Туркистон Мухторияти тарихига оид электрон платформа

«ЯНГИ ТУРКИСТОН» ЖУРНАЛИ – ТУРКИСТОН ОЗОДЛИК КУРАШИ ТАРИХИНИ ЁРИТУВЧИ МАНБА

«ЯНГИ ТУРКИСТОН» ЖУРНАЛИ – ТУРКИСТОН ОЗОДЛИК КУРАШИ ТАРИХИНИ ЁРИТУВЧИ МАНБА

Асадулло ХАСАНОВ, Кичик илмий ходим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти.

Аннотация. Мазкур мақолада ХХ аср бошида Туркияга муҳожирликка чиқиб кетган ўзбек зиёлилари томонидан чиқарилган «Янги Туркистон» журнали ҳақида маълумотлар келтирилган. Журнал 1927-1931 йилларда нашр этилган. Унинг саҳифаларида совет ҳокимияти ўрнатилган илк даврда Туркистондаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳволни таҳлилий ёритувчи мақолалар берилган. Унда, шунингдек, Мустафо Чўқаевнинг Туркистон Мухториятига оид хотиралари ҳам босилган.

Калит сўзлар: «Янги Туркистон» журнали, «Туркистон Миллий бирлиги» ташкилоти, Совет ҳукумати, Мустафо Чўқаев, Усмон Хўжа, Туркистон Мухторияти.

Абстраcт. Тҳис артиcле теллс ус абоут жоурнал оф «Неw Туркистан» wҳич wас публишед бй узбек политиcианс мовинг то Туркей ин тҳе бегиннинг ХХ cэнтурй. Жоурнал wас публишед ин 1927-1931. Итс пагес wас аналйзед политиcал, соcиал анд эcономиc лифе оф Туркистон ин тҳе фирстлй Совиет период анд тҳис артиcле гивес соме информатион абоут ит. Алсо, ит ис статед Мустафа Чукайъс мемориес оф Туркистан аутономй.

Кей wордс: «Неw Туркистан» жоурнал, «Туркистан натионал унион» организатион, Совет говермент, Мустафа Чукай, Осман Кҳожа, Туркистан аутономй.

 

1917 йил охирларида тузилган Туркистон Мухторияти совет ҳукумати томонидан қонга ботирилгач, ўлканинг ойдин фикрли кишилари Туркистон ичкарисида ва ҳам ташқарисида туриб Ватан эрки ва озодлиги учун курашга киришдилар. Бу курашларни ягона ғоя ва мақсад йўлида бирлаштириш учун турли миллий сиёсий тузилмаларни ташкил қилишга киришдилар. Хусусан, «Иттиҳоди тараққий» (1917) ҳамда «Миллий иттиҳод» (1921) [1; 22] ва уларнинг негизида нафақат Туркистон, балки бутун Ўрта Осиёдаги барча сиёсий ташкилотларни ягона тузилмага бирлаштирган «Ўрта Осиё миллий-демократик мусулмон жамияти» (1921) [2; 343] каби ташкилотлар шу асосда юзага келди. Улар Туркистон Мухторияти қонга ботирилгандан кейин ўлкада мустамлака тизимини давом эттирган совет ҳокимиятига қарши озодлик ҳаракатини бошқариб бордилар. Аммо, совет ҳукуматининг доимий таъқиблари ва жамият аъзоларининг бирин-кетин қатағонга учраши миллий истиқлолчилик ҳаракати курашчиларининг бир қисмини Туркистондан ташқарида фаолият олиб боришга мажбур қилди. Бу даврда муҳожирлар кўп қўним топган ўлкалардан бири Туркия бўлди. 1923-1960 йиллар орасида Туркистондан Туркияга кўчиб борган муҳожирлар сони 2,128 минг кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич шу йиллар ичида Туркияга кўчиб келганларнинг 2 % ини қамраб оларди [10; 15]. Туркияда йерлашган туркистонлик ойдинлар Аҳмад Заки Валидий раҳбарлигида 1921 йилда Бухорода тузилган «Туркистон миллий бирлиги» ташкилоти фаолиятини 1924 йилдан Истанбулда давом эттирдилар. “1924 йилнинг 9 майида «Туркистон миллий бирлиги» ташкилотининг Европадаги сўнгги йиғилиши ўтказилди. Мустафо Чўқай билан Олимжон Тўғон ҳам у йиғилишга келдилар. Бундан сўнг ташкилот маркази Туркияда бўлиши таъкидланди. Мустафо Чўқай ўғли «Туркистон миллий бирлиги» ташкилотининг Европадаги вакили қилиб тайинланди. Истанбулда босиб чиқариладиган нашрларнинг тили, фаолият дастури тўғрисида ҳам қарорлар қабул қилинди” [2; 53], дея хотирлайди Заки Валидий ўз асарида. Бу ташкилот фаолиятида Туркистонда большевиклар юритаётган мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш, Туркистонни яхлит ҳудуд асосида ягона ҳокимият остида бирлаштириш мақсади ётарди. Айни пайтда, ўз ғоялари ва миллий даъволарини ёйиш учун ташкилот 1927 йилдан «Янги Туркистон» номли журнални чиқара бошлади.

