Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИДА ТАТАРЛАР

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИДА ТАТАРЛАР

Абдулла РАСУЛОВ, тарих фанлари доктори, Наманган давлат унверситети профессори.

Сардорбек МИРЗАХАЛОВ, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД, Наманган давлат унверситети катта ўқитувчиси.

 

Аннотация. Мазкур мақолада Туркистон Мухториятини большевиклар томонидан тор-мор қилиниши ёритилган. Шунингдек, Мухториятда фаолият кўрсатган татар маърифатпарварлари ҳақида сўз боради.

Калит сўзлар: Туркистон Мухторияти, татарлар, Кавказорти, халқ мажлиси, қурултой.

 

Абстраcт. Тҳис артиcле десcрибес тҳе деструcтион оф Туркестан Аутономй бй тҳе Большевикс. Ит ис алсо ментионед абоут тҳе Татар энлигҳтенерс wҳо wоркед ин тҳе Аутономоус Регион.

Кей wордс: Туркестан Аутономй, татарс, Трансcауcациа, пеоплеъс ассемблй, cонгресс.

 

Кўп миллатли Туркистон халқи ижтимоий-сиёсий, ҳарбий- иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида татарларнинг тутган ўрни муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, татарлар Туркистон минтақасига совдо-сотиқ ишларида, ўзаро дипломатик алоқаларда тилмоч, таржимон ва яна Россия империяси, ва Қизил армия босқини даврида ҳарбий зобит ҳамда совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида партия ва ҳукумат бошқарув тизимида фаолият юритганлардан ҳисобланади.

Маълумки, 1917 йил 26–28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Туркистон мусулмонлари ИВ қурултойи Туркистон Мухториятини эълон қилди. Унда Фарғона, Самарқанд, Сирдарё, Еттисув ва Каспиёрти вилоятларидан 250 вакил иштирок этди [1:189].

Туркистон Мухториятининг парламенти – Халқ мажлисига татар ва бошқирдлардан Исматулла Убайдуллин, Ислом Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов), Абайдулла Дербисалин, Мусо Окчурин, Мустафо Мансуров, Иброҳим Давлетшин, Халил Ширинский ва Собиржон Юсупов сайландилар. Туркистон Мухторияти Муваққат ҳукумати таркибида бош вазир ўринбосари сифатида Туркистон Мусулмонлари шўроси марказий қўмитасининг раиси Ислом Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) бор эди [2: 130]. Орадан бироз вақт ўтиб, Мухторият ҳукумати таркибида ўзгариш бўлгач, И.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) С.Герцфелд ўрнига молия вазири этиб сайланди [3:21]. Абдулла Гайнуллин эса сўнгра Мухториятнинг ҳарбий бўлимида иш юритувчи бўлиб ишлаган [4:62].

Шу ерда татар И.С.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов)нинг Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрнига эътибор қаратиш лозим [5:168]. Р.Х. Акбаров томонидан Султон Шоаҳмедов (Шагиахмедов) га нисбатан «... келиб чиқишига [кўра] татар-бошқирд миллатига мансуб бўлган» деб маълумот берилади. Қаранг: Акбаров Р.Х. Ислом Султон Шоаҳмедов сиёсий фаолиятига доир айрим мулоҳазалар / «Фарғона водийси тарихи янги тадқиқотларда» мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари В. Фарғона шаҳри, 2019 йил 26 апрель. – Б. 253; Ҳолбуки, тарихда Татар-Бошқирд Республикаси тузиш саъй-ҳаракати бўлган бўлсада, татар-бошқирд миллати бўлмаган. Бу ерда Ислом Султон Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) га нисбатан Д.М.Усманова фикрига кўра, мавжуд ҳужжатларда уни, акасини, отасини «бошқирд» деб ёзилсада, у «бошқирд стипендиати» бўлган бўлсада, «аслида у дунёвий рус таълимини олган татар... Туркистонда уни 1917 йил воқеаларида айнан шундай деб қабул қилишган. Эҳтимолдан холи эмаски, уни онаси татар бўлгани учун ҳам... [У] она тилим деб татар тилини кўрсатган».

