Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

ТУРКИСТОНДА МУСТАҚИЛ ПАРЛАМEНТ ТУЗИШ УЧУН ҲАРАКАТЛАР

ТУРКИСТОНДА МУСТАҚИЛ ПАРЛАМEНТ ТУЗИШ УЧУН ҲАРАКАТЛАР

Равшан АКБАРОВ, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД), Фарғона давлат университети.

Аннотация. мақолада Россияда юз берган Февраль инқилобининг миллий ўлкалардаги сиёсий жонланишга таъсири, миллий сиёсий ташкилотларнинг вужудга келиши, Мухторият ва парламентчилик ҳақидаги фикрларнинг пайдо бўлиши, ўлка аҳолиси орасида ушбу фикрларнинг тарғиб қилиниши, Туркистонда Миллий Мажлис ташкил этиш учун ҳаракатлар, унинг қандай тузилишга эга бўлиши ҳақидаги маърифатпарварларнинг қарашлари ҳақида фикр юритилган.

Калит сўзлар: инқилоб, қурултой, маърифатпарвар, миллий сиёсий ташкилотлар, мухторият, Таъсис Мажлиси, парламент, қонунчилик, сенат, сиёсий плюрализм, республика, депутат, фирқа.

Абстраcт. Тҳе артиcле дисcуссес тҳе импаcт оф тҳе Фебруарй Револутион ин Русциа он тҳе политиcал ревивал оф натионал территориес, тҳе эмергенcэ оф натионал политиcал организатионс, тҳе эмергенcэ оф идеас абоут аутономй анд парлиаментарисм, тҳе пропаганда оф тҳесе идеас амонг тҳе популатион оф тҳе cоунтрй, фор тҳе эстаблишмент оф тҳе Натионал Ассемблй ин тҳе Туркестан мовементс, тҳе виеwс оф энлигҳтенерс он ҳоw ит шоулд бе аррангед.

Кей wордс: револутион, cонгресс, эдуcатион, натионал политиcал организатионс, аутономй, Cонституэнт Ассемблй, парлиамент, легислатион, сенате, политиcал плуралисм, републиc, депутй, фаcтион.

Туркистон жадидларининг 1906–1910 йилларда нашр этган газеталарда ўлкада мустақил парламент ташкил этиш ҳақидаги ғоялар мустақиллик сари қўйилган биринчи қадам бўлган. Шунинг ўзи мустабид Россия империяси шароитида муболағасиз жасорат эди. Подшо ҳукумати бунга йўл қўя олмасди. Натижада маърифатпарварлик ҳаракати фаоллари, яъни жадидлар таъқиб остига олинди. Шунинг учун биринчи рус инқилобидан кейинги сиёсий реакция йилларида Туркистонда парламентчилик ғоясининг ривожланиши вақтинча тўхтаб қолди.

Туркистонда парламентчилик ҳақидаги ғоянинг қайтадан жонланиши Россияда 1917 йил Февраль инқилоби билан боғлиқдир. Монархия тизими ағдарилгандан кейин тузилган Муваққат ҳукуматнинг миллий халқларга сиёсий эркинликларнинг берилиши ҳудудларда сиёсий жонланишга сабаб бўлди. 1917 йил март ойида Оренбургда биринчи Бутунқозоқ қурултойи чақирилди. Қурултой дастурида қозоқ ерларига рус муҳожирларини кўчиришни тўхтатиш ва ўша давргача руслар учун тарқатилган ерларни аввалги эгаларига қайтариш каби масалалар билан биргаликда қозоқлар учун миллий бошқарув тизими – мухторият тузиш ғояси ўртага ташланди [3. 14-15]. 1917 йил 20 мартда эса Муваққат ҳукумат томонидан «Диний ва миллий чекловларни бекор қилиш» ҳақидаги қарор эълон қилинди [8. 5]. Қурултода туркистонлик вакилларнинг қатнашуви ва Муваққат ҳукуматнинг бу қарори маҳаллий маърифатпарварлар орасида мухторият учун кураш босқичини бошлаб берди.

