевикларнинг тўнтарилишидан кейинги Туркистондаги сиёсий жараёнларга эътибор қаратсак, 1917 йил 15–22 ноябрь кунлари большевиклар Тошкентда ўтказган Ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари қурултойида 15 кишидан иборат янги ҳукумат – Туркистон халқ комиссарлари кенгаши (ХКК) тузилган ва унинг таркибига бирорта миллий вакил киритилмаган [2; 46]. Бунинг оқибатида миллий тараққийпарварлар 1917 йил 26–28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойини чақирганлар. 1917 йилнинг 25 ноябрида 208 та делегат тўпланган қурултойда 36 та мусулмон ва 18 та рус аъзодан иборат кенгаш тузилган, шунингдек, 12 кишилик муваққат ҳукумати ҳам қурилиб, 27 ноябрда Туркистон Мухториятини эълон қилганлар [3; 28]. Буни ўзларига катта хавф деб билган большевиклар Туркистон советларининг ИВ қурултойида Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонунга зид деб баҳолаб, уларни қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилганлар. Шунга кўра, Туркистон халқ комиссарлари совети Мухториятни тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборган.
Большевиклар доҳийси В.И. Ленин ўз қўл остидаги мамлакатларни мустақил бўлишини хоҳламаган. Уларнинг озодлик йўлидаги курашига «Бундай халқ душманларига, социализм душманларига раҳм-шафқат бўлмаслиги лозим. Бойлар ва уларнинг ювиндихўрлари, буржуа зиёлилари билан ҳаёт-мамот жанги бормоқда... бойлар ва ўғрилар бир олманинг икки палласи, улар капитализм етиштирган текинхўрларнинг икки асосий қисми бўлиб, социализмнинг асосий душманларидир. Бу душманлар бутун аҳоли томонидан алоҳида назорат остига олиниши лозим, улар социалистик жамият қонун ва қоидаларини сал бузишлари биланоқ шафқатсиз равишда жазоланишлари зарур», деган фикри большевикларнинг асл мақсадини ифодалайди [4; 14].
1918 йилнинг 19 февралга ўтар кечаси Тошкентдан пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11 эшелон Қўқонга юборилган. Улар билан бирга Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е. Перфилев ҳам келган. Рус қўшинлари Кўқонни уч тарафдан қуршовга олиб, артиллерия тўплари тўлиқ жанговар ҳолатга келтириб қўйилган. Е. Перфилев «қуролларни ташлаб, таслим бўлиш» шартини қўйган, бироқ Мухторият қўшинини бошқарган Кичик Эргаш қўрбошидан шартларни бажармаслик жавобини олгач, барча 12 та замбаракдан Қўқон аҳолиси устига ўт очиш ва ёндирадиган снарядлардан фойдаланишни буюрган.
Тинч аҳолини тўпга тутиш кундузи бошланиб, қоронғу тушгунча давом этган. Даврий матбуотда Е. Перфилев «масжидларни тўплар ёрдамида вайрон қилишга тўғри келди», деб тан олганлиги қайд этилган. Инглиз разведкачиси Блеккернинг айтишича, ўша фожиали кунларда Қўқонда 3000 киши ҳалок бўлган, шаҳар эса «портловчи моддалар билан бомбардимон этилиши туфайли таг-туги билан вайрон қилинди». Айрим манбаларда ёзилишича, «шаҳарда кўп сонли ёнғинлар бошланди. Уйлар, мануфактурали, дон-дунли омборлар ёнарди. Шаҳар уч кун ёнғин остида қолди» [5; 6].
Туркистон Мухторияти бостирилгандан сўнг, Қўқондаги фожиалар жараёнида Мухториятнинг етакчи кучлари бўлган М. Мираҳмедов, А. Ўразаев, Я Агеэв, А. Қушбигиев, М. Чанишев сингари ҳукуматнинг 15 га яқин аъзолари Скобелев (Фарғона) га жўнашга мажбур бўлган. Улар халқ томонидан кутиб олиниб, намойиш уюштирилган. Бироқ Скобелевдаги большевиклар томонидан қўлга олиниб, отиб ташланган [6].
Умуман олганда, большевиклар ҳукумати ва қизил қўшиннинг қонли ҳужумлари оқибатида, 1918 йилнинг 19 февралида Туркистон Мухторияти тугатилган. Қўқон ва унинг аҳолиси қирғин қилинган. Биргина Қўқоннинг ўзида уч кун давомида 10 000 киши ўлдирилган, уларнинг уйлари қизил аскарлар томонидан талон-тарож этилган, аҳолининг катта миқдордаги мол-мулки поездга ортиб олиб кетилган. Большевиклар бундай шафқатсиз хатти-ҳаракатлари билан оммавий қатағон сиёсатини бошлаб юборганлар.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- М. Дармонова. Совет ҳокимиятининг қатағон сиёсатига доир. Ўзбекистон тарихи журнали. 2022. 3-сон. 183 бет.
- Бахтиёр Ҳасанов. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи. Йўлкўрсаткич. -Тошкент. “Академнашр” 2022. 168 бет.
- Аҳад Анжижон. Туркистон учун кураш. Биринчи жилд: илми1- оммабоп. Тошкент. 2017. 512 бет.
- Наим Каримов. Зулм салтанатининг ваҳшатлари. “Фан ва турмуш” журнали. 1992. 11 – 12-сонлари. 32 бет.
- Марат Ҳасанов. Туркистон мухторияти: ҳақиқат ва уйдирма. “Фан ва турмуш” журнали. 1990. 11-сон. 36 бет.
- Хабарлар // Улуғ Туркистон. 1918-йил 28-феврал.