И.С.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) Таъсис Мажлисига сайлов қоидаларини муҳокама этиш ишларида фаол қатнишиб, 1917 йилнинг кузида Фарғона вилоятидан Таъсис Мажлисига делегат этиб сайланган. Айнан 1917 йил кузидан бошлаб у сиёсий жараёнда Туркистонга федератив мухторият олиш лойиҳасининг фаол тарафдорларидан бирига айланди. 1917 йил 8-11 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Туркистон мусулмонлари ИИ қурултойида Бутун Россия Таъсис мажлиси муҳокамасига тақдим этиш учун «Туркистон федерацияси лойиҳаси» ғоясини илгари суради. Мазкур лойиҳа Туркистон Мухториятининг илк «Конституция лойиҳаси» бўлиб, 27 моддадан иборат бўлган. Туркистон мусулмонларининг ИИ қурултойида И.С.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) президиум аъзолигига сайланади [6: 254].

И.С.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) Туркистондаги мусулмонлар ҳаётида сиёсий онгни ўстириш йўлида даврий матбуотдан ҳам унумли фойдаланишни мақсадга мувофиқ деб топган. Чунки ХХ аср бошларидан Туркистонда матбуот ўлка зиёлилари ҳаётида муҳим аҳамият касб эта бошлаган эди. Газеталарда босилган мақолаларда турк-мусулмон халқлари ҳаёти, турмуш тарзи, тарихи, иқтисодий аҳволи маълум даражада ёритиб борилган. Масалан, 

И.С.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) томонидан 1917 йил 18 ноябрида, ҳали Туркистон Мухторияти эълон қилинмасдан бир неча кун аввал, унинг «Улуғ Туркистон» газетасида «Туркистон мухторияти ва иқтисодий автономия» номли мақоласи чоп этилиб, унда ўлкада Мухторият ҳукумати тузиш учун барча шарт-шароитлар етилгани асослаб берилган. У 1917 йил Қўқонда бўлиб ўтган Бутун Туркистон мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойида фаол иштирок этиб, 28 ноябрда тузилган Туркистон Мухторияти ҳукуматининг бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланган. Туркистон Мухторияти ҳукумати фаолиятида яна 1917 йил декабридан бошлаб молия ишлари вазири ўринбосари лавозимига ҳам тайинланиб, Мухторият ҳукумати томонидан 30 миллион сўмлик заём чиқаради ва мазкур заёмнинг 10 миллион сўми Қўқондаги банклар томонидан қопланади. Таъкидлаш керакки, айнан мана шу заёмлар ўз вақтида Туркистон Мухторияти молиявий масалалари ечимида муҳим роль ўйнаган [6: 254].

И.С. Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов)ни кейинги ҳаёти тўғрисида тўлақонли маълумотлар йўқ ҳисоби. Хусусан, у Туркистон Мухторияти ағдарилгандан (1918 йил февраль) кейин большевиклар томонидан қамоққа олингани, касалликка чалингани, ўз жонига суиқасд қилгани, 1918 йил майида қамоқдан озод қилингани, кейин Ҳиндистонга кетиб, яна касалхонага тушиб қолгани (1920), кейинчалик Владивостокка қайтгани тўғрисида, 1922 йилда Парижда яшаётган Мустафо Чўқаев томонидан унинг ачинарли аҳволи тўғрисида маълумот бор бўлсада, унинг кейинги ҳаёти ва фаолияти тўғрисида бошқа маълумотлар йўқ [6:254].

Мухторият эълон қилиниши муносабати билан Жалолобод волости, Хонобод қишлоғида 6 декабрда ўтказилган митингда Абдулла эшон ва Ҳусайн Валидий нутқ сўзлаб, аҳолига Мухториятнинг ташкил этилиши ва мақсадларини тушунтирдилар [1:197]. Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзоси И.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) ва Туркистон татарлари марказий бюроси раиси Кабир Бакир жойларда аҳолини мухторият эълон қилиниши билан қутладилар. Аҳолини Туркистон Мухториятини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга чақирдилар [3:23].

Туркистон Мухторияти эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб, татар шоири Саид Сунчалайнинг «Мухторият садоси» номли озодлик мадҳияси «Улуғ Туркистон» газетасида чоп этилди [6].