1917 йил 7–15 апрель кунлари Тошкентда Туркистон ишчи ва аскарлари шўроси съезди чақирилди. Съезд буюк давлатчилик шовинизми руҳида ўтган. Делегатлардан қўқонлик ўқитувчи Некора ўлкада ҳокимият русларга тегишли бўлиши, Маллиский Тошкентда шаҳар бошқарувининг европалик ва маҳаллий бошқарув идораларига бўлиниши ҳақида таклиф этди. Европалик вакилларнинг шовинистик кайфияти миллий сиёсий марказ ташкил этиш вазифасини тезлаштирди. Натижада Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойидан олдинроқ «Туркистон ўлкаси Марказий Мусулмон Шўроси» тузилади [3. 24-25]. Ушбу ташкилот кейинчалик халқ орасида «Марказий Шўро» номи билан машҳур бўлди. Марказий Шўронинг саъй-ҳаракати билан 1917 йил 16–25 апрель кунлари чақирилган Бутунтуркистон мусулмонлари И Қурултойида қуйидаги талаблар илгари сурилди: 1. Россияда федератив демократик республика асосида бирлаштирилиб, чекка ҳудудларга мухторият бериш; 2. Умумий, тенг, тўғри ва яширин асосда барча фуқароларга жинсидан қатъи назар сайлов ҳуқуқини бериш; 3. Бутунроссия Таъсис Мажлиси Россияда федератив бошқарув усулини танласа, Туркистонга мухторият мақомини бериш, бошқарувнинг Демократик Республика усули ҳақида қарор қабул қилинса, Туркистонга мухтор вилоят мақомини бериш. Съездда Туркистонда мустақил парламент – Таъсис Мажлисини чақириш учун ҳали вақт эрта, деган қарорга келинди [9. 4-5]. Шундай қилиб, Туркистонга миллий- ҳудудий мухторият берилиши масаласи дастлаб ўлка мусулмонларининг И қурултойида илгари сурилган эди. Бу ғоянинг вужудга келишида тараққийпарвар зиёлилар ва «Шўрои Ислом» ташкилоти таъсири катта бўлган. Таъкидлаш жоизки, татар ва бошқирдлар Туркистонга мухторият берилиши масаласида маҳаллий зиёлилар билан сиёсий курашларнинг олдинги сафларида турдилар ҳамда биринчилардан бўлиб ушбу ғоя ташаббускорларидан бўлдилар [5. 39].

Туркистонликлар демократик тамойиллар асосида ташкил этиладиган Таъсис Мажлиси Россияда бошқариш шаклини ўрнатиши ва ўлкага мухторият ҳуқуқини берадиган конституциянинг ишлаб чиқилишига умид қилгандилар. Шунинг учун Россия қонунчилигини яхши билган, рус тилида эркин гапира оладиган ва туркистонликлар талабларини амалга оширишга қодир номзодларни танлаш мақсадга мувофиқ эди. Шу билан бирга, сайловчилар масаласи ҳам кўп тортишувларга сабаб бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ҳақида музокарага чиқиб, сайловчиларнинг ёшини 18 этиб белгиланишини, номзодларнинг, асосан, уламолар орасидан олинишини, уларнинг рус тилини билиши мажбурий бўлмаслигини ва бирор- бир партияга мансублиги шарт эмаслиги, ўлкадан сайланган вакиллар мусулмонлар фракциясига бирлашишлари муҳимлиги ҳақидаги талабларини ўртага ташлади. Кабир Бакир бунга эътироз билдириб, номзоднинг рус тилини билиши зарур эканлиги, ИИ Давлат думасидаги мусулмон фракциясининг фаолияти бунга яққол мисол эканлигини таъкидлаган [14]. Қурултойда татар вакиллари иштирок этиши маҳаллий вакилларнинг сиёсий масаладаги баъзи фикрларини ўзгаришига сабаб бўлган.

Туркистон ўлкаси учун мухторият мақомини олиш борасида олиб борилган кураш икки босқични ўз ичига олади. Биринчи босқичда аҳоли ўртасида мухторият ғоясини кенг тарғиб қилинган ва шу йўл билан маҳаллий халқнинг сиёсий онги оширилган. Иккинчи босқичда эса мухторият ҳуқуқини олиш учун фаол ҳаракатлар олиб борилган.

