Диёржон АБДУЛЛАЕВ, тарих фанлари доктори (ДСc), Тошкент давлат педагогика университети доценти.
Аннотация. Мазкур мақолада жадидлар томонидан амалга оширилган ислоҳотлар дастурида хайрия муассасалари ҳамда ташкилотларининг тузилиши ва уларга оид маълумотлар таҳлил қилинган. ХХ аср бошида Туркистонда содир бўлган воқеа-ходисалар ва унда жадидларнинг ўрни ёритилган.
Калит сўзлар: жадид, хайрия, мухторият, зиёли, мактаб, ташкилот, муассаса, инқилоб, маърифат, сиёсий ҳаракат.
Абстраcт. Тҳис артиcле аналйзес тҳе струcтуре анд информатион релатед то чаритабле институтионс анд организатионс ин тҳе реформ програм cарриед оут бй тҳе Жадидс. Тҳе эвентс ин Туркестан ат тҳе бегиннинг оф тҳе 20тҳ cэнтурй анд тҳе роле оф тҳе Жадидс ин тҳем аре cоверед.
Кей wордс: жадидс, чаритй, аутономй, интеллеcтуалс, счоол, организатион, институтион, револутион, энлигҳтенмент, политиcал мовемент.
Жадидлар фаолиятида миллий ғоя ва мафкура алоҳида ўрин эгаллаб, улар давлат қурилишидан тортиб, жамият ва унинг маънавий ҳаётигача бўлган масалаларни қамраб олган эдилар. Улар фаолияти мобайнида халқни маърифатли қилиш ҳамда бу орқали Туркистонни мустақилликка эришувига эришишни мақсад қилиб олдилар.
Жадидлар орасида дунё кезган етук олимлар, маданият арбоблари етишиб чиқиб юрт озодлиги йўлида фидоийларча курашдилар. Улар ўз дастурида 4 та: 1} Янги усул мактабларини кўпайтириш; 2} Қобилиятли ёшларни чет элларга ўқишга юбориш, 3} Турли маърифий жамиятлар тузиш; 4} Газета ва журналлар чоп қилиш каби хайрли ишларни амалга оширишни белгилаб олган эдилар [4; 12].
Жадидчилар асосий ғоя ва мақсадлари сифатида ўлкани диний хурофот ва қолоқликдан озод қилиш, шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш, ўлкани мухториятга етаклаш, миллий пул бирлиги ва қўшинни тузиш белгиланган эди.
Жадидлар турли маърифий жамиятлар тузиш масаласида сиёсий ташкилотлар билан бир қаторда иқтисодий-ижтимоий ва маданий соҳаларни қамраб олган хайрия жамиятларига асос солишга ҳамда маҳаллий бойлар, зиёлилар, метсенатлар томонидан уларга ҳомийликлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратганлар.
Тадқиқотларга кўра жадидлар томонидан ташкил этилган жамиятлар, ширкат, ташкилотлар ва уюшмалар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
«Ширкати Бухорои Шариф» (1909 й. март)
«Жамияти хайрия» (1909 й. 12 май) – Тошкентда ташкил этилиб, 41 моддалик Низомга эга бўлган. Унинг аъзолари сифатида Тошҳожи Туёқбоев, Низомқори Мулла Ҳасанов, Абдулла Авлоний, Мунаввар сори, Башрилла Асадуллахўжаевлар ҳисобланган.
«Тарбияи атфол» (1910 й. 2 декабрь) – Бухорода ташкил этилган. Ёшларни хорижга ўқишга жўнатишда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаган. Ёшлар Германия (Олмония), Туркия (Истанбул) ва ҳудудларга таълим олиш учун юборилган. Мударрис Ҳожи Рафиъ, Усмон Хўжа, Абдувохид Мирзо, Ҳамидхўжа Меҳрий, Аҳмаджон Маҳдум ва бошқалар жамият аъзолари ҳисобланган.