Туркистон Мухторияти ҳукуматига большевиклар томонидан бўлаётган тазйиқлар миллий зиёлиларни жиддий ташвишга солди. Мухториятни сақлаб қолиш учун кучли армиянинг зарур эканлиги маълум бўлди. Бу масала мухторият эълон қилингандан сўнг «Улуғ Туркистон» газетаси саҳифаларида долзарб муаммо сифатида кўтарилган. Масалан, таниқли татар маърифатчиси Мухтор Бакир ўзининг «Туркистон Мухторияти ва туркистонлилар» [8], «Туркистон Мухториятини барпо бўлишига куч керак» [9] номли мақолаларида Мухторият ҳукумати олдида турган асосий вазифалар сифатида молияни ислоҳ қилиш, қонунларни тартибга келтириш, ер-сув масалалари, диний, ижтимоий, маориф масалаларини ҳал этиш, ҳарбий маҳкама, ташкилотлар ва Туркистон Мухторияти учун асосий қонун (конституция)ни тузиш ҳамда энг асосийси Мухториятнинг миллий армиясини шакллантириш лозим, деб ҳисоблаган.

Туркистонда  Мухториятининг  эълон  қилиниши  аввал бошданоқ большевиклар ҳукуматига ёқмаган эди. Мухториятни тугатиш йўлидаги очиқдан-очиқ сиёсат 1918 йил январь ойининг иккинчи ярмидан, аниқроғи 19–26 январь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси советларининг ИВ съездидан сўнг бошлаб юборилди. Съезд қабул қилган қарорларда уларнинг шовинистик сиёсатлари ўз ифодасини топган эди [10:87].

1918 йил 17–18 февраль кунлари Мухторият Муваққат ҳукумати таркибида ўзгариш бўлган. Бош вазир М.Чўқаев ўз лавозимидан истеъфо беришни маъқул кўргач, унинг ўрнига Маҳди Чанишев тайинланган [11:45].

Бироқ имконият большевиклар томонига оғиб бораётган эди. Шу пайтда Тошкентдан Туркистон ҳарбий комиссари Е.Л.Перфилев бошчилигидаги пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11 эшелон қўшин етиб келди. 19 февралда Туркистон Мухторияти қонга ботирилиб, тор-мор келтирилди ва Қўқон шаҳри уч кун давомида қирғин, талон-тарож ҳамда олов ичида қолди. Манбаларда келтирилишича, шу кунларда Қўқонда 10000 атрофида киши ўлдирилган [12:148-149].

Туркистон Мухторияти тор-мор келтирилгандан кейин большевиклар ҳукумати Мухторият ҳукумати аъзоларидан аёвсиз ўч олдилар. Жумладан, Мухторият ҳукумати ҳарбий кенгаши раиси, полковник Маҳди Чанишевнинг қисмати фожиали якунланди. У Скобелев шаҳрида большевиклар томонидан қўлга олинди ва қатл этилди [13]. Бош вазир ўринбосари И.Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) шу пайтда Қўқон шаҳрида бўлганлиги учун Қизил аскарлар томонидан асир қилиб олинди [14:12]. Қўқон фожиалари вақтида большевиклар томонидан қўқонлик машҳур савдогар Абдулла Газин ҳам ҳибсга олинди [15].

Сўзи билан амалдаги фаолияти бир-бирига тўғри келмаган большевиклар Туркистон Мухториятини йўқ қилиш билан асл қиёфаларини кўрсатишга улгурган эдилар. Ҳолбуки, большевикларнинг етакчиси бўлган Ленин ва Сталин 1917 йил 20 ноябрда «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнат кашларига» мурожаат қилиб, унда Туркистон, Волгабўйи, Қрим, Сибир, Кавказорти мусулмонларига «Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳузур туза берингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз», – деган эди [16:493]. Аммо амалда «доҳийлар» етакчилигидаги совет ҳукумати ҳар қандай ҳурфикрлиликка, миллатлар ўз тақдирини ўзи белгилашига қарши чиқдилар. Большевиклар томонидан Туркистон Мухториятини бадном қилинганига қарата 1918 йил 1 июнида Заки Валиди Тўғон ўз муносабатини билдириб, «... мухториятчиларни ҳибсга олиб, кўпчилигини ўлдирдилар. Кўплаб уй-жойларга ўт қўйиб, минглаб одамларни совуқ Сибирга сургун қилдилар... Большевиклар ўз амалий фаолиятларида ҳар қандай ифлосликдан қайтмадилар», – дейди. Шунингдек, З.В.Тўғон Қўқон, Марғилон, Қува ва бошқа шаҳарларда ўт қўйиш, қирғин бўлгани, мусулмонларнинг айримлари «соқолини олдиришга ва бўйнига хоч  осгандагина қутулиб қолишга» эришганликларини таъкидлайди [16:108-109].