Биринчи давр 1917 йилнинг баҳор ва ёз мавсумини ўз ичига олиб, бу даврда маърифатпарварлар томонидан матбуот саҳифалари орқали замонавий демократик давлат бошқаруви, унда парламентнинг ўрни ва роли, мухторият ҳақидаги фикрлар халқ орасида тарғиб қилинган. Масалан, «Турон» газетасида Таъсис Мажлисига тайёргарлик муносабати билан эълон қилинган мақолада бу борадаги дастлабки қарашлар эълон қилинган. Унга кўра, келажакда мамлакатда демократик республика тузуми жорий этилади. Парламент бир палатадан иборат бўлади, чунки Европа давлатларидагидек икки палатали парламент ташкил этилиши баъзан қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнида келишмовчиликларга олиб келиши мумкин. Ҳукумат депутатлар томонидан тузилиб, парламент олдида масъулдир. Доимий қўшин тузиш шарт эмас, унинг ўрнига милиция бўлинмалари ташкил этилиши кифоядир. Сайлов умумий, тенг, яширин ва тўғридан – тўғри тамойиллар асосида ўтказилиши шарт. 20 ёшга етган фуқаролар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Халққа виждон, сўз, мажлислар ўтказиш ва шахсий эркинликлар берилади. Буларсиз демократик республика тузиш мумкин эмас [15].

Жадидлар икки палатали парламентни ёқламаганлиги сабаби кўп ҳолларда юқори палата сайлов йўли билан эмас, балки тайинланиш йўли билан шакллантирилиши эди. Бу ҳолатда тенглик тамойили бузилар эди. Доимий қўшин тузмаслик ҳақидаги фикрга келинса, шуни таъкидлаш лозимки, дастлаб Туркистон миллий маърифатпарварлар ўлкани Россия империясининг кенг таркибий қисми деб тасаввур қилганлар, шунинг учун улар Туркистонда миллий қўшин ўрнига милиция бўлинмалари бўлиши етарли, деб ҳисоблаганлар.

Парламентчилик ҳақидаги қарашлар бошқа газета саҳифаларида ҳам бериб борилган. «Улуғ Туркистон» газетасида татар маърифатпарварлари Н.Сайфулмалик ва А.Тоҳир томонидан эълон қилинган мақола бунга мақола яққол мисолдир. Ушбу мақолада давлат бошқарувининг республика шаклида парламентнинг ўрни ҳақида фикр юритилган. Уларнинг фикрига кўра, мамлакатни идора этиш халқнинг қўлида бўлиши, «жумҳурият» деб аталган республикани ҳукмдор ўрнида халқ томонидан сайланган «президент» бошқариши ва маълум бир муддатга (икки ёки етти йилга) сайланиши, айбдор бўлса, қонун олдида жавоб бериши, қонун қабул қилишда унинг таъсири бўлмаслиги ҳақида маълумотлар берилган. Қонун лойиҳасини яратиш халқ ва депутатлар ваколати ҳисобланади. Давлат раҳбари қонун лойиҳасига ўзгартириш киритиши мумкин, лекин уни қабул қилиш ёки қилмаслик парламент ваколатидир. Президентнинг парламент олдидаги ваколати депутатлар томонидан қабул қилинган қонунларни эълон қилишдир. Қонун қабул қилиш билан парламентнинг вазифаси тамом бўлмай, қабул қилинган қонунларнинг ижросини назорат қилиш ҳам унинг зиммасида бўлиб, бу ишни вазирлар ва давлат амалдорлари орқали назорат қилади. Қонунга хилоф иш қилган ҳар қандай амалдор парламент олдида жавоб бериши керак. Инсонлар учун виждон эркинлиги, сўз, матбуот, йиғилишлар ўтказиш, жамиятлар тузиш эркинлиги, бошланғич таълимнинг умумий, мажбурий ва бепул бўлиши таъминланади. Қисқаси, демократик тизимда қонун олдида барча тенг бўлиши керак, деб таъкидланади.

Мақолада Европада парламентга ўтказиладиган сайловлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Жумладан, сайлов тамойили умумий, тенг, тўғридан-тўғри ҳамда яширин бўлиб, 20 ёшга етган барча фуқаролар, жинси ва яшаш жойидан қатъи назар сайлов ҳуқуқига эга. Европа парламентлари асосан икки палатали бўлиб, юқори палата «сенат» деб аталади. Унинг аъзолари 45 ёшдан катта бўлиб, 9 йилга сайланади. Сенат аъзоларининг асосан юқори табақа вакилларидан иборат бўлиши, парламент қуйи палатаси томонидан оддий халқ оммаси учун ишлаб чиқилган қонунларга қарши бўлишлари мумкин. Шунинг учун ҳам, икки палатали парламент республика бошқаруви учун мақбул эмас [18].