«Турон» ширкати (1913 й.) – Тошкентда ташкил этилган. Аъзолар сифатида Убайдулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Комилбек Норбеков, Абдулла Авлоний, Муҳаммаджон Пошшахўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Башриллахон Асадиллахўжаев, Низомиддин Асомиддинхўжаев, Каримбек Норбековлар ҳисобланган.
«Нашриёти Беҳбудия» (1913 й.) – Бехбудийнинг хусусий нашриёти бўлиб, кўпгина маърифатпарварларнинг асарлари таржима қилиниб нашр этилган. Шунингдек, илк бор Туркистон харитаси шу ерда нашр қилинган.
«Кутубхонаи Беҳбудия» (1913 й.)
«Нашриёт» ширкати (1914 й.) – Тошкентда очилган. Таъсисчилари сифатида Абдураҳмонов, Саримсоқов, Абдурашидхонов, Авлоний, Пошшохўжаев, Азизхўжаев, Умархўжаев, Хужаёров, Саидкаримбоевлар хисобланган.
«Мактаб» ширкати (Тошкент, 1916 й.)
«Иттиҳоди тараққий», «Шўрои исломия» (1917 й.) «Муаллимлар жамияти» (1917 йилдан сўнг) – Тошкентда
очилган. Мунаввар қори ташаббускорлигида миллий мактабни шакллантириш, халқ маорифини ривожлантириш мақсадида тузилган.
«Турон» хаваскорлар жамияти (1917 й.) – Тошкентда Мунаввар қори ташаббуси билан театр санъатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Мусулмон ўқитувчилар институти (1918 й.) – Иброхим Исмоилов томонидан Тошкентда очилган. Мунаввар қори, Фитрат фаолият юритган. Унинг таркибида қисқа курслар ишлаб турган.
«Бирлик», «Эрк», «Темур», «Ботир гапчилар» яширин ташкилотлари (1919 й.)
«Туркистон миллий бирлиги» (1921 й.) [3; 118-119].
Шунингдек, жадидларнинг фаол тараққийпарварлари томонидан 1909-1920 йиллар мобайнида «Умид», «Зарафшон», «Баракат», «Ғайрат», «Тараққийпарвар» каби ижтимоий-сиёсий ташкилот ва муассасаларга асос солинди. Улар Туркистондаги сиёсий ҳаётнинг фаоллашиши, мустамлакачилик тузумига қарши кайфиятларнинг ўсиб бориши ва кучайишига замин яратдилар. Биринчи жаҳон уруши (фронт орти ва сафарбарлик вақти)да уларнинг фаолияти ёрқин намоён бўлди. Улар юқори тажриба ва кучга эга бўлмаганлигига қарамай қаршилик ҳаракатини тарихий воқеалик ва миллий манфаатларга жавоб берувчи даражага кўтаришга ҳаракат қилган эдилар [1; 54].
Туркистон жадидлари турли жамиятлар ташкил этар эканлар, миллатни жипслаштирувчи, ягона йўлга бошловчи миллий ғояни империянинг бошқа ҳудудларидаги мусулмонларлардан олган бўлсада, уни маҳаллий аҳоли турмуш тарзи ва муҳитига мослаган ҳолда қайта шакллантирган эдилар. Улар дастлабки ислоҳотларда таълим, замонавий билимлар тарғиби ва маҳаллий аҳоли турмуш шароитини яхшилашга оид дастурни қўлладилар. Бу эса жадидларнинг миллий ғояси асосини ташкил этди. Бу жараёнда миллий ғоя асосини белгилаган хайрия муассасаларининг тўлақонли фаолияти амалга оширилмай қолди. Бунга бир тарафдан маҳаллий сармоядор, савдогар ва ишлаб чиқарувчилар синфининг сустлиги, иккинчи тарафдан қўшни ҳудудлар ва ўлкада рус ҳукуматининг олиб борган сиёсати тўсқинлик қилди. Натижада Туркистонда хайрия муассасаларининг фаолияти маҳаллий жамиятнинг турли қатламлари орасида бирдек поғонада таянч топа олмади.