«Янги Туркистон» журнали Туркияга кўчиб келган бухоролик тараққийпарвар давлат арбоби Усмон Хўжа бошқаруви ва Маҳмуд Козим масъул муҳаррирлигида чиқарилган. 1927-1931 йиллар оралиғида журналнинг жами 39 сони нашр қилинади. 1927-1928 йиллардаги илк 16 сон араб алифбосида, кейинги сонлари эса лотин алифбосида турк тилида чоп қилинган [12; 72]. Журналнинг 28-сонига қадар нашр ишлари, асосан, Усмон Хўжа, Маҳмуд Козим ва Аҳмад Заки Валидий Тўғон томонидан бошқарилади. Заки Валидий «Туркистон миллий бирлиги» ташкилоти Марказий қўмита раиси лавозимидан олингач, журнал бошқарувида ўзгариш юз беради. Усмон Хўжа ва Маҳмуд Козим ўрнига Носир ва Мажидиддин Аҳмадлар келадилар [12; 76].

«Янги Туркистон» журналининг 1-сонидаги илк мақолага кўра, унинг мақсади: “Туркистон хорижинда яшаян турклари огоҳ этмак, миллий ғоя ила Туркистон хорижина чиқанларнинг таъқиб этдиклари мақсадларини изоҳ этмак, Туркистон миллий ҳаракатлариндан, сиёсий ва иқтисодий аҳволиндан маълумот нашр этмак, Туркистондаги турк маданияти хусусинда мақолалар ёзмоқ, турклар орасинда ҳарас (ҳимоя) бирлиги масалаларини изоҳ этмак, Туркистон хорижиндаги турклар ичинда ва оврўпалилар турк ҳараси (ҳимояси) йўлиндаги масоиларила танишдирмоқ ва қўмшу (қўшни) ислом давлатлариндаги таждид ҳаракатлариндан маълумот вермак” эди. [3; 1]

Журнал муқовасида унинг ойда бир марта чиқадиган «адабий, сиёсий, иқтисодий мажмуа» эканлиги кўрсатиб ўтилган. Шунинг учун унда юқоридаги уч йўналиш доирасида турли мавзулардаги мақолалар бериб борилган. Мақолалар сони ва ҳажмига қараб журнал саҳифаси 20- 30 бетни ташкил қилган. Масалан, журналнинг 1927 йилдаги илк сони 32 саҳифада чиққан бўлса, 1928 йилдаги 1(13)-сони 20 саҳифани ташкил этган [8]. Нашр ишларининг молиявий асоси обуна пули ва турли хайрия маблағларидан жамғарилган. Йиллик обуна нархи Туркия ҳудудида яшовчилар учун 160 қуруш, ташқаридагилар учун 1 доллар 25 центни ташкил этган. Журнал адади дастлаб 500 нусхада босилган бўлса, кейинчалик 750 ва 1000 нусхагача йетиб борган [11; 303].