Мақолада берилган фикрларга кўра, бошқарувнинг демократик усулида мамлакатдаги барча ҳукумат органлари фаолияти парламент назоратида бўлиб, мамлакат ҳаётига доир ҳеч бир иш парламентнинг розилигисиз амалга оширилмайди. Мана шу омил мақола муаллифлари томонидан маъқулланиб, Бутунроссия Таъсис Мажлисида бошқарувнинг республика усули танланиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган [18].

Мақолада берилган маълумотлар бугунги кун учун оддий бўлиб туюлсада, ўша давр учун жуда муҳим бўлган, чунки у даврда Туркистон ўлкаси аҳолисининг сиёсий саводхонлиги талаб даражасида бўлмаган. Шунинг учун даврий матбуот саҳифаларида парламент тушунчасининг мазмунини кенг халқ оммасига тушунтириб бориш ғоят муҳим бўлган.

Москвада 1917 йил 1–11 май кунлари бўлиб ўтган И Бутунроссия мусулмонлари съездидан сўнг мусулмонлар орасида мухторият ҳақидаги масала фаол кўтарила бошланди, чунки съезд мусулмон халқлари учун миллий-ҳудудий мухторият берилишини талаб қилган эди [19]. Съезд мусулмон аҳолисининг ҳаёти билан боғлиқ кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилди. Ташкилий жиҳатдан минтақавий партия ва ҳаракатлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун Бутунроссия мусулмонлари Шўроси (Марказий Шўро) сайланди. Мазкур Шўронинг ижроия қўмитасига Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўро ҳайъати аъзолари У.Хўжаев ва И.Шоаҳмедовлар кирди [2. 68]. Мана шу воқеликдан кейин миллий сиёсатчилар орасида мустақил парламент тузиш, ўлкада яшовчи маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳисобга олувчи қонунлар ишлаб чиқиш ғояси кўтарила бошланди. Бунга империя ҳудудида яшовчи миллатларнинг мухторият учун кураши ва уларнинг эришган муваффақиятлари сабаб бўлган. Масалан, литваликлар, финлар, украинлар мухторият олганликлари, ўз парламенти ва ҳукуматини ташкил этганликлари [11], белорус ва грузинларнинг мухторият олиш учун кураш бошлаганликлари, қрим татарлари миллий ҳарбий қисмлар тузиб, миллий мухторият олиш учун ҳаракат бошлаганликлари ҳақида хабар берилиб, Туркистонда ҳам Бутунроссия Таъсис Мажлиси қарорларини кутиб турмай, миллий-маданий мухторият тузиш кераклиги таъкидланган [20].

Бунинг учун, аввало, Туркистон шаҳарларида маҳаллий бошқарувни, халқ маорифи соҳасини, ер ва сув ишларини ҳамда миллий молияни ташкил этиш керак [11]. Халқ орасида тарғибот олиб бориш етарли бўлмай, аҳолини бирлаштирадиган сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар тузилиши зарур эди. Бу борада илк қадам – бу жадидлар томонидан 1917 йил март ойида ташкил этилган илк сиёсий ташкилот «Шўрои Ислом» жамияти эди. «Шўрои Ислом» жамияти дастлабки кунларданоқ халқни ўз ортидан эргаштира оладиган, нуфузли сиёсий орган эканлигини намоён этди. Тез орада ўлканинг турли шаҳарларида унинг шўбалари тузила бошланди. Жумладан, Самарқандда «Марваж ул-ислом», Андижонда «Озод халқ», «Мифтаҳ ул маориф», «Сана ул ислом», Қўқонда «Мусулмон меҳнаткашлари иттифоқи», Каттақўрғонда «Равнақ ул ислом», Хўжандда «Муайян ат-толибин» каби шўбалар тузилди [2. 38]. Шунингдек, апрель ойида «Иттифоқ», 15 май куни эса «Эҳтиёт» иттифоқи тузилиб, у ўз олдига Бутунтуркистон мусулмонларини бирлаштириш ва уларга демократия иборасини мукаммал тушунтириб, маданий ва миллий ишларда ёрдам бериш, аҳолини Таъсис мажлисига тайёрлаш ва халқни турли зўравонликлардан муҳофаза қилиш мақсадларини қўйган эди [16]. Санаб ўтилган ташкилотларнинг ҳаммаси ҳам сиёсий ташкилот ҳисобланмасада, улар ўлка аҳолиси сиёсий фаолиятининг жонланишига бир қадар ижобий таъсир кўрсатди.