1917 йил февралда содир бўлган халқ инқилоби даврнинг улкани ҳисобланган Россия империясини парчалаб ташлади ва унга барҳам берди. Бу воқеа ҳодиса мустамлака сифатида ҳисобланган Туркистонда ҳам юқори кайфиятда кутиб олинди. Натижада, озодлик ва тенглик тўлқини Туркистонни хам инкилобий жўнбушга келтирди. Ўлка ахолисининг илғор кисми саналган жадидлар, уламолар, зиёлилар бу инкилоб ғоясини хаётга татбик этишга астойдил бел боғладилар. Улар рус ҳукумати таркибида бўлса хам миллий, хукукий, мухтор давлат қуриш учун астойдил курашдилар. Октябрь тўнтаришидан кейин эса Туркистон халқларининг мазкур умиди юққа чиқарилди.
Туркистонда 1917 йил февралдан октябргача давр мобайнида жадидчилик ҳаракати (дастлаб маърифатчилик ҳаракати сифатида эди) жиддий ўзгаришларга учраб, сиёсий ҳаракат даражасида ривожланиб борди. Хусусан, 1917 йил март ойига келиб сиёсий кўринишга эга «Шўрои Исломия» (Тошкентда) ташкилоти тузилди [5; 3]. Унга дастлаб миллий-либерал, прогрессив ҳаракат жадидларнинг ҳамда руҳонийларнинг «Уламо» жамияти киритилди (кейинчалик 1917 июнда алоҳида ажралиб чиққан эди). Қарашларнинг турлича бўлганига қарамай, уларни мустамлака тузумига нисбатан нафрат ҳамда умумий маънавий қадриятлар бирлаштириб турар эди.
Жадидлар ташаббуси билан ўлкада умумқурултойлар (тўрт бор Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойи) ўтказилди. Учинчи қурултой даврида (1917 йил 17-20 сентябрь) «Шўрои Исломия», «Уламо», «Турон» ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш мақсадида умумий бўлган «Иттифоқи муслимин» сиёсий партиясини тузишга қарор қилинди. Кейинчалик, сўнгги қурултой натижасида Туркистон Мухториятига асос солинди (1917 йил 26 ноябрь) [2; 132]. Айнан, Туркистон жадидларининг миллий ғояси ўз амалий татбиқини 1917 йил Мухторият ташкил этилиши билан якунлади. Мухторият Туркистоннинг дастлабки ва сўнгги мустақил сиёсий тузилмаси сифатида тарихдан ўрин олди.
Юз йилдан ошиқ вақт ўтган бўлсада бугунги янги тараққиёт даврида амалга оширилаётган ислоҳотларга таянч бўлгувчи тарихимизнинг жадидлар ва истиқлолга интилган шахслар фаолияти даврини ўрганилмаган янги қирраларини ўрганиш ва уни ошкор этиш муҳим ҳисобланади. Бу борада юқорида илгари сурилган мавзу доирасида жадидлар томонидан ташкил этилган ҳар қандай сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий муассаслар ва жамиятлар фаолиятини даврий матбуот нашрлари, архив манбалари, хотира- эсдалик асарларини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, жадидларнинг Туркистон Мухторияти фаолиятидаги ўрни ва ўзаро муносабатлари тарихини аниқлаш муҳим ҳисобланади.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Абдуллаев Р.М. Национальные политическое организации Туркестана в 1917-1918 гг. Автореф. дисс. доктора ист. наук. -Ташкент, 1998.
- Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти: миллий- демократик давлатчилик қурилиши тажрибаси. -Тошкент, 2000.
- Номозова К. Жадидчилик: муаммолар, ислоҳот ва қарашлар. -Тошкент: Турон-Иқбол, 2010.
- Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи (1917-1924 йиллар). -Тошкент: Университет, 2002.
- Ражабов Қ. Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар (1917-1935). -Тошкент: Ўзбекистон, 2000.