Одатда, журнал мақолаларининг кўп қисми «Туркистон миллий бирлиги» ташкилоти аъзолари томонидан ёзилади. Усмон Хўжа ўғли, Мустафо Чўқай, Аҳмад Заки Валидий, Абдулқодир Инон, Абдулваҳоб Ўқтой, тошкентлик Таваккул Бобур, Мустафо Шоҳқули, Мажидиддин Далил, Аҳмад Наим каби истиқлол учун курашган зиёлиларнинг кўплаб мақолалар босилади. Сиёсий йўналишдаги аксарият мақолалар Мустафо Чўқай ўғли, Усмон Хўжа ўғли ва Заки Валидий томонидан ёзилган. Туркистондаги сиёсий вазият ва озодлик ҳаракати тарихига оид [13] Мустафо Чўқай ўғлининг 16 та, Усмон Хўжа ўғлининг 16 та ва Аҳмад Заки Валидийнинг 7 та мақоласи нашр қилинади. Журнал саҳифаларида туркистонлик зиёли муҳожирлар ҳарбий шифокор Солиҳ Эринкол, Абдулваҳоб Ўқтой, Тоҳир Шокир каби олимлар ҳам «Элтер», «Жанай», «Чиғатой» ва «Ёш туркистонли» тахаллуслари билан мақолалар чоп қилганлар [12;76]. Шунингдек, журнал саҳифаларида Чўлпоннинг «Маориф ва ўқитғучи» журналидан кўчириб босилган «Мусоҳиба» [4;21], Элбекнинг «Қизил Ўзбекистон» газетасидан олинган «Миллий Байроқ» [6;1] ва Фитратнинг «Қор» шеърлари ҳамда самарқандлик истиқлолчилик ҳаракати йетакчиси Ҳамроқулибекнинг хотиралари [7; 13-17] ҳам мавжуд.

Журналда ҳар ким ҳам мақола чиқара олмаган. Унда чиқариладиган мақолалар «Туркистон миллий бирлиги» ташкилоти марказий қўмитаси томонидан назорат қилиб турилган. Агар қўмита аъзоларидан биттаси бўлса ҳам бирор мақолани нашр қилишга рухсат бермаса, у мақола чоп қилинмаган [11;303]. Бу маълум маънода журнал ички цензурага эга бўлганлигини англатади. Нашриёт идора бошқарувининг ўзгаришига ҳам аслида шу тартиб сабаб бўлади. Жумладан, Усмон Хўжа ўғлининг журналнинг 27-сонида ёзган «Истиқбол!..» [9;1] номли қуйидаги шеърига Мустафо Чўқай ўғли ва ташкилотнинг бошқа аъзолари эътироз билдиришган ва шундан кейин Усмон Хўжа нашриёт бошқарув ишидан олинган: 

Югурамиз биз сен томон буюк истиқбол Қўмондонимиз ғозий Мустафо Камол Байроғимиз жумҳурият, ғоямиздир халқчилик Боқий қолир алалоқибат бу идеал

Мустафо Чўқай ўғли фикрича, «Туркистон миллий бирлиги» ташкилотининг Туркия билан дўстлиги алоҳида масала бўлиб, Мустафо Камолни Туркистон истиқлолчилик ҳаракатини лидери деб билиш тўғри эмас эди. Чунки, у ва бошқа кўплаб ташкилот аъзолари «Туркистон истиқлоли Мустафо Камолнинг бошчилигида эмас, миллий кучларимиз ҳаракати билан бўлади» [12; 82] деб ҳисоблардилар.

Туркистон озодлик ҳаракати ва кураши тарихига оид кўплаб мақолалар ичидан Мустафо Чўқай ўғлининг Туркистон Мухторияти [5; 7-11] тарихига оид хотира мақоласи манба сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу мақолани таҳлили орқали журналнинг Туркистон озодлик кураш тарихидаги манбавий аҳамияти ҳақида бироз тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Мақолада асосий эътибор Туркистон Мухторияти тузилишидан олдинги ташкилий жараёнлар, мухторият ҳукуматини тузишда Мустафо Чўқай ўғли ва бошқа туркистонлик зиёлилар, билхосса, Убайдулла Хўжаевнинг хизматлари, Туркистон бошқаруви масаласида халқ вакилларининг турли қарашлари, совет матбуотида Туркистон Мухторияти билан боғлиқ айрим маълумотларнинг нотўғри талқин қилиниши масаласига қаратилади.