Туркистонда мухторияти масаласи кўтарилиши миллий-озодлик ҳаракатининг барча ҳаракатлантирувчи кучларининг манфаатларини туташтирган асосий нуқта бўлди. 1917 йилнинг ёзи Туркистонда, бир томондан, сиёсий кучларнинг жипслашиш даври бўлди. Иккинчи томондан, миллий ҳаракатда табиий бўлиниш жараёни давом этди. Бўлинишнинг сабаби консерватив кучларнинг диний ислоҳотлар, хотин- қизлар эмансипацияси, урушга муносабат, Россия ва Туркистонда бўлажак давлат қурилиши, Муваққат ҳукумат томонидан юритилган миллий сиёсатга муносабат каби масалаларда ўзгача позицияда туриши эди [1. 101].

1917 йил ёзи Бутунроссия Таъсис Мажлисига сайловлар арафасида туркистонлик тараққийпарварлар ўзларининг сиёсий партияларини тузиш заруриятини тушуниб, англаб етишди. Тараққийпарварлар «Турон» маърифий жамиятини демократик тамойилларига асосланган партияга айлантириш ғоясини илгари сурдилар. Туркистонлик ва озарбайжонлик ислоҳотчиларнинг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида Скобелевда 1917- йил 12–14 июлда бўлиб ўтган мусулмон ташкилотлари қурултойида «Турк Адами Марказият фирқаси» тузилди [2. 103]. Айни пайтда партиянинг маромномаси (дастури) ҳам тузилган. Маромнома 10 бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим 7-моддаси парламентчилик масаласига бағишланган. Унга кўра, ҳар бир мухториятга эришган ўлкада қонун чиқарувчи орган – Миллат Мажлиси ва қонунларни ижро этадиган ҳукумат ташкил этилади [27].

«Турк Адами Марказияти фирқаси» партиясининг тузилиши Туркистонда Марказий мусулмон фирқасининг юзага келишида катта туртки бўлди. 1917 йилнинг август – центабр ойлари Туркистон мусулмонларининг ягона партияга жипслашиш даври бўлди. Бу жараёнда «Турк Адами Марказият фирқаси» муҳим роль ўйнади. Айнан шу даврда Фарғона водийсининг Скобелев, Андижон, Марғилон, Наманган каби йирик шаҳарларида партиянинг шўбалари тузилди [17].

1917 йил ёзига келганда, Туркистон ўлкасида турли ташкилотлар фаолият олиб бормоқда эди. Масалан, Тошкент шаҳрининг ўзида бу вақтда 20 дан ортиқ ташкилот фаолият юритган. Лекин бу ташкилотлар барчаси ҳам етук сиёсий ташкилотлар эмасди. Сиёсий ўзгаришлар натижасида тузилган бу ташкилотлар фаолиятини маълум бир тизимга солишга ҳаракатлар бўлиши табиий эди. Бу сафар ҳам татар ва бошқирд тараққийпарварлари етакчилик қилганлар. Масалан, Аҳмад Заки Валидий ўлкада сиёсий ташкилот тузиш масаласида кўрсатма шаклида бўлган «Туркистонда ташкилот» номли мақоласини эълон қилади. Ушбу мақолада сиёсий ташкилотларнинг турлари, уларни тузиш усуллари, хуллас, сиёсий ташкилот тузиш учун қандай ишлар амалга ошириш зарурлиги (дастур ёки низомнома тузилиши, марказий бошқарув тизими бўлиши, ташкилот фаолият кўрсата олиши учун молиявий манбага эга бўлиши ва бошқалар) ҳақида йўл-йўриқлар берилган [12].