Туркистон Мухторияти учун курашда татарлар иштироки, уларни мазкур миллий ҳукуматни қўллаб-қувватлаши туркмусулмон халқлари ҳамкорлик ва бирдамлик алоқаларидан далолат беради. Татарларни Туркистон Мухторияти учун курашда иштироки, амалда ўлка турк-мусулмон халқларининг ҳар қандай вазиятда ҳам елкама-елка туриб, мустақиллик ва озодлик учун кураша олишга қодир эканликларини кўрсатди. Бу кураш дастлабки жараёнда маданий-маърифий тараққиёт йўлида амалга оширилган бўлса, 1917 йил Февраль инқилобидан сўнг сиёсий тус олди. Айни пайтда татар-бошқирд зиёлиларининг мураккаб вазиятларда туркистонлик қардошлари билан елкама-елка туриб, ягона мустақил давлатчилик учун курашлари туркий халқларнинг Туркистон озодлиги йўлида камарбаста бўлганликларини кўрсатади. Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, кейинчалик большевиклар макр-ҳийлалари остида кўплаб татар зиёлилари (Ю.Иброҳимов, О.Клевлеэв, С.Абдусатторов, Ю.Алиев ва бошқалар) Туркистонда совет ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилдилар.

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  • Агзамходжаев С. История Туркестанской Автономии (Туркистон Мухторияти). – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2006. — Б. 189.
  • Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. – Тошкент: «Маънавият», – Б. 130; Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида... -Б. 53–54.
  • Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи (1917–1924 йиллар). – Тошкент: «Университет», 2002. -Б. 23.
  • Убайдуллаев Ў.Қ. Ўзбекистонда 20–30- йилларда мустабид тузумгақарши миллий мухолифат ҳаракати (маҳаллий зиёлилар фаолияти мисолида): тарих фан. номз. дисс. – Андижон, 2004. -Б. 62.
  • Усманова Д.М. Ислам Шагиахметов: Забитые герои 1917 г. «Гасырлар авазы – Эхо веков». // №3/4, 2017. С. 168.
  • Акбаров Р.Х. Ислом Султон Шоаҳмедов сиёсий фаолиятига доир айрим мулоҳазалар / «Фарғона водийси тарихи янги тадқиқотларда» мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари В. Фарғона шаҳри, 2019 йил 26 апрель. -Б. 254.
  • «Мухторият садоси» // «Улуғ Туркистон», 1917. 16 декабрь.
  • «Улуғ Туркистон», 20 декабрь.
  • Шамсутдинов Р., Каримов Ш. Ўзбекистон тарихидан материаллар. – Андижон: «Андижон нашриёт-матбаа» ОАЖ, 2000.
  • Мингнаров А.Т. Туркистонда миллий озодлик масалалари давр миллий матбуотида (1917 йил февраль – 1918 йил ўрталари): тарих фан. номз. дисс. – Т., 2000.
  • Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. – Тошкент: «Маънавият». 2000.
  • Маҳди Чанишев // «Улуғ Туркистон», 1918 йил 21 март.
  • Ражабов Қ. Жадидлар – истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамолари // Ўзбекистон тарихи: янги нигоҳ. Жадидлар ҳаракатидан миллий мустақилликка қадар. – Тошкент: «Эльдинур», 1998.
  • Абдулла Ғозин // «Улуғ Туркистон», 1918 йил 21 март.
  • Ленин В.И. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида. – Тошкент: «Ўзбекистон», 1984.