Муаллиф Туркистон Мухторияти ташикилий жараёни тўғрисида ёзар экан, «Хўқанд мухторияти»нинг ташкили Туркистон миллий ташкилотина оид”лиги, ўзи эса фақат «27-28 ноябрь кечасида ташкил этилган машҳур ва тарихий фавқулодда миллий қўнғрая раёсат этмак» вазифасини бажарганини таъкидлайди. Айни пайтда, Совет ҳокимияти Мустафо Чўқаевни янги миллий ҳокимият ташкил этиш ишидан чалғитиш, ўз тарафига оғдиришга ҳаракат қилади. Тошкент совет ҳукуматининг ижро қўмитаси раиси Баранов янги ҳукумат (Совет ҳукумати – А.Х.) га бирорта ҳам мусулмон вакил киритилмаслиги, лекин истисно тариқасида уни олишлари мумкинлигини таклиф қилади. М. Чўқаев Баранов билан учрашганда: «Янги ҳукумат раиси бўлишингиз нима учун мумкин бўлмасин? Мусулмон қўмитасининг раиси сифатида сиз бизга буюк ёрдам ва манфаат таъмин эта биласиз», деб ўз мақсадини очиқ-ойдин билдиради. Мустафо Чўқаев унинг таклифни рад этиб, Фарғонага кетади. Чунки, таклифдан кўзланган мақсад Туркистон халқи манфаатларини ҳимоя қиладиган мусулмон вакилини янги ҳукумат таркибига киритиш эмас, балки совет ҳукуматига қарши бўлган мухолиф миллий сиёсий ташкилот ёки ҳокимиятнинг тузилишини олдини олиш эди.

Фарғона ўша даврда миллий ҳаракатнинг йирик марказларидан бирига айланди. ИВ фавқулодда Умумтуркистон мусулмонлари қурултойини ташкиллаш учун бу ерда бир раёсат тузилди. Раёсат аъзоларидан бири бўлган М. Чўқаев хотирлашича, раёсат вакиллари ичида ҳам Туркистонда тузилажак идора шакли масаласида қизғин музокаралар кечган. Музокараларда вилоятлардан келган вакиллар қатъий суратда «фурсатдан истифода этиб Туркистон ўлкасини мустақил давлат эълон қилмоқ» ҳақида фикр билдирганлар. Мустафо Чўқаев ва Убайдуллар Хўжаев сиёсий вазият қалтислиги ва мавжуд имкониятдан келиб чиқиб вақтинча мустақилликни эълон қилиш имконсиз эканлигини тушунганлар. “Биз истқилол ёхуд мухторият эълони масаласида шошилмаслик тарафдори эдик. Чунки, Туркистон шаҳарларидаги аскарлар ичида битта ҳам туркистонли йўқ эди. Бу инқилобчи рус аскарлари эса бизга «босиб олинган ўлка аҳолиси» назари билан қарарди. Ишчилар ичида ҳам маҳаллий аҳолидан ҳеч ким бўлмаган. Рус ишчилари ҳам бизга «мустамлака қишлоқилари» назари билан боқардилар”, деб ёзади М. Чўқаев. Қолаверса, қўлида бир «тўфанги ва аскарий ҳозирлиғи бўлмаған бир миллат ичун қуролли рус ишчи ва аскарларига қарши мужодала очмоқ жуда мушкул эди». Раёсатда давом этган узоқ музокара ва тортишувлардан кейин умумқурултой дастурида Туркистонни «мухториятли ўлка» деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишга қарор қилинди. Туркистон совет ҳукумати билан биргаликда бошқарувни амалга ошириш ҳақидаги барча таклифлар эса қатъиян рад қилинади.

1917 йил 26 ноябрь Қўқон шаҳрида Убайдулла Хўжаев тахт раёсатида Умумтуркистон мусулмонларининг фавқулодда қурултойи расмий равишда очилди. Қурултойда бошқарув масаласида Чанишевдан бошқа барча вакиллар иттифоқ билан «Туркистон мухторияти»ни эълон қилишни қўллаб-қувватлади. Мухториятга қарши бўлган М. Чанишев ҳақида Мустафо Чўқай қуйидаги маълумотларни келтирган: “Чанишев Тошкентдаги совет ҳукуматининг жосуси эканлиги кейинчалик билинди. Туркистон совет матбуотининг «Чанишев мухториятли Туркистон ҳукумати тарафидан бош қўмондон ўлароқ тайин этилмишди» дея ёзганлари ёлғондир. Туркистон миллий ҳукумати Чанишевни нафақат ҳукумат хизматига олмаган, балки уни Қўқондан ҳайдаб чиқарган эди”.

Қурултой якунида Миллий ҳукумат тузиш масаласида ҳам халқ вакиллари ичида икки хил фикр устида баҳс боради. Мустафо Чўқаев ва Убайдулла Хўжаев марказий қўмита ташкил этиб, ҳукуматни шакллантириш ишини у қўмитага ҳавола этиш тарафдори бўлса, Соломон Герцфелд тўғридан тўғри, яъни бевосита «Туркистон ҳукумати»ни ташкил этиш таклифини илгари суради. Якунда иккинчи фикр тарафдорлари ғалаба қозонади ва шу йўл билан янги ҳукумат шакллантирилади.