Кейинчалик, 1917 йил кузида Туркистонга мухторият олиш масаласи яна қатъий тарзда кун тартибига қўйилди. И.Шоаҳмедов «Турк адами марказият фирқаси» дастури асосида Туркистон Думаси ҳақида қонун лойиҳасини тайёрлади [7. 133]. Афсуски, ушбу лойиҳанинг қисқагина варианти сақланиб қолган, холос. Лойиҳанинг мавжуд вариантида ҳам Туркистонда мустақил парламент ташкил этиш ғояси очиқ кўриниб туради. Ушбу лойиҳанинг 1-моддасида Туркистон ўлкаси учун маҳаллий (ҳудудий) ва миллий мухторият олиш талаб қилинган эди. Россия Таъсис Мажлисига сайланган туркистонлик депутатлар ушбу масалани Мажлисдан талаб қилишлари лозим эди. 2-моддада Туркистон ўлкасига оид барча масалалар ўлка вакилларидан таркиб топган Мажлиси Маъбусон – Таъсис Мажлиси тарафидан қабул қилинган қонунлар асосида ҳал этилиши лозим эди. Лойиҳада Туркистон Мажлиси Маъбусони ваколатига кирмайдиган масалалар сифатида қуйидагилар кўрсатилган: ўлкада яшовчи руслар учун жиноий ва фуқаролик ишлари, почта, телеграф, маориф ва маданият муассасалари, Россия мамлакати билан чет давлатлар ўртасида бўладиган сиёсий муносабатлар ва ҳарбий ишлар [3-модда]. 4-модда Туркистон Таъсис Мажлисига сайлов масаласига бағишланган бўлиб, унда таъкидланишича, Мажлиси Маъбусонга сайлов Россия Таъсис Мажлисига сайлов бўлиб ўтгандан бир ой кейин амалга оширилади. Мажлисга сайлов ҳақидаги қонун Россия Таъсис Мажлисига сайлов қонунига ҳамоҳанг бўлиши керак эди. Ушбу модданинг иловасида Туркистонда Таъсис Мажлисига сайлов қонунларини тартиб этиш учун ҳар бир округдан биттадан аъзо сайланиб, таркибида ушбу аъзолар бўлган комиссия тузилиши керак эди. Ушбу комиссия иши Тошкент суд палатаси томонидан бошқарилиши белгиланган. 5-моддада Туркистоннинг бошқарув ва ички ишларига оид барча масалалар Туркистон Мажлиси Маъбусони ваколатига кириши таъкидланган. 6-моддада Туркистон Таъсис Мажлиси аъзолари сони Россия Таъсис Мажлисига сайланадиган туркистонлик аъзолар сонидан уч баравар кўп бўлиши керак эди. 7-моддада Туркистон Мажлиси Маъбусонида 10 нафар ўлкада яшовчи европалик вакилларининг бўлиши белгиланган [21].

Лойиҳада ҳар бир фуқаро эркинлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, лойиҳага кўра, Туркистонда яшовчи ҳар бир фуқаро миллати, жинси ва бошқа жиҳатлардан қатъи назар, қонун олдида тенглиги таъкидланган [8-модда]. Бундан ташқари, лойиҳада Туркистоннинг ички ва ташқи ишларда тамоман мустақил бўлиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди [21-модда] [22].

Лойиҳа матнидан кўриниб турибдики, 1917 йилнинг кузидаёқ Туркистонда мустақил парламент тузишни назарда тутган қонун лойиҳаси тайёрланган. Ҳатто лойиҳада Туркистон Мажлиси Маъбусонига сайланадиган аъзолар сони ҳам аниқ кўрсатиб қўйилгани диққатга сазовордир. Туркистон мусулмонлари ИИ қурултойи якунида И.Шоаҳмедов лойиҳаси ва Турк Адами марказият фирқаси маромномаси кўпайтирилиб, ҳар бир вилоятга тарқатилиши, ҳудудларда икки лойиҳа муҳокама қилинганидан сўнг, ИВ қурултойга тақдим этилиши белгиланди [13]. Узоқ муҳокамалардан кейин 1918 йил январида Туркистон Мухторияти Халқ Шўроси қабул қилган қарорга кўра, Туркистон Таъсис Мажлиси аъзолари сони 234 нафардан иборат бўлиши ҳақида қарор қабул қилинган [26].

1917 йил центабр ойи Туркистон миллий маърифатпарварлари ўртасида сиёсий курашнинг кучайган даври бўлди. Туркистон мусулмонлари ИИ қурултойини расман тан олмаган «Уламо» ва «Халойиқ» жамияти 17–20 сентябрь кунлари Тошкентда 500 нафар вакил иштирок этган қурултойларини чақирадилар. Қурултойга ўлка турли ҳудудлари билан биргаликда, Урал ва Тўрғай вилоятларидан ҳам вакиллар қатнашган [23]. Ушбу съездда Туркистоннинг ер-сув масаласи Туркистон Таъсис Мажлиси ихтиёрига берилиши ҳақида қарор қабул қилинди [24].

Съездда ўлканинг келажакдаги сиёсий тизими ҳақида 14 моддадан иборат қарор қабул қилинади. Ушбу қарорнинг парламентчилик масаласига оид мазмуни қуйидагилардан иборат эди: Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Каспиёрти вилоятлари Россия республикаси таркибида ҳудудий мухторият олиб, дастлабки даврда ўлкада яшовчи барча халқлар миллий-ҳудудий жиҳатдан мустақил ҳисобланиб, сиёсий бирлашманинг номи «Туркистон федератив республикаси» деб аталади [1-модда]. Туркистон федерациясидаги қонунчилик ва ўз-ўзини бошқарув масаласи Туркистон парламентига оиддир. Парламент ўлкада яшовчи барча халқлар томонидан умумий, тўғридан-тўғри, тенг ва яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади [2-модда]; Туркистон парламенти қонунчилик функцияси Россия республикаси асосий қонунлари ва шариатга мос бўлиши керак [3-модда]. Туркистон парламенти умумдавлат масалалар муҳокамасига рухсат учун Россия республикаси Олий ҳукумати таркибига ўз вакилларини жўнатади [4-модда]. Туркистон федератив парламенти сессиявий шаклда фаолият кўрсатади. Сессиянинг чақирилиш ва тарқатилиш вақти бевосита парламент тарафидан амалга оширилади. Парламент президиуми эса танаффуссиз фаолият кўрсатиб, бу даврда унинг ваколатлари сақланиб қолади [5-модда]. Туркистон федерацияси халқ хўжалигининг бутун тармоқлари парламент томонидан сайланган ва республика ҳукумати томонидан тасдиқланган махсус котибият томонидан бошқарилади [6-модда]. Котибият Туркистон федератив парламенти олдида масъулдир [7-модда]. Туркистон федерацияси «Маҳкамаи Шаърия» (Қонунчилик палатаси) деб аталадиган Сенати Тошкент шаҳрида жойлашади. Сенат қонунлар ишлаб чиқади ва унга изоҳлар беради, қонунларни шариат асосида мамлакатдаги барча ташкилотларда тўғри шаклда амал қилишини назорат қилади [8-модда]. Сенат раиси «шайхулислом» (генерал-прокурор) деб аталади ва Туркистон федерацияси қонунлари қўриқловчиси ҳисобланади [9-модда]. Сенат аъзолари (сенаторлар) халқ тарафидан умумий, тўғри, тенг ва яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади [10-модда] [4. 562- 563]. Қурултойда ўлкага мухторият олиш масаласи қатъий равишда кун тартибига қўйилган. Мухториятга «Туркистон Федератив республикаси» номи берилиб, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона ва Каспиёрти вилоятларидан иборат бўлади. Давлат келажакда парламентар республика усули асосида бошқарилади. Республиканинг асосий ҳокимият органлари – қонун чиқарувчи орган (Туркистон парламенти), ижро ҳокимияти (Котибият ва республика ҳукумати), қабул қилинган қонунларни шариатга мослигини ҳамда қонунлар ижросини назорат қиладиган Сенатдан иборат бўлади [6. 63-64].

Съездда, шунингдек, ер қўмиталари тузишни тўхтатиш ва ерни ижтимоийлаштиришга чақирилди. Буларнинг ҳеч бири жадидлар қурултойидаги мухторият шаклидан кескин фарқ қилмасди. Ҳал қилувчи фарқ уламонинг бўлажак парламентнинг икки палатали бўлиши ҳамда дин ва аёллар масалаларига муносабатида эди. Қурултой «дин ишлари билан бу дунёдан ажралиб турмаслик керак, яъни мактаблардан тортиб ер ва адолат масалаларигача шариат асосида ҳал қилиниши керак». Қурултойда барча мусулмон ташкилотларини бирлаштирувчи «Иттифоқи муслимин» номли партия тузилди. Партиянинг тамойиллари шариатга мос бўлиб [6. 65], «Шўрои исломия» каби барча мавжуд ташкилотлар ўрнини эгаллашни таклиф қилди. Бу Туркистондаги жадид – маърифатпарварлар томонидан ташкил этилиши мўлжалланган бўлажак ташкилий инфратузилмасини йўқ қилишга чақирувдан, уламоларнинг ўз кучини тажовузкорона даъвосидан бошқа нарса эмас эди [10. 69]. Энди ҳар бир томон ўзини жамиятнинг ягона қонуний вакили деб ҳисоблади ва унинг номидан иш олиб борди.

1917 йил октабр ойигача Туркистонда, асосан, бир палатали парламент ташкил этиш масаласи илгари сурилган. Центабр ойи охирида уламочилар ташаббуси билан чақирилган қурултойда икки палатали парламент масаласи илк бор илгари сурилган. Шу йилнинг 8–11-октабр кунлари Тошкентда асосан ўз тарафдорлари вакилларидан иборат Сирдарё вилоят мусулмонлари қурултойини ўтказдилар. Қурултойда парламентчилик ҳақида центабр ойида қабул қилинган қарор яна бир бор мустаҳкамланган [25].