Бу орада Мустафо Чўқаев Бошқирдистон ва Қозоқ-қирғиз миллий марказлари билан алоқа ўрнатмоқ ва сиёсий вазиятни яқиндан ўрганмоқ учун ҳукумат томонидан Оренбургга юборилади. Воқеаларнинг кейинги ривожида большевиклар вазиятни ўз назоратига олиб, мухториятга қарши урушга тайёргарлик кўра бошлайдилар. Ва 1918 йил февраль ойидаги қонли уруш билан 72 кун яшаган Туркистон мухториятига барҳам берадилар.

Фикрларни хулосаласак, «Туркистон миллий бирлиги» ташкилотининг нашри бўлган «Янги Туркистон» журнали ўзининг 5 йиллик қисқа фаолияти давомида Туркияда йерлашган туркистонлик муҳожирларнинг Ватан озодлиги учун курашларини ифодаловчи муҳим минбарга айланди. Туркистондаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият ва совет ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсати билан бутун дунё жамоатчилигини таништириб борди. Туркистон халқининг маданий ҳаёти ва тарихини дунё бўйлаб тарғиб қилди. Бутун дунё бўйича ўз ўқувчиларига эга бўлди.

Журнал идораси Туркияда жойлашган бўлсада, бошқарувчилари турк ҳукуматининг таъсирига бўйсуниб, унинг йўриғига юрмади. Турк халқини ўзига йўлбошчи деб эмас, дўст, иттифоқчи ва ҳамкор деб билди. Фақат миллий кучлар воситаси билан Туркистонни озод қилиш мумкинлигига ишонди.

Журнал саҳифаларида нафақат дунёнинг турли минтақаларида яшаётган туркистонлик миллат ойдинларининг, балки она Ватанда қолган – Чўлпон, Элбек, Фитрат каби миллат фидоийларининг ҳам Ватан, Озодлик, Истиқлолчилик ҳақидаги фикрлари бериб борилди. Мухторият тарихи ва истиқлолчилик курашлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода журнал Туркистон озодлик ҳаракати тарихини ёритувчи восита вазифасини бажарди.

Умуман олганда, «Янги Туркистон» журнали тарихимизнинг ҳали номаълум бўлган баъзи кемтик саҳифаларини тўлдиришда ва Туркистон озодлик курашлари масаласида совет даври тарихига оид қарашларни қайта кўриб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қила олади.

 

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

    1. Munavvar qori Xotiralarimdan (Jadidchilik tarixidan lavhalar). – Toshkent, 2001.
    2. Ahmad Zaki Validiy To‘g‘on. Xotiralar: Turkistonda mustaqillik va ozodlik uchun kurashlar tarixi. -Toshkent, 2014.

    . .۱ افاده. »یڭی تورکستان« مجموعه. ۱۹۲۷-هزیران.-۵ صایی .۱ صایفه 3.

    . چولپان. مصاحبه »)معارف و اوقوتغوچی«دن.( »یڭی تورکستان« 4.

    مجموعه. -۱۹۲۷ایلول صایی .۴ صایفه .۲۱

    . چوای اوغلی مصطفی. خوقند مختاریان حقنده. »یڭی تورکستان« مجموعه. 5.

    .-۱۹۲۸کانون . اول. صایی .۷ صایفه .۷-۱۱

    . ایلبیک. مللی بایراق »)قز. اوزب« 5 نیسان 924 .( »یڭی تورکستان« 6.

    مجموعه. -1928مایس، حزیران، تموز. صایی .10-11-12 صایفه .1

    . مراقلبکك مجاهده خاطرهای. »یڭی تورکستان« مجمعه. -1928مایس، 7.

    حزیران، تموز. صایی .10-11-12 صایفه .13-17

    .). »یڭی تورکستان« مجموعه. 1928-اغستوس. صایی 13)1 8.

    1. Osman Kocaoğlu. “Istikbal!...” // “Yeni Türkistan” 1930 Şubat. Sayi 15 (27).
    2. Geray Cevat. Türkiye’den ve Türkiye’ye Göçler (1923–1961). Ankara, 1962. 76 sayfa.
    3. Ahat Cedidizm’den Bağımsızlığa Hariçte Türkistan Mücadelesi. Istanbul, 2003. 942 sayfa.
    4. Tevfik Evci. Yeni Türkistan dergisi (1927-1931). Kirikkale, 139 sayfa.