Бу Шўрои Уламо вакиллари минтақанинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида шариат қонунлари устун бўлиши талабида қатъий турганлигини билдиради. Бугунги кунга қадар «Иттифоқи муслимин» Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларини бирлаштирувчи партия сифатида тавсифланиб келган. Лекин партиянинг сиёсий бошқарув ишларида ҳам шариатга асосланганлиги маърифатпарварларни ўз-ўзидан ҳокимият тузилмаларидан узоқлаштиришга ва қарама-қарши позицияда туришига сабаб бўлган. Натижада, 1917 йил май ойида бошланган ғоявий қарама-қаршилик эндиликда расман бўлинишга сабаб олиб келди. Бу ғоявий қарама- қаршилик кейинчалик Туркистон Мухторияти фаолиятига салбий таъсир кўрсатди.

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

 

  1. Абдуллаев Р.М. Национальные политические организации Туркестана в 1917 1918 годах. Дис. док. ист. наук. – Ташкент, 1998. – 341 с.
  2. Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. Миллий-демократик давлатчилик қурилиши тажрибаси. – Тошкент: Маънавият, 2000.
  3. Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). – Тошкент, 1992.
  4. Победа октябрьской революции в Узбекистане. Том И. Установление советской власти в Узбекистане. Сборник документов. – Ташкент: Фан, 1963.
  5. Расулов А, Исоқбоев Д, Насретдинова Д. Туркистон ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида татарлар. – Тошкент: Турон-İқбол, 2019.
  6. Сафаров Г. Колониальная революция (Опыт Туркестана). – Москва, 1921.
  7. Сирожиддин Аҳмад. Убайдулла Хўжаев // Жаҳон адабиёти. 1998. 8-сон.
  8. Хабутдинов А. Органы национальной автономии тюрко-татар мусульман внутернней России и Сибири в 1917 – 1918 гг. – Вологда, – 61 с.
  9. Ўзбекистон Республикаси Президенти архиви Фарғона вилоят бўлими. И-1 фонд. 1а-рўйхат. 1а-йиғма жилд. 4-5-варақлар.
  10. Адеэб Кҳалид. Тҳе Қуэст фор Аутономй ин Туркестан: Ҳопес, Чалленгес, анд Трагедй // Петерсбург ҳисториcал жоурнал, но. 2, 2020, пп. 69.
  11. وچدانینگ قندی تحمول قالدور؟ // کینگش. .1917 11 اییول
  12. زکی ولدی. تورکیستانده تشکالت مسلسی // کینگش. .1917 19 ایول
  13. یاسالغان قرارنامه )ریزایوتسیه(لر // کینگش.1917. 13 سینتبر
  14. اومومتورکیستان موسلمانلری قورلتایی // نجات. .1917 28 اپریل
  15. کینگ خلق جومحوریتی // توران. .1917 9 مای
  16. ʼʼایهتیاتʼʼ سایوزی // توران. .1917 26 مای. 16
  17. تورک ادمی مرکزییت فرقسنینگ وکلری فرغانه ده، نمنگنده // تورک ایلی. .1917 28 اوکتبر
  18. صعف الملک ن.، تاحر ا. خلق جومحوریتی // اولوغ تورکیستان. .1917 20 مای
  19. بوتونراسییه اوموموسولمان قورلتایی قراری // اولوغ تورکیستان. .1917 7 ایون
  20. ملی و معدنی موحتاریت // اولوغ تورکیستان. .1917 9 اوگوست
  21. تورکیستان فدرتسییسی // اولوغ تورکیستان. .1917 7 سینتبر
  22. تورکیستان فدرتسییسی // اولوغ تورکیستان. .1917 10 سینتبر
  23. تاشکنتده اولما سیزدی // اولوغ تورکیستان. .1917 29 سینتبر
  24. اولما سیزدی قرارلری // اولوغ تورکیستان. .1917 30 سینتبر
  25. سردریا ابلستی موسولمانلری سیزدی // اولوغ تورکیستان. .1917 18 اوکتبر
  26. تورکیستان اوچریدتیلنی سابرنییه سی // اولوغ تورکیستان. .1918 14 ینور
  27. تورک ادمی مرکزییت مرانامسی // حوریت. .1917 13